Home / МАҚОЛАЛАР / НАҚШБАНДИЙЛИКНИНГ СЎФИ ОЛЛОҲЁР ТАРМОҒИ
Мавлоно Муҳаммад Зоҳид мақбараси (Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Катта Вахшувор маҳалласи)

НАҚШБАНДИЙЛИКНИНГ СЎФИ ОЛЛОҲЁР ТАРМОҒИ

Кейинги пайтларда нақшбандия тариқати намояндаларининг ҳаёти, фаолияти ва силсиласи тўғрисида турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Ўз навбатида ҳар хил саволлар юзага чиқмоқда. Бундан нақшбандия ва унинг турли тармоқлари ҳали ҳам мукаммал ўрганилмагани ва тадқиқот учун кўплаб муаммолар борлиги аёнлашади.

Аввало мазкур тариқатнинг силсила ва насл-насаб занжирига эътибор қаратсак. Одатда тариқат силсиласи чориёрлардан бири орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб уланади. Турли манбаларда, силсила билан боғлиқ ҳужжатларда ҳамда шажара ва насабномаларда устоз-шогирдлик силсиласи, насл-насаб занжири турлича шаклда берилган. Бу ўз-ўзидан саволлар пайдо бўлишига олиб келган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али орқали тўрт силсила занжири мусулмон дунёси бўйлаб ёйилган. Бундай боғланиш тасаввуф тариқатларининг негизи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалишидан далолат беради. Манбаларда тариқат силсилалари Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толибдан бошланиши айтилади [3: – 9б варақ]. Тариқат силсиласи муайян сулукнинг энг ишончли томонларидан бири саналади. Силсила – муайян тариқатнинг ўз шайхи ёки пири орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган ҳасабномаси, яъни устоз-шогирдлик шажарасидир. Силсилага кирувчи шайхлар учун тариқат асосларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилишда хизмат қилган [9: – Б. 20].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг силсилаи маънавийлари Абу Бакр Сиддиқ орқали шайх Юсуф Ҳамадонийгача етиб келгач, уни муаррихлар “силсилаи сиддиқия”, деб юритган. Шайх Абдухолиқ Ғиждувонийдан Баҳоуддин Нақшбандгача етиб келган силсила “хожагон-нақшбандия” дейилган, Хожа Аҳрор Валийдан бошлаб “нақшбандия-аҳрория” номини олган.

Ўзбекистонлик ва хорижлик олимлар нақшбандия тариқати муршидлари ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда кўплаб тадқиқот олиб борган.

Баҳоуддин Нақшбанд асослаган нақшбандия тариқати, унинг вафоти (791/1389 йил)дан кейин Алоуддин Аттор (ваф. 802/1400) орқали Сурхондарё ҳудудига етиб боради. Алоуддин Атторнинг илмий-маънавий фаолияти сабабли, тариқатнинг биринчи ва янги маркази вужудга келади.

Ундан кейин тариқат маснадига ўтирган Яъқуб Чархий (ваф. 851/1447) 40 йилдан кўпроқ вақт мобайнида нақшбандия тариқатининг муршиди бўлиб, силсиланинг ривожланишига хизмат қилади. Унинг вафотидан сўнг иршод маснадига Хожа Убайдуллоҳ келади.

Хожа Убайдуллоҳ Маҳмудхожа ўғли – Аҳрор Валий (806/1404-895/1490) нақшбандия силсиласини Ҳисордан (Яъқуб Чархий орқали) Самарқандга олиб келади. Кейинчалик унинг шогирдларидан бири Мавлоно Зоҳид Вахшуворий силсилани ҳозирги Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Вахшуворга олиб бориб, тариқатни вафоти (936/1529 йил)га қадар юритади. Одамларни тариқат сир-синоатларидан баҳраманд этади.

Мавлоно Зоҳид Вахшуворий ҳақида “Илмия” [Махдуми Аъзам Даҳбедий], “Насиматул қудс” [Муҳаммад Ҳошим Кишимий], “Таърифи авлиё” [Хуршид Аҳмад], “Силсилаи шариф” [Муҳаммад Ҳайдар], “Туҳфатуз зойирин” [Носириддин Бухорий], “Олтинсойда Вахшивор бор” [Хуррам Ҳамдамов], “Вахшувор” [Абдусаттор Жуманазаров], “Сўфи Оллоҳёр ва Ислом шайх тарихи” [Муаллиф] каби манба ва рисолаларда маълумотлар бор. Шунингдек, унинг тарихи тўғрисида шу вақтгача маълум бўлмаган маълумотларни ҳам учратиш мумкин.

 Нақшбандия силсиласи нафақат Мовароуннаҳр ҳудуди, балки Хуросон, Ироқ, Озарбайжон, Рум ва Мисргача, бошқа томондан Хитой ва Ҳиндистонгача етиб борган. Самарқанд қозикалони тарихчи Абу Тоҳир хожа “Самария” китобида: “Хожа Аҳрорнинг ўзига жалб қилувчи оҳанрабоси шу даражада кучли эдики, унинг ширинсухан суҳбатлари умрбод эсга қоларди”, деб айтгани ҳам дунё тасаввуф таълимотида унинг маънавий мавқеи юқори бўлганидан далолат беради.

Хожа Аҳрор Валийдан шогирди Мавлоно Муҳаммад Қози орқали Махдуми Аъзам Даҳбедийдан бошлаб “нақшбандия-аҳрория-даҳбедия” ёки шогирди Мавлоно Зоҳид Вахшуворий орқали имом Аҳмад Сирҳиндийдан (971/1564-1034/1624) бошлаб “нақшбандия-аҳрория-мужаддидия” каби турли тармоқлар шаклланган.

Аҳмад Сирҳиндийдан кейин маснадга ўтирган Муҳаммад Миён Маъсум (1007/1599-1078/1668) шогирди Ҳожи Ҳабибуллоҳ Бухорий (ваф. 1111/1699) орқали Ҳиндистондан Бухорога келади. Натижада Бухоро шаҳри яна тариқат марказларидан бирига айланади.

Ҳожи Ҳабибуллоҳ Бухорийнинг шогирди Сўфи Наврўз Шаҳрисабзий воситасида тариқат силсиласи Китоб (Қашқадарё)га олиб борилади. Эндиликда силсиланинг янги маркази Катлос (Китоб) бўлади.

Шу  тариқа дунё бўйлаб айланган нақшбандия силсиласида Сўфи Наврўз Шаҳрсабзийдан сўнг тариқат маснадига Сўфи Оллоҳёр келади. У силсилани дастлаб Китобдан Самарқанд (ҳозирги Нуробод туманидаги Чўнқаймиш)га олиб бориб, тариқатнинг янги марказига асос солади.

Сўфи Оллоҳёр фаолияти давомида тўрт масжид, тўрт хонақоҳ [Каттақўрғон, Оназиёрат, Чўнқаймиш ва Вахшуворда жойлашган], икки мадраса ва бир неча ҳовуз қурдиради. Таълим-тарбия ишларига ҳомийлик қилади, тасаввуф, фиқҳ ва ақидага оид дарсликлар ёзади.

Бу даврда “қози-раис” деб аталувчи мансабдор шахслар ота-оналарнинг фарзандларини мактабга беришини назорат қилиб турган [8: – Б. 33-34]. Ўқувчиларнинг дарсларга узлуксиз қатнашишини таъминлаш мақсадида давомат қаттиқ назоратга олинган. Жумладан, ўқувчи сабабсиз дарс қолдирса, ўқитувчи бошқа бир талабани юборган ва шунда ҳам дарсга келмаса, отасини хабардор қилган [8: – Б. 54]. Сўфи Оллоҳёрнинг Чўнқаймиш мавзесида ташкил этган мадрасасида таълим олган талабалар сабабсиз икки ойу ўн кун дарс қолдирса, мадраса мутаваллийси унинг ўрнига янги талаба олиши мумкинлиги алоҳида таъкидланган [11: – 4 варақ ].

Чўнқаймишдаги Сўфи Оллоҳёр авлодлари қабртошларидан битиклар ўрганилди. Эпиграфик маълумотлар таржима қилинди [Бу маълумотни Б.Кармышева, И.Сувонқулов ва А.Жуманазаров тақдим этган]. Тошлар ўрнашган жойига кўра рақамлаб чиқилди.

Қабртошлардаги маълумотларга кўра, Эшон Сўфи Оллоҳёрнинг ўғли Муҳаммад Содиқ 1180/1766 йилда, қизи Биби Оиша эса 1174/1760 йилда вафот этган. Шунингдек, Улуғ Ой бинти Муҳаммад [Содиқ] исми ҳам аниқланди.

