Home / МАҚОЛАЛАР / АЖДОДЛАРИМИЗ МЕРОСИДА ЁЛҒОНЧИЛИК ИЛЛАТИНИНГ ҚОРАЛАНИШИ

АЖДОДЛАРИМИЗ МЕРОСИДА ЁЛҒОНЧИЛИК ИЛЛАТИНИНГ ҚОРАЛАНИШИ

“Ёлғончиликдан сақланинглар, чунки у
ёмонлик билан бирга дўзахда бўлади”.
Ҳадисдан.

Жамият сарвари инсоннинