Home / МАҚОЛАЛАР / ШАХСНИ ЖАМИЯТГА ҚАЙТА МОСЛАШТИРИШДА ДЕРАДИКАЛИЗИЦИЯНИНГ АҲАМИЯТИ

ШАХСНИ ЖАМИЯТГА ҚАЙТА МОСЛАШТИРИШДА ДЕРАДИКАЛИЗИЦИЯНИНГ АҲАМИЯТИ

Бугунги кунда инсон қалби ва онги учун курашнинг янгидан янги усул ва воситалари кўпайиб бормоқда. Айниқса, бу борада диндан ниқоб сифатида фойдаланишга уринишлар ривожланиб бораётгани ташвишланарли ҳол. Хусусан, диний эътиқодий тушунчаларни нотўғри талқин этиш орқали дунёнинг турли минтақаларида босқинчилик, қўпорувчилик ва террорчилик ҳаракатларини содир этиш ҳолатлари авж олиб бормоқда. Бу эса миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ҳамда диний айирмачилик кайфиятининг шаклланишига замин яратмоқда. Натижада узоқ йиллар давомида тинч-осуда ривожланиш йўлида бўлган жамиятлар пароканда бўлиб, аҳоли урушлар гирдобида қолиб кетмоқда.

Ҳозирда дунё ҳамжамиятини катта ташвишга солаётган муаммолардан бири бу турли диструктив оқимларга қўшилиб, сўнгра бу йўлдан қайтаётган инсонларни ижтимоий реабилитация қилиш борасида кучли механизм ишлаб чиқиш бўлиб қолмоқда. Сабаби, бугунги кунга келиб дунёнинг қизғин уруш кетаётган ўчоқларида айрим экстремистик ва террористик оқимларнинг фаолиятига чек қўйилди. Лекин шунга қарамасдан бу ҳудудларда қўпорувчилик ҳаракатлари давом этмоқда. Мазкур терактларга сабаб сифатида мутахассислар диструктив оқимлардан қолган ва турли ҳудудларга тарқалиб кетган қолдиқлар, яъни ўз йўлини топа олмаётган жангарилар ҳамда уларнинг оила-аъзолари эканини таъкидламоқдалар. Шунинг учун ҳам мазкур ҳолатларни бартараф этишда реабилитацион дастурларнинг аҳамияти ва амалиётга татбиқ этилиши бугунги кунда долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Шу билан бирга жаҳон халқаро ташкилот ҳамда илмий тадқиқот марказлари ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш дастурларига эътибор қаратганда биринчилардан бўлиб, радикаллашувга олиб келган омилларни олдини олиш ва дерадикализацияни кучайтириш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтилган. Сабаби экстремистларга айланган шахсларда олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, уларнинг жамиятдаги турли масалаларда ечимини топмаган қарашлари ва ижтимоий муаммолари натижасида одамлар нисбатан радикал қараш ҳамда муносабатда бўлиш шаклланган. Шу каби фикрловчиларнинг инсонлар орасида кўпайиб бориши эса уларнинг диструктив фаолият олиб боришига туртки бўлган.

Шунинг учун ҳам шахсни жамиятга қайта мослаштиришда дерадикализициянинг аҳамияти жуда муҳим ҳисобланади. Бундан ташқари халқаро миқёсдаги ташкилот ва экспертларнинг фикрича, дерадикализацион механизмларни амалиётга татбиқ этишдан олдин радикаллашувга олиб келадиган омилларини ўрганиб уларни бартараф этиш талаб этилишини таъкидламоқдалар. Негаки радикал қарашдан қайтиб жамиятга қўшилиб кетган шахсда радикаллашишига сабаб бўлган ҳолатлар ўша муҳитида яна пайдо бўлса ёки такрорланса, дерадикализациянинг самарадорлиги пасайиб кетади.

Реабилитацион жараёнлар билан боғлиқ бўлган ҳолат ҳақида сўз юритишдан аввал, радикаллашув нима эканлиги ва унинг бугунги кундаги оқибатлари хусусида мутахассисилар ва халқаро ташкилотлар томонидан ўтказилган тадқиқотларга тўхталиб ўтиш ўринлидир.

Радикализм (лот. radicalis — илдиз) – мавжуд давлат тузумини танқид остига олиб, радикал ўзгаришлар ва ислоҳотлар ўтказишни талаб этувчи сиёсий ҳаракат ҳисобланади[1]. Мазкур сиёсий тушунчага диний тус бериш натижасида, мутаассиб характер билан динга амал қилувчи шахслар вужудга келиши кузатилади.

Дерадикализация – жамиятда радикаллашган шахсларни бирлаштиришга қаратилган ва радикаллашувини олдини олишга бўлган амалий ҳаракат ҳисобланади[2]. Қисқача радикаллашувни олдини олиш десак муболаға бўлмайди.

Бугунги тез суръатларда ривожланиб бораётган замонда аҳоли орасида радикаллашувнинг кучайиши, экстремизм хавфининг ортиши ҳамда терроризмнинг ўта ваҳшийлашиб бораётгани жаҳон ҳамжамиятини ташвишлантирмоқда. Бундай салбий ҳолатнинг шаклланишига қандай омиллар сабаб бўлаётгани борасида бир қатор халқаро тадқиқот институтлари томонидан изланишлар олиб борилмоқда.

Масалан, “Search for Common Ground” халқаро нодавлат ва нотижорат ташкилоти томонидан “Ахборот оқимлари ва Марказий Осиёда экстремизмга олиб борувчи радикаллашув” (Information flows and Radicalization leading to violent extremism in Central Asia) деб номланган тадқиқот ишининг тақдимоти ўтказилди[3].

Мазкур тадқиқот Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларида ўтказилган бўлиб, унда радикализмга хайрихоҳликни келтириб чиқарувчи ахборот оқимлари ва ишончли ахборот манбаларини аниқлаш ва таҳлил қилиш мақсадида учта таркибий қисмда амал оширилган.

Биринчи қисмда, 2013-2018 йилларда Марказий Осиёдаги ОАВларида чоп этилган материаллар ўрганилган ва таҳлил қилинган.

Таҳлил хулосаларига кўра, радикализм ва экстремизмни вужудга келишига қуйидаги омиллар сабаб, жамиятдаги тенгсизлик, мафкуравий бўшлиқ, ишсизлик, аёллар ҳуқуқининг чекланиши, диний ва дунёвий билимларни бир-биридан узоқлашиши, ахборот хуружи муаммо сифатида кўрсатилади.

Иккинчи қисмда, 201 нафар респондентлар (46 нафар мутахассис
ва бевосита экстремизмга алоқадор бўлган шахслар, уларнинг оила аъзолари ҳамда 155 нафар ёшлар, аёллар ва ишчи мигрантлар) билан ўтказилган суҳбатлар бўлиб, унда респондентларнинг ахборот манбалари, улардан фойдаланиши, жамият, сиёсат, давлатга оид қарашлари ҳамда дин ва радикализм борасидаги тушунчалари қиёсий ўрганилган.

Тадқиқот натижалари ҳар бир давлат ҳудудида яшовчи фуқароларнинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда турлича бўлган. Жумладан, Қозоғистонлик респондентларнинг аксарияти (диндор ва диндор бўлмаган) жамиятда диннинг тутган ўрни борасида берилган саволларга ижобий қарашини билдирган бўлса, радикаллашувга олиб борувчи воситалар деб сохта салафийларни кўрсатган.

Қирғизистонлик респондентлар жамиятда радикализмнинг ривожланишида, ёшларнинг турли террористик гуруҳлар таркибига қўшилиб қолиши, давлат идораларига аҳолининг ишончсизлиги ва этник дискриминацияни сабаб сифатида кўрсатганлар.

Тожикистонлик респондентлар эса, аҳолида диний билимларнинг етишмаслиги ва меҳнат муҳожирларининг кўпайиши радикаллашувга олиб борувчи асосий омил сифатида баҳолаганлар.

Учинчи қисмда, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларининг ҳар биридан 600 нафар респондентлар билан ОАВларида тарқатилаётган ахборот истеъмоли ва ишончлилик даражаси таҳлил қилинган.

Унга кўра, учала давлатнинг барчасида расмий телеканаллар оммабоп эканлиги ва ундаги берилаётган маълумотлар ишончли ахборот манбаси ҳисобланиши таъкидланган. Шунингдек, радикаллашув ва экстремизмни олдини олишда бу воситалардан унумли фойдаланиши айтиб ўтилган[4].

Бундан ташқари Жорж Вашингтон университети қошидаги Европа, Россия ва Евро Осиё тадқиқотлари институтининг Марказий Осиё дастури тадқиқотчиси Ной Таккернинг (Noah Tucker) “Terrorism without a God: Reconsidering Radicalization and Counter-Radicalization Models in Central Asia” (“Худосиз терроризм: Марказий Осиёдаги радикаллашув ва радикаллашувга қарши кураш моделларини қайта кўриб чиқиш”) деб номланган тадқиқоти ҳам диққатга сазовор. Унда Марказий Осиё мамлакатлари мисолида радикаллашувнинг сабаблари таҳлил қилинган ва дерадикализация бўйича хулосалар берилган.

2016 ва 2018 йилларда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларида Н.Таккернинг ўтказган тадқиқоти хулосаларига кўра, “исломнинг радикаллашуви” борасидаги қарашдан кўра, “радикаллашувнинг исломлашгани” тўғрисида таъкидлаш ўринли экани қайд этган.

Марказий Осиё мамлакатларида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, радикализм вужудга келишига сабаб сифатида этник, иқтисодий, диний ёки уларнинг қоришмасидан юзага келадиган муаммолар эканлиги қайд этилган. Мазкур ҳолатларни олдини олишда мулоқот ва тўғри тушунтириш механизмларида камчиликлар борлиги таъкидланади.

Шундан келиб чиқиб тадқиқот доирасида норози кайфиятдаги кишилар дин омиллардан эмас, балки ижтимоий, сиёсий ёки шахсий ҳолатлар сабаб радикаллашгани алоҳида мисоллар орқали айтиб ўтилган.

Тадқиқот муаллифи фикрича, радикал ва зўравон қарашларни тарғиб қилувчи гуруҳларнинг хулқ-атворини, дунёқарашини тушуниб олишда теологик ёндашувлардан ташқарига чиқиш лозим. ИШИД вакиллари қанчалик “соф ислом” номидан гапирмасин, ўз манфаатидан келиб чиқиб иш юритган.

Масалан, муқаддас манбалардаги оятларни нотўғри талқин қилишди. Шу билан бирга, “адолат/адолатсизлик” тушунчаларидан келиб чиқувчи ижтимоий эътирозларни халифалик қуриш орқали ҳал этиш механизмларини таклиф қилади ҳамда шу нарсалар билан инсонларни келажакка ишонтиради.

Тадқиқот ишида Марказий Осиё мамлакатларида дин омили билан боғлиқ радикаллашувдан кўра, миллий, этник масалаларда кескинлик ва келишмоқчиликлар мавжудлиги алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, тадқиқотчи жамият орасида радикаллашувга сабаб бўлувчи бир қатор омилларни ҳам санаб ўтади. Жумладан, 1) жамият орасида ижтимоий масалаларда эътирозларнинг кўпайиши, 2) ишсизлик ва миграция, 3) билимсизлик, 4) иқтисодий омиллар, 5) ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги ахборот оқими, 6) диний масалаларда камситилишнинг вужудга келиши[5].

Жорж Вашингтон университети тадқиқотчисининг изланишлари бугунги кунда глобал аҳамият касб этаётган муаммоларни ўрганилганлиги ва ижтимоийлашув борасида ўзига хос таклифлар берганлиги билан аҳамиятлидир.

Бундан ташқари Қирғизистонлик тадқиқотчи, олим ҳамда “Инсон ҳуқуқи ва жиноятчилик сиёсати” бўйича мутахассис Қ.Раҳимбердин олиб борган изланишларига кўра, радикаллашувга сабаб бўлган омилларни ўрганиш ва уни бартараф этиш асосида реабилитацион механизмларни амалиётга жорий этиш самарали экани қайд этилган. Унинг фикрича, радикаллашувнинг ортишига ва зўравон экстремизмнинг юзага келишига бешта сабаб туртки бериши мумкин:

– аҳолида ижтимоий-иқтисодий имкониятлар даражасининг пасайиши ва йўқолиши;

– айрим ижтимоий қатлам вакилларининг жамият орасида ажралиб қолиши ва камситилиши;

– инсон ҳуқуқи ва қонун устуворлигининг бузилиши;

– ижтимоий муаммоларнинг кўпайиб кетиши ва тўхтатиб бўлмайдиган можароларнинг авж олиши;

– қамоқхоналардаги маҳбусларнинг радикаллашуви[6].

Ушбу зўравонликка етаклайдиган потенциал йўлларнинг ҳеч бирини алоҳида-алоҳида олиб қаралмаслиги керак, чунки ушбу жараёнда ҳолатлар бир-бирига боғлиқ бўлиши мумкин.

Шу ўринда “зўравон экстремизм” нима эканлиги борасида тўхталиб ўтиш ўринлидир. Ушбу атаманинг барча тан олган умумий таърифи мавжуд эмас. Унинг миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда ишлаб чиқилган бир қанча таърифлар мавжуд.

Масалан, Австралия қонунчилигида зўравон экстремизмига “мафкуравий, диний, сиёсий мақсадларга эришиш йўлида амалга оширилган кескин хатти-ҳаракат ва унга ундовчи омилларни қўллаб-кувватлаш” дея таърифланган. Бундан ташқари, АҚШда “Федерал тергов бюроси” зўравон экстремизмига “сиёсий, мафкуравий, диний, ижтимоий ёки иқтисодий мақсадларга эришиш йўлида кескин ҳаракатини амалга оширишни рағбатлантириш, унга йўл қўйиб бериш, оқлаш ёки қўллаб-қувватлаш” деб таъриф беради[7].

Демак дерадикализациянинг аҳамияти масаласида сўз юритганда аввало радикаллашув сабаблари ўрганилади. Бундай радикаллик ҳолатлари ижтимоий муҳитда асосан диний бўлмаган ҳолатлар таъсирида вужудга келиши мумкин экан. Бу борада Жанубий-шарқий Осиё тадқиқот марказларида ҳам ишлар олиб борилган.

Масалан, Сингапурдаги “Сиёсий зўравонлик ва терроризмни тадқиқ этиш халқаро маркази” таҳлилчиси Абдул Боситнинг таъкидлашича, ёшларни радикаллаштириш ва жангари гуруҳларга ёллашда экстремист “диний арбоблар”нинг воситачилик ролини катта бўлгани ҳамда айнан улар инсон психологияси, диний қарашлари ва уларнинг қалбидаги энг қадрли туйғуларнинг ўзгаришига сабаб бўлган ҳолда, турли экстремист гуруҳларга ёллаб берган[8].

Юқорида санаб ўтилган бир қанча омиллар бевосита инсоннинг қалби ва онгига таъсир кўрсатиш орқали уларни радикал фикрлашига, турли экстремистик оқим ва гуруҳларга қўшилиб қолишига хайрихоҳлик билдиришга сабаб бўлган ҳолатлар ҳисобланади.

Шахсни жамиятга қайта мослаштиришда юқоридаги масалаларга эътибор қаратганда аввало сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий муаммолар сабабли аҳоли айниқса, ёшлар орасида радикализмга хайрихоҳлик билдириш ҳолатларини олдини олиш энг асосий омил сифатида баҳоланади. Сабаби шахснинг радикал ғоялар таъсирига берилмаслиги унинг дерадикализация қилинишига имкон қолдирмайди. Мазкур ҳолатларда кузатилиши мумкин бўлган масалаларни барча ташкилотлар бир ёқадан бош чиқарган ҳолда бартараф этиши давлатнинг тинчлик ва осойишталигини янада мустаҳкамлашга замин яратади.

[1] Бегматов Э. Радикализм // Ўзбек тилининг изоҳли луғати.-Тошкент. Давлат илмий нашриёти, 2007.–Б. 337.
[2] Стратегии Конгресса по борьбе с радикализацией. Предупреждение радикализации и проявлений ненависти на местном уровне // URL: https://rm.coe.int/1680719e1c, 20.10.2015.
[3] “Search for Common Ground” халқаро нодавлат ва нотижорат ташкилот бўлиб, 1982 йил 22 мартда асос солинган. Вашингтон ва Брюсселда ўз штаб-квартирасига эга. Мақсади зиддиятли масалаларни ечишда анъанавий усулларидан фойдаланиб, муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилиш.
[4] Search for Common Ground (SCG). Information flows and Radicalization leading to violent extremism in Central Asia. – Washington DC, 2019., URL: https://www.sfcg.org, 2019.
[5] Noah Tucker. Terrorism without a God: Reconsidering Radicalization and Counter-Radicalization Models in Central Asia // URL: https://centralasiaprogram.org/archives/13164, 25.09.2019.
[6] Экстремистлик ва террорчилик жиноятлари учун жазога ҳукм қилинган шахслар билан иш олиб борадиган мутахассисларнинг фикрича, маҳбусларни радикаллашувдан қайтариш жараёни мураккаб
ва оғир. Бунинг учун маҳбусларни радикаллашувдан қайтариш бўйича махсус ижтимоий дастурлар жорий этиш зарур бўлади. Шунинг учун асосий мақсад радикаллашувнинг олдини олиш ва огоҳлантиришга қаратилган тарғибот ишлари ижтимоий қатламлар орасида муҳим аҳамият касб этади. Бу иш билан болалар боғчасидан бошлаб, мактабларда, олий ўқув юртларида шуғулланиш зарур. Давлат идоралари бундай муаммоларни ҳал этишга комплекс тарзда ёндашуви талаб этилади.
[7] Мураталиева Н.О технологиях и нюансах радикализации в государствах Центральной Азии // URL: https://caa-network.org/archives/18256, 27.10.2019.
[8] Rehman B.Z. Worry grows as ‘Islamic State’ recruiting focuses on educated youth // URL: https://www.central. asia-news.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2019/05/10/feature-01, 10.05.2019.
Нодир ШОМИРЗАЕВ,
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот таҳлил маркази мутахассиси

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …