Home / МАҚОЛАЛАР / МИЛЛИЙ МАЪРИФАТПАРВАРЛИКНИНГ ВУЖУДГА КEЛИШ ОМИЛЛАРИ (ижтимоий-фалсафий таҳлил)

МИЛЛИЙ МАЪРИФАТПАРВАРЛИКНИНГ ВУЖУДГА КEЛИШ ОМИЛЛАРИ (ижтимоий-фалсафий таҳлил)

Жадидлар ҳаракатида таълим-тарбия масаласининг бошланиши аввало миллий озодлик ғояларининг илдизи эди. Жамиятда бирор бир ғоя ўзининг намоён бўлишини ўша жамиятда бўлаётган ижтимоий тузумнинг маҳсули сифатида ўзининг таъсирини кўрсатиб боради. Жадидлар ҳаракати ҳам мана шундай ўз даврининг реакцион ғояси эди. Бу эса жамиятдаги ижтимоий муҳитнинг бир тасодифий ҳодисаси бўлмай, балки ижтимоий-сиёсий зиддиятларнинг натижаси бўлди. Жадидлик ўзи нима эди? Унинг намоён бўлиши қандай содир бўлди? Жадидлар ҳаракатининг кўринишлари нималарда кўзга ташланди? Бу ҳаракатнинг ривожланиши натижасида жадидлик таълимоти даражасига чиқишининг ўзига хослиги нимада? [4:61]. Умуман олганда жадидлар ҳаракатини ўрганиш жараёнида тадқиқотчилар илмий-фалсафий, ижтимоий-сиёсий масалаларни чуқур ўрганди.

Жадидлар жамиятни бир босқичдан янги босқичга олиб чиқишнинг энг қулай йўли бу таълим ва тарбия масаласи эканини тўлақонли англаб етди [5:52]. Хусусан, XIX асрда Чор Россиясининг Туркистонни босиб олиши натижасида бутун ижтимоий масалалар (пул бирлиги, ишлаб чиқариш, бозор масаласи, ҳимоя тизими ва бошқарув принципи –Х.А.) кетма-кетликда унинг тасарруфига ўтиши оқибатида хонликларнинг мустақиллиги қўлдан бой берилди. Натижада мазлум халқнинг турмуш тарзи таназзул ёқасига келди. Бундай ҳолатга тушган халқнинг зиёлилари бу вазиятдан фақатгина халқнинг фарзандларини тарбиялаш орқали чиқиш мумкин деган хулосага келди ва миллий жадидлик ҳаракатига тамал тошини қўйди. Айнан уларнинг олиб борган саъй-ҳаракатлари натижасида Туркистонда жадидлик ҳаракати вужудга келди. Бу ҳақда профессор Бегали Қосимов ўз тадқиқотида жадидлик оқимини ижтимоий-сиёсий ва маърифий томонларини батафсил баён этган [6:17]. XIX асрда жадидлар Бухородаги илм аҳли ва маърифатпарварларининг орасида дастлаб Туркистондаги мадраса ва мактаблар тизимида янги кўринишдаги таълим-тарбияни жорий қилиш учун тубдан ислоҳотлар лозимлиги масаласини ўртага ташлади. Биз мана шу ислоҳотлар тарафдорларини жадидлар, яъни янгилик ёки инновацион ғояларнинг тарафдорлари деб атадик. Жадидлик арабча «жадид» сўзидан олинган бўлиб «янги» маъносини беради.

Бу даврда жадидлар ҳаракатига қарама-қарши бўлган оқим бу феодаллар эди. Биз уларни диний фанатизмга берилган қадимчилар эди деб, номлаймиз [7:56]. Ўз даврида вужудга келган янги ғояларнинг тарафдорларини жадидлар деб номладик. XIX аср бошида жадидлар Бухородаги 200га яқин мадрасаларнинг таълимини ислоҳ қилиш ғоясини ишлаб чиқди. Албатта бу ғояларнинг бошида мадраса мударриси Абу Наср Курсавий турган эди.

Аммо мана шу даврда қарама-қарши ғоя сифатида вужудга келган яна бир ҳаракат қадимчиликнинг тарафдорлари ислоҳотчи мударрисларни кофирлик ва худосизликда айблади. Қадимчилар таъсирида Бухоро амири Ҳайдар янгилик тарафдори бўлган мударрис Абу Наср Курсавийни зиндонга ташлатади ва ўлим жазосига ҳукм қилади. Лекин Абу Наср Курсавийнинг тарафдорлари уни зиндондан қочиради. Абу Наср Курсавий бир муддат Самарқандда жон сақлаб кейин Қозон шаҳрига кетади ва ўзининг илғор ғояларини Қозонда давом эттиради. У 1813-йилда вафот этади.

Бундан кўринадики, жадидлар ҳаракатининг бошланиш ўчоғи Туркистон замини экан, деган хулосага келишимиз мумкин. Татар маърифатпарвари Исмоил Ғаспиралининг илгари сурган жадидлик ғояларини дастлаб бизнинг ватандошимиз Абу Наср Курсавий яратган эди [8:17].

XIX асрнинг 50-60-йилларида Туркистонда диний фанатизмга берилиш ислоҳотчилик ҳаракати янада кенг тарқала бошлади. Натижада, бу ҳаракатнинг бошида бухоролик олим, тарихчи ва мударрис Маржоний (1818-1889), Ғиждувон мадрасаси домлалари Фозил, Мўминжон Вобкандий, мулла Худойберди Бойсуний ва бошқа мударрислар турди. Улар дастлаб мактаб ва мадрасаларнинг ислоҳотини Абу Наср Курсавий каби янгилашни эмас, балки таълимда диний дарсларнинг ортиқчасини олиб ташлаш тарафдори бўлиб чиқди. Мактаб ва мадрасалар ислоҳотчиларининг раҳнамоси Маржоний дастлаб ўзининг дастурида қуйидаги асосий масалаларни ўртага қўяди:

  • Қуръондаги диний илмларни билган ҳолда динда ўзлари эркин фикр юритсин.
  • Ҳар бир кишининг бировга кўр-кўрона эргашиши қатъиян ман қилинсин.
  • Мадрасаларда ўқитиладиган ўқувчиларнинг 8-10 дақиқа вақтини олувчи ва улар учун фойдасиз бўлган дарслар жадвалдан олиб ташлансин.
  • Мавжуд мадрасаларда ислом динини тўлиқ ўрганиш учун айнан Қуръони карим, Ҳадиси сҳариф уларнинг таржималари ва ислом тарихи каби дарслар ўтилсин.
  • Дунёвий илмлар бўлган фалсафа, арифметика, мантиқ, тарих, жўғрофия, хандаса, табобат ва бошқа керакли фанларни ўқишга қаршилик кўрсатилмасин.
  • Ҳар бир ишда мусулмонликни Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом даврларидаги қадимий ислом маданиятига қайтариш кўзда тутилсин.

Демак, Маржоний ва унинг ғоявий тарафдорлари – ўз давирнинг жадидлари, Туркистон мусулмон тараққийпарварлари эди. Улар мадрасаларда таълимнинг ислоҳоти учун олиб борган саъй-ҳаракатлари давомида диний дарслар билан бир қаторда қадимий ислом маданияти давридагидек дунёвий дарсларни ўқитишни шарт эканини қатъий талаб қилди [9:970-972]. Лекин амирликнинг реакцион сиёсати ва қадимчиларнинг таъсири натижасида таъқибга учраган Маржоний ва унинг тарафдорлари Бухоро амирлигидан чиқиб кетишга мажбур бўлади. Унинг тарафдорларидан кўпи амирнинг зиндонига ташланиб, 75 даррадан урилгач тавба қилиб, қайтиб бундай ишларни қилмасликка ваъда беради [10:159].

XIX асрнинг учинчи чораги ва XX асрнинг биринчи чорагида Чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсати таъсирида Туркистонда жадидлар ҳаракати яна кескин кучайиб кетди. Аммо бу ҳаракат мавжуд жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий асосларини қайта қуришга қаратилгани сабаб эски тузум, эски турмуш, эски мактаб тарафдорларининг кучли қаршилигига дуч келди. Бу қарши куч вакиллари эса қадимчилар деб аталган [2:49]

Ўз даврининг ижтимоий-сиёсий ҳаётини ўзгартиришга киришган ва янги ҳаёт шабадасини киритишга ҳаракат қилганлар эса жадидлар деган ном олди. Шу тариқа XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошида жадидлар ҳаракати юзага келган эди. Жадидлар янги асрнинг бошланиши билан жамият аввалгидек ижтимоий-сиёсий хорлик, иқтисодий ва маданий қолоқлик ҳолатида яшай олмаслигини равшан англаган эди. Жадидлик ҳаракатининг намояндалари нафақат Марказий Осиёда, балки Чор Россияси ҳукумати таркибидаги бошқа ҳудудларнинг аҳолиси орасида ҳам ўзларининг тақдирларини ўзгартирибгина қолмай, феодализм тузумининг негизини парчалаб янги бир жамиятга қадам қўйиши мумкин эканини англади [11:64-65].

Чор Россиясининг ҳукмронлиги натижасида мамлакатдаги оғир вазият туфайли 1905 йилда биринчи давлат тўнтариши содир бўлди. Айнан бу тўнтаришдан халқнинг мақсади ижтимоий ҳаётни демократлаштириш, дворянлар ихтиёридаги ер-мулкни олиб, деҳқонларга бўлиб бериш, саккиз соатлик иш кунини жорий этиш эди. Бу тўнтаришнинг дастури билан танишган Ўрта Осиё тараққийпарвар зиёлилари татар қардошлари ортидан, жадидлар ҳаракатига келиб қўшилди [12:2887]. Шунингдек, бошқа давлатларда бўлган тўнтаришлар, хусусан, 1907 йилдаги Эрон буржуа тўнтариши, 1908 йилдаги Туркия буржуа тўнтариши Туркистонда жадидлар ҳаракатининг расмийлашиб кучга киришида муҳим аҳамият касб этди. Улар халқ ва жамият ҳаётини яхшилашга, маданий юксакликка олиб чиқишга қаратилган дастурни бажаришга киришди [3:36].

Туркистондаги жадидлик ҳаракатининг намояндалари жамиятни тўнтариш йўли билан эмас, балки ижтимоий ўзгаришлар, таълим ва тарбия усулидаги ислоҳотлар йўли билан ривожлантиришни ўзларининг асосий вазифаси деб билган. Улар ўзларининг бу вазифасини адо этишда, фақат бир синфга – яъни пролетариатгагина таянмаган. Умуман олганда, жадидлик жамият аҳлини турли синфларга бўлиб ташлаш тарафдори бўлмаган. Жадидлик ҳаракати ўзининг фаолиятида, ҳатто қадимчилар билан ҳам битимли иттифоқ тузиб, халқ ва келажак авлод манфаати йўлида келишиб ишлаш лозимлигини, яъни замонавий тил билан айтганда турли сиёсий қарашларга эга бўлган халқнинг тинч-тотувликда яшаши ва ишлаши ғоясини ўртага ташлаган эди [13:1112].

Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг «муттаҳид» фронт тузиш ғоясини илгари сурар экан: «Уламо ёки зиёли ва тараққийпарварларимиз бой ва авомимиз бирлашиб дин, миллат ва Ватаннинг ривожи учун хизмат этсак», деб ёзган. Айнан жадидларнинг муттаҳид фронт тузишга интилганининг боиси турли шароитлар билан изоҳланган. Биринчидан авом ҳам, бойлар ҳам, уламо ҳам, зиёлилар ҳам чор ҳукумати тасарруфидаги мустамлакада сиқувда бўлган кишилар эди. Шунингдек, Туркистон бозорларида рус савдо ва саноат буржуазияси ҳукмрон бўлиши билан маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳунармандларнинг турли вакиллари иқтисодий жиҳатдан сина бошлаган эди. Бошқачароқ айтадиган бўлсак, қарамлик ва мустамлака ҳолатининг азобини Туркистоннинг маҳаллий бойлари ва савдогарлари ҳам сеза бошлади. Бундай тарихий шароитда жадидларнинг фикр-мулоҳазасига кўра, оддий халқнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий-маданий ҳаётини қанчалик яхшилаш зарур бўлса, чет эл капиталининг исканжасидан, мустамлакачиликнинг кишанларидан озод бўлишнинг муҳимлиги ҳам шунчалик кечиктириб бўлмас вазифалардан эди [3:37].

Туркистонда жадидларнинг саъй-ҳаракати билан 1906 йилда «Тараққий» деб номланган газета нашр эттирди. Улар ўзларининг илғор ғояларини шу газета орқали халққа тарқата бошлади. Бунинг натижасида эса орадан кўп ўтмай «Хуршид», «Шуҳрат» сингари янги газеталар дунё юзини кўрди. Бу даврга келиб Туркистоннинг кўплаб шаҳар ва қишлоқларида жадид мактаблари бодроқдек очилди ва уларда диний илмлар билан биргаликда дунёвий илмлар ҳам кенг тарғиб қилинди [14:92-97]. Дунёвий илмларнинг таълимга кириб келиши натижасида жадидларнинг мавқейида сезиларли ўзгаришлар содир бўла бошлади. Улар нима ҳақида гапиришмасин ҳаммаси янги нафас, янги ғоя эди, бу вақтда ишчилар синфи ҳам, пролетар мафкураси ҳам йўқ эди. Табиатнинг бирламчи ғоясини илгари сурувчи мафкурани деярли ҳеч ким тушунмас ва билмас эди, биладиганлар эса жуда озчиликни ташкил қилар эди [1:35].

Шунинг учун ҳам жадидлар ҳаракатининг янги ғоялар билан майдонга чиқиши ўша даврнинг руҳонийларига, ҳукмрон синфларига қарши тура оладиган маданиятни яратиш, бир сўз билан айтганда, инновация эди. Жадидларнинг ўз ҳаракат дастури бўлган ва улар жамиятнинг қуйидаги масалаларини ҳал қилишга эътибор қаратган эди:

  • Диний мутаассиблик исканжасидан қутулиш ва фанатизмга қарши кураш.
  • Диний ақидаларга асосланган Ўрта аср мактабларининг ўрнига дунёвий фанларни ўргатувчи замонавий мактабларни очиш.
  • Она тилида замонавий илмларни ўқитишга мосланган янги усулдаги мактабларни ташкил этиш, феодал даврининг маориф тизимини ислоҳ қилиш ва кадрлар тизимини янгилаш.
  • Миллий озодлик ғояларини кенг халқ оммасига етказишда янги ўзбек адабий тилини ишлаб чиқиш, матбуот эркинлиги учун курашиш, халққа тушунарли бўлган адабиёт ва театрни ривожлантириш.
  • Хотин-қизларни паранжидан чиқариш ва жадид мактабларига қатнашларини таъминлаш йўли билан уларнинг тақдирини ўзгартириш каби ислоҳотлар ўтказиш.
  • Ижтимоий ҳаётда сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан Туркистон халқининг бойлари ва савдогарлари билан рус буржуазиясининг орасидаги тафовутни бартараф этишга эришиш.

Шу йўллар билан Туркистонда мустамлакачиликка қарши курашиш жараёни билан биргаликда инновацион таълим-тарбия масалаларини ҳам киритиш орқали дастурни амалга ошириш [3:55].

Жадидларнинг бош мақсадларидан бири миллат ёшларини замонавий илмдан баҳраманд этиш бўлган. Жадидлар учун илм ва маърифат ягона қурол эди. Жадидлар шу қурол ёрдами билан ўлкада ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий тараққиёт учун курашмоқчи бўлган.

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Шоира Кубаева. Ўйин биосоциал тараққиёт феномени сифатида (ижтимоий-фалсафий таҳлил). Фалсафа ва ҳаёт Философия И ЖИЗН. Philosophy and life. http://dx.doi.org/10.26739/2181-9505-2020-SI-5.
  2. X.S.Ashurova. Political views of Behbudi and Turkestan jadids. International conference: «Mahmudkhodja Behbudiy and press of jadids» Published by Research Support Center Section 1: Journalistic legacy of Mahmudkhoja Behbudiy. https://doi.org/10.47100/conferences.v1i1.901. 49-54.
  3. 3. Х.С.Ашурова. Жадидчилик ғояларининг вужудга келиш тарихига оид фалсафий қарашлар. СамДУ. Илмий ахборотнома. 2020. № 6.
  4. Ҳерман Вамбери. Маърифат йўлидаги уйғониш.Тафаккур. 2000. 2-сон.
  5. Д.Алимова. Жадидчилик ҳаракатининг ижтимоий-сиёсий моҳияти ва жадидлар тафаккури. Жадидчилик: Ислоҳат, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш. –Т.: Университет. 1999.
  6. Б.Қосимов. Жадидчилик. Ўзбек тили ва адабиёти. 1990. № 4.
  7. Р.Шамсутдинов. Жадидчилик: Ҳақиқат ва уйдирма. Мулоқот. 1991. № 11.
  8. Ш.М.Мирзиёев. Замон билан ҳамнафас диёр. (Андижон вилояти сайловчилари вакиллари билан учрашувдаги нутқ). Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз. –Т., Ўзбекистон. 2017.
  9. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Муҳтарам ёшларға мурожаат. «Ойина». 1914. 41-сон.
  10. Истиқлол қаҳрамонлари: Ибрат, Сиддиқий Ажзий, Сўфизода танланган асарлар. –Т., Маънавият, 1999. www.ziyouz.com кутубхонаси.
  11. A.Shakuriy. «Jameul hikoyat», – Samarqand, 1911.
  12. 1 M.Bozorov. Ideas Of Humanity In Central Asian Sufis. International Journal of Psychosocial Rehabilitation, Vol. 24, Issue 10, 2020, ISSN: 1475-7192/ 2887- 2892.
  13. Martaba Melikova. Towards A Philosophical Analysis Of Alisher Navoi’s Heritage. Jour of Adv Research in Dynamical & Control Systems, Vol. 12, Issue-06, 2020.
  14. Sh.T.Kubaeva. Innovative mentality and thought in civilization development: as the driving force for economic growth// European Journal of Research. Vienna, Austria, №7-8 2018. – P. 92-97. (IMPACT FACTOR: 5.088 IFS 3,8/ UIF 2,7).
Хуршида АШУРОВА,
Самарқанд давлат чет тиллар институти доценти, PhD

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …