Home / МАҚОЛАЛАР / ХАЛҚАРО ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ АҲАМИЯТИ (фалсафий таҳлил)

ХАЛҚАРО ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ АҲАМИЯТИ (фалсафий таҳлил)

Халқаро терроризм – деструктив куч.

Халқаро терроризм айниқса, ХХI асрда ўзининг деструктив қиёфасини ошкора намойиш қилмоқда. Терроризмнинг ўнг ва сўл кучлари айниқса, диний омилга алоҳида эътибор қаратмоқда, чунки диний экстремизм халқаро терроризмнинг энг эффектив таянчи ҳисобланади. Динда қадимдан диний апологетика воситасида диндорларни айблаш, қўрқитиш, жазолаш террористларнинг ишончли ва қулай воситаси бўлган. Бу воситалардан ҳукмрон кучлар ўз таъсир доирасини кенгайтириш, ҳукмини ўтказиш ўзга мамлакатларни тобе қилиш мақсадида фойдаланишган.

Бу ҳолат бугунги кунда ҳам янада шафқатсиз, янада зўравонлик, янада ҳийла ва найранг йўллари билан амалга оширилмоқда. Деструктив кучлар дунё устидан чегараланмаган ҳукмронлигини амалга ошириш учун ҳеч бир жиноятдан, разилликдан қайтмайди. Улар дунёда мамлакатларни, ирқларни, миллатларни ва диний конфессияларни бир-бирига қарама-қарши қўйиши, улар орасига фитна уруғини сочиш орқали ўзларнинг манфаатларини қондиришга, ўзга мамлакатларни қарам қилишга, хомашё базасига айлантиришга, аҳолисини эса муҳтож қулларга айлантиришга интилиши яққол кўзга ташланмоқда. Бу ҳодисалар ХХI асрда ниҳоятда авжига чиқди.

Деструктив кучлар террорчи гуруҳлар тайёрлашда диний конфессиялар ичидаги зиддиятларни бўрттириш ва уларни бир-бирига қарама қарши қўйиш орқали амалга оширишади. Масалан, 1988 йили Усама Бен Ладен раҳбарлигида шакллантирилган “Ал-Қоида” террористик гуруҳи ваҳҳобийлик диний фундаменталистик ғояларга асосланиб, анъанавий исломга эътиқод қилувчи мусулмонларга ва шийа мазҳабидаги мусулмонларга қарши кураш олиб боришди[1]. Аслида бу ҳаракатнинг моҳиятида Яқин Шарқ мамлакатлари ҳудудида жойлашган бой углеводород хомашёсига, нефт ва газ захираларига эгалик қилиш ётибди. Шу баҳонада улар фаровон яшаётган Сурия ва Ироқ халқларини қашшоқлаштириб улар устидан ҳукмронлик қилиш, дунё халқлари кўзига ислом динини ва Яқин Шарқда яшовчи барча мусулмонларни ёвуз кучлар қилиб кўрсатишга интилишмоқда.

Дунё устидан ҳукмронлик қилишга уринаётган бу ёвуз кучлар Ер юзида турли-туман фитналар уюштириб, барқарорлик ва тинчликка, халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва тотувликка рахна солмоқда. Улар ҳатто ўзларининг разил ниятларини неомальтусчилик, яъни никоҳда фарзанд кўришни рад этиш ғоялари билан кучайтиришга, шу аснода уруш ва нотинчликни, бутун бошли миллатларни геноцид қилишга йўналтирилган қирғинларни оқлашга интилишади. Нима эмиш? Уларнинг наздида уруш ва қирғинлар оқибатида Ер юзида миллиардлаб одамларни қириб ташлаб, қолган 1 миллиард бой ва фаровон аҳолини сақлаб қолса, шу кифоя эмиш. Ер юзига 1 миллиард аҳолидан зиёди ортиқча юк бўлар эмиш. Бу ўта разил зўравонлик фалсафаси кўплаб мултимиллиардерларнинг онгини забт этган. Бундай тоифадаги кишиларга соғлом инсоний ахлоқ, миллий қадриятлар, меҳр-шафқат ва мурувват туйғулари бегона. Улар мана шу разил йўл билан дунёда ягона Жаҳон ҳукуматини ўрнатишга, ер юзида битта тил ва битта халқни шакллантиришга зўр бериб интилишмоқда.

 

Ер юзининг гўзаллиги хилма-хилликда

Аммо ер юзининг гўзаллиги унинг хилма-хиллигида, турли халқлар, турли миллатлар, турли динлар ва турли маданиятлар ранг-баранглигидадир. Бу Яратганнинг иродаси.

Ҳозирги даврда турли халқлар, турли цивилизациялар бир-бирини англаш, бир-бирининг урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилиш йўлидан бормоқда. Қанчалик бир-биримизни англасак, шу қадар бир-биримизга руҳан яқинлашамиз. Дунёнинг келажаги хилма-хилликнинг ўзаро бирлигида, ҳамжиҳатлигида. Гегемонликни, зўравонликни, устуворликни даъво қилаётган кучларнинг келажаги йўқ. Инсоният бундай ғайриинсоний зўравонлик ҳаракатларини қоралайди ва уларнинг разил ниятларига ижтимоий ҳамкорликни, миллатлар ва халқлараро ҳамжиҳатликни, диний конфессиялараро бағрикенгликни қарши қўяди. Афсуски, бундай ғоялар қудратли куч эканини –айрим инсонлар тоифаси ҳали англаб етганича йўқ.

Ҳозирги замон терроризмининг асосий қуроли – аҳоли орасида қўрқув ва даҳшат туйғусини сочиб, уларни ўзларининг ёвуз иродасига бўйсундириш. Мақсад эса шу асосда дунёнинг ижтимоий бирлигини парчалаб ташлаш орқали дунё устидан ҳукм юритишдан иборат.

 

Инсониятни ўзининг тарихий ўтмишидан узиб ташлашга интилиш.

Бу йўлда улар инсониятни ўзининг тарихий ўтмишидан узиб ташлашга ҳаракат қилишган. Яқин Шарқдаги қонли фожиаларни амалга ошириш  пайтида кутубхоналар, қадимий қўлёзмалар ва архивларни ёқиб юборишди, музейларни талон-тарож қилиб, қадимий осори-атиқаларни вайрон қилишди, Афғонистонда минг йиллик тарихга эга улуғвор будда ҳайкалини пулемёт ва миномётларда ўққа тутишди, Украина шаҳарларида ҳам қадимий китоблар ва тарихий асарларни майдонга олиб чиқиб ёқиб юборишди. Террористик амалиётдан манфаатдор бўлган сиёсий доиралар бу хунрезликларни ислом терроризми номи билан атаб ислом динини дунёга “олабўжи” қилиб кўрсатишга интилишди. Бунинг оқибатида бутун ер юзига “исламофобия” деган социал психологик касаллик тарқалди.

Террорчилик амалиётини қўллаб-қувватовчи кучлар ислом омилидан усталик билан фойдаланаётган ислом шиори остида курашга чиқаётган террорчи гуруҳларни маблағ ва қурол-яроғ билан таъминлаган сари айрим исломий кучлар ҳам радикаллаша бошлади. Улар ўз олдига гўёки ислом динини тикловчи ва шариат қоидалари остида фаолият юритувчи кишилар қилиб кўрсатишга интилиб, Қуръон ҳамда суннатда келтирилган буйруқларни батафсил таъминловчи мусулмон давлатини тузиш зарурлиги ҳақидаги ғояларни ҳам ўртага ташлай бошлашди[2]. Аслида ер юзидаги давлатлар орасида исломий теократик давлатлар ҳам мавжуд бўлиб, улар бошқа қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатликда давлат ва жамият фаолиятини амалга оширишмоқда. Бу муносабатлар исломдаги бағрикенглик тамойилларига биноан адо этилмоқда. Ҳақиқий демократик давлатлар дунёнинг бошқа давлатлари билан ўзаро бағрикенглик тамойилларига асосан муносабатда бўлишади, уларнинг диний эътиқоди, миллий қадриятлари, ирқи ва бошқа ўзига хос белгиларидан қатъий назар ўзаро манфаатдорлик нуқтаи назаридан бир-бирини ҳурмат қиладилар. Агрессив давлатлар эса ўз манфаатларига мос келмайдиган давлатларни ўзига душман деб билади. Бундай давлатлар террористик амалиётга мойил бўладилар. Халқаро террористик ташкилотлар шундай давлатларнинг буюртмаларини бажариш йўлида сармоя қиладилар.

Ўзбекистон – кўп миллатли ва кўп конфессияли юрт

Мамлакатимизда миллатлар ва конфессиялар ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланган. Бугунги кунда Ўзбекистон диёрида юздан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия ўзаро аҳилликда, бир-бирига нисбатан бағрикенгликда (толерантликда) бир оила бўлиб истиқомат қилиб келмоқда.

Бу бағрикенглик, яъни ўзаро толерантликка асосланган дўстона муносабатдир. Таниқли давлат ва жамоат арбоблари қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда[3], диний бағрикенглик – тинчлик кафолати[4], маҳалла – ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик маскани[5], толерантлик – энг катта бойлик[6], миллатлараро ва динлараро тотувлик – тинчлик ва осойишталикнинг муҳим омили[7], диний бағрикенглик – тинчлик ва барқарорлик гаровидир[8], Ўзбекистон – дўстлик ва бағрикенглик диёри[9], миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик – тинчлик ва тараққиётимиз омили[10], миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик энг катта бойлигимиз[11] дейишмоқда. Бу фикрлар Ўзбекистонда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенглик қай даражада юксак қадрланишини ва амалда намоён бўлишини кўрсатиб турибди. Халқаро уюшган жиноятчилик гуруҳлари измида фаолият олиб борувчи террористик гуруҳлар эса тинч-тотув яшаётган мамлакатларда қўпорувчилик фаолиятини олиб бориш орқали тинчликка, барқарорликка рахна солишмоқда. Бунинг оқибатида халқлар нотинчликка, қашшоқлик ва муҳтожликка дучор бўлишади, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳволи ночор ҳолатга тушиб қолади, ногиронлар, бева-бечоралар, етимлар ва муҳтожлар сони ошиб боради. Бундай мамлакатлар устидан ҳукмронлик қилиш зўравонларга қўл келади.

Бугунги кунда бундай кучлар кенг халқ оммасининг диний билимлари етарли эмаслигидан фойдаланиб, диний экстремизм қиёфасида юртимиз аҳлига ислом динини ақидапарастлик кўринишидаги радикал ғоялар тарафдори қилиб кўрсатишга интилишмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, халқаро уюшган жиноятчилик кўриниши бўлган диний экстремизм ва диний терроризм аслида динга, диний конфессияларга алоқаси йўқ, чунки ислом дини моҳият жиҳатидан тинчлик ва осойишталикни, меҳр-мурувватни, бағрикенгликни, ҳамжиҳатликни ҳимоя қилувчи, кишиларни тўғрисўзликка, адолатга, тенгликка, муҳтожларга мурувват қилишга даъват этувчи бунёдкор куч.

Инсоният тараққиёти турли миллатлар ва элатлар, турлича қарашлар ва турлича диний конфессиялар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка асосланиб ривожланади.

Миллатлараро, динлараро можароларни қўзғашга интилувчи кучлар эса инсоният устидан ҳукмронлик қилишга, халқлар ва динларни ўзларининг тарихий илдизидан бегоналаштиришга интилиб келади. Улар бутун инсоният душманидир.

Дунёнинг келажагини таъминловчи, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик, ер юзида тинчлик ва осойишталик гарови бўлган бағрикенглик – халқимизнинг юксак фазилатларидан.

Шундай экан, турли динларга мансуб қадриятлар асраб-авайланаётган, турли миллат вакилларига ўз эътиқодини амалга ошириши учун барча зарур шароитлар яратиб берилган, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга ва улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган мамлакатимизда барқарор тараққиётни таъминлаш, фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, бағрикенглик қадриятлари устуворлигига асосланган демократик жамият қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришимиз ва ёшларимиз тарбиясига сидқидилдан ёндошишимиз ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз демакдир.

Адабиётлар:
  1. Алимов У. Диний бағрикенглик – тинчлик кафолати // Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкент: O`zbekiston, 2017. Б.47-50.
  2. Burke J Al-Qaeda – a meaningless label // The Guardian — 12 January 2003. https://www.theguardian.com/world/2003/jan/12/alqaida.terrorism
  3. Воҳидов А. Қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда // Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкент: O`zbekiston, 2017. Б.35-40.
  4. Ғаниев Б. Толерантлик – энг катта бойлик //Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкент: O`zbekiston, 2017. Б.63-68.
  5. Ғойибназаров Ш. Ислом терроризмга қарши.Т.: Ўзбекистон, 2021. 320 б.
  6. Жавлонов Ш.С. Маҳалла – ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик маскани //Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкент: O`zbekiston, 2017. Б.60 – 63.
  7. Ибрагимов Э.Ф. Диний бағрикенглик – тинчлик ва барқарорлик гаровидир // Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкент: O`zbekiston, 2017. Б.80-84.
  8. Қулматов Ш.Д. Миллатлараро ва динлараро тотувлик – тинчлик ва осойишталик-нинг муҳим омили // Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкент: O`zbekiston, 2017. Б.68-70.
  9. Маткаримов И. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик – тинчлик ва тараққиётимиз омили // Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкент: O`zbekiston, 2017. Б.157 – 162.
  10. Раупов Х.Р. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик энг катта бойлигимиз // Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкент: O`zbekiston, 2017. Б.165-169.
  11. Салманов У.Ф. Диний бағрикенглик – тинчлик ва барқарорлик гаровидир // Ўзбек-истон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкент: O`zbekiston, 2017. Б.100 -103.
  12. Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкент: O`zbekiston, 2017. 600б.
[1] Burke J Al-Qaeda – a meaningless label // The Guardian — 12 January 2003. https://www.theguardian.com/world/2003/jan/12/alqaida.terrorism
[2] Ғойибназаров Ш. Ислом терроризмга қарши.Т.: Ўзбекистон, 2021. Б.25.
[3] Воҳидов А. Қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда // Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкени: O`zbekiston, 2017. Б.35.
[4] Алимов У. Диний бағрикенглик – тинчлик кафолати // Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкени: O`zbekiston, 2017. Б.47.
[5]  Жавлонов Ш.С. Маҳалла – ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик маскани //Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкени: O`zbekiston, 2017. Б.60.
[6] Ғаниев Б. Толерантлик – энг катта бойлик  //Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкени: O`zbekiston, 2017. Б.63.
[7] Қулматов Ш.Д. Миллатлараро ва динлараро тотувлик – тинчлик ва осойишталикнинг муҳим омили // Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкени: O`zbekiston, 2017. Б.68.
[8] Ибрагимов Э.Ф. Диний бағрикенглик – тинчлик ва барқарорлик гаровидир //Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкени: O`zbekiston, 2017. Б.80.
[9] Салманов У.Ф. Диний бағрикенглик – тинчлик ва барқарорлик гаровидир // Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкени: O`zbekiston, 2017. Б.100.
[10] Маткаримов И. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик – тинчлик ва тараққиётимиз омили // Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкени: O`zbekiston, 2017. Б.157.
[11] Раупов Х.Р. Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик энг катта бойлигимиз // Ўзбекистон – тинчлик ва тотувлик мамлакати .Тошкени: O`zbekiston, 2017. Б.165.

 

Бахтиёр ТУРАЕВ,
Фалсафа фанлари доктори ( DSc), профессор,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори маслаҳатчиси

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …