Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказда қилинаётган ишлар хорижлик олимлар эътиборини тортди  

Марказда қилинаётган ишлар хорижлик олимлар эътиборини тортди  

Аввал хабар берганимиздек, Германиянинг Фрайбург университетида “Миллий давлатлар ва Қуръон: постсовет ҳудудида таржимонлар, ривоятлар ва мунозаралар” мавзусида халқаро илмий семинар” ўтказилди.



Семинар Европа тадқиқот кенгашининг “GloQur – Глобал Қуръон” лойиҳаси томонидан тафсир ва Қуръон таржимаси бўйича постсовет давридаги фаолият юзасидан илмий билимлар алмашинувини йўлга қўйиш ва турли давлатлардаги тажрибали олимлар изланишларини мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган.
Анжуман ишининг иккинчи кунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, доцент Шовосил Зиёдов “Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Қуръон тафсири таржимаси” мавзусида маъруза қилди.


Нотиқ маърузасида Марказий Осиё мамлакатларида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жабҳалардаги туб ўзгаришлар диний соҳа ривожига кенг йўл очганини, динни ўрганиш ҳамда диний-маърифий ислоҳотларни жадал амалга оширишга мустаҳкам замин яратиб берганини эътироф этди.
“Халқ маънавияти ва маданиятини, унинг асл тарихи ва қадриятларини тиклаш масаласи бугунги кунда янгиланиш ва тараққиёт сари одимлаётган жамият учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бунда Ўзбекистон бой маънавий маданиятига, узоқ тарихий ўтмишига ва бебаҳо диний-ахлоқий меросига таянади”, деди маърузачи.
Олим фикрларини давом эттириб, Ўзбекистонда очилган Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Маърузанинг асосий қисмида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг мақсад ва вазифалари, олиб борилаётган илмий фаолият натижалари ҳамда амалга оширилаётган таржима ишлари ҳақида сўз юритилди.

Иштирокчиларнинг эътибори Имом Мотуридийнинг Марказ илмий жамоаси томонидан ўзбек тилига таржима қилинган “Таъвилот ал-Қуръон” асарига қаратилди. Маърузачи асар муаллифи Имом Мотуридий сийрати, унинг бой илмий мероси ва ислом илмлари ривожига қўшган беназир ҳиссаси ҳақида қимматли маълумотлар келтириб, таржима жараёнлари ва унда эътибор қаратилган жиҳатлар хусусида тўхталди. Ман Анжуманнинг мунозаралар қисмида умумий матнли материалларга асосланган манбалар ва изоҳли масалалар қизғин муҳокама этилди.
Семинар доирасида Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари олимлари томонидан ўзбек тилига таржима қилинган 30-жузи ҳамда 29-жузи тақдимотлари ўтказилди. Иштирокчилар мазкур таржима ишларини йирик илмий натижа сифатида баҳолаб, бу каби хайрли ишлар кўламини кенгайтириш заруратини алоҳида таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Буюк саркарда, адолат ва улуғворлик тимсоли”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 688 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий …