Home / МАҚОЛАЛАР / СИБИРЬ БУХОРИЙЛАРИ ТАРИХИДАН

СИБИРЬ БУХОРИЙЛАРИ ТАРИХИДАН

Ғарбий Сибирда Бухоро амирлигидан бориб яшаб қолган халқлар талайгина бўлиб улар “Сибир Бухорийлари” номи билан тарихда машҳур бўлган [1:77-85]. Сибирда яшаган Ўрта Осиёликлар хонликлар давридан олдин ҳам у ерда умргузаронлик қилган. Асрлар давомида Ғарбий Сибирь деярли Бухоро амирлигининг колониясига айланиб қолаёзганди. Сибирь Бухорийлари бу ерда яшаётган татарлар (аслида туркий халқлар) билан сўзлашиб аста-секин ўз тилларини маълум маънода ўзгартириб борган.

У ерларга кўчиб борган савдогарлар, ҳарбий аскар ва диний уламолар ўз миссияларини бажариш мақсадида турли қишлоқ ва маҳаллаларга асос солган. Айнан бухороликлар биринчи марта Сибирга мушукни олиб борган. Дунёга машҳур «Сибирь мушуги» аслида Туркистонликлар томонидан у ерга олиб борилган ва тарқатилган. Сибирдаги Учмир тоғи аввалдан туркийларнинг уч дин қўшилган муқаддас макони ҳисобланган. Бу ерлар биз келтираётган даврдан ҳам бир неча минг йил олдин туркий қавмларнинг она ери бўлган. Уч бошли тоғни қадим туркийлар муқаддас ҳисоблаган ва унда бир хосият бор деб билган. Анча кўп сонли ва турли тармоқли туркий қабилалар Сибирь, Олтой, Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон ва бошқа жойларда қадим замонлардан бери яшаб келгани ҳаммага маълум. Бизнинг аждодларимиз ҳам бугунги Ўзбекистон чегарасидагина эмас, балки миграцион жараёнлар тўлқинида бемалол у ерда, бу ерда яшаган. Шунинг учун ҳам «Дашти Қипчоқ, Ғарбий Сибирь ҳудудида ва қадимги Қрим ерларида улар яшамаган, у ердан келганлар бизга бегона» деган фикр нотўғри бўлади. Биз ўзбеклар тарихини ўрганишда ўша даврдаги эркин миграцион тўлқинлар ва шароитларни инобатга олишимиз лозим.

Туркийларнинг асл ватани Олтой, Сибирь, Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон ва Хуросоннинг катта қисми ва бошқа ерлардир. Навбатдаги миграция тўлқинлари натижасида умумий ном остида Ғарбий Сибирда Бухоро қишлоқлари пайдо бўлган [2:69]. У ерда Ўзбекистоннинг ҳамма еридан кўчиб борган халқларни учратиш мумкин эди [3]. Ҳатто Тошкентдан борган инсонларнинг ҳам ўз мавзеси бўлган. Тарихий эвирилишлар сабаб рус мустамлакачиларининг қадами у ерга ҳам етиб борган ва Ўрта Осиёликлардан ташкил топган Ғарбий Сибирдаги кўплаб қишлоқларни улар ўз тасарруфига киритган.

Баъзи маълумотларга кўра, Баҳовуддин Нақшбандий тариқатининг вакиллари ҳам ислом динини тарқатиш ва мустаҳкамлаш мақсадида бу ерларга келиб жойлашган. Бухоро аҳолисининг Сибирда кўпайишига бу тариқат таъсиридаги миграцион тўлқинлар ҳам таъсир кўрсатган.

Маълумотларга кўра, XIV асрнинг охирида Иртиш дарёси бўйига 366 нафар шайх исломни тарқатиш мақсадида кириб келган [4]. ХХ асрнинг бошида Тюмень (туркийда Туман), Тобольск ва Тар уездида Бухоро волости мавжуд бўлган. У ерда асосан бухоролик савдогарлар ва ислом уламолари истиқомат қилган.

Улар ҳозирги Тюмень, Тобольск, Тара, Томск ҳудудлари бўйлаб жойлашган ва Ўрта Осиё ҳудудлари билан доимий савдо-сотиқ ишларини олиб борган.

Бундан ташқари улар ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик билан ҳам шуғулланган.

Тюменда Бухоро номли расмий шаҳар-посёлкалар бўлган. У ердан унча узоқ бўлмаган Эмбоевлар, Тўраевлар, Мадяровлар, Меримовлар каби қишлоқларда ҳам асосан Бухоро ва унинг атрофидан келган аҳоли истиқомат қилган. Шунингдек, бугунги Омск вилояти ҳудудида ҳам XV-XVII асарларда Бухородан кўчиб келган халқларнинг Яланкўл, Улан кўл, Казатово, Айбаткан, Тузқазган ва бошқа жой номлари мавжуд.

