Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ!”

“ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ!”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбек тили байрами муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда Марказ илмий ходимлари, Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Тадбирга Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ўқитувчиси Аҳмаджон Мавлонов таклиф этилди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов тадбир аввалида йиғилганларни байрам билан қутлаб, ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини янада мустаҳкамлаш, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий қадрият ва анъаналарга садоқат, улуғ аждодларимиз бой меросига муносиб ворислик руҳида тарбиялаш ҳамда мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелдаги “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни билан 21 октябрь Ўзбек тили байрами этиб белгиланди.

– Она тилимизнинг сўнмас зиёси онгу тафаккуримиз, қалбларимизни ҳамиша ёритиб тургувчидир, – дейди тадбир меҳмони Аҳмаджон Мавлонов. – Тилни тўлалигича англаш, унинг моҳиятини тушуниш ҳамда тўкислигини сақлаб, кейинги авлодларга бус-бутун етказиш ҳар миллат учун тарихий ғурур масаласидир.

 

Нотиқ ўз сўзида тилнинг келиб чиқиш тарихи, ривожланиш босқичлари ҳамда инсоният тамаддунида тутган беқиёс ўрни хусусида тўхталиб, ўзбек тилининг айни пайтда халқаро минбарларда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланилаётганини таъкидлади. Меҳмон шунингдек, омма орасида ўзбек тилини бузиб ишлатиш ва сўзлардан маъно жиҳатидан ноўрин фойдаланиш каби учраётган ҳолатларга салбий муносабат билдириб, тилимиз халқимизнинг шу кунгача қўлга киритган ютуқларнинг энг залворлиси эканини алоҳида қайд этди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда дунёда мавжуд жами 7 мингдан зиёд тилнинг ярмидан кўпи ўлик, қолган 3 мингтаси истеъмолда. Ўзбек тилида эса дунё бўйлаб 35 млн киши сўзлашади. Шу жиҳатдан тилимиз дунёдаги тиллар рўйхатида 40-ўринда туради.

Тадбирда сўзга чиққан Марказ директорининг Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев, илмий ходимлар Обид Хурсандов, Оловхон Неъматов ҳамда ҳадис илми мактаби 3-босқич талабаси Азимжон Шерматов тилга эътиборли бўлиш, уни доимий тарзда ривожлантириб бориш, бунинг учун ҳар биримиздан доимий машаққатли меҳнат талаб қилиниши ҳақида гапирди.

 

Тадбир қизғин савол-жавоб ҳамда мунозараларга бой бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …