Home / АЛЛОМАЛАР / НАЖМИДДИН УМАР НАСАФИЙНИНГ МАШҲУР УСТОЗ ВА ШОГИРДЛАРИ

НАЖМИДДИН УМАР НАСАФИЙНИНГ МАШҲУР УСТОЗ ВА ШОГИРДЛАРИ

Абу Ҳафс Умар Насафий ўз даврининг буюк уламолари, ўз юртининг пешқадамларидан илм олган. Алломанинг устозлари ҳақиқатдан ҳам асрининг энг илмли ва етук олимлари эдилар. Бу ҳақда «Ҳидоя» асарининг муаллифи қуйидагича ёзади: Нажмиддин Умар Насафийнинг шундай деганини эшитганман: «Мен беш юз эллик шайхдан ҳадис ривоят қилдим».

Шунингдек, Марғиноний аллома устозларининг исмларини ўзининг «Таъдаду аш-шуюх ли Умара мустатрофун ала-л-ҳуруфи мустаторун» яъни (Умар шайхларининг ҳарфлар асосида битилган ажойиб саноғи) номли асарида жамлаганини айтади. Ушбу асар бизгача етиб келмаган. Бундан ташқари алломанинг «Китоб ал-қанд» асарида ҳам кўплаб уламолар қаторида ўз устозларининг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотлар келтириб ўтган.

Умар Насафий биринчи устози сифатида Абул Аббос Мустағфирийнинг невараси, ҳофиз Абу Ражо Қутайба ибн Муҳаммад ал-Усмоний ан-Насафийни (ваф. 473/1081) эътироф этади. Абу Ражо Қутайба Насафдаги «Боб мақсура» деган жойдаги жума масжидида имло дарсларини ўтганида ёшгина талаба биринчи марта ҳадисларни қоғозга тушира бошлайди. Алломанинг машҳур устозларидан қуйидагиларни келтириш мумкин: Фахрул Ислом Баздавий номи билан танилган олим Али ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Мусо ибн Исо ибн Мужоҳид Абулҳасан (ваф. 482/1089). У ўз замонасининг пешқадам уламоларидан бўлиб, ниҳоятда фақиҳ инсон бўлган. Ушбу олимнинг “Ал-мабсут”, «Шарҳ ал-жоми ал-кабир вал жоми ас-сағир» ва фиқҳ борасида «Усули Баздавий» номи билан машҳур китоби энг машҳур ва мақбул асарлардан ҳисобланади. Манбаларда Умар Насафий ўз шогирдларига «Усули Баздавий»ни ривоят қилганликлари келтирилади;

Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн. Фахрул Исломнинг укаси, аллома Абул Яср ал-Баздавий ан-Насафий (ваф. 493/1100) Мовароуннаҳрдаги ҳанафий шайхларидан бўлиб, Самарқанддаги «Дор ал-Жузжоний» номли марказда талабаларга ҳадис ва бошқа илмлардан дарс берган;

Исмоил ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Нуҳ ибн Зайд ибн Нўмон ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Зайд ибн Нуҳ абу Муҳаммад ан-Нуҳий ан-Насафий (туғ. 423) ҳам Умар Насафийнинг устозларидан бўлиб, у ҳақида ўзининг «Тилбатит талаба» асарида маълумот бериб, унинг 481-ҳижрий санада вафот этганлигини айтади. Бундан ташқари “Ат-тайсир фит-тафсир” асарида ҳам ушбу устози ҳақида қуйидаги маълумотларни келтиради: “Имом, устоз, нотиқ Абу Муҳаммад Исмоил ибн Муҳаммад ан-Нуҳий ан-Насафий, Аллоҳ раҳмат қилсин ва ундан рози бўлсин, шайхим эди. Бизга Али розияллоҳу анҳунинг баъзи авлодларидан ривоятлар қилган”[1];

Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Юсуф ибн ал-Фазл ас-Сибғий (ваф. XII аср 1-ярми) Самарқанд аҳли имомларидан бўлиб, Юсуф ибн Яҳё Балхийдан ҳадислар эшитган ва ундан эса ҳофиз Абу Ҳафс Насафий ва бошқалар ҳадис эшитишган;

Умар ибн Муҳаммад Умар ибн Аҳмад ибн Хушном ал-Хушномий ал-Бухорий (ХИИ аср). У ҳақида Самъоний шундай дейди: “Фақиҳ, фозил, мунозир, адиб бўлган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳайдар ал-Жаъфарий ал-Бухорийдан ҳадис эшитган ва ундан Абу Ҳафс Насафий ҳадис эшитган. Беш юз йигирма иккинчи йил зулқаъда ойида Бухорода вафот қилган”;

Бундан ташқари имом Абу Ҳафс Насафий имом Абу Муҳаммад Абдурроҳман ибн Абдурроҳим ал-Ассор ал-Бандимаший (ваф. 524/1130), Абулҳасан Али ибн Юсуф ибн Муҳаммад Бинкатий (XII аср), Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абдурроҳим ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Журжусорий ал-Балхий (XII аср), Абулмуайяд Маймун ибн Абилула Аҳмад ибн ал-Ҳасан ал-Ҳатимий ан-Насафий (XII аср) каби улуғ устозлардан таълим олган ва ҳадислар ривоят қилган[2].

Абу Ҳафс Насафийнинг кўплаб улуғ устозлари бўлганидек, ундан юзлаб шогирдлар таҳсил олишган. Чунки у ўз даврининг етук олими, исломий илмларнинг билимдони ва кўплаб ҳадислар ривоят қилган буюк шахс эди. Алломанинг шогирдларидан кўплаб машҳур уламолар етишиб чиққани ҳам унинг нақадар эътирофга лойиқ эканлигига далолат қилади. Абу Ҳафс Насафийнинг машҳур шогирдларидан қуйидагиларни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир: Абу Ҳафс Насафийнинг энг машҳур шогирдларидан бири ўғли Аҳмад ибн Умар Абу Лайс бўлиб, Мажд номи билан танилган эди. Самъоний ўзининг китобида унинг 507-ҳижрий санада таваллуд топганлиги, отаси ва бошқалардан фиқҳни ўрганганлиги, шу билан бирга, отасидан кўплаб ҳадислар эшитганлиги, фақиҳ, фозил ҳамда етук воиз бўлганлигини ёзади. Шунингдек, 552 йили Бағдоддан ватанига қайтаётганда Бистом яқинидаги Қумса деган жойга етганида қароқчилар бу карвоннинг йўлини тўсиб, етмишдан ортиқ кишини қатл қилишади. Уларнинг аксарияти уламолар бўлиб уларнинг ичида Аҳмад ибн Умар ҳам бўлганлигини келтиради;

Абу Ҳафс Насафийнинг энг машҳур шогирдларидан яна бири «Ҳидоя» асарининг муаллифи Али ибн Абу Бакр ибн Абдул Жалил ал-Фарғоний ал-Марғинонийдир. У  имом, фақиҳ, ҳофиз, муҳаддис, муфассир, усулчи олим, барча ислом илмларида етук ва моҳир, ўз замонасининг пешқадам уламоси бўлган. Кўпгина машҳур уламолардан фиқҳ илмини ўрганган. Шулардан бири инс ва жинларнинг муфтийси Абу Ҳафс Умар Насафийдир. Унинг Марғинонийга «Саҳиҳул Бухорий»дан ижозат берганликлари айтилади;[3]

Шайх, имом Абул Аббос Аҳмад ибн Мусо ибн Ийсо ибн Маъмун ал-Кашший ал-Ҳанафий (XII аср) Абу Ҳафс Насафийнинг эътироф этган шогирдларидан бўлиб, фақиҳ киши бўлган. У киши «Мажмуъул ҳаводис ван-навозил вал-воқиот» номли нафис асар ёзган.

Бундан ташқари Абу Ҳафс Насафийнинг Бурҳониддин ал-Ҳасан ибн Муҳаммад ал-Косоний (XII аср), Муҳаммад ибн Абдул Жалил ибн Абдул Малик ибн Али ибн Ҳайдар ас-Самарқандий (XII аср), Мусо ибн Абдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Синон ал-қаҳтоний (XII аср) ва бошқа кўплаб шогирдлари ундан илм олган ва ҳадислар эшитган[4].

[1] Абдулқодир ибн Муҳаммад ибн Насруллоҳ ибн Салим ибн Абулвафо ал-Қураший ал-Ҳанафий. Ал-жаваҳи ал-мудийя фий тобақот ал-ҳанафийя. 2-том. – Дарул ҳижр, 2007. – Б. 270.
[2] Моҳир Адиб Ҳаббуш. Ат-тайсир фит-тафсир таълиф ал-имом Абу Ҳафс ан-Насафий. 1-том. – Истанбул: Дар ал-лубаб, 2019. – Б. 18, 19, 20.
[3] Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъоний. Ал-ансоб. 3- жуз. – Байрут: Дар ал-жинан, 1988. – Б. 33.
[4] Моҳир Адиб Ҳаббуш. Ат-тайсир фит-тафсир таълиф ал-имом Абу Ҳафс ан-Насафий. 1-том. – Истанбул: Дар ал-лубаб, 2019. – Б. 21,22,23,24.
Адҳамбек ЯНГИБОЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Исломшунослик ва ислом цивилизациясини
ўрганиш ICESCO” кафедраси таянч докторанти

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …