Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА ОИД ҲАДИСЛАР

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” АСАРИДА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА ОИД ҲАДИСЛАР

Инсониятнинг ижтимоийлашуви ҳаётий эҳтиёж бўлиб жамиятнинг фаровон ва барқарор ривожи унинг аъзоларининг ўзаро ҳамжиҳатлик, қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкам муносабатлари орқали юзага чиқади.

Жамиятда ўзига хос бир қатлам борки, уларга маънавий ва моддий жиҳатдан кўпроқ эътибор бериш зарур ҳисобланади. Ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш умумий қилиб “ижтимоий ҳимоя” деб аталади. Исломдаги ижтимоий ҳимоя алоҳида эътибор қаратилган муҳим жиҳатлардан бири бўлиб, у фақат моддийлик билан чекланиб қолмайди, балки  руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ҳам назарда тутади.

Ижтимоий ҳимоя атамаси ижтимоий хавфсизлик билан бир хил ифодаланадиган тушунча бўлиб, у ижтимоий ва ҳимоя сўзларининг бирикмасидир. Бу истилоҳ жамият ва унинг турли қатламларига тегишли масалаларга боғлиқ маъноларни ифодалайди. Бошқача қилиб айтганда, бу сўз ижтимоий сўзи билан характерланиб, жамиятда яшовчи инсонга боғлиқ барча нарсани англатади. Луғатда “Ҳимоя” сўзи муҳофаза, зарар берувчи нарсалардан ҳимоя қилиш маъноларини билдиради [1:21].

Маълумки, илк ислом давридаёқ бу масалага катта эътибор қаратилган. Ижтимоий ҳимоянинг тамойилларига: Силайи раҳм, садақа, закот, нафақа, ўзаро меҳр-шафқат кўрсатиш кабилар киради. Албатта булар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадриятларимизнинг қаторига киради. Уларни янада чуқурроқ ўрганиш ва ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда буюк аждодларимизнинг беқиёс асарларини, хусусан, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Бу асар нафақат ибодатга оид ҳадисларни, балки муомалага оид мусулмонларнинг ўзаро ижтимоий муносабатлари ҳақидаги ҳадисларни ҳам қамраб олган.

Тадқиқотдан кўзланган асосий мақсад ислом ҳуқуқидаги ижтимоий ҳимояга оид қарашларни ўрганиш ва унинг асосий манбаларидан бири ҳисобланган ҳадисларни тадқиқ этишдан иборат. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари инсонлар орасидаги ижтимоий муносабатларга доир ҳадисларни қамраб олгани билан муҳим аҳамият касб этади. Имом Бухорий ҳадис илмида ишончли деб эътироф этилган 6та имомнинг бири ҳисобланади, унинг “Саҳиҳул Бухорий” асари эса ислом таълимотининг муҳим манбаси саналади. Мақолада асардаги ижтимоий ҳимоя масаласига оид ҳадисларни таснифлаш, уларнинг миқдори ва мавзусини ўрганиб таҳлил қилиш мақсад қилинган.

Ижтимоий ҳимоя жамиятнинг иқтисодий ночор, ёрдамга муҳтож ва боқувчисини йўқотган қатламининг эҳтиёжини қондириш ва ижтимоий адолатни ўрнатиш мақсадида ҳукумат даражасида амалга ошириладиган иш ҳисобланади. Тарихдан маълумки, илк ислом давридан бу масалага катта эътибор қаратиб келинган. Ислом ҳуқуқида жамиятдаги ижтимоий тенгликни таъминлаш учта институт орқали амалга оширилади. Биринчиси – оилада, иккинчиси – закот институти орқали, учинчиси давлат томонидан. Ислом ҳуқуқида ижтимоий ҳимоя деганда, аввало аҳолининг орасида моддий жиҳатдан қийналган, ўзининг эҳтиёжини қоплай олмаётган фуқароларга моддий ва маънавий кўмак бериш тушунилади. Шу жиҳатдан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ижтимоий ҳимояга катта эътибор қаратилган [2:71-74].

Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий ўзининг “Тарихул ислом” китобида қуйидагиларни ёзади: ““Жомеъус саҳиҳ” Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги исломнинг энг улуғ ва афзал китобидир. Ҳозирги кунда бу китоб одамлар учун энг олий санаддир”.

Маълумки, Имом Бухорий ўзининг машҳур “Жомеъус саҳиҳ” китобида ҳам “Китобул адаб” деган қисм очиб, унда одоб-ахлоққа оид ҳадисларни 128-бобда уч юздан ортиғини келтирган. Лекин аллома бу билан кифояланмай, “Жомеъус саҳиҳ”га ўзига етиб келган бошқа ҳадисларни ҳам қўшиб, “Ал-Адаб ал-муфрад” асарини ёзган. Имом Бухорий бу асарида ҳам “Жомеъус саҳиҳ”даги услубни қўллаган. Баъзи жойларда Қуръони карим оятларини ва саҳобаларнинг сўзларини ҳам келтирган. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Ал-Адаб ал-муфрад”да келган ҳадислар ҳаммаси ҳам “Жомеъус саҳиҳ”даги ҳадислар даражасида эмас. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, бу китобдаги ҳадисларнинг ярми “Жомеъус саҳиҳ”даги кабидир. Қолган ярми Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”идан кейинги ва Термизий, Насоий, Ибн Можа ва Абу Довуднинг китобидаги ҳадислардан юқори ўринда туради. Бу илмий ҳақиқатни аллома Юсуф Биннурий ҳам таъкидлаган [3:47-49].

“Саҳиҳул Бухорий”нинг 4-жузида ижтимоий ҳимояга оид ҳадислар келтирилган. Тўпламнинг 55-бўлими “Васиятлар китоби”да ҳам бу мавзуга оид ҳадислар келтирилган. Бу бўлимда келган ижтимоий ҳимояга оид бобларнинг рўйхати:

 

1

7-боб

Ўлим чоғида садақа қилиш ҳақида.

2

10-боб

“Қариндошларига вақф ёки васият қилса… қариндошлар ўзи кимлар?”

3

14-боб

Фақирларга ёки бошқаларга эканини очиқ айтмай, “ҳовлим Аллоҳ учун садақа”, деса ўтади ва уни қариндошларга ёки ўзи хоҳлаган жойга тасарруф қилаверади.

4

15-боб

“Ерим ёки боғим онамнинг номидан садақа”, деса гарчи кимга эканини аниқ айтмаса ҳам ўтади.

5

16-боб

Киши молини, қул ёки уловларининг баъзисини садақа ёки вақф қилса ўтади.

6

18-боб

Аллоҳ таолонинг “Агар тақсимлашда яқин қариндошлар, етимлар, мискинлар ҳозир бўлсалар, ундан (меросдан) уларга ҳам улашинг”, деган сўзи ҳақида.

7

19-боб

Тўсатдан вафот этган кишининг номидан нимани садақа қилиш мустаҳаблиги ва маййитнинг номидан назрларни ўташ ҳақида.

8

20-боб

Вақф ва садақада бировни гувоҳ қилиш ҳақида.

9

26-боб

Ерни вақф қилиб, унинг чегарасини аниқ айтмаса ҳам жоиз. Садақа ҳам шундай.

Асарнинг “Васиятлар китоби” бўлимининг 7-боби “Ўлим чоғида садақа қилиш ҳақида” бўлиб, бу ҳадис жуда муҳим аҳамиятга эга. Боиси, унда ижтимоий ҳимоянинг энг муҳим элементларидан бири ҳисобланган садақа тўғрисида ва унинг қайси пайтда амалга ошириш ҳақида кўрсатма берилган. 2748 тартиб рақамдаги ҳадисда ривоят қилинади: Абу Ҳурайра (Р.А.)дан ривоят қилинади: “Бир киши Набий (С.А.В.)га “Эй Аллоҳнинг Расули, қайси садақа афзал?” деди. У зот: “Бойликни орзу қилиб, фақирликдан қўрқа туриб, соғ-саломат ва ҳарис бўлган ҳолингда садақа қилишинг. Лекин буни жон ҳалқумга етгунгача чўзма. Сен “фалончига унча, пистончига бунча” дейсану, ҳолбуки у аллақачон фалончиники бўлиб қолган”, дедилар” [4:10]. Бу ҳадисда инсоннинг ҳаётлик чоғида садақа қилиб қолиши, бу эзгу ишни қилишга шошилиши кераклиги айтилмоқда. Инсон қанча умр кўриши, қачон вафот этишини билмайди. Шу боис ғафлатда қолмаслиги таъкидланмоқда.

Асарнинг 10-боби “Қариндошларига вақф ёки васият қилса… қариндошлар ўзи кимлар?” деб номланган. 2751 рақами остидаги ҳадисда Анас (Р.А.)дан ривоят қилинади: “Уни қариндошларингнинг фақирларига бўлиб бергин”. Шунингдек, 2752 рақами остидаги яна бир ҳадиси шарифда Анас (Р.А.)дан ривоят қилинади: “Набий (С.А.В.) Абу Талҳага: “Менга қолса, уни қариндошларингга (садақа) қил”, дедилар. Шунда Абу Талҳа “Шундай қиламан, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. Кейин Абу Талҳа уни қариндошлари ва амакисининг болаларига тақсимлаб берди”. Бу ҳадисда эса ижтимоий ҳимояга бўлган катта тарғибларни кўриш мумкин. Меросни айнан фақир қариндошларга тақсимлаш билан ҳам садақа, ҳам силайи раҳм қилишга чақирилмоқда. Зеро, бу ҳадис амалиёти албатта кўплаб жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечилишига сабаб бўлмоқда.

Тўпламнинг 22-боби “Етимнинг молида васийнинг қандай ваколатларга ҳаққи борлиги ва ўзининг иш ҳақининг миқдорига кўра ундан қанча ейиши мумкинлиги ҳақида” деб номланади. 2764 рақамдаги ҳадисда Ибн Умар (Р.А.)дан: “Расулуллоҳ (С.А.В.)нинг даврларида Умар ўзининг мулкини садақа қилди. У Самғ деб аталарди. У хурмозор эди. Умар: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен бир мулкка эга бўлдим, у мендаги энг яхши нарса. Мен шуни садақа қилмоқчиман”, деди. Шунда Набий (С.А.В.): “Унинг аслини садақа (яъни вақф) қил. У сотилмайди, совға қилинмайди ва мерос қилиб ҳам олинмайди, лекин меваси нафақа қилинади”, дедилар. Умар уни садақа қилди. Унинг бу садақаси Аллоҳнинг йўлида қул озод қилишга, мискинларга, меҳмон, йўқсил йўловчига ва қариндошларга бўлди. Уни тасарруф қилиб турган кишига даромад манбаи қилиб олмаган ҳолда ундан маъруф ила ейишида ёки дўстига едиришида гуноҳ йўқ” [5:33]. Бу ҳадис ижтимоий ҳимояни яққол ўзида акс эттирган бўлиб, инсонларнинг ёрдамга муҳтож қисмига даромаддан доимий равишда садақа қилиб туришига чақирилмоқда.

Олтин силсила тўпламининг “Саҳиҳул Бухорий” қисмининг 5-жузидаги “Тафсир китоби”да ҳам ижтимоий ҳимояга оид ҳадислар келтирилган. “Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир”. (Бақара сураси; 195-оят) [6:597].

Шунингдек, нафақа ҳақида яна Оли Имрон сурасида 5-бобда ҳам келади: “Ўзингиз яхши кўрган нарсадан нафақа қилмагунингизча ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Аллоҳ нимани нафақа қилганингизни билувчидир” (Оли Имрон 92) [7:71].

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жамиятда ижтимоий ҳимояни таъминлашда нафақа институти муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Бу мавзуга Имом Бухорий ўз тўпламида алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, “Саҳиҳул Бухорий”нинг 7-жуз 69-боби “Нафақалар китоби” ҳақидадир. 1-боб “Аҳли оилага нафақа қилишнинг фазилати ҳақида ҳақида бўлиб, 5351 рақам остидаги ҳадисда шундай дейилади: Абу Масъуд Ансорий (Р.А.)дан ривоят қилинади: “Мусулмон киши савоб умидида ўз аҳлига нафақа қилса, бу унинг учун садақа бўлади”, деди. 5352 рақамдаги ҳадисда эса Абу Ҳурайра (Р.А.)дан: “Расулуллоҳ (С.А.В.) шундай дедилар: “Аллоҳ: “Инфоқ қил, эй Одам боласи, Мен ҳам сенга инфоқ қиламан” деди” [8:72-73].

7-жузнинг 78-боби “Адаб” китоби ҳақида бўлиб, 128 боб 256та ҳадисни ўз ичига олади. Унда қуйидаги ижтимоий ҳимояга оид мавзулар келтирилган:

1

1-2,5,8-боб

 Ота-онага яхшилик қилиш ҳақида.

2

10-13,56-боб

Силайи раҳм ва унинг фазилатлари ҳақида.

3

24-27-боб

Етим, бева, мискинларга яхшилик қилиш ҳақида

4

30,32-боб

Қўшнига яхшилик қилиш ҳақида.

5

33-боб

Садақа ҳақида.

6

34-36,56-боб

Ўзаро гўзал муносабатлар: Ширин сўз, мулойим бўлиш, ёрдам бериш, яхшилик қилиш.

 

Юқорида келтирилган мавзуларнинг барчаси ижтимоий ҳимоя ҳақида. Дастлаб келтирилган ота-онага яхшилик қилиш мавзусини Имом Бухорий мусулмон одоби-маданияти, яъни махлуқотлар ва аввало инсон зоти билан бўладиган муомала одоби рўйхатининг биринчи сатрига қўйиш билан ислом динининг бу масалага қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатиб берган.

Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинади: “Набий (С.А.В.): “Ким ота-онасига яхшилик қилса, унга Тубо бўлсин, Аллоҳ азза ва жалла унинг умрини зиёда қилсин”, дедилар” [9:8].

Саъид ибн Ибодуз Зароқийдан, у отасидан ривоят қилади: “Мадина масжидида Амр ибн Усмон билан ўтирган эдим. Олдимиздан Абдуллоҳ ибн Салом акасининг ўғлига суяниб ўтиб қолди. Мажлисга етиб келганда, бурилиб қаради ва уларга қараб туриб: “Нима истайсан, Амр ибн Усмон?! деб икки ёки уч марта айтди ва: Муҳаммад (С.А.В.) ҳақ ила юборган Зот ила қасамки, Аллоҳ азза ва жалланинг китобида икки марта “Отангга яхшилик қилганни узма, ўша ила нуринг сўниб қолмасин”, дейилган”, деди” [10:16].

Ҳар бир даврдаги каби ҳозир ҳам мусулмон жамиятларининг ривожи инсонлар орасидаги ўзаро муносабатлар асосига қурилган. Зеро, инсонларнинг ўзаро бирдамлиги жамиятнинг бирлиги ва осойишталигига, тараққий этишига хизмат қилади. Бу борада ижтимоий ҳимоя масаласини фиқҳий жиҳатдан таҳлил этиш, хусусан, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” тўплами асосида ижтимоий ҳимоя масаласини ўрганиш, унга оид муаммоларнинг ечимини топишда албатта муҳим ўрин тутади. Шунингдек, ёшларни ҳар томонлама етук ва маърифатли қилиб тарбиялашда, жамиятда инсонлар билан бўладиган барча ижтимоий муносабатларни тартибга солиш ва ислоҳ қилишда ҳам бу асар аҳамиятлидир.

Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш нафақат давлат ва нодавлат ташкилотларининг, балки ҳар бир кишининг инсоний бурчи ва вазифасидир. Шунинг учун ҳам бу каби эзгу ва хайрли ишларни амалга оширишда барчамиз бир бўлиб, ҳамкорликда фаолият юритишимиз лозим.

 ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. A.Erol. Social protection in Islamic law. Theoretical perspectiva. Peterlang. –B 2018.
  2. Н.Юсупова. Ислом ҳуқуқида оила ва жамият барқарорлигини таъминлашда ижтимоий ҳимоянинг моҳияти. Ижтимоий фикр. 2020. № 4.
  3. Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ. Одоблар хазинаси Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобининг шарҳи. I жуз. –Т., Шарқ. 2011.
  4. Олтин Силсила. “Саҳиҳул Бухорий”. 4 жуз. Ҳилол-нашр –Т.: 2014.
  5. Al-Bukhari_english_”SahihAl-bukhari”. Vol.4. Darussalam. –R.: 1997.
  6. Олтин Силсила. “Саҳиҳул Бухорий”. 5-жуз. Ҳилол-нашр –Т.: 2020.
  7. Al-Bukhari_english_SahihAl-bukhari. Vol.6. Darussalam. –R.: 1997.
  8. Олтин Силсила. “Саҳиҳул Бухорий”. 7 жуз. Ҳилол-нашр –Т.: 2020.
  9. Buhârî. Edebu’l-Mufred Ahlak hadisleri. Tetkik eden: Muhammed Sahin. Rabva Semti _İslâmî Dâvet Bürosu. 2010.
  10. Имом Бухорий. “Ал-Адаб ал-муфрад”. Мовароуннаҳр. –Т.: 2013.
Маҳфузахон ЖАЛОЛДИНОВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
таянч докторанти

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …