Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМДА ПАЙҒАМБАРЛАР МАВҚЕИ

ИСЛОМДА ПАЙҒАМБАРЛАР МАВҚЕИ

Яккахудоликка асосланган динларда пайғамбарлар Парвардигор ва инсонлар орасидаги воситачи, яъни илоҳий ироданинг хабарчиси ҳисобланади. Пайғамбарликка оид саволлар ислом ақидаси ва илоҳиётидаги марказий масалага айланди. Сабаби, пайғамбар (набий) ва элчилар (росул)га бўлган ишонч (эътиқод) имон рукнларининг бири саналади. Бунга далил сифатида Қуръондан: “Пайғамбар (Муҳаммад) (С.А.В.) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди” (Бақара, 285) оятини келтириш мумкин. [11:49].

Исломнинг араб тилидаги муқаддас манбаларида пайғамбарларга нисбатан “набий” (نبى) ва “расул” (رسول) ибораси ишлатилади. “Набий” (пайғамбар) ибораси араб тилидаги “наба” (نَبَأْ) (“хабар, катта фойда келтирувчи”) сўзидан олинган. [4:226]. Бу борада Қуръонда: “(Мушриклар) бир-бирлари билан нима ҳақида савол-жавоб қилмоқдалар?! Улуғ хабар (қиёмат) ҳақида” (Наба, 1-2) дейилади [11:582]. Пайғамбарлар бу номни Аллоҳдан хабар олиб, У ҳақда бошқаларни хабардор қилгани учун олган. Баъзи олимлар “набий” иборасининг ўзаги “набаа” (نبأَ) “баланд бўлмоқ” феълидан олинганини таъкидлайди [7:4316]. Улар бу фикрни бошқа инсонларга нисбатан мавқеси юқори бўлгани нуқтаи назаридан деб айтади ва ўз қарашларига Қуръондан қуйидагича: “Яна (ушбу) Китобда Идрис (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у садоқатли пайғамбар эди. Биз уни юксак мақомга кўтардик” (Марям, 56-57) далил келтиради [11:309].

“Расул” (элчи) иборасининг ўзаги “арсала” (أَرْسَلَ) “юбормоқ” феълидан олинган [10:344]. Билқис маликаси тилидан Аллоҳ Қуръонда: “Мен уларга (синов учун) бир совға юбориб кўрай-чи, элчилар нима (хабар) билан қайтар эканлар” (Намл, 35) деди [11:379].

Аллоҳ юборган пайғамбар ва расулларнинг сони масаласида бир қанча олимлар ҳадис (бу ҳадис борасида бир қатор муҳаддислар ровийлари занжирида заиф шахс борлигини таъкидлайди)га асосланиб 124 минг пайғамбар ва 313 расул дейди [3:76-79]. Олимларнинг бошқа бир қисми бирон-бир сонни айтишдан Қуръондаги: Биз Сиздан олдин (кўп) пайғамбарларни юборгандирмиз. Улардан Биз Сизга қиссасини айтганимиз ҳам бор, яна улардан Биз Сизга қиссасини айтмаганимиз ҳам бордир» (Ғофир, 78) [11:476] далилга асосланиб тийилган. Шу билан бирга Қуръонда 25 пайғамбар исми айтиб ўтилганини олимлар таъкидлайди.

Олимлар Қуръондаги: (Эй, Муҳаммад!(С.А.В.) Биз Сиздан илгари юборган ҳар бир элчи ва пайғамбар қачон (ўзига нозил бўлган оятларни) қироат қилса, шайтон унинг қироатига (бошқа нарсаларни) ташлаган (қўшган)” (Хаж, 52) [11:338] оятга асосланиб, ҳар икки ибора (расул ва набий) ҳам “ва” боғловчиси билан ишлатилгани учун бир-биридан ўзгача мавқега эга эканини маълум қилади.

Олимларнинг қарашларида пайғамбар билан элчи орасидаги фарқлар борасида бир неча фикрлар бор: Биринчиси (баъзи аввалги ва кейинги суннийлар)га кўра, пайғамбар ва элчиларга бир хил ваколатлар юклатилган ва шу боис пайғамбарларга нисбатан элчи иборасини ишлатса бўлади, худди шундай аксинча, элчига нисбатан пайғамбар ибораси қўлланилади; иккинчиси (суфийларнинг ғулоти)га кўра, ҳар бир пайғамбарни элчи деса бўлади, аксинча ҳар бир элчига нисбатан пайғамбар иборасини қўллаб бўлмайди; учинчиси (аксар суннийлар)га кўра, ҳар бир элчини пайғамбар деса бўлади, аммо ҳар бир пайғамбарга элчи иборасини қўллаб бўлмайди [6:137].

Пайғамбар ва элчи тушунчаларининг орасидаги фарқ шундан иборатки, пайғамбарларга Аллоҳ Ўзининг буйруқ ва тақиқларини имон келтирганлар (шу пайғамбар шариатида бўлган инсонлар)га етказиши учун хабардор қилади. Улар имон келтирмаган (динда, шариатда бўлмаган)лар учун юборилмайди ва бундайлар даъват қилиниш учун буюрилмаган. Элчилар бўлса, имон келтирганларга ҳам, имон келтирмаганларга ҳам бирдек, Аллоҳнинг мурожаатини етказиш ва ягона Унинг ўзигагина ибодат қилиш учун чақиришга юборилган. Уламонинг фикрига кўра, элчилар асосан янги шариат билан юборилади ва шу билан бирга уларга муқаддас китоб, ёки саҳифалар берилиши шарт эмас.

Олимларнинг фикрига кўра, элчи бўлиб юборилганлар ҳар доим ҳам янги шариат олиб келмаган ва бунга мисол қилиб Юсуфни келтиришади, сабаби у Иброҳимнинг шариатида бўлган. Бу борада Қуръонда: “Дарвоқе, илгари Юсуф сизларга (аждодларингизга) ҳужжатларни келтирганида ҳам, сизларга келтирган нарсаларга шак (ва шубҳа)да қаттиқ туриб олган эдингиз. Қачонки, у ҳалок бўлганида эса: «(Энди Юсуфдан) сўнг Аллоҳ сира пайғамбар (элчи) юбормас», дедингиз” (Ғофир, 34) [11:471] дейилади.

Қуръон оятлари ва ҳадислар, биринчи пайғамбар Одам (а.с.) ва биринчи расул Нуҳ (а.с.) бўлганларига далолат қилади (Ҳоким-3039, Бухорий-4712) [2:288, 1:1169]. Шунингдек, Қуръонда пайғамбар Муҳаммад (С.А.В.)га бўлган энг асосий хитоб “расул” бўлиб, энг охирги пайғамбарлик ҳам у инсонга нисбат берилган: “Муҳаммад (С.А.В) сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир” (Аҳзоб, 40) [11:423].

Юқорида айтиб ўтилган расул ва набийлар орасида алоҳида эътироф этилганлари бўлиб, уларга нисбатан Қуръонда “улул ъазм” (матонат-сабр эгалари) ибораси ишлатилган: “Бас, (эй Муҳаммад! (С.А.В)) Сиз ҳам матонатли пайғамбарлар сабр қилганларидек сабр қилинг ва уларга (тушадиган азобни) қистаманг!” (Аҳқоф, 35) [11:506]. Қуръоннинг муфассирлари бу “матонат эгалари” бўлмиш пайғамбарларнинг сони борасида турли хил, яъни 5тадан то 12тага эканини айтишади. Аммо, далили кучлироғи 5та бўлиб, улар – Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад (С.А.В.) ҳисобланишади [9:305]. Шунингдек, Қуръонда расул ва набийларга Аллоҳ томонидан китоб ва саҳифалар юборилгани айтилади, масалан: Иброҳим (а.с.)га саҳифа, Мусо (а.с.)га Таврот, Довуд (а.с.)га Забур, Исо (а.с.)га Инжил ва Муҳаммад (С.А.В.)га Қуръон.

Олимлар шунингдек, пайғамбарларнинг Аллоҳ томонидан юборилишининг мақсад ва вазифаларини ҳам ўрганиб чиққан. Улар пайғамбарларнинг Аллоҳ томонидан юборилишидан мақсад, Қиёмат куни инсонларда Яратувчининг олдида важ қолмаслиги, дейди. Қуръонда: “Пайғамбарлар (келган)дан кейин одамларда Аллоҳга қарши ҳужжат бўлмасин деб пайғамбарларни хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб (юбордик)” (Нисо, 165) [11:104] дейилади.

Вазифаларга келсак улар бир нечта деб кўрсатилади:

– Имон келтирганларга хушхабарни етказиш. Шунингдек имон келтирмаган ва осийларни огоҳлантириш. Бу борада Қуръонда: “У (Қуръон)дан илгари Мусонинг пешво ва раҳмат бўлмиш Китоби (Таврот) бор эди. Бу (Қуръон) араб тилидаги (олдинги илоҳий китобларни) тасдиқловчи бир Китобдир. У золим (кофир) бўлганларни (охират азобидан) огоҳлантириш ва эзгулик қилувчиларга (жаннат ҳақида) хушхабар сифатида (нозил қилингандир) (Аҳқоф, 12) [11:503] дейилган;

– ибодат қилишга лойиқ бўлган зот фақатгина Аллоҳ эканини етказиш. Қуръонда: “(Эй, Муҳаммад!) Сиздан илгари Биз юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Мендан ўзга илоҳ йўқ, бас, Менга ибодат қилингиз!», деб ваҳий юборгандирмиз (Анбиё, 25) [11:324] дейилади;

– Аллоҳ юборган хабар ва буйруқларни етказиш. Бу ҳақида Қуръонда: “Улар (ўтган пайғамбарлар) Аллоҳнинг фармонларини (бандаларга) етказадиган, Ундан қўрқиб, Аллоҳдан ўзгадан қўрқмайдиган зотлардир (Аҳзоб, 39) [11:423] дейилади;

– инсонларга гўзал намуна бўлиш учун. Қуръонда: “(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир (Аҳзоб, 21) [11:420] дейилади.

Пайғамбарликка оид муҳим хусусият – бу уларга берилган ғайриодатий имкониятлар (хавариқул адат) ҳисобланади. Бу имкониятлар уларга пайғамбарлик фаолиятининг ҳақиқий эканини исботи учун берилади. Валийларга берилган каромат ва сеҳр, кўзбўямачилар амалга оширадиган хаёлланиш фаолиятидан пайғамбарларга ато қилинган ғайриодатий имкониятларни ажратиб турувчи қатор аломатлар мавжуд [6:142].

Пайғамбарларга берилган ғайриодатий имкониятлар борасида олим ва мутафаккирларда турли хил қарашлар мавжуд:

– Биринчи фикр файласуфларники бўлиб, унга кўра бундайлар Аллоҳ ўзига танлаб олиб ва ваҳий юбориладиган хос инсонлар турига кирувчилар эмас, балки улар ўзларида инсон сезги органларидан баъзилари бўлмиш: Кўриш, эшитиш, руҳий ҳолат кабиларни юқори даражада ривожлантиришга муваффақ бўлган шахслардир [6:142-143];

– иккинчи қараш мўътазила, ашарий (аксар)лар, мутакаллим (баъзи)лар ва суннийлардан бўлган ибн Хазмга тегишли бўлиб, унга кўра, пайғамбар оддий инсонларга қараганда ғайриодатий фаолият билан, яъни мўъжиза билан ажралиб туришини таъкидлайди. Қисқа маънода “мўъжиза” сўзи араб тилидан олинган бўлиб бу шундай фаолиятки, уни қилишдан инсон ожиз қолади. Мўътазилалар “мўъжиза” инсон имкониятидан ташқаридаги фаолият бўлиб, бевосита Худонинг ўзи томонидан амалга оширилади деб ҳисоблайди. Ва шунинг учун ғайриодатий фаолиятга оид бўлган (валийнинг каромати ва сеҳргарнинг жодуси ва ҳ.к.з) бошқа амалларни инкор қилишади;

– учинчи қараш анъанавий ислом вакиллари салафус солиҳ ва аҳлус сунна вал жамоа намоёндалари бўлиб, улар барча далилларни умумлаштириб, уларни 3 йўналишга бўлади.

1) Аломат (оят) ва далиллар (бурҳон) йўналиши, ғайриодатий фаолиятга боғлиқ. Улар мўътазила ва ашарийлар қўллаган “мўъжиза” ибораси Қуръон ва Суннатда ишлатилмаган, унинг устига бу сўз умум (яъни, валийлар томонидан содир этиладиган каромат ва сеҳргарларнинг жодуси каби ғайриодатий) амалга оширилиши мумкин бўлган фаолият, шунинг учун пайғамбарларга нисбатан Қуръон (Намл, 12 ва Қасас, 32)да ишлатилган “оят” (аломат) ва “бурҳон” (далил) иборатларини ишлатган афзал деб таъкидлайди. Масалан, Пайғамбар Муҳаммад (С.А.В.)га берилган оят ва бурҳонларга қаралса, уларни 4 туркумга бўлиш мумкин: Биринчиси бу – Қуръон, унга ўхшашини на инсон ва на жинлар бир-бирига ёрдам бериб ҳам туза олмайди. Бу борада Қуръонда: “Айтинг: «Қасамки, агар инсу жин ушбу Қуръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг мислини келтира олмаслар»” (Исро, 88) [11:291] дейилади; иккинчиси бу – эшитиладиган, яъни пайғамбарга айтилган саловатлар. Ибн Масъуд пайғамбар билан бирга таомланишга ўтирганда овқатни унга саловат айтаётганини эшитганини айтади (Бухорий-3579) [1:881]; учинчиси бу – кўринадиган, яъни инсон ҳам, жин ҳам амалга ошира олмайдиган амал. Пайғамбарнинг бармоқлари орасидан чиққан сув (Бухорий-3579) [1:881]; тўртинчиси бу – суҳбат, яъни пайғамбарнинг жонсиз нарсалар билан суҳбати. Пайғамбар билан тошларнинг саломлашиши, масжиддаги тўнканинг йиғлаб мурожаат қилиши (Бухорий-918) [1:222].

2) Пайғамбар фаолиятига алоқадор беш ҳақиқат бу – у олиб келган хабар, буйруқ, тақиқ, сўз ва фаолият, буларнинг барчаси унинг ҳақ эканига далолат қилади.

3) Аллоҳнинг ўз пайғамбарларига ёрдами (нусрат) бу – Аллоҳ томонидан ўз пайғамбарларига, уларнинг фаолиятларида ёрдам бериши ва натижада бу буюк вазифанинг ғалаба қозониши [6:143-148].

Шиалар пайғамбарлик тушунчаси ҳар бир пайғамбарда унга ёрдам берувчи ва бурчини давом эттирувчиси – “Диний васиятни амалга оширувчи” (васи)си бўлиши керак деган тушунча билан ажралиб туради [8:184].

Бундан ташқари олимлар, Исломнинг муқаддас манбаларига асосланган ҳолда пайғамбарлар умуминсоний хулқларга ҳам эга эканини аниқлашган, масалан:

– Пайғамбарлар Одам авлодиданлар (Исро, 94);
– пайғамбарлар шаҳар (ўтроқ жой аҳолисидан)лик (Юсуф, 109);
– пайғамбарлар, ўзлари юборилган халқ тилида гаплаша олган (Иброҳим, 4);
– пайғамбарлар эркак киши бўлган (Юсуф, 109);
– пайғамбарлар ҳақгўй бўлган (Ҳаққа, 41-47);
– пайғамбарлар фаросат борасида зийрак бўлган (Бақара, 258);
– пайғамбарлар бегуноҳ бўлган (Фатҳ, 1-2).

Хулоса сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин-ки, анъанавий (сунний) ислом вакилларининг қарашига кўра, пайғамбарларга ишониш, имоннинг рукнларидан бири ҳисобланади. Исломнинг муқаддас манбаларига кўра, баъзи пайғамбарларнинг [элчи-رسول] мавқеи бошқалариники [пророков-نبى]га қараганда юқорироқ бўлгани сабаб, уларнинг неча нафарлиги ҳақида қатъий таъкид билдирилмагани маъқул.

Сунний олимларнинг фикрига кўра, пайғамбарларнинг Аллоҳ томонидан ғайриодатий феъл [оят-аломат ва бурҳон-далил]лар билан таъминлангани уларни инсонларнинг қаторидан чиқариб илоҳийлаштиришга асос бўлмайди.

Фойдаланилган адабиёт:
  1. Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Байрут: Дор ибн Касир, 2002;
  2. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ҳоким. Ал-Мустадрак ала-с-саҳиҳайн. – Байрут: Дору-л-кутуби-л-илмия, 2002. – Ж.2
  3. Амир Алоуддин Али Балбан Фарсий. Ал-Иҳсан фи тақриб саҳиҳ ибн Ҳиббон. – Байрут: Муассасату-р-рисала, 1988. – Ж.2;
  4. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али Фаювмий. Ал-Мисбаҳу-л-мунир. – Байрут: Мактаба Лубнан, 1987;
  5. Доктор Ваҳб Зуҳайлий. Ат-Тафсиру-л-мунир. – Дамашқ: Дору-л-фикр, 2009. – Ж.9;
  6. Доктор Солиҳ ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайх. Шарҳу-л-ақидати-т-Таҳавия: шархаха маали Шайх дуктур Салиҳ ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад Ол Шайх. – Ар-Риёд: Дору-л-мавадда, 2011. – Ж.1;
  7. Ибн Мунзир. Лисану-л-араб. – Каир: Дару-л-маариф, 1998;
  8. Ислам: Энциклопедический словарь. — Москва: Наука, 1991;
  9. Исмоил ибн Амр ибн Касир. Тафсиру-л-Қурани-л-аъзим. – Ар-Риёд: Дор Тойиба, 1999. – Ж.7;
  10. Мужаммау-л-луғати-л-арабийа. Муъжаму-л-васит. – Коҳира: Мактабу-ш-шуруки-л-дувалия, 2004;
  11. Қуръони Карим маъноларининг таржимаси ва тафсири /Таржима ва тафсир муаллифи: Шайх Абдулазиз Мансур. Т: “Тошкент ислом университети” нашриёти матбаа бирлашмаси. 2012. Б;

 

Хабибулло САГДИЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Исломшунослик ва ислом цивилизациясини
ўрганиш IСESCO” кафедраси доценти, PhD

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …