Home / АЛЛОМАЛАР / АЛИ ИБН УСМОН АЛ-ФАРҒОНИЙНИНГ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

АЛИ ИБН УСМОН АЛ-ФАРҒОНИЙНИНГ ИСЛОМ ИЛМЛАРИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Алломанинг тўлиқ исми Али ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Сулаймон Сирожуддин ал-Фарғоний ат-Таймий ал-Ҳанафий ал-Мотуридийдир. Туғилган йили номаълум. 575/1173 йилда вафот этган. Али ибн Усмон ал-Фарғоний ҳанафий мазҳаби учинчи даража мужтаҳиди «мужтаҳид фи-л-масоил» (баъзи ўринларда тахриж уламолари) даражасига эриша олган кам сонли фарғоналик фақиҳлардан саналади. Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавий «Катаиб ал-аълам» асарида фақиҳни учинчи даражадаги мужтаҳидлар қаторида санаб ўтган.

Али ибн Усмон ал-Фарғоний фуруъ ал-фиқҳга бағишланган «Фатаваи сиражиййа» асарининг «Адаб ал-муфтий» боби ва бошқа бир қанча ўринларда унинг таржиҳ даражасига эришган фақиҳ бўлганлигига далолат қилувчи  ишоралар мавжуд. Олим «Фатава»сининг «Адаб ал-муфтий» қисмида қуйидагиларни ёзади: «Агар фатвода Абу Ҳанифа бир тараф, икки шогирди бир тараф бўлиб қолсалар, муфтий (мужтаҳид) ўзи ихтиёр қилганини олади. Аммо саҳиҳ қавл шуки, агар муфтий мужтаҳид даражасига етмаган бўлса, саккизта масаладан еттитасида Абу Ҳанифага эргашади», дея ўзининг ижтиҳод услубини баён қилиб ўтади. Фақиҳ бунинг сабабини бир қанча сабабларга боғлайди. Улардан қуйидагиларни мисол қилиш мумкин: «Имом Шофеъий: «Инсонлар фиқҳда Абу Ҳанифага боқимандадирлар», деб айтади». Шунингдек, асарнинг «Китоб ал-фавоид» қисмида Абу Юсуфнинг ушбу сўзини келтиради: «Агар Абу Ҳанифа илмда барглари кўп улкан дарахт бўлсалар, мен ўша дарахтнинг энг кичик япроғиман». Маълум бўладики, Али ибн Усмон ал-Ўший фатво масалаларида Абу Ҳанифанинг услубларига кўпроқ эргашган.

Али ибн Усмон ҳадис илмида ҳам бир қанча асарлар муаллифи ҳисобланади. Унинг ҳадис илмидаги бош асари «Ғурар ал-ахбар ва дурар ал-ашъар» ҳисобланади. Олим бу ҳақида «Нисаб ал-ахбар» номли бошқа бир ҳадис тўпламида айтади: «Ғурар ал-ахбар»даги мавзуларнинг кенгайиб кетгани боис уни мухтасар қилган ҳолда «Нисаб ал-ахбар»ни ёздим». Демак, «Нисаб ал-ахбар» «Ғурар ал-ахбар»нинг ихчамлаштирилган кўринишидир. Афсуски, «Ғурар ал-ахбар» асари бизгача етиб келмаган. «Нисаб ал-ахбар»нинг қўлёзма нусхалари дунёнинг турли китоб фондларида сақланмоқда. Улардан «Нисаб ал-ахбар ли тазкира ал-ахйар» номли (Истанбул, Сулаймония кутубхонаси, Лолали фонди, 1504-инв.рақам), саудия­лик олим доктор Муҳаммад ибн Туркий кутубхонасидаги «Нисаб ал-ахбар ли-т-тазкир ъан ан-Наби ал-мухтар» номли қисман тўлиқ ҳолдаги нусхаси, яна «Нисаб ал-ахбар фи таҳдис ан-Наби ал-мухтар» номли бир нусхаси (Қоҳира, «ал-Мактаба ал-Азҳарийя», 5649-инв.рақам), Мисрнинг жанубидаги Сўҳаж шаҳрида жойлашган «Мактаба ат-Таҳтовий» кутубхонасида 1498-йилда ёзилгани қайд этилган «Нисаб ал-ахбар ли тазкира ал-ахйар – Мухтасар ғурар ал-ахбар ва дурар ал-ашъар» номли тўртинчи нусхаси рўйхатга олинган.

Мазкур асарда тасаввуфий мавзулар ва нарсаларнинг фазилатлари борасида келган ҳадислар тўпланган. Муаллиф уни тузишда 15 та ҳадис манбаларига таянган.

«Нисаб ал-ахбар»га «Машариқ ал-анвар шарҳ Нисаб ал-ахбар», «Савақиб ал-ахбар» ҳамда «Йавақит ал-ахбар» каби муаллифлари номаълум шарҳлар ёзилган. Ушбу шарҳларнинг «Нисаб ал-ахбар» каби ҳанузгача замонавий нашрлари тайёрланмаган ва чуқур таҳлил этилмаган. Шу боис баъзи манбаларда юқоридаги шарҳлар ҳам Али ибн Усмон ал-Фарғонийнинг ўзига тегишли экани зикр этилади.

Бундан ташқари олим 1001 та ҳадисни қамраб олган «Нисаб ал-ахбар» асарида ўзи ривоят қилган ҳадисларни жамлаган. Мазкур ҳадисларнинг санадини келтириш жараёнида ўзи ҳадис эшитган ровийлар исмларини зикр қилиб ўтади. Бу эса алломанинг муҳаддис олим бўлиб етишида кўплаб ровийлардан ҳадис эшитгани ва бу соҳасидаги устозлари кўпчиликни ташкил қилишига далолат қилади, деган хулосага келишимизга сабаб бўлади.

Али ибн Усмон ал-Фарғоний ҳадис илмига оид ўзининг «Муснад Анас ибн Молик» асарида Анас ибн Молик (р.ҳ.)дан 300 га яқин ҳадисни икки йўл: Носируддин Муҳаммад ибн Сулаймон ва Абдуллоҳ ибн Умар ибн Саъд ат-Толиқоний тарийқлари орқали ривоят қилганини айтади.

Али ибн Усмон ал-Ўшийнинг устозлари географиясини ўрганишда унинг илм йўлида сафар қилган шаҳарлар харитасини ҳам шакллантириш имкони мавжуд. «Нисаб ал-ахбар»да муаллиф томонидан қайд этилган маълумот асосида унинг ўзи бевосита таълим олган устозларини қуйидагича саралаш мумкин:

Али ибн Усмон ал-Ўший самарқандлик олимлардан Aлоуддин Aбу-л-Маҳомид Муҳаммад ибн Aбдулҳамид ас-Самарқандийдан (в.552/1157) Имом ат-Термизийнинг (ваф. 279/892) «ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ»ини  ва Носируддин Муҳаммад ибн Юсуф ас-Самарқандийдан (ваф. 556/1161) Ҳусайн ибн Яҳё ал-Бухорий аз-Зандавистийнинг (ваф. 400/1010) «Равзат ал-ъулама» ва Муҳаммад ибн Aҳмад ал-Марвазийнинг «ал-Иқнаъ» ҳамда Aбу Убайд Қосим ибн Салом ал-Бағдодийнинг «Ғариб Aбу Убайда» асарини таълим олган. Шунингдек, олим «Фатава»сида кўпгина ўринларда Носируддин ас-Самарқандийнинг фиқҳий қарашларидан фойдаланган ва устозининг «ал-Мултақат фи-л-фатава ал-ҳанафиййа» ҳамда «ал-Жамиъ ал-кабир фи-л-фатава» асарларидан иқтибослар бериб ўтади.

Насафлик устозлари Aбу Собит ал-Паздавийдан Aбу Aбдуллоҳ Тоҳир ал-Марвазийнинг (в.410/1019) «Уйун ал-мажалис» ва Aбу Мутиъ Макҳул ан-Насафийнинг (в.218/833) «ал-Луълуиййат» асарларини, Aбу-л-Қосим Маҳмуд ибн Aли ан-Насафийдан Aбу-л-Лайс ас-Самарқандийнинг (ваф. 373/983) «ат-Танбиҳ ал-ғафилин», Шируя ибн Шаҳрадор ад-Дайламийнинг (в.509/1115) «Фирдавс ал-ахбар би маъсур ал-хитаб» ва Муҳаммад ибн Бишровайҳ ал-Балхийнинг «Канз ал-ахбар» асарларидан таълим олган.

Aлломанинг Бистом шаҳридан бўлган исми маълум ягона устози Қози Зуҳруддин Aбу-л-Қосим Aли ибн ал-Ҳасан ал-Бистомийдан Бистом шаҳрида Имом ал-Бухорийнинг «Шиҳаб ал-ахбар» асарини ўрганган.

Али ибн Усмон ал-Ўшийнинг Фарғона водийсидан етишиб чиққан ва улардан бевосита таълим олган устозлари қаторида Aбу-л-Маҳосин Заҳируддин Кабир Ҳасан ибн Aли ал-Марғиноний, Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад ибн Сулаймон ал-Ўший ва Сайфуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Хўжандийларни санаб ўтиш мумкин. Аллома Заҳируддин ал-Марғинонийдан «Саҳиҳ ал-Бухорий» ва «Сунан ат-Термизий», Муҳаммад ибн Сулаймон ал-Ўшийдан «Муснад Анас ибн Малик», Сайфуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Хўжандийдан Хўжанд шаҳрида Aҳмад ибн Aбдуллоҳ Хаффоф ас-Сарахсийнинг  «Китаб ал-Йавақит» асарини ўрганади. Олим «Нисаб ал-ахбар» асарида «Йавақит»ни устозининг Хўжанддаги уйида икки маротаба ўқиб берганини ёзади.

Али ибн Усмон ал-Ўший илмий меросининг бир қанча асарлар билан чекланиб қолишига Фарғона водийсида XII аср учинчи чораги якунида тарқалган вабо хасталиги ўз таъсирини ўтказган, дейиш мумкин. Унинг Ислом оламида шуҳрат қозонган «Бадъ ал-амали», «Фатава» ҳамда «Нисаб ал-ахбар» каби асарларининг бир йилда, яъни 569/1173-йилда ёзиб тугатилиши, умрининг охирида ўзидан илмий мерос қолдиришга киришганини кўрсатади.

Али ибн Усмон ал-Ўший ўзининг «Бадъ ал-амали», «Фатаваи сиражиййа» ва «Нисаб ал-ахбар» каби учта асарини айнан 569/1173 йилда ёзиб тугатган. Буни муаллиф ҳар бир асарининг сўнггида ўзи томонидан қайд этиб қолдирган.

Агар ушбу асарларнинг ҳажми, уларнинг балоғат ва фасоҳат билан, жуда гўзал ва равон тилда ёзилганини эътибор қилсак, муаллиф уларни бир йилдан кам бўлмаган муддатда ёзиб тугатганини билиб олиш мумкин. Балки кетма-кет битилган асарлар муаллифнинг кенг тарқалган хасталикдан эрта вафот этишидан хавотирда бўлганини ҳам кўрсатар, бу шунчаки тахмин. Лекин ушбу асарлар билан яқиндан танишилганда Али ибн Усмон ал-Ўший ҳақиқатдан ҳам ўзи эгаллаган соҳалардаги билимларини тезроқ китоб ҳолига келтиришга уринганини кўриш мумкин. Муаллиф шу туфайли ўз асарларини содда ва мухтасар шаклда баён қилган.

Қадимда Мовароуннаҳр диёри ва ҳозирги Марказий Осиё деб юритилувчи минтақада алломанинг калом илмига оид «Бадъ ал-амали» асари машҳур ҳисобланади. Мана бир неча асрлардан буён Мовароуннаҳр диёри ва ҳатто ҳозирги кунимизда ҳам Ўзбекистон ҳудудида жойлашган мадрасаларда талабаларга ушбу асардан таълим бериб келинмоқда. Шу билан бирга, мазкур асар мотуридий ва ашъарий олимлари томонидан чуқур ўрганилиши ҳамда унга замонамиз олимлари томонидан ҳам бир қанча шарҳлар битилгани унинг калом илмига оид муҳим манба эканини кўрсатади.

«Бадъ ал-амали» асари 66 байтдан иборат бўлиб, назмий услубда ёзилган. Бугунгача унга Иззуддин аш-Шофеъийнинг «Дараж ал-маъали шарҳ Бадъ ал-амали», Мулла Али ал-Қорийнинг «Завъ ал-маъали шарҳ Бадъ ал-амали», Шиҳобуддин ат-Тунисийнинг «Нашр ал-лали би шарҳ Бадъ ал-амали», Ибн Котибнинг «Завъ ал-лали шарҳ Бадъ ал-амали» ва Муҳаммад ибн Сулаймон ал-Ҳалабийнинг «Нухба ал-лали ли шарҳ Бадъ ал-амали» каби ўнлаб шарҳлар ёзилган. Шунингдек, ушбу асарга замондош олимлардан Муфтий Ризо ал-Ҳаққнинг «Бадр ал-лайали шарҳ Бадъ ал-амали», Муҳаммад Аҳмад Омуҳнинг «Дурар ал-ғавали шарҳ Бадъ ал-амали» ва Қози Шайх Муҳаммад Аҳмад Канъоннинг «Жамиъ ал-лали шарҳ Бадъ ал-амали» каби асарлари орқали шарҳланган. Ўзбекистонлик олимлардан Абдулқодир Абдур Раҳим 2012-йилда «Бадъ ал-амали»га «Эътиқод дурдоналари» номли ўзбекча шарҳ ёзган.

Али ибн Усмон ал-Ўший «Фатаваи сиражиййа» асаридаги фатволарини нафақат мўътадил услубда ишлаб чиққани, балки уларни мухтасар шаклда баён қилганини таъкидлаш лозим. Шу сабабли унинг «Фатава»сидан кўплаб мужтаҳид фақиҳлар ўз китобларида истифода қилганлар. Масалан, «Фатаваи Оламгириййа»да Али ибн Усмон ал-Ўшийдан 300 га яқин масалада ривоят қилинган. Аллома Ибн Обидийн ҳамда ибн Нужаймлар «Баҳр ар-раиқ»да юзга яқин ўринда Али ибн Усмон ал-Ўшийга мурожаат этганлар. Зайнуддин ибн Нужайм «Баҳр ар-раиқ»нинг муқаддимасида кенг истифода қилган манбалар қаторида «Фатаваи сиражиййа»ни санаб ўтади. Ҳатто шофеъий мазҳаби олимлари ҳам Али ибн Усмон ал-Ўшийга кўп ўринларда мурожаат этганлар. Хусусан, Жалолуддин ас-Суютий «ал-Ашбаҳ ва ан-назаир»да ҳамда ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий «Фатаваи ҳадисиййа»да олимнинг фатволарини келтириб ўтганлар.

Шунингдек, «Фатаваи татарханийа» соҳиби уни ўз асарида мўътабар манбалар қаторида зикр этади. Аллома ас-Сижистоний «Сирожиййа»да бошқа китобларда учрамайдиган кўплаб наводир ва воқеъот масалалари келтирилганини таъкидлайди.

Ҳанафий олимларининг асарга берган таърифлари муаллифнинг ҳукмларни истинбот қилишда мўътадил йўл тутганини кўрсатади. Ўз ўрнида ўтган мужтаҳидларнинг рожиҳ қавлларини саралаб олиниши кейинги давр олимларининг «Фатаваи сиражиййа» мурожаат этишларига сабаб бўлган. Дарҳақиқат, Али ибн Усмон ал-Ўшийнинг мазкур асари муаллифнинг ўзи таъкидлаганидек: «Ушбу кичик ҳажмли китоб энг фойдали фатволарни жамлаган ва фардлардан умумларни ажратиб олган китобдир».

Али ибн Усмон ал-Ўший ҳадис илми таълими учун Ўш шаҳридан бошқа Марғинон, Хўжанд, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига сафар уюштирган. Ушбу сафарлари давомида Мовароуннаҳрдаги кўплаб ҳадис олимларидан ҳадисларни ёд олган.

Олим фиқҳ илмига оид «Фатаваи сиражиййа»дан ташқари, «Шарҳ Мухталиф ар-ривайа» (Нажмуддин ан-Насафийнинг «Мухталиф ар-ривайа» асарига шарҳ), «Жаваҳир ал-аҳкам фи-л-фиқҳ» каби асарларни ҳам ёзиб қолдирган.

Фойдаланилган манба ва адабиётлар:
  1. Сирожуддин Али ибн Усмон ал-Ўший. Фатава ас-сиражиййа. – ЖАР: Дор ъулум аз-Закариё, 2011. – Б. 18, 96, 602, 614.
  2. Сирожуддин ал-Ўший. Нисаб ал-ахбар. Сулаймония кутубхонаси. Лолали фонди. 1504-инв. рақам. 1а-5b.
  3. Ибн Обидийн. Радд ал-мухтар. – Риёд: Дор олам ал-кутуб, 2009. V, – Б. 279.
  4. Жалолуддин ас-Суютий. ал-Ашбаҳ ва-н-назаир. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-ъилмийя. II, – Б.65.
  5. Ибн Ҳажар. ал-Фатава ал-ҳадисиййа. – Байрут: Дор ал-маърифа, 2002. II, 97.
  6. Ferhat Gökçe. Ali b. Osman el-Ûşî ve Müsnedü Enes isimli eseri/Dinbilimleri Akademik Araştirma Dergisi, 2018. XVIII, 39–40; Ûşî. Mehmet Sait Toprak. Hadiste Derlemecilik Devrinin Başlaması ve Ûşî’nin Nisâb’ul-Ahbâr’ı ile birlikte. – İzmir: Dokuz Eylül Üniversitesi, 2005. 21.
  7. Абдулқодир Абдур Раҳим. Эътиқод дурдоналари. – Т.: «Мовароуннаҳр», 2012. – Б. 5-12.
  8. С.Оқилов. Абу Мансур ал-Мотуридий илмий мероси ва мотуридия таълимоти. – Т.: «Hilol-nashr», 2017. – Б.
Мухиддин ХАКИМОВ,
Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …