Home / МАҚОЛАЛАР / ХАЛҚИМИЗНИНГ ЭНГ БУЮК ТАРИХИЙ ҒАЛАБАСИ

ХАЛҚИМИЗНИНГ ЭНГ БУЮК ТАРИХИЙ ҒАЛАБАСИ

Халқимизнинг улкан жасорати ва матонати билан 1991 йил 31 августда қўлга киритилган Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги кўп минг йиллик тарихимиздаги ҳеч қачон унутилмайдиган, қадр-қиммати ва аҳамияти йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора ортиб борадиган буюк тарихий воқеадир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу йилги умумхалқ байрами “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар руҳида ўтади.

Айнан мустақиллик эл-юртимиз учун жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, шу жумладан, ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратиб, эришаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг асосий манбаи бўлиб келмоқда.

Бу йил халқимиз Мустақиллик байрамини тамомила янгича шароитда – миллий тараққиётимизнинг янги босқичи одимлари кундан-кунга шиддатли тус олаётган, Янги Ўзбекистоннинг юксак мақоми бутун дунёда кенг ва холисона расман эътироф этилаётган, мамлакатимизда ижтимоий адолат тамойилларига амал қилиш тобора кучайиб бораётган бир шароитда нишонлайди. Халқимизнинг эзгу хоҳиш-истаглари, янги эркин ва демократик жамият қуриш йўлидаги қатъий иродаси билан бошланган истиқлол солномасининг сўнгги беш йиллик саҳифаси ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётимизда қўлга киритилган, одамларнинг онг-тафаккури ва дунёқарашида ўз ифодасини топаётган бемисл ютуқлар билан безангани, халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошгани, ёшларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳи кучайгани ғоят муҳимдир.

Айниқса, сўнгги йилларда дунёда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар туфайли юзага келган ғоят оғир ва мураккаб вазиятда мард ва олижаноб халқимизнинг фидокорона меҳнати билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва унинг шон шавкатини жаҳонга тараннум қилиш бўйича муҳим натижалар қўлга киритилгани, бу ютуқлар халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётгани, энг асосийси, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгариб, улар ислоҳотлар самарасини кундалик ҳаётида ҳис қилиб яшаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, туб ислоҳот жараёнларини янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадри, шаъни ва ғурурини етакчи ўринга олиб чиқиш устувор вазифага айланган ҳозирги вақтда юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга интилиш кўп миллатли халқимизни янада бирлаштирадиган, юксак марраларга сафарбар этадиган беқиёс кучга айланиб бормоқда.

Мустақиллик ҳар йили бир ёшга улғаяди ва у билан бирга, биз ҳам, шу йиллари туғилиб вояга этаётган азиз ўғил-қизлар, ҳаётимизнинг бахтли давомчилари ҳам улғайиб боради. Бу улғайиш тинч-тотув ҳаётимиз, фаровон турмушимиз, буюк келажагимиз, истиқлол шарофати билан турмуш тарзимизга, хонадонларимизга кириб келаётган рўшноликлар, тўкин ризқ-насиба, дунёқарашимизда юз бераётган ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ. Бу улғайишда, энг аввало, қадди-бастимизнинг, ғурур ва шаънимизнинг, миллий тарихимизнинг, дину диёнатимизнинг тикланганини кўрамиз, миллатнинг эркка эришуви нақадар тотли, нақадар тароватли туйғу эканини қалбан ҳис этамиз, жаҳон ҳамжамиятида неча йиллар бўш турган ўрнимизни эгаллаганимиздан, дунё бозорлари Ўзбекистон учун очилиб бораётганидан ҳақли равишда фахрланамиз. Ифтихор қилиш билан бирга, истиқлолдек буюк неъматни асраш, уни ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш, ёшлар онги ва қалбига бу улуғ туйғуни янада чуқур сингдириш, янги авлодни дунёнинг бугунги юксак талабларига мос равишда тарбиялаш борасида зиммамизда жуда катта масъулият борлигини ҳам англаймиз. Зеро, дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар жамиятнинг ҳар бир аъзосидан фаоллик ва ташаббускорликни, зукко кузатувчанликни талаб этмоқда.

Ўттиз бир йилдирки, халқимиз пешонасида эрк, озодлик қуёши порлай бошлаган саховатли кузнинг биринчи кунини умумхалқ байрами, ҳаётимиздаги энг улуғ ва энг азиз байрам сифатида нишонлаб келамиз. Тўйга тўёна ярашиқли, деганларидай, мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқлари, кўча ва хиёбонлари йилдан-йил гўзаллашиб бораётгани, йирик саноат объектлари, замонавий муҳташам бинолар, ишлаб чиқариш корхоналари, маданият, санъат, спорт саройлари, нуроний отахону онахонлар, ёшлар ва болаларга мўлжалланган дам олиш масканлари қурилаётгани ҳаётимизга ўзгача завқ бағишлайди. Бутун мамлакат қурилиш, янгиланиш, бунёдкорлик майдонига айланган, десак, муболаға бўлмас. Дунё мамлакатлари раҳбарлари, таниқли давлат ва жамоат арбоблари Ўзбекистоннинг янги тараққиёт йўлини, давлатимиз раҳбарининг халқни тинглаш, унга дилдан яқин бўлишдек чинакам инсонпарвар сиёсатини қўллаб-қувватламоқда, хорижий матбуот бу тўғрида самимий мақолалар эълон қилмоқда. Бизнинг бугунги шиддатимиз, кўзлаган улуғ мақсадларимиз дунёни яхши маънода ҳайратга солмоқда. Негаки, Юртбошимизнинг ҳар бир нутқи ва маърузасида энг олий мақсад – одамлар ўз ҳаётидан бугун рози бўлиб яшаши лозимлиги, мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг барчаси ана шу мақсаднинг амалий рўёбига қаратилиши зарурлиги уқтирилади.

«Бугун биз ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган юксак мақсадларимиз сари дадил бормоқдамиз. Вужудимизда, қонимизда аждодларимиздан мерос буюк қудрат жўш ураётган экан, биз эзгу орзу ва мақсадимиз бўлмиш янги Ўзбекистонни албатта бунёд этамиз. Ўзбекистон ҳар томонлама обод ва фаровон, эркин демократик мамлакатга айланади».

Бу даъват қалбимизда, имон-эътиқодимизда акс-садо беради, шу азиз Ватанга, шу мусаффо осмонга, киндик қонимиз тўкилган шу муқаддас тупроққа дахлдорлигимиздан қувват оламиз. Буюк келажагимизга ишончимиз янада ортади. Замонавий билимларни чуқур эгаллаган, дунё тажрибасидан яхши хабардор ёшларнинг фаоллиги, уларга билдирилаётган юксак ишонч жамиятимиз тараққиёти одимларини янада кучайтиради.

Бугун кўпни кўрган донишманд дунёнинг нигоҳи ўз мустақиллигининг ўттиз бир йиллигини нишонлашга ҳозирланаётган Ўзбекистонга, шу жаннатмонанд маконга, бағрикенг, қалби пок, нияти улуғ, саховатда тенгсиз халқимизга, шу меҳнаткаш халқнинг забардаст қўллари билан яратилаётган бунёдкорлик ишларига, истеъдодли ёшларимизга қаратилган. Мамлакатимизда янгича дунёқарашга эга, ўзининг тарихий илдизларидан, улуғ аждодлари меросидан яхши хабардор, миллий ва умуминсоний қадриятларни кўнглига жо қилган баркамол авлод вояга этаётгани кўз ўнгимиздан ўтади.

Ўттиз бир йил – тарих наздида жуда оз фурсат. Аммо шу нарса ҳам аниқки, йилларнинг ва ҳатто, асрларнинг маъно-моҳияти фақат вақт тушунчаси билан ўлчанмайди, аксинча, шу вақт, шу фурсат ичида амалга оширилган эзгу амаллар, инсон манфаатлари йўлидаги амалий саъй-ҳаракатларнинг натижалари билан белгиланади.

Шоир айтганидек:

“Йиллар эмиш, йиллар нимаси?
Бизга ҳавас қилсин етим асрлар!”

 Бу ўринда «етим» юз йилликлар ҳақида қисқа ва камтарона тўхталишга тўғри келади. Айниқса сўнгги беш йилида мустақил Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар камида эллик йиллик маъно-мазмунга эга, десак, хато бўлмайди. Йигирманчи асрнинг кўпдан-кўп талотўплари, қирғинбарот урушлари, тинчлик-тотувликка, аҳил-иноқликка рахна солувчи хатти-ҳаракатлар эски юз йилликда қолиб кетади, башарият ҳаётида ялпи тинчлик, тотувлик саҳифаси очилади, деб умид қилгандик. Афсуски, бундай бўлмади, бўлинган дунёни қайта бўлиб олиш, манфаатлар кураши, сиёсий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий бузғунчилик, қўпорувчилик ҳаракатлари, дунё минтақаларида қасддан можаролар келтириб чиқариш, низолашаётган томонларни бир-бирига баттар гиж-гижлаш ва бунинг оқибатида ўзга ҳудудлардаги табиий бойликларни ўз тасарруфига олиш ниятлари янада фаоллашди. Мамлакатимиз мисолида айтадиган бўлсак, мустақил давлат сифатида оёққа тураётган юртимизга турли ғаразли оқимлар, бузғунчи ғоялар, маънавий-ахлоқий қадриятларимизга ёт иллатлар кириб кела бошлади. Ахборот хуружлари, ёш авлод онги ва қалбини эгаллаш учун кураш авж олди.

Президент Шавкат Мирзиёев халқимизни бундай шароитда асло лоқайд бўлмасликка, дунёда турли мафкуралар, иқтисодий ва сиёсий манфаатлар тортишуви кескин тус олаётган бир пайтда янги авлод тарбиясига, оилани мустаҳкамлашга, яқин қўшнилар билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга, ҳар бир маҳаллада тинч-тотув ҳаёт тарзини юзага келтиришга, мустақил давлатимизнинг тинчликпарвар ташқи сиёсатини, яқин ва узоқ келажакка мўлжалланган режаларини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор бермоқда. Халқимизни буюк келажак йўлида бирлаштириш, миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг мустақил она Ватанимиз — умумий гўшамиз бахт-саодати учун жон куйдириб яшашга, фидойиларча меҳнат қилишга чорлаш олдимизда турган бош вазифа бўлди.

Вақтнинг ўтиши – тўхтовсиз жараён. Тарих саҳифасидан жой олаётган ҳар бир йил маъно-мазмунига, эзгу амалларига кўра бир-бирини тўлдириб, бири иккинчисини давом эттириб бораверади. Бинобарин, истиқлол солномаси ҳам янги ғалабалар, жаҳон эътиборига тушган янги ютуқлар билан бойишдан тўхтамайди. Чунки, бугун жамиятда эришилган ютуқларни эътироф этиш билан бирга, ўтган йилларда йўл қўйилган хато-камчиликларни танқидий таҳлил қилиб, ҳамма нарсани ўз номи билан атаб, уларни бартараф этиш, ҳар бир соҳадаги реал вазиятни тўғри баҳолаш жараёни бормоқда.

Шундай экан, келажак авлодлар бу солномага қараб, халқимиз учун энг буюк неъмат бўлган мустақиллик қандай қўлга киритилгани, бу йўлда қандай қурбонлар берилгани, халқимиз қалбини ёритган, пешонасини силаган бу илоҳий нур қандай асраб қолингани, истиқлол қандай қилиб мустаҳкамланганини аниқ-равшан билиб олади.

Ҳар йили саховатли кузнинг биринчи тонгида миллий истиқлол байрамини нишонлар эканмиз, мустақиллик солномасининг янги саҳифасига ўзгача шиддат, эртанги ютуқларимизга қатъий ишонч билан қадам қўямиз. Байрамнинг улуғ шукуҳи озод ва обод Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий бўй-бастини дунё кенгликлари узра намоён этаверади.

Инсон учун озодликдан қадрли неъмат йўқ. Дунёдаги жамики бунёдкорлик ва яратувчанликнинг асоси озодликдир. Тарихан қисқа бир даврда, аввало эл-юртимизнинг хоҳиш-иродаси, куч-қудрати, машаққатли ва бунёдкорона меҳнати эвазига жаҳон харитасида янги, ўз кучи ва салоҳиятига таянган, бугун барқарор суръатлар билан ривожланиб бораётган мустақил, суверен Ўзбекистон давлатининг пайдо бўлиши, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг энг буюк тарихий ғалабасидир.

Сирожиддин АБДУВОИТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …