Home / ЯНГИЛИКЛАР / ТАСАВВУФ – ИЛМ, ФАЛСАФА, ТАРБИЯ ВОСИТАСИ, ЎРГАТУВЧИ ВА БИЛДИРУВЧИ ТАЪЛИМОТ

ТАСАВВУФ – ИЛМ, ФАЛСАФА, ТАРБИЯ ВОСИТАСИ, ЎРГАТУВЧИ ВА БИЛДИРУВЧИ ТАЪЛИМОТ

Самарқандда “Марказий Осиё тасаввуф тариқатларининг ижтимоий ҳаётдаги роли” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуман Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA), Аҳмад Яссавий номидаги Қозоғистон — Туркия халқаро университети ва Нур-Муборак Миср ислом маданияти университети ҳузуридаги Абу Ҳанифа илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда онлайн форматда ташкил этилди.

Конференцияда тасаввуф таълимотининг ҳозирги глобаллашув жараёнидаги ўрни ҳамда ислом тамаддуни тараққиётига таъсир кўрсатувчи омил сифатида тинчликпарварлик, адолатпешалик, гуманизмни тарғиб этишдаги улкан салоҳияти ҳақида сўз борди.

Қуръони каримнинг Исро сураси 70-оятида: Батаҳқиқ, биз бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик, деб таъкидланган. Шу сабабли тасаввуф аҳли инсонга икки оламнинг гултожи, қаймоғи деб таъриф берган. Ҳар бир даврда комил инсон тарбияси долзарб масала бўлиб келган. Тасаввуф тариқати эса бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган бу масалада дастуруламал вазифасини ўташи мумкин.

Конференция юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини маҳаллий ва халқаро жамоатчилик орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Туркия ва Қозоғистондан 20 га яқин эксперт ва олимлар давлатимиз сиёсатида алоҳида ўрин тутган инсон омили, унинг олий қадрият даражасига олиб чиқилиши тасаввуф фалсафасидаги ҳаётбахш ғоялар каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Аҳмад Яссавий номидаги Қозоғистон — Туркия халқаро университети профессори Досай Кенжетай тасаввуф Марказий Осиё халқлари орасида кенг тарқалиб, одоб-ахлоқ, ор-номус масаласи даражасига чиққанини, замонамизда учраётган ижтимоий муаммолар ечимида ҳам тасаввуф таълимотларидан кенг фойдаланиш имкониятлари мавжудлигини айтиб ўтди.

Гулистон давлат университети профес­сори Равшанбек Маҳмудов таъбири билан эса тасаввуф — илм, тасаввуф — фал­сафа, тасаввуф — тарбия воситаси, тасаввуф — ўргатувчи, билдирувчи таълимот. Бу таълимот пайдо бўлганидан бошлаб, халқни муштарак мақсадлар сари бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталарини боғлаган. Шунинг учун ҳам конференция мавзуси бугунги кун талабидан келиб чиқиб, ҳозирги таҳликали замонда тасаввуф маърифати орқали тинчликпарварлик ва инсонийлик ғояларини тарғиб этиш мақсадида танланган.

Аҳмад Яссавий номидаги халқаро мукофот соҳиби, филология фанлари номзоди, доцент Сайфиддин Рафиддинов Ғиждувонийнинг бу борадаги даъватларини жуда ўринли келтирди. Хожа Муҳаммад Порсо “Рисолаи қудсия” асарида ёзишича, Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний шундай деган экан: “Хилват эшигини ёп, хизмат эшигини оч! Шайхлик эшигини ёп, дўстлик эшигини оч! Узлат эшигини ёп, суҳбат эшигини оч!”.

Тарих фанлари доктори, доцент Неъматулло Муҳаммедов Шайх Хованд Таҳурнинг бу борадаги фикрларини эслаб ўтди: “Борғил-да, душманнинг кўнглини топ. Дўстнинг кўнглини синашга эса қандай эҳтиёж бор?!”. Яъни душманнинг кўнглини топиб, тинчлик йўлини тут, дўстларни эса синашга эҳтиёж йўқ, чунки улар бу синовлардан ўтиб бўлган. Агар душман кўнглини ололган бўлсанг, дўстлар қалбига аллақачон йўл топгансан. Бу сўзлар ҳақиқий инсонийлик ва олижаноблик туйғуларининг жозибали тараннумидир!

Абу Ҳанифа илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Шамшиддин Карим ўз навбатида минтақа халқлари ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари ҳудудда яшаб ўтган алломаларнинг бой маънавий мероси ила яралган тасаввуф сарчашмасидан сув ичганини қайд этди.

Иштирокчиларнинг таъкидлашича, кимнинг халққа манфаати кўпроқ тегса, одамларнинг яхшироғи ўшадир. Одамларнинг яхшиси одамларга манфаати тегадиганидир деган ҳадис ҳам бор.

Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг бу борадаги сўзлари қимматли: “Ҳар ким бир иш билан машғул бўлади. Ҳар бир инсон дарахт кабидир. Фойдасиз дарахт йўқ. Таъми турлича бўлса ҳам ё мева беради, ё соясида одамлар дам олади. Ё чиройли ва кўркамлигини кўриб, ибрат назари билан боққанча завқ олади”.

Тасаввуф тариқати вакиллари узлатни рад этиб, ижтимоий фаоллик тарғиботи борасида ўзлари шахсий намуна бўлгани таҳсинга лойиқ. Абдухолиқ Ғиждувоний бўз тўқиш, Хожа Ориф Ревгарий деҳқончилик билан шуғулланган. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий гилкорлик (сувоқчилик), дурадгорлик қилган, тижорат билан машғул бўлган, Хожа Али Ромитаний мато тўқиган, Хожа Бобои Самосий боғларга қараган, Саййид Амир Кулол кулоллик, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд эса матога нақш босиш билан бирга, гилкорлик ва бошқа ҳунарлар билан банд бўлган.

Конференцияда тасаввуф уламоларининг ҳар қандай касбда ҳалолликни устун қўйгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, фалсафа фанлари номзоди, доцент Акрам Азизқулов инсон фаолиятида ижтимоий фаолликни тарғиб этган Имом Ғаззолийнинг ҳадис билан асосланган шарҳларини келтирди: “Ва ҳазрати Расул алайҳиссалом айтибдурлар: “Киши халқдан бехожат бўлмоқ ва ё ҳамсоя, қариндош-уруғларига манфаат етказмоқ учун дунёи ҳалол талаб қилса, ул кишининг юзи қиёмат куни ўн тўрт кунлик ойдек бўлғай”. Ғаззолий мазкур ҳадис орқали ҳалол меҳнат икки дунё саодатининг асоси эканини таъкидламоқда.

Исломнинг йирик назариётчиларидан бири, нақшбандия таълимоти вакили Ҳусайн Воиз Кошифий ҳам тариқатда текинхўрлик, бировлар ҳисобига кун кечириш мумкин эмаслигини уқтириб, ҳар бир касбнинг ахлоқий меъёрлари мавжудлигини, меҳнат қилганда уларга риоя қилиш заруратини қайд этади.

Анжуман иштирокчилари тасаввуф тариқатининг мусулмонлар ахлоқи ва дунёқарашини шакллантиришга кучли таъсиридан келиб чиқиб, уларни маънавий озуқа сифатида ёшлар онгига сингдириш ҳамда жаҳон бўйлаб кенг тарғиб қилиш эҳтиёжини эътироф этди.

IRCICA бош директорининг дастурлар бўйича маслаҳатчиси, тарих фанлари доктори, профессор Аширбек Мўминов бугунги кунда тасаввуф илмини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга оид зарурий таклифларни ўртага ташлади.

Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида Марказий Осиё давлатлари олимлари минтақада тасаввуф тарихи ҳали етарлича тадқиқ этилмаган деб ҳисоблаб, бу борада илмий ҳамкорликни давом эттиришга, илмий анжуман ва семинарларни даврий равишда ташкил этишга, тадқиқотларда такрорланишларнинг олдини олиш ва илмий самарадорликни ошириш учун ўрганилаётган мавзуларни мувофиқлаштириб боришга, илмий нашрлар алмашувини йўлга қўйишга келишиб олди.

Конференция материаллари илмий тўплам шаклида нашр этиладиган бўлди.

Отабек МУҲАММАДИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 4 октябрь, 203(725) сон

Check Also

ОКСФОРДДАГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД ХАЗИНАЛАР

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ҳақ …