Сўфи Оллоҳёр дастлаб устози шайх Сўфи Наврўз вафотига қадар Катлосда, 1702 йилгача Каттақўрғонда, 1712 йил охирига довур Чўнқаймиш-Оназиёратда истиқомат қилган. 1713 йилдан кейинги умрини Ҳисорда, Мавлоно Зоҳид Вахшуворий остонасида ўтказган. Бу ерда у масжид, хонақоҳ ва гўзал бир боғ барпо қилади [6: – 158а варақ ]. 1724 йили шу ерда вафот этади.

Хулоса ўрнида Алоуддин Аттор, Мавлоно Зоҳид ва Сўфи Оллоҳёр нақшбандия тариқатининг энг буюк муршидларидан экани, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий жабҳаларда катта из қолдириб, ўз даврида шуҳрати дунёга таралган. Уларнинг тасаввуф тарихидаги буюк хизматларидан бири нақшбандия силсиласини ислом оламидаги энг улуғ силсилалардан бирига айлантирганидир. Шу тариқа Марказий Осиёда нақшбандия силсиласи кенг ҳудуд бўйлаб ёйилиши ва етакчи ўринга чиқишида мазкур алломалар муносиб ўрин тутгани ойдинлашди.

Нақшбандия силсиласининг забардаст вакиллари бўлган бу уч аллома:

Алоуддин Аттор 1389 йилдан 1400 йилгача;

Мавлоно Зоҳид Вахшуворий 1490 йилдан 1529 йилгача;

Сўфи Оллоҳёр 1702-1712 йилдан 1724 йилгача тариқат маснадида силсиланинг узвий давом этишига улкан ҳисса қўшган. Тариқатнинг янгидан-янги марказлари шаклланишига хизмат қилган.

Тариқат силсиласи дастлаб Бухородан келгани инобатга олинса, замонлар айланиб Китоб орқали Ҳиндистонга, у ердан мовароуннаҳрлик мутасаввифлар воситасида Бухорога олиб келингани аёнлашади. Кейин яна Китоб орқали Самарқанд ва Сурхондарёга борган тариқат силсиласи тараққий этгани маълум бўлади.

1389 йилдан 1724 йилгача, яъни 335 йил оралиғида, тахминан 70 йилдан кўпроқ вақт давомида тариқатнинг маънавий маркази бўлган Сурхондарё ва у ердаги нақшбандия силсиласи тарихи илм аҳлини янада кенгроқ изланиш ва тадқиқотларга чорламоқда.

 

Фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати
  1. Абу Тоҳир хожа. Самария. Таҳрир ҳайъати: Б. Аҳмедов ва бошқ. – Т.: Камалак, 1991. – 81 б.
  2. Абд ал-Қодир ибн Муҳаммад-Амин. Маджма ал-ансоб вал-ашджар. Араб, форс ва туркчадан таржимонлар Воҳидова Ш.Х., Муминова А.К., Аминова Б.Б. – Алматы. 2005. – 692 с.
  3. Аноним. Қўлёзма, форс тилида. ИБХИТМ манбалар хазинаси, инв. №52.
  4. Каримов Э. Хўжа Аҳрор (ҳаёти ва фаолияти). – Т.: Маънавият, 2003. – 43 б.
  5. Каттаев К. Тасаввуф алломалари. – Т.: Ғафур Ғулом, 2017. – 320 б.
  6. Мирзо Мақсуд Даҳбедий. Равойиҳул қудс. Қўлёзма, форс тили, настаълиқ. 215 варақ. 1850. Комилхон Каттаев шахсий кутубхонаси. №7.
  7. Мир Ҳусайн. Маҳозинут тақво. Қўлёзма. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. № 51 (312 варақ); 2773 (409 варақ, 1215/1800).
  8. Солижонова Г.Ф. Туркистонда ўқитиш-маърифатчилик ўчоқлари, уларнинг ижтимоий аҳамияти (XIX аср охири-XX аср бошлари). Тар. фан. ном. … дис. – Тошкент, 1998.
  9. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Нақшбандия: вазифалар, зикрлар. – Т.: Hilol-Nashr, 2019. 160 б.
  10. ЎзМА Самарқанд вилоят бўлими (18), 1-рўйхат, 9828-иш.

 

Меҳрожиддин АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДА ХАЙРИЯ ВА ҲОМИЙЛИК ФАЗИЛАТЛАРИ: “ВАҚФ” ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ ФАОЛИЯТИ МИСОЛИДА

Маълумки, хайрия ва ҳомийлик қадриятлари Ўзбекистон тарихининг турли даврларида турли кўринишларда акс этиб, ҳар хил …