Home / МАҚОЛАЛАР / КАЛОМ ИЛМИ ТАРИХИ ВА ТАЪЛИМОТИ, ЎРТА ОСИЁДА КАЛОМ ИЛМИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

КАЛОМ ИЛМИ ТАРИХИ ВА ТАЪЛИМОТИ, ЎРТА ОСИЁДА КАЛОМ ИЛМИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

Ислом  таълимоти  бўйича  барча  пайғамбарлар  ягона  Аллоҳга  имон келтиришга чақирганлар ва бу уларнинг энг асосий вазифаси ҳисобланган. Шу билан бирга уларнинг шариати турлича бўлган.

Мусулмонлар  ислом  таълимотини  Муҳаммад  пайғамбар  (а.с.)дан  ўрганганлар.  Вақт ўтиши  билан  ислом  таълимотини  фақат  шу  динни  яхши  билган  олимлар  тушунтира  бошладилар.  Бу таълимотни  тушунтирувчи  фан  пайдо  бўлди.  Мазкур  фан  турли  даврларда  ўзига  хос  “ал-фиқҳ  ал-акбар”,  “тавҳид”,  “ақида”,  “калом”,  “усул  ад-дин”  каби  номлар  билан  аталди.  Унинг  номлари турлича бўлсада, бир мавзуни, яъни ақидани ўрганишга қаратилган. 

“Ал-Фиқҳ  ал-акбар”  атамасини  биринчи  бўлиб  имом  Абу  Ҳанифа  ишлатган  ва  шу  ном билан  рисола  ёзган.  Чунончи  фиқҳ  сўзи  бирор  нарсани  ўта  яхши,  ҳар  томонлама  тушуниб, фаҳмлаш маъносини билдиради. Шунингдек, намоз, рўза, ҳаж, никоҳ ва бошқа амалий ҳукмларни ўрганувчи илмга ҳам фиқҳ дейилади. Ақидавий масалаларни ўрганувчи илмни эса, “Ал-Фиқҳ ал-Акбар”, яъни “катта фиқҳ”, амалий фиқҳ эса, кичик фиқҳ ҳисобланади.

Кейинги атама «усул ад-дин» бўлиб, унда шариат ва диндан олинган эътиқодий ҳукмларни ўрганади,  яъни  диндаги  асл  ҳукмларни  тадқиқ  этади.  Бир  қатор  олимлар  шу  ном  билан  китоблар таълиф этганлар.

“Тавҳид”  ҳам  Аллоҳнинг  ягоналигини,  унинг  сифатларини  ўрганишга  эътибор  қаратган.

Бунда Аллоҳни ягона деб билиб, унинг сифатларини қилишга кўпроқ эътибор қаратган. Зеро, инсон учун зарур ақидаларнинг энг аввали Аллоҳнинг ваҳдониятига,  яъни  яккалигига имон келтириш ва уни ўрганиш ҳисобланади.

Яна  бир  атама  «калом  илми»  деб  юритилади.  Ислом  манбаларда  ақида  илмининг  енг машҳур  номларидан  бири  экани  айтилган.  Ушбу  атама  ақидага  оид  ишларнинг  машҳури ҳисобланади.

“Ақида”  (кўп.  Ақоид)  бу  ном  бошқаларидан  кейинроқ,  Х  (ҳижрий  ИВ)  асрда  пайдо бўлган. “Ақида” бир нарсани иккинчисига “маҳкам боғлаш”  маъносини билдиради. Ислом ақидаси мусулмон  инсонни  муайян  тушунчалар  билан  мустаҳкам  боғлаб  турадиган  эътиқодлар йиғиндиси.  Яъни,  бирор  нарсага  эътиқод  қилиш  учун  уни  ҳеч  қандай  шубҳа  қолдирмайдиган даражада  жуда  яхши  билишдир.  Маълум  бир  фикр  инсоннинг  фикрига  айланиб,  ҳис-туйғуларини

йўллайдиган  ва  ҳаракатларини  бошқарадиган  ҳолга  етганда,  ақидага  айланган  бўлади.  Ақида илмга асослангани учун ақида илми тўғри, соғлом еътиқодда бўлишни таъминлайди.

Диндаги  айрим  шаръий  ҳукмлар  ўзгариши  мумкин.  Аммо  соф  эътиқод  ўзгармайди, ҳукми ҳам  ўчмайди.  Чунончи  Аллоҳнинг  ягоналиги,  фаришталар, жаннат  ва дўзахга имон келтириш каби эътиқодга оид қарашлар ўзгармайди.

“Калом”  сўзи  арабча  бўлиб,  луғатда  гап,  суҳбат,  тил,  сўзлашув,  нутқ,  баён маъноларини  англатади.  Истилоҳий  маънода  эса,  мусулмоннинг  эътиқоди,  ақидаси,  дунёқарашини кўрсатиб  берувчи  таълимотга  айтилади.  Бошқача  айтганда  балоғатга  етган  мусулмон кишининг  эътиқод  қилиши,  имон  келтириши,  ислом  динининг  заруратлари  шаклида  тасдиқ  қилиши, қалбига маҳкам боғлаб олиб ундан ажралиши мумкин бўлмаган шаръий эътиқодий ҳукмлардир.

Тарих жараёнида олимлар ушуб номларга оид китоблар ёзиб қолдирганлар. Масалан, имом Абу Ҳанифа «ал-Фиқҳ ал-акбар», Абул Ҳасан Ашъарий “ал-Ибона ан усул ад-диёна”, Абул Муин Насафий  “Табсират  ал-адилла  фи  усул  ад-дин”,  Мотуридий  “Китоб  ат-Тавҳид”,  Абу  Ҳафс  Насафий “Ақоид” номли ва бошқа олимларнинг асарларини келтириш мумкин.

Ислом таълимотига кўра инсоннинг икки дунёдаги саодати айнан ақидасига боғлиқ. Агар мусулмоннинг ақидаси пок бўлса, йўли тўғри бўлади, қилган барча амаллари қабул бўлади ва бандалик  билан  содир  этган  баъзи  гуноҳлари  афв  этилади.  Бироқ  киши  ақидаси  соф  бўлмаса,  бузуқ бўлса,  йўли  нотўғри  бўлади,  қилган  амаллари  беҳуда  кетади  ва  охиратда  жаҳаннам  аҳлидан бўлади деб ҳисобланади. 

Ақида  масаласи  ўта  муҳим  бўлганидан  энг  биринчи  пайғамбардан  бошлаб,  охирги Муҳаммад  пайғамбар  (а.с.)гача  бу  масалани  Аллоҳнинг  ўзи  кўрсатиб  берган.  Шунинг учун  ақидавий  қарашларнинг  асоси  Қуръонда  берилган  ва  ҳадислардаги  кўрсатмалар  негизида ишлаб чиқилиб, тартибга солинган. 

Саҳобалар тириклик пайтидаёқ ақидавий қарама-қаршилик пайдо бўлган. Исломда ақидавий ихтилофлар  тўртинчи  халифа  саҳоба  Алининг  қўшинидаги  аскарлари  ичидан  ажраб  чиққан,  ақийда масаласида  бир  неча  шубҳали  саволлар  чиқарган  хорижийлар  тоифаси  билан  Али  ва  у  кишининг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўхшаш яқин сафдошлари орасида бўлиб ўтди. 

Саҳобалар даври тугаб тобеинлар вақтида вазият янада ўзгарди. Чунки бу даврга келиб дин  илмларини,  айниқса,  ақидани  билувчи  кишилар  камайди  ва  улар  алоҳида  шахс  сифатида  ажралиб чиқдилар.  Бу  даврда  соф  ақидавий  қарашларга  қарши  турли  ғояларни  илгари  сурган  фирқа  ва тоифаларнинг тарқалиши кенгайиб кетган эди. Улар ўзларининг бузуқ, исломга оид бўлмаган фикр ва қарашларини, эътиқодларини тарқатиб, исломнинг ақидасини бузишга ҳаракат қилганлар. Шунингдек, фатҳ  етилган  ерлардаги  халқларнинг  эски  қарашлари,  фалсафалари,  динлари  ҳақидаги  ўз  тушунча  ва тафаккурлари  мавжуд  бўлган.  Шунинг  сабабидан  улар  ислом  таълимотини  тушуниб  олишлари  қийин кечган.  Қуръон  оятлари  ва  ҳадисларни  ўзларининг  эски  қарашлари  асосида  тушунишлари  ҳам бўлган.

Бунга  бир  неча  сабаблар  бор:  фатҳ  ишлари  сабабли  ислом  ерлари  кенгайди.  Ислом душманлари  эса,  ислом  номидан  турли  ғояларни  тарқатишга  уринганлар;  фатҳ  этилган  ерлардаги жойлик  аҳоли  ўзининг  эски  динлари  ақидасига  мос  тарзда  оят  ва  ҳадисларни  тушуниши  натижасида турли  ғоялар  юзага  келди  ва  бошқа  сабаблар  орқали  мусулмонлар  орасида  нотўғри,  исломга мос бўлмаган қарашлар пайдо бўлди.

Ислом таълимотини бузиб талқин қилиш натижасида уларга раддия сифатида олимлар калом, яъни ақида  илмига  асос  қўйдилар.  Бу  мусулмонлар  учун  зарур  соҳага  айланди.  Ҳар  бир  мусулмон киши  буни  билиши  шарт  бўлган  мажбурий  илмга  айланди.  Чунончи  Саъдуддин  Тафтазоний “Мақосид  ат-толибин”  асарида:  “Калом  илми  диний  ақоид  усулларини  ишончли  далиллар  асосида англашни  ўргатадиган  илмдир.  У  билан  шаръий,  назарий,  ақидавий  масалалар  ҳал  қилинади.  Унинг натижаси  имонга  комил  ишонч  билан  зийнат  бериш,  фойдаси  эса  бу  дунёда  интизомли  ҳаёт кечириш  ва  охиратда  азоб-уқубатдан  халос  бўлишдир.  Шундай  экан  калом  илми  энг  шарафли илмдир”.

Абу Ҳомид Ғаззолий ўзининг “Иҳё улум ад-дин” номли асарида: “…Чуқур билимга эга бўлмаган  оддий  мусулмонларнинг  диний  эътиқодларини  турли  бидъат  ва  нотўғри  ғоялардан қўриқлаш учун калом илмини ўрганиш вожибдир”, деган.

Юқоридагилардан  келиб  чиқиб  айтиш  мумкинки,  ақоид  ёки  калом  илмининг  вазифаси: 

а) диний эътиқодларни қатъий далиллар билан исботлаш ва улар ҳақидаги шубҳа ҳамда гумонларни рад қилиш; 

б)  инсонни  ақидада  оддий  тақлидчи  бўлишдан  ҳар  бир  эътиқодга  ҳужжат  келтира  олиш даражасига  кўтариш;

в)  исломнинг  соф  эътиқодларини  адашган  залолат  аҳлининг  шубҳа  ва гумонларидан ҳимоя қилиш.

Калом илми ривожланиш тарихи. Калом илми саҳобалар даврида мавжуд бўлмаган дейишга ҳам асосимиз бор, чунки саҳобалар Пайғамбар (с.а.в.)нинг муташобиҳ оятлар, ихтилофли масалаларга тўла киришиб кетишдан тақиқларига тўла амал қилганлар ва бу даврда муташобиҳ оятлар ва ақидавий масалаларда баҳсу мунозара қиладиган инсон намоён бўлмаган.

Бунинг сабаби, Ибн Аббос р.а. зикр қилганидек, қалбга шак-шубҳа тушишидан сақланиш эди. Саҳобалар яшаган асрда биринчи бор муташобиҳ оятлар ҳақида сўраган одам Абдуллоҳ ибн Субайғ исмли киши бўлиб, у Мадинага келиб одамлар орасида муташобиҳ оятлар ҳақидаги саволларни тарқата бошлаган.

Бу ҳақда Умар р.а. эшитганларида уни ҳузурига чақириб, қаттиқ огоҳлантирган. Ибн Субайғ бу ҳақда савол сўрамасликка ваъда берган, бироқ кейинчалик ваъдасига хилоф иш тутган.

Умар р.а. волий Абу Мусо ал-Ашъарийга мактуб ёзиб мусулмонларни Ибн Субайғ билан ҳамсуҳбат бўлишдан тақиқлашини талаб қилди.

Қуръон ва ҳадисда аниқ ечими бўлмаган, эътиқодга тааллуқли бўлган иштибоҳли масалалар ҳақидадир. Мазкур уламоларнинг калом ҳақидаги фикрлари ҳам шу хусусдан деб ҳисоблашимиз мумкин. Аммо “Калом илми”дан ислом ақидасини, тавҳид илмини назарда тутилса, Пайғамбар (с.а.в.) ҳадисларида бунга тарғибни ҳам кўришимиз мумкин.

Бу борада калом илмини ёқловчи тарафдаги уламолар фикрига эътибор қаратамиз. Улар шундай дейдилар: Агар калом сўзининг лафзига эътибор берсак, кўрамизки бу сўз Пайғамбар (с.а.в.) саҳобалари даврида илмий атама сифатида, бирор илмнинг номи сифатида истеъмолда бўлмаганки, тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ каби.

Агар калом илмининг маъносида хатарли нарса бор десак, у ҳолда бизнинг истеъмолимиздаги калом илми маъно жиҳатдан оламнинг пайдо бўлганлиги, унинг пайдо қилувчиси борлиги, бу яратувчининг ягоналиги, унинг сифатларини ўрганишга хизмат қилади.

Энди савол туғилади: Аллоҳни танишлик қанақасига ҳаром бўлади? Агар калом илмидан кўзланган мақсад фирқаланиш, таассуб, душманлик ва бошқа салбий иллатлар бўлса, у ҳолда бу ҳаром бўлади.

Тавҳид. Тавҳид (араб – яккахудолик)- умумий маънода – яккахудолик ҳақидаги таълимот (қаранг Ваҳдоният). Шаръий истилоҳда эса, Тавҳид – исломда Аллоҳга ширк келтиришнинг турли коʻринишларидан воз кечиш ва Аллоҳнинг бирлигига эътиқод қилиш.

Тавҳид исломда (суннийликда ҳам, шиаликда ҳам) расман эътироф этилган ақидаларнинг биринчиси, моҳиятан, асосий ва марказий ақида. Мазмунан шундай тасаввурни ифода этгани учун Қуръоннинг 112 «Ихлос» сураси ҳам баъзан Тавҳид сураси деб юритилади

Тавҳид бу Аллоҳни ибодатда ягона қилиш яъни ибодатни фақатгина ягона Аллоҳга қилиш қайсики, Аллоҳ бу дунёни ўша (ибодат) учун яратди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтганидек: “Мен (Аллоҳ) жин ва инсни фақат (Ягона) Ўзимга ибодат қилишлари учун яратдим” Ва-з-зориёт сураси 51-56) (бу ерда ибодатнинг маъноси шуки, барча ибодат турларида тавҳид (ягона Аллоҳга қилиш) ва фақатгина Аллоҳга дуо қилиш)

Қуръони Каримда қуйидаги Тавҳид турлари тасвирланади: Аллоҳ айтади: “(эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан (мушриклардан): “Осмонлар ва ерни ким яратган?” деб сўрасангиз, албатта: “уларни Энг Қудратли ва Энг доно (Барча нарсаларни билувчи Аллоҳ) яратган”, дерлар” (Зухруф сураси 43-9).

Тавҳид Ар-Рубубияҳ – бу ягона Аллоҳнинг Рабб ва Яратувчи эканлигига иймон келтириш. Ҳақиқатан ҳам, кофирлар (мушрик, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилувчилар) бунга иймон келтиришган, аммо бу уларнинг Исломга киришига кафил (сабаб, етарли) бўлмади:

Тавҳид Ал-Улуҳияҳ – бу Аллоҳни барча шаръий ибодат турларида, яъни масалан, дуо қилиш, ёрдам сўраш, намоз ўқиш, қурбонлик сўйиш, тавоф қилиш (Каъбани), қасам ичиш ва ҳоказоларда тавҳид қилиш (Ягона Аллоҳга қилиш).

Бу тавҳид тури кофирлар (мушриклар) томонидан рад этилган ҳамда миллатлар ва уларга тегишли (юборилган) пайғамбарлар ўртасидаги қарама-қаршилик, келишмовчиликнинг Нуҳ давридан Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) давригача асосий сабаби (манбаси) бўлиб келган.

Хайрулло МАРДОНОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
 ислом билим юрти ўқитувчиси

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …