Home / АЛЛОМАЛАР / ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ВА МИРЗО УЛУҒБЕК

ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ВА МИРЗО УЛУҒБЕК

Мамлакатимизда амалга оширилаётган илмий, маданий соҳалардаги ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимизнинг маънавий меросининг ва диний-ирфоний, тасаввуфий таълимотларининг тадқиқига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Темурийларнинг йирик вакили жаҳон илм-фанида алоҳида ўрин тутган Мирзо Улуғбекнинг ҳукмронлиги даврида жамиятда тасаввуф таълимоти алоҳида аҳамият касб этган. Манбаларда қайд этилишича, темурийлардан Шоҳруҳ Мирзо, Мирзо Улуғбек, Абдусаид Мирзонинг ҳукмронлиги даврида ўз даврининг машҳур мутасаввифларидан Самарқандда Ҳасан Аттор, Низомиддан Хомуш, Хожа Аҳрор, Бухорода Муҳаммад Порсо, Бадахшон ва Чағониёнда Яқуб Чархий темурий ҳукмдорларнинг ишончини қозонган маслаҳатчиларидан бўлган.

Мирзо Улуғбекнинг тариқат вакилларига бўлган эҳтиромини унинг отаси Шоҳруҳ Мирзо Ҳиротдан Самарқандга айрим сабаблар туфайли жўнатиб юборган йирик шайх Қосим Анворга кўрсатган ижобий муносабатидан билишимиз мумкин. Машҳур муаррих Мирхонднинг таъкидлашича, Мирзо Улуғбек Қосим Анвор Самарқандга келгач, унинг донишмандлиги ва олийжаноблигини кўриб унга мурид бўлган ва олий даражада ҳурмат кўрсатиб хизматкорлар билан таъминлаган ва Шоҳмалик мадрасасига жойлаштирган [4:55].

Бухорода, Самарқандда ва Ғиждувонда Мирзо Улуғбек бунёд этган мадрасаларда ўз замонасининг йирик олимлари ва мутасаввифлари етишиб чиққан. Бу ҳолат ўша даврда дунёвий ва диний фанлар юксак даражада ривожланганидан далолат беради. Мирзо Улуғбек ўз даврида ёшларни билим олишга чорлаганининг белгиси сифатида Бухоро мадрасасининг пештоқига “Илм олмоқ ҳар бир муслим ва муслиманинг бурчидир” ҳадисини ёздириб қўйган. Мирзо Улуғбек мадрасасида йирик шайхлардан Хожа Муайяди Меҳна ҳам мударрислик қилган ва у Алишер Навоийни [1:162] фарзанд сифатида қабул қилган ва унга тасаввуф илмини ўргатган. Шайх Муайяди Меҳнанинг Мирзо Улуғбек мадрасасида мударрислик қилганини Ҳасанхожа Нисорий “Музаккири аҳбоб” асарида қайд этган. Нисорийнинг таъкидлашига кўра “Шайх Муайяди Меҳна Султон Абусайид Абулхайр авлодидан ва саидлик нисбати машшад (ҳозирги Машҳад) саидларига тааллуқлидир. Султони шаҳид Мирзо Улуғбек мадрасасида мударрислик қиларди” [1:163].

Тарихчи Давлатшоҳ Самарқандий Мирзо Улуғбекнинг ёшлигида бирга улғайган шайх Ориф Озарийга илтифот кўрсатганини қайд этган [5:60-64]. Алишер Навоийнинг қайд этишича, Мирзо Улуғбек сўфийлик ва ислом асосларини чуқур эгаллаган: “Улуғбек Мирзо – донишманд подшоҳ эрди. Камолоти бағоят кўп эрди. Етти қироат била Қуръони мажид ёдида эрди. Ҳайъат ва риёзийни хўб билур эрди. Андоқким, зиж битди ва расад боғлади” [1:180]. Таниқли француз темуршуноси Люсен Кареннинг таъкидлашича, Мирзо Улуғбек туфайли Самарқандда яна қирқ йил тинчлик ҳукумронлик қилди. Бу давр санъат ва илм фаннинг равнақига шу қадар катта ҳисса қўшдики, уни “Самарқанднинг олтин асри” деб атай бошлашди. Шу билан бирга ўз замонасининг етук олими сифатида Мирзо Улуғбек ўз атрофида фикри-зикри фақат босқинчиликдан иборат ҳарбийларга ва Қуръони каримни мутолаа қилишдан ўзга ҳар қандай ақлий фаолият гуноҳдан иборат, дегувчи мутаассибона диний гуруҳ аъзоларига қарши курашди [7:205]. Англашимизча, Мирзо Улуғбекни сўфий шайхлар эмас, балки айрим шариат пешволари ўзларига душман санаб уни халқ олдида обрўсизлантиришга ҳаракат қилган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, айрим мутасаввифлар Мирзо Улуғбекка нисбатан душманлик муносабатида бўлган. Бухоро шайхларининг бошлиғи, дастлабки йилларда Мирзо Улуғбекнинг иттифоқчиси бўлган Муҳаммад Порсо кейинчалик унинг давлатида обрўли жой олмади, [9:1] деб таъкидловчи олимларнинг фикрларига қўшила олмаймиз. Чунки, бу давр мутасаввифларининг ҳаёти ва фаолиятини ёритган Фахруддин Али Сафий “Рашаҳоту айнил ҳаёт” асарида Мирзо Улуғбек Самарқандга ҳадисларни талқин қилиш масаласида ҳадисшунослардан Шамсуддин Муҳаммад Жазарий ва Муҳаммад Порсони таклиф қилиб, у кишига сўз берганини қайд этган [10: 89]. Демак, Мирзо Улуғбек диний масалалар бўйича ўз даврининг йирик шайхлари билан баҳслаша олган ва уларни дунёвий ва диний илмлари билан ҳайратга солган, ижтимоий адолат тамойилларига амал қилган одил ҳукмдор бўлган. Ҳозирги кунгача айрим олимларни қизиқтириб келган Мирзо Улуғбек билан диний уламолар ва тариқатчилар орасидаги муносабатларни ёритишда айрим қарама-қарши фикрлар мавжуд. Жумладан, Мирзо Улуғбек билан Хожа Аҳрорнинг муносабатларини талқин қилишда академик В.В.Бартольд: “XV асрни Ўрта Осиёда икки дунёқараш, яъни бир томондан Самарқандни қирқ йил бошқарган Мирзо Улуғбек, иккинчи томондан унинг ёш замондоши, нақшбандия тариқатининг вакили Хожа Аҳрор ўртасидаги курашдан иборат давр бўлган” [3:47], деб қайд этган. Аммо Хожа Аҳрор Валий Мирзо Улуғбекнинг ҳукмронлиги даврида ҳали ёш, мамлакатни ижтимоий-сиёсий ҳаётига таъсир эта оладиган нуфузли шахс эмас эди. Мустақиллик йилларида манбашунос олим К.Каттаев Хожа Аҳрор Валий билан Мирзо Улуғбек муносабатларини чуқур таҳлил қилиб, Хожа Аҳрорнинг Мирзо Улуғбек ўлимига алоқаси йўқлигини ўз тадқиқотларида асослашга ҳаракат қилди [6:23-24]. XV асрнинг охири ва XVI асрнинг бошида фаолият кўрсатган  Хожа Аҳрор Валийнинг хизматида бўлган Сафийнинг “Рашаҳоту айнул ҳаёт” асарида Мирзо Улуғбек билан муносабати бузилган диний уламо Мавлоно Низомиддин Хомуш экани таъкидланган. Мирзо Улуғбек билан адоватда бўлган диний уламо Хожа Аҳрор Валий эмас, балки Мавлоно Низомиддин Хомуш бўлиб, бу икки диний уламони ҳаракатини ёритишда олимлар, воқеалар ривожини чалкаштириб юборган. Манбалардан маълумки, Мирзо Улуғбек салтанат ва халқ манфаатини кўзлаган эътиқодли ҳукмдор бўлган. Мирзо Улуғбек ўз салтанати ва шоҳлигини ҳам тангрининг инъоми деб тушунган [8:35]. Мирзо Улуғбек дунёвий илмлар билан бир қаторда илоҳиётни ҳам ўрганган. Мирзо Улуғбек ўзи бунёд қилган машҳур ёдгорлик “Занги ота” пештоқига “Менинг уйларим масжидлардир, кимки уйида таҳорат қилиб, менинг уйимни зиёрат қилса, ҳурматимга сазовордир” [2:64], деб ёздирган.

Мирзо Улуғбекнинг диний уламоларга, тариқат аъзоларига бўлган ижобий муносабатини машҳур Бибихоним масжидига унинг фармони билан ясатилиб, ўрнатилган тош “Лавҳ”дан (Қуръон қўйиладиган курси) ҳам билиб олишимиз мумкин.

Лавҳга “Султони азим, олий ҳимматли хоқон, дин-диёнат ҳомийси, Ҳанафия мазҳабининг посбони, амирул мўминин Мирзо Улуғбек Кўрагон”, [8:120] деган ёзувлар битилган. Демак, Мирзо Улуғбекнинг фожиали тақдирига диний уламолар ёки тариқатчиларни сабабчи қилиб кўрсатмаслик керак. Мирзо Улуғбек ислом тарихи ва унинг ривожланиш босқичларини илмий асослаб берган ва ислом динининг Дашти қипчоқда турк ва мўғул халқларининг орасида ёйилишини “Тарихи арбаъ улус” асарида қайд этган. Унинг “Тарихи арбаъ улус” асарини саййид, авлиё, шайхларга бўлган ижобий муносабатини ифодаловчи манба десак муболаға бўлмайди. Мирзо Улуғбек бу асарида шайх ва сўфийларнинг ижтимоий-сиёсатда ва ҳаётда тутган ўрни, халқ  орасидаги нуфузи ҳақида қуйидаги маълумотларни берган: “Шайх, дарвеш ва саййидлар Чингизхон авлодидан бўлган Абокахон ибн Ҳалокухон ибн Тулихон замонида давлат сиёсатига бирлашиш даражасига етган: Абокахон ибн Ҳолокухон ибн Тулихон замонида машойихлар ва саййидлар унинг эҳсону инъомидан сероб бўлиб тоза ҳаёт топган эди. Уламо ва фузало эса унинг айёмида зулму жафо зулматидан халослик топиб, фароғат-фаровонлик сарчашмасидан сув ичарди” [8:42]. Француз темуршунос олимлари Мирзо Улуғбек ҳақида “У ажойиб қалам соҳиби эди. Айтишларича, у каттагина тарихий асар ҳам битган экан. Унинг форс тилида сўзлаша туриб, осонгина турк ё араб тилида гапиришини кўрган одамнинг ҳаваси келарди”, [7:205] деб ўз ижобий фикрларини билдирган.

Мирзо Улуғбекнинг тасаввуф таълимотига ижобий муносабати шунда эдики, у сўфийликни мардлик, шижоатлилик тариқати тарзида тушунган. Жумладан, “Тарихи арбаъ улус” асарида Шайх Маҳмуд Таробий ҳаракатини инсонпарварлик, халқ манфаатлари ҳимоячиси сифатида ёритиб шайхнинг қудратини, халқни эргаштира олиш кучини эътироф этган бўлса, қўрқоқ ва лаёқатсиз, субутсиз амирларни қоралаган [8:299-300]. Шоҳрух Мирзо билан Мирзо Улуғбекнинг энг буюк хизмати уларнинг асрлар оша машҳур бўлиб “Темурийлар даври уйғониш маданияти” деб ном олган маданиятга асос солгани бўлди. Унинг таъсири ва турткиси ўлароқ Марказий Осиёда янгидан янги маданият ўчоқлари пайдо бўлди ва ривожлана борди. Ўз навбатида Мирзо Улуғбек ҳам Самарқандда академия ташкил қилди, зиёлиларни қўллаб-қувватлади ва бир-биридан ажойиб иморатлар бунёд эттирди [7:203-204].

Хулоса сифатида айтишимиз мумкинки, темурийларнинг тасаввуф таълимотига, шайхлар ва пирларга ижобий муносабатда бўлганига асосий сабаб шаҳзодаларнинг ўзлари юксак тафаккурли, маърифатпарвар бўлганидир. Шунинг учун темурийлар ҳукмронлиги даврида мамлакатда илм-фан, фалсафа, тасаввуф, маданият, санъат, адабиёт гуллаб яшнаган. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 15 том. –Т.: Янги аср авлоди, 2006.
  2. Ф.Ашрафхўжаев, З.Жўраев. Ҳазрати Занги Ота ва Соҳибқирон Амир Темур. –Т.: Наврўз, 2017.
  3. В.В.Бартольд. Улугбек и его время. / В.В.Бартольд. Соч., Т.2, Ч.2. –М.: Наука, 1964.
  4. Б.Валихўжаев. Хожа Аҳрор Вали. –Самарқанд.: СамДУ, 1993.
  5. Давлатшоҳ Самарқандий. Тазкират уш-шуаро. –Т.: Фан, 1982.
  6. К.Каттаев. Хожа Аҳрор Валий ва Мирзо Улуғбек муаммолари талқини. –Самарқанд.: СамДУ, 2004.
  7. Люсен Карен. Амир Темур салтанати. –Т.: O`zbekiston, 2018.
  8. Мирзо Улуғбек. Тўрт улус тарихи. –Т.: Чўлпон, 2019.
  9. Т.С.Саидқулов. Очерки историографии и истории народов Средней Азии. –Т.: Ўқитувчи, 1992.
  10. Фахруддин Али ас-Сафий. Рашаҳоту айнил-ҳаёт. –Т.: Абу Али Ибн Сино, 2004.
Ислом ҲАМДАМОВ,
Самарқанд давлат чет тиллар институти доценти в.в.б.,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …