Home / МАҚОЛАЛАР / БАҲОУДДИН НАҚШБАНД ОЛАМ ВА ОДАМ  ҲАҚИДА (“АВРОД” АСАРИ АСОСИДА)

БАҲОУДДИН НАҚШБАНД ОЛАМ ВА ОДАМ  ҲАҚИДА (“АВРОД” АСАРИ АСОСИДА)

Нақшбандга оид маълумотларда: “Ҳазрат Хожанинг “Ҳаётнома” манзумаси ва “Далил ул ошиқийн” унвонила тасаввуфга доир бир китоби бордир”[1] деб ёзилган. Шунингдек: “Баҳоуддин Нақшбанднинг “Аврод”идан (таъкид бизники Г.Н.) ва халифаси Порсо тарафидан ёзилган “Рисолаи қудсия” ва бошқа таржимаи ҳол билан боғлиқ манбалардан ташқари ҳеч қандай асарлари учрамаяпти”[2] деган маълумот мавжуд.

Тадқиқотларимиз давомида Баҳоуддин Нақшбанд таълиф этган “Аврод” номли рисола мавжудлигини аниқладик[3]. Холидов А.Б. редакторлиги остида  “Арабские рукописи института Востоковедения Академии Наук СССР”  асарнинг биринчи қисмида 3464 ва 3465 тартиб рақамлари, В 3829 ва А 1539 шифр остида Баҳоуддин Муҳаммад Нақшбанд ал-Бухорийнинг (вафоти 791/1389) “Аврод” номли асари сақланаётганлиги кўрсатилган[4].

Баҳоуддин Нақшбанднинг рисолаларининг номи “Аврод”, яъни вирдлар маъносини англатувчи асардир. “Вирд” арабча сўз бўлиб, “Тарк этмай доим бажариб турадиган вазифа” деган маънони англатади[5]. Айни замонда “Вирд”нинг тасаввуфий маъноси ҳам бор: шайх ва муридларнинг узлуксиз ўқиб юришлари шарт бўлган тиловат, зикр, тасбеҳ, дуо, салавот каби мажбуриятларни ўз ичига олган. Жалолиддин Нуриддинов “Авроди Нақшбандия” рисоласининг муқаддимасида “аврод” тушунчасига шундай таъриф берган: “Аврод”- раббоний илмга эришиш, ҳақиқатга етишишнинг йўллари, илоҳий файзни қабул қилиш воситалари, умуман, инсон ҳақида таълим берувчи тасаввуфий қўлланмадир”[6].

 “Баҳоуддин Нақшбанд “Аврод” асарининг таржима ва таҳлилидан маълум бўладики, у бутун борлиқ ягона илоҳий асосга эга бўлган икки оламдан иборат деган. Бу оламларнинг бири “Амр”, иккинчиси “Халқ” деб номланади. “Амр”-Тангрининг амри билан яратилган бирламчи, абадий ва асосий олам, “Халқ”  шу Амр оламининг тадрижий ривожланиши натижасида вужудга келган мавжудотлар оламидир. Иккинчи оламнинг асли Амр олами бўлиб у ўзгарувчан ва фонийдир. Шу билан бирга Баҳоуддин жами борлиқни “Ғайб” ва “Шаҳодат” оламларига ажратади. “Ғайб” бизга кўринмайдиган фаришталар, жинлар ва бошқа илоҳий қувватлар олами. “Шаҳодат” биз гувоҳ бўлиб турган зоҳирий олам. Баҳоуддин фикрича, “Шаҳодат” оламини инсон ўз ҳиссиётлари ва ақли орқали ўрганиши мумкин. Аммо Тангри ўзи истаган кишигагина ғайб олами сир-асрорини ўрганиши учун ладуний – ўз олдидаги билимларидан бериши мумкин.

“Тангри истаганини ўз қудрати билан қилади, хоҳлаганини ўз изми билан ҳукм қилади. У шундай зотки, Халқ уникидир, Амр уникидир. У бутун оламларнинг муқаддас Парвардигори” -дейилган. Бу таълимотда Амр олами – Тангрининг Амри ила ҳар нарсани таъминлайдиган оламдир. Бу асарда бутун оламнинг икки ҳарфдан пайдо бўлиши, барча нарсаларни жуфт қилиб яратганига ҳам ишоратдир, чунки илоҳий амр барча нарсаларнинг сабабидир, шунинг учун бу икки ҳарфдан иборат бўлган амр бутун яратилганларнинг жуфтлигидан далолатдир, деб ёзилади.

Баҳоуддин Нақшбанд “Аврод” асарида инсоннинг “шариф”, яъни мавжудотлар ичида энг мукаммал қилиб яратилганлиги ҳақида ёзади. Асарда Қуръони Каримдаги Тангри Одамни яратар экан барча фаришталарни унга сажда қилишга буюргани, зеро, У инсонни ўзининг ердаги халифаси, яъни ўринбосари сифатида яратгани ҳақидаги оятларининг моҳиятини очади. Демак, Баҳоуддин фикрича, инсон бу оламдаги ўз ўрни, асл моҳиятини билиши лозим. Инсон Тангрининг ердаги халифаси эканлиги ва унинг барча сифат ва исмларини ўзлаштириб, куч-қудратини намойиш этиш учун яратилганлигини билиши ва шунга мос амал қилиши керак. Инсон бутун борлиқни ўзида акс эттирган мукаммал зот эканлиги ва бу камолот даражасига етмоқ учун Тангрининг олий, пок, куч-қувватлари билан узвий боғланишда бўлиши зарурлиги уқтирилади.

Баҳоуддин Нақшбанд инсонни Тангри яратганини ва у бутун борлиқдаги энг мукаммал мавжудот эканлигини тан олади. “Сен менинг парвардигоримсан, мени халқ қилгансан”, деб таъкидлайди Баҳоуддин. У бу иборалар билан инсон Тангри амри билан яратилганлигини, таъкидламоқда. Бу билан инсоннинг асли, яратувчиси, парвардигори Тангри эканлигини кўрсатиб, унинг илоҳий хусусиятга эга эканлигини айтмоқда. “(Эй, Тангри) Сен ўз қўлинг билан бизни яратдинг, парвариш этдинг ва барча касрат – кўплик орасида бизни энг юксакликда қўйдинг”[7], – деб Баҳоуддин Тангри томонидан яралган нарсаларнинг барчасидан инсон мукаммал ва юксакликда турганлигини уқтирмоқда.

Баҳоуддиннинг фикрига кўра, инсон икки нарсадан таркиб топгандир. Биринчиси – жисм бўлиб, у Халқ оламидандир. У мавжудотнинг зоҳири-шакли, кўринишидир. У маконда мавжуд. Унинг озиғи ҳам шу Халқ оламидандир. Иккинчиси руҳ бўлиб, у Амр оламидандир. У мавжудотнинг ботинидир. Унинг ҳади йўқ ва озуқаси ҳам ўша оламдандир.

“Канз ал ибод” даги шарҳлар гувоҳлик берадики, Баҳоуддин Нақшбанд “Аврод” асарида эътибор берган масалалардан бири руҳ ва нафс тушунчаларидир. Буларни изоҳлашда Баҳоуддин латиф ва касиф тушунчаларини қўллаган. У руҳнинг латифлиги ва нафснинг касифлигини таъкидлаб, руҳнинг Амр олами билан ва нафсни Халқ олами билан боғлиқлигини айтган.

Баҳоуддин бандани Аллоҳдан узоқ бўлишига олиб келувчи энг катта иллат кибр эканлигини англаб шундай муножот қилади:

“Ё Аллоҳ! Сенинг олдингда камтарин бўлиш-хушуъни бўлиб бер! Бизни гуноҳлардан ўзинг асра! Бизга Ўзингга итоатли бўлишни ато эт!” Шунингдек Баҳоуддин “Яқинни бизга бер!” деб шак-шубҳасиз, ҳеч қандай гумонсиз Аллоҳга ишониш илмини беришни сўрайди. Чунки бу илм дунё ва охират мусибатларини кеткизади. Яна Баҳоуддин: “Бизни эшитиш, кўриш ва қувват билан насибадор қил!” деб Аллоҳдан сўрайди. Шунингдек, Аллоҳдан раҳмат нурларини сўраб, “Одамларни бир-бирларига нисбатан иттифоқ этгин”!, деб илтижо этади.

Аллоҳни улуғлаб, Унга жуда кўп ҳамду санолар айтиб, рисоланинг охирида Баҳоуддин Нақшбанд шундай илтижо қиладилар: “Бизга инсоний хислатларни ато қил! Бизнинг руҳимизни фаришталаринг билан олий даражага кўтаргин!Ё ҳол ва қувватларни ўзгартира оладиган зот! Бизнинг ҳолимизни яхшиликка томон ўзгартир![8]

 Баҳоуддин Нақшбанд бани башарни ҳақиқий инсон бўлишини жуда-жуда истаганлар. У киши комил инсон, яъни илоҳий фазилатли инсоннинг руҳи олий даражада кўтарилишини англаб, инсониятнинг руҳини фаришталари билан олий мақомга кўтаришни сўраганлар. Комил инсоннинг ҳоли илоҳий сифатда бўлганлиги учун барчанинг ҳолини яхшиликка томон ўзгартиришни илтижо этганлар.

Умумий қилиб айтганда юқоридаги фикрлардан қуйидаги хулосалар чиқади:  1.Баҳоуддин Нақшбанднинг “Аврод” асарида олам жуда кенг маънода таҳлил этилиб, Амр олами, Халқ олами, Ғайб олами, ва Шаҳодат олами сифатида таърифланган. 2.Рисолада инсон илоҳий мавжудот сифатида тавсифланган ва унинг камолотида илм ва ахлоқни ўрни таъкидланган.3. Бу асарни таҳлил этиш ва таълим-тарбия жараёнига жорий этишнинг аҳамияти каттадир.

[1] Шамсуддин Сомий.Қомус- ал-аълам. – Истанбул:1312ҳ.й.Т. 2.412-бет.
[2] Таҳсин Ёзувчи. Нақшбанд/Ислом энциклопедияси. Истанбул: 1954.9-жилд.53-бет.
[3] Баҳоуддин Нақшбанд. Аврод. (тўлдирилган қайта нашр).Мақола, изоҳ ва шарҳлар муаллифи, таржимон Г.Н.Наврўзова.Т.: “Sano-standart”, 2019.112 б.
[4] Арабские рукописи института Востоковедения Академии Наук СССР. Краткий каталог/ Под ред. А.Б. Холидов. -Москва: Наука,1986. -Ч.1.С.174.
[5] Тримингэм.Дж.С. Суфийские ордены  в исламе. М.: Наука,1989.С.287.
[6] Нуриддинов.Ж. Авроди Нақшбандия.Т.: “Ўзбекистон халқаро ислом академияси” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2018. -Б. 4.
[7] Баҳоуддин Нақшбанд. Аврод. (тўлдирилган қайта нашр).Мақола, изоҳ ва шарҳлар муаллифи, таржимон Г.Н.Наврўзова.Т.: “Sano-standart”, 2019. -Б.49.
[8] Баҳоуддин Нақшбанд. Аврод. (тўлдирилган қайта нашр).Мақола, изоҳ ва шарҳлар муаллифи, таржимон Г.Н.Наврўзова.Т.: “Sano-standart”, 2019. -Б.65.
Гулчеҳра НАВРЎЗОВА,
Бухоро муҳандислик-технология институти “Ижтимоий фанлар”
кафедраси профессори, фалсафа фанлари доктори

Check Also

ЁШЛАРДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУЙҒУСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ДИНШУНОСЛИККА ОИД ФАНЛАРНИ ЎҚИТИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Жаҳонда содир бўлаётган глобаллашув жараёнлари­да дин омилининг ўрни тобора ортиб бормоқда. Дунёга хавф солаётган экстремистик …