Рус ҳукумати ҳам Бухоро савдогарларини қўллаб-қувватлаган. Маҳаллий ҳукуматга уларни солиқлардан батамом озод қилиш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш вазифаси юклатилган.

Рус ҳукуматига сибирь ерларини ўзлаштиришда бухоролик савдогарларга эҳтиёж туғилган. Улар минг йиллардан бери савдогарлик илми ва анъаналарини асраб келаётгани учун ҳам, бу тадбиркорларнинг малака ва тажрибаларини пухта ўрганишга рус жамияти ва давлатида зарурат ва эҳтиёж туғилган.

XVI асрнинг охиридан бошлаб Бухоро савдогарлари Сибирь шаҳарлари билан Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларда муҳим роль ўйнаган. Улар Сибирга Хитойдан шоҳи матолар, уй-рўзғор буюмлари, чинни идишлар, чой ва қуллар олиб келган. Сибирдан эса асосан мўйна олиб кетилган.

XVII асрдан бошлаб Бухоро савдогарлари Шарқий Сибирдаги рус шаҳарларига савдо-иқтисодий хизматлар кўрсата бошлаган. Иркутскка 1684 йилда бухороликларнинг биринчи савдо карвони ойрот элчилиги билан бирга 170 туяда товар олиб келгани ҳақида маълумотлар мавжуд [5].

Бу мол ва товарлар асосан чой ва тамакидан иборат эди. Улар қул бозорларига қуллар ҳам келтириб турган.

Шунингдек, 1672 йилда Красноярск шаҳрига 12 нафар тадбиркор-савдогар келгани ҳақида ҳам маълумотлар сақланиб қолган. Бухоро савдогарлари Сибирь аҳолисининг орасида катта нуфуз ва обрў-эътиборга сазовор бўлган. 1795 йилдаги 5-рўйхатга олиш тафтишида 1370 нафар татарлар номи остидаги аҳолининг 1218 нафари бухоролик эди.

XVIII асрда Бухорода жами 20000 нафар бухороликлар истиқомат қилар эди. 1897 йилги аҳолини рўйхатга олиш дафтарида уларнинг сони 11000, 1926 йилда эса 26000 нафар деб кўрсатилган [6]. Тар уездида уларнинг сони 11715 нафарни ташкил этгани қайд этилган. Аслини олганда улар XVIII асрда 20000 нафарни ташкил этган бўлса, аждодларимизнинг болажонлиги ва серфарзандлигини инобатга олсак, уларнинг сони ундан бир неча баробар кўп бўлиши керак эди.

Сибирь Бухорийлари кейинчалик “Сибирь татарлари” номи остидаги миллий нуфузни пайдо бўлишида катта роль ўйнаган. “Бухоролик” деган миллий-ҳудудий анъана 1930 йиллардаги ҳужжатларда ҳам учраб туради.

Улар охирги марта 1926 йилда рўйхатга олинган. Кейинчалик Совет давлатининг ягона халқ яратиш ғояси туфайли алоҳида қайд этилмасдан аралаштириб юборилган. Туркистон қишлоқларидан борган аҳоли узоқ йиллик тарихий аралашишлар даврида ўзларининг асл тилларини унутишган, лекин қайсидир маънода урф-одатларини сақлаб қолган ва уларнинг орасида ҳали ҳанузгача туркистонликларни эслатадиган шахслар учраб туради.

Сибирь халқларининг маънавий-маърифий ҳаётини шакллантиришда Сибирь Бухорийларининг ўрни ва роли катта бўлган.

Айнан улар Сибирда биринчи бўлиб ўқув муассасаси – мадраса ва кутубхона ташкил этган [7]. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. В.П.Клюева. Бухарские общины в Сибири (конец XVI — начало XIX вв.) //Проблемы экономической и социально-политической истории дореволюционной России. Тюмень, 2001.
  2. Г.Л.Файзрахманов. Бухарцы в Западной Сибири в XVII – начале XX веков // Вестник Башкирского университета. 2005. №3.
  3. Шоҳиста Ўлжаева. Ғарбий Сибирдаги ўзбеклар тарихи ва тақдирига яна бир қисқа назар… http://e-tarix.uz/vatan-tarixi/1082-garbiy-sibirdagi.html
  4. Тайга.инфо: Когда бухарцы впервые появились в Сибири? // https://tayga.info/162043
  5. Сибирские бухарцы. История исчезнувшего народа // https://nuz.uz/intervyu/1181189-sibirskie-buharczy-istoriya-ischeznuvshego-naroda.html
ШАҲИСТАХОН ЎЛЖАЕВА,
ТИҚХММИ МТУ профессори, т.ф.д,
 НОДИРА РАҲМОНБЕРДИЕВА,
ТИҚХММИ МТУ катта ўқитувчиси,
ГЎЗАЛ ТОШЕВА,
ТКТИ ассистенти

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …