Home / МАҚОЛАЛАР / “АДАБУЛ ИМЛО ВАЛ ИСТИМЛО” АСАРИ МАНБАЛАРИ, УСЛУБИ ВА АҲАМИЯТИ

“АДАБУЛ ИМЛО ВАЛ ИСТИМЛО” АСАРИ МАНБАЛАРИ, УСЛУБИ ВА АҲАМИЯТИ

Шу мавзудаги аввалги мақолада айтилганидек, Абдулкарим Самъонийнинг “Адабул имло вал истимло” асари ҳадис илмидаги таълим жараёнига бағишланган муҳим манба ҳисобланади.

Алломанинг ушбу китобдаги услуби қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, асар қисмларга: муқаддима, кириш ва уч фаслга тақсим қилинган.

  • муқаддимада китобни таълиф қилиш сабаблари келтирилган;
  • кириш қисмида толиби илм одобларининг аҳамияти баён қилинган;
  • биринчи фаслда “мумлий” (ҳадис ривоят қилувчи)нинг одоблари баён этилган;
  • иккинчи фаслда “мустамлий” (ривоятни ёзувчи)нинг ҳадисни қандай қабул қилиб олиши ёритилган;
  • учинчи фаслда китоб ёзувчининг одоби баён этилган. Ушбу фаслнинг хотимасида ёзиш ва унинг предметлари (қалам, сиёҳ кабилар) билан ишлаш одоблари келтирилган.

Иккинчидан, муқаддимада айтилганидек, талабаларга ўқиш ва ёдлаши осон бўлиши учун асар мухтасар (қисқароқ) қилинган.

Учинчидан, кўп ўринларда Қуръони карим оятларидан далиллар келтирилган.

Оятларга алоқадор одоблар келганда, тегишли оятлардан далиллар келтирилган. Масалан, бирор жойга бормоқчи бўлган киши йўлга чиққан пайтда нималарга амал қилиши лозимлиги қуйидагича ёзилган:

“Киши мажлисга бораётган бўлса, оҳиста юрсин. Аллоҳ таоло: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда оҳиста юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда, “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир”[1], дейди”.

Тўртинчидан, кўп ўринларда далил сифатида ҳадислардан ҳам фойдаланилган.

Бешинчидан, мос оят ёки ҳадис топилмаган ўринларда салафи солиҳларнинг сўзлари келтирилган.

Олтинчидан, илмга даъват қилишни назарда тутувчи шеърлар келтирилган.

Еттинчидан, ҳадислар, хабарлар ва шеърларни санадлари билан келтиришни ўзига лозим тутган.

Саккизинчидан, исноддаги иллатлар сабабини баён қилган.

 Тўққизинчидан, ҳадиснинг фойдасини ошириш учун уни ҳар хил иснодлар билан келтирган. Яъни, ҳадисни мустаҳкамлаш учун такрор ёзган.

Масалан, Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган “Умар ибн Хаттоб Абу Бакрга: “Биз сенга байъат қилдик. Сен бизнинг саййидимизсан”, деди” ҳадисини қувватлаш учун қуйидаги санадларни келтирган:

“Бизга Абу Мансур Музаффар ибн Аҳмад Ирбилий ва Абу Бакр Муҳаммад ибн Қосим хабар қилди: “Бизга Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад Ҳошимий хабар қилди: “Бизга Абу Бакр Муҳаммад ибн Варроқ хабар қилди: “Бизга Абу Бакр ибн Сиррий Таммор сўзлаб берди: “Бизга Абу Абдуллоҳ Ғулом Халлол сўзлаб берди: “Бизга Муҳаммад ибн Исмоил ибн Абдуллоҳ ҳадисни Сулаймон ибн Билолдан ривоят қилди, у Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан, у Оиша розияллоҳу анҳодан сўзлаб берди”. 

Бу ерда Абу Абдуллоҳ Халлол заифдир. Шу сабабли қуйидаги бошқа иснодни келтирган:

“Бизга Абулкарим Насруллоҳ ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Мухлид Аздий хабар қилди: “Бизга Қози Абу Тимом Али ибн Муҳаммад Воситий хабар қилди: “Бизга Абул Фазл Убайдуллоҳ ибн Абдураҳмон Зуҳрий хабар қилди: “Бизга Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулазиз Бағавий сўзлаб берди: “Бизга Иброҳим ибн Саид Табарий сўзлаб берди: Исмоил ибн Абу Увайс бизга Сулаймон ибн Билолдан ривоят қилди, у Ҳишом ибн Урвадан ривоят қилди”.

Шу тариқа Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис тўғриланган ва қувватлантирилган.

Китобнинг манбалари:

Абдулкарим Самъоний “Адабул имло вал истимло” асарини тасниф этишда кўплаб манбалардан фойдаланган. Улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

  1. Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Алий Байҳақий – “Ал-одоб”, “Ас-сунанул кубро” ва “Ал-мадхалус сунанул кубро”.
  2. Аҳмад ибн Шуайб Насоий – “Сунани Насоий” ва “Амалул явм вал лайл”.
  3. Аҳмад ибн Абдуллоҳ Асбаҳоний – “Ҳилятул авлиё”.
  4. Аҳмад ибн Али ибн Собит Абу Бакр Хатиб Бағдодий – “Тарихи Бағдод”, “Шарафи асҳобул ҳадис” ва “Ал-жомиъ лий ахлоқир ровий ва адабус сомиъ”.
  5. Аҳмад ибн Али ибн Мусанно Абу Яъло Мавсилий – “Ал-муснад”.
  6. Аҳмад ибн Али Мурҳибийнинг “Ал-илм” асари;
  7. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Зиёд Аъробий – “Мўъжамуш шуйух”.
  8. Аҳмад ибн Марвон Моликий Дийнаварий – “Ал-мужалиса”.
  9. Аҳмад ибн Мусо Абу Бакр ибн Мардуя – “Тарихи Асбаҳон”.
  10. Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий – “Ар-рисола” ва “Муснади Шофиъий”.
  11. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий – “Ал-жомиъус саҳиҳ”.
  12. Ибн Ҳиббон – “Равзатул уқало ва назҳатул фузало”.
  13. Муҳаммад ибн Исо Термизий – “Ал-жомиъус саҳиҳ” асари ва бошқалар.

Китобнинг аҳамияти:

  • китобнинг сақланиб қолган. Асар муаллифи таниқли имом бўлиб, бутун ҳаётини илм ва унинг таҳсилига бағишлаган. Кўплаб асарлари йўқолиб кетган бўлиб, жуда кам қисми сақланиб қолган. Ушбу биз ўрганаётган китоб ўшалардан биридир.
  • китоб зикр қилинган ҳар бир марфуъ ҳадисни барча санадлари билан қамраб олган. Бу эса ҳадис маъноларининг қувватли эканини тасдиқлаб, фойдаларининг кўплигини таъминлаб беради;
  • муаллиф асардаги мавзуларга хос хабар ва шеърлар ҳам ривоят қилинган. Бу толиби илмларга тушуниши қийин бўлган ўринларни ўзлаштиришда енгиллик беради;
  • китоб толиби илм ва унинг устози ўртасидаги муносабатларни баён қилади. Бу муносабатлар Аллоҳ таолонинг назари асосига қурилади ва мусулмонни ўз биродарига муносабати, устозига ҳурмати исломий одобга кўра қарор топтирилади;
  • ушбу асар Самъоний даврида китобат ишлари камолга етганининг тасдиғи бўлиб, бўлимларга бўлиб тартибга солишнинг юксак намунаси ҳисобланади;
  • асардан Самъоний даврида таълим бериш одоблари ҳақида маълумот олиш мумкин. Унда талаба ва устознинг ҳуқуқлари, ўқитиш предметлари (анжомлари), саволларга жавоб бериш жараёнлари батафсил баён қилинган;
  • китоб суннати набавиядаги шубҳаларга барҳам беради ва ҳадисни баён қилиш йўлларини очиб беради;
  • асар ҳозирги кунгача етиб келмаган китоблар ҳақида маълумот беради. Масалан, Самъонийнинг “Тирозуз заҳаб”, Абу Умар Муҳаммад Навқонийнинг “Китоб”, Абу Бакр Аҳмад ибн Мусо ибн Мардуянинг “Ал-илм”, Аҳмад ибн Муҳаммад Башорийнинг “Қолъул осор минас сиёб”, Абдураҳмон ибн Усмон Тамимийнинг “Муснади Али ибн Абу Толиб” каби асарлари ҳақида кўпгина фойдали гаплар айтиб ўтилган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Самъоний бу китобни муайян бир соҳага хосланмаган турли асарлардаги маълумотлардан жамлаган. Масалан, ҳадис, луғат, тарих, рижол, одоб ва бошқа йўналишларда ёзилган китоблардан тузган. Асарини фақат битта мавзуга бағишланган, яъни, муҳаддис билан толибнинг одоби ва ёзиш учун керак бўлган предметларни баён қилган.

[1] Фурқон сураси, 63-оят.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …