Home / ЯНГИЛИКЛАР / ҲИНДИСТОН ИСЛОМ МАРКАЗИ ДИРЕКТОРИ: ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ ЮКСАК НАТИЖА БЕРАЖАК

ҲИНДИСТОН ИСЛОМ МАРКАЗИ ДИРЕКТОРИ: ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ ЮКСАК НАТИЖА БЕРАЖАК

Жорий йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ҳиндистон ислом маданияти маркази директори Сиражуддин Қурайши билан учрашув бўлиб ўтди. Мартабали меҳмон билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов мулоқот олиб борди.

Дастлаб, муфтий ҳазратлари диёримизда диний ибодатларни эмин-эркин ва тинчлик-осойишталикда адо этиб келинаётгани, хайрли ислоҳотлар, улкан ижроотлар ва илғор ташаббуслар амалга оширилаётгани ҳақида сўзлаб, илмий мактаблар ташкил этилгани ва “Қуръони карим ва тажвид” бўйича ўқув курслари очилгани ва бошқа қатор янгиликлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.Давра суҳбатида сўз олган Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров Ўзбекистон – ислом маданияти ва тарихига оид кўплаб ёдгорликларни ўз бағрида сақлаб келаётган бебаҳо замин эканини айтиб ўтди. Хусусан, ҳозирда юртимизда 150 мингга яқин қўлёзмалар сақланиши, ўз навбатида, хорижда ҳам Ўзбекистонга оид асарлар мавжудлиги, уларни ўрганишга зарурат жуда ҳам юқори экани нуқтаи назаридан, давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганини қайд этди.

Шоазим Минаваров айни кунларда азим пойтахтимиз марказидаги 10 гектарга яқин майдонда Ислом цивилизацияси марказини бунёд этиш ишлари жадал олиб борилаётганини билдирди. Ушбу марказ биносида 200 минг асарга мўлжалланган кутубхона, Ислом тарихига оид музей, шунингдек, ёшларга Қуръони карим, араб тили ва хаттотлик санъатини ўргатадиган курслар ташкил этиш режалаштирилганини зикр қилиб ўтди. Шунингдек, марказ Ислом динининг эзгулик ва бунёдкорликка йўғрилган таълимотларини кенг тарғиб этиш ва муборак динимиз ҳар қандай зулм-зўравонликка қарши эканини етказишни асосий мақсад қилганини баён этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов Самарқанддаги халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсадлар, алломалар асарларини ўрганиш йўлида амалга оширилаётган илмий тадқиқот ишлари ва Ҳиндистонда ҳанафий мазҳабига оид нодир асарлар кўплиги сабабли ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини таъкидлади.

Сиражуддин Қурайши жаноблари самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ҳиндистон Ислом маданияти маркази ташкил этилиши, асосий фаолият йўналишлари, унда ташкил этилган ўқув курслари, тўгараклар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Ҳиндистон ҳукумати ва хориж давлатларининг ушбу марказга бўлган эътибори ҳақида  гапириб берди.

Мартабали меҳмон Ислом цивилизацияси маркази билан тузиладиган ўзаро ҳамкорлик меморандуми, албатта, икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини, келажакда юксак натижалар беришини алоҳида қайд этди.

Сиражуддин Қурайш сафар якунида Қуръони каримнинг энг қадимий ва нодир нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафини зиёрат қилди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

ИБХИТМ Матбуот хизмати

Check Also

Ҳашар уюшқоқлик билан ўтди

Халқимизга хос гўзал урф-одат, анъана ва қадриятларимиз орасида ҳашар бирдамлик, ҳамжиҳатлик рамзини ифодалайди. У туфайли …