Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Форум тадбирлари давом этмоқда

Форум тадбирлари давом этмоқда

Марказий Осиё Ислом санъати ўчоғи” номли Халқаро форумнинг расмий очилиш маросимидан сўнг, “Мовароуннаҳрда китобат маданияти” мавзусида ислом амалий санъати турлари бўйича фестивал ва савдо ярмаркаси ҳамда Халқаро ислом хаттотлик кўргазмаси очилди. Уларда Туркиядан келтирилган, шунингдек, мамлакатимизнинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан 30 нафарга яқин ҳунарманд усталар ишлари намойиш этилмоқда.

Тарихдан маълумки, араб ёзуви ислом динининг маънавий-маърифий ҳамда маданий тараққиёти учун катта хизмат қилган. Дастлаб Қуръони карим тери, сопол, ёғоч ва қоғозларга кўчирилиб жамланди. Ўрта асрларда, ҳали китоб чоп этиш ихтиро этилмаган маҳалда ҳар қандай асар қўлда кўчирилиб, китоб ҳолига келтирилган. Шу боис, китоб кўчириш ўша даврда энг эътиборли ҳунар ва санъат ҳисобланган. Бу ҳунар эгалари хаттот ёки котиб деб ном олиб, кўплаб алломаларимиз ҳам ўз асарларини шу касб эгаларига кўчиртирган. Натижада қоғоз ишлаб чиқариш, хат турлари, терига ишлов бериш, ёғоч ва буюмларга нақш солиш каби бир қанча исломий санъат турлари шаклланди. Араб ёзуви турли санъат намуналарига кўча бошлади.

Бугун қайта чирой очаётган тарихий обидаларимиз, масжид ва мадрасаларимизнинг пештоқидаги хаттотлик намуналари киши эътиборини ўзига тортади. Айниқса, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади. Хаттотлик Шарқ мамлакатларида ўзига хос алоҳида йўналиш касб этган ва фан даражасига кўтарилган бебаҳо санъат туридир. Ўрта Осиё халқлари томонидан ислом динининг қабул қилиниши муносабати билан бу ўлкага “Қуръони карим” нозил қилинган араб ёзуви кириб келди. Бу санъат азалдан Шарқда ҳуснихат, хаттотлик, Ғарбда эса каллиграфия номи билан кенг шуҳрат қозонган.

 

Давлатимиз тарихида Бухоро, Хива, Қўқон, Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари шаклланган. Хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъати жумладан, абру, кулолчилик, кандаҳорлик, майолика, наққошлик, ёғоч ўймакорлиги ва зардўзликда ҳам кенг фойдаланилган.

Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (ИРСИКА) билан ҳамкорликда ўтказилаётган форум доирасидаги фестивал, савдо ярмаркаси ва кўргазма ҳам асрлар давомида ота-боболаримиздан бизгача етиб келаётган хаттотлик, абру, кулолчилик, кандакорлик, майолика, наққошлик, ёғоч ўймакорлиги, қоғоз ишлаб чиқариш, миниатюра, зардўзлик, каштачилик, пичоқчилик, гиламдўзлик санъатини янада ривожлантириш, юртимизнинг турли ҳудудларида мазкур санъат мактабларини ташкил этиш ва бу соҳаларга қизиқувчилар орасида ушбу санъатни кенг тарғиб қилиш мақсадларини кўзлайди.

Тадбирлар иштирокчилари мамлакатимиздаги моҳир усталар яратган ислом амалий санъатининг беназир намуналаридан баҳраманд бўлмоқда.

Форум тадбирлари давом этяпти.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …