Home / АЛЛОМАЛАР / ХАЛИФА ИБН ХАЙЁТ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ ВА УНИНГ «ТАРИХ» АСАРИ ҲАҚИДА

ХАЛИФА ИБН ХАЙЁТ ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ ВА УНИНГ «ТАРИХ» АСАРИ ҲАҚИДА

Басралик араб тарихчиси Халифа ибн Хайёт милодий 777-855 (ҳижрий 160-240) йилларда яшаб ижод қилган. Унинг тўлиқ исми манбаларда Абу Амр Халифа ибн Хайёт ибн Абу Хубайр ал-Ахборий аш-Шайбоний ал-Усфурий ал-Басрий деб келтирилади. У ҳақида «Табақот» китобларидан Ибн Халлуконнинг «Вафаётул аъён» китобида, Ибн Аммод Ҳанбалийнинг «Шазаротуз заҳаб» асарида, Заркалийнинг «Ал-аълом» асарида, Имом Заҳабийнинг «Сияр аълом ан-нубало» асарида, Ибн Ҳажар Асқалонийнинг «Таҳзибут таҳзиб» асарида, Имом Заҳабийнинг «Тазкиротул ҳуффоз» асарида маълумотлар келтириб ўтилган. Унинг ал-Усфурий деб юритилиши ёшлик чоғларида чумчуқфурушлик билан шуғуллангани учун шундай нисбат берилган. Манбаларда Ибн Хайётнинг оиласи Ироқдаги Басра шаҳридан бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди. У ёшлигидаёқ илмининг юксаклиги, илмда жуда ҳам зийрак ва ҳушёрлиги билан танилган эди. Манбаларда Халифа ибн Хайёт ислом тарихини яхши биладиган фазли кенг ҳофиз бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди. Бобоси машҳур муҳаддис сифатида тилга олинади. Халифа ибн Хайётнинг ўзи ҳам тарихчи бўлибгина қолмай,буюк муҳаддис сифатида ҳам ном қозонган.

“Халифа ибн Хайёт Басрада яшаган бўлиб, илм талабида бошқа шаҳарларга бормаган.Ўша даврда илм марказларидан бири бўлган Бағдод шаҳрига келмаганлигини Хатиб Бағдодийнинг «Тарих» китобидаги маълумотлар тасдиқлайди”[1].

Имом Заҳабийнинг қайд этишича, Имом ал-Бухорий ўзининг «Ал-Жоме ас-Саҳиҳ» китобида Халифа ибн Хайётни ишончли ровийлар қаторида эътироф этган. Халифа ибн Хайёт ўзининг илм талабидаги изланишлари билан машҳур бўлган. У Ифриқия (Тунис)да шайхлик қилган кезлари 284 кишига устозлик қилиб, уларга фиқҳ илмидан дарс берган.Унинг ўзи эса солиҳ мужтаҳид даражасига эришган. Халифа ибн Хайётдан унинг ўғли Айюб, Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Умавий, Аслам ибн Абдулазиз, Муҳаммад ибн Зубайр, Муҳаммад ибн Умар ал-Луббаба, Хасан ибн Саъд ал-Киноний, Абдуллоҳ ибн Юнус Муродий ал-Қубурий, Абдулвоҳид ибн Ҳамдун, Ҳишом ибн Валид Ғофиқий ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган. Имом Бухорий ўзининг «Ат-тарих ал-кабир» китобида уни ишончли ровийлардан санаган.

Халифа ибн Хайётнинг вафоти ҳақида турли ихтилофлар бўлган. Жумладан Ибн Туғро Бардий ўзининг «Фий нужумиз-заҳиро» асрида муаллифни ҳижрий 240/855 йилда вафот этган деган маълумотни келтирилади. Бундан ташқари Имом Зириклий ўзининг «Ал-аълом» асарида, Ибн Касир «Ал-бидоя ван-ниҳоя » асарида, Ибн Аммод Ҳанбалий «Шазарот уз-заҳаб» асарида ҳам Халифа ибн Хайётни ҳижрий 240/855 йилда вафот этганини келтиради. Лекин Аҳмад Ибн Муҳаммад Абу Бакр Ибн Халлукон ўзининг «Вафоётул аъён» асарида муаллифни рамазон ойида ҳижрий 230/845 йилда вафот этган деган маълумотни келтирган.

Имом Заҳабий «Сияр аълом ан-нубало» асарида у ҳақида шундай деган: “Халифа ибн Хайёт имом, ҳофиз, аллома бўлган, унинг исми Абу Амр Усфурий Басрий бўлиб, «Шабоб» лақабини олган, у «Тарих» ва «Табақот» китоби соҳибидир”[2].

Бақий ибн Махлад Ибн Хайётнинг «Тарих» асари ҳақида шундай деган: “У ҳақида Ибн Бишкавол: «Ислом ҳақида у каби асар ёзилмаган» – дейди[3]. Унинг ҳадисга доир асари ҳам мавжуд бўлиб, унда саҳобаларнинг исмларини тартиблаган, яна унинг «Фатово ас-саҳоба ват-тобеийн ва ман дувнаҳум» (Саҳоба, тобеийн ва улардан бошқаларнинг фатволари) ҳақидаги китоби ҳам мавжуд”.

Тарихчи ибн Надимнинг келтиришича, Халифа ибн Хайётдан бизга «Тарих», «Табақот», «Табақот ал-Қуро», «Тарих аз-заманий вал аржан вал мардо вал умян», «Ажзаул-Қуръан ва аъшаруҳу ва асбауҳу ва аятуҳу» номли китоблари етиб келган. Исмоил ал-Бағдодийнинг маълумотларига қараганда Халифа ибн Хайётни «Муснад» китоб ёзгани ҳақида ҳам хабарлар мавжуд. Олим ҳадис ривоят қилиш, фиқҳ ва бошқа соҳалардан ташқари олимлар ҳақида қимматли маълумотларни ўз китобларида ёзиб қолдирган.

Муаллифнинг шоҳ асари бўлмиш Тарих асари ўз соҳасида ёзилган асарлар ичида маълумотларининг тартиблилиги, маълумотларнинг ишончли кишилардан келтирилганлиги, ихчам ва аниқлиги билан ажралиб туради.

Бу китоб ҳақида муаллифнинг ўзи шундай дейди: “Бу «Тарих» китоби одамлар ўз ҳажлари, рўзалари ва қарзлари муддатини биладиган тарихдир”.

Асарда ислом тарихи, яъни:

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилишларидан вафотларига қадар;
  • пайғамбар бўлишлари Макка ва Мадинадаги фаолиятлари;
  • Бадр ва Уҳуд жанглари;
  • катта ва кичик ғазот ва сариялар;
  • хулафои рошидун даврида содир бўлган маълум ва машҳур воқеалар;
  • улар даврида фатҳ этилган шаҳар давлатлар;
  • фатҳ этилган давлатларда яшовчи халқларнинг муносабати;
  • кейинги халифаларнинг амалга оширган ишлари;
  • умавий ва аббосийлар даври ;
  • ўша пайтда умавий ва аббосий халифаларнинг амалга оширган ишлари ва бошқа маълумотлар далили ва ўзига хос услубда келтирилган. Муаллиф ўз китобида тарихнинг биринчи йилини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан чиқишлари билан белгилаган. Ҳар бир йил алоҳида ном билан белгиланиб 232 йилгача бўлган воқеалар келтирилган.Шунда биринчи йил милодий 622 йил яъни ҳижратнинг бошланишига ва охирги 232 йил 755 йилга тўғри келади. Муаллиф ўз китобидаги маълумотларни яъни 622-755 йиллар оралиғидаги воқеаларни 348 та сарлавҳа остида баён қилиб берган.

Тарихни ёритишда маълумотларни хронологик тарзда келтириш унинг аниқлигини кўрсатиб беради ҳамда уларни солиштиришни осонлаштиради. Шу нуқтаи назардан Халифа ибн Хайёт ўзининг «Тарих» асарида ўқувчи ва тадқиқотчилар учун маълумотларни ишончли бўлишини таъминлаб ҳар бир йилда содир бўлган Ислом тарихига оид маълумотларни хронологик тарзда келтирган. Унинг ушбу асарини эр-хотин доктор Мустафо Нажиб Фаввоз ва Ҳикмат Кешлий Фаввозлар қайта ишлаб ўрганган. Асар Ливан давлати пойтахти Байрут шаҳридаги Дорул кутубул илмийя кутубхонасида 1995 йил ҳозирги замонавий кўринишда нашр этилган.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, тарихда Халифа ибн Хайётнинг илмий-маънавий мероси ва ҳаёти билан боғлиқ бўлган маълумотларни етарли даражада ўрганилмаган. Аллома Халифа ибн Хайёт ва унинг бой илмий-маънавий мероси жуда оз ўрганилган бўлиб, ҳали қилинадиган ишлар, мутафаккирнинг ўрганилмаган асарлари ўз тадқиқотчиларини кутиб турибди.

[1]Мустафо Нажиб Фаввоз, Ҳикмат Кешли Фаввоз. Тариху Халифа ибн Хайёт. – Байрут: Дорул кутубил илмийя. 1995. – Б. 5.
[2]Мустафо Нажиб Фаввоз, Ҳикмат Кешли Фаввоз. Тариху Халифа ибн Хайёт. -Байрут: -Дорул кутубил илмийя, 1995. – Б. 8.
[3]Ибн Бишкавол. Ас-сила. -Байрут: — Дорул кутубил илмийя. – Б.121.
Мирфозил МАДАЛИЕВ,
ДИҚ «Диншунослик» экспертизаси бўлими
бош мутахассиси

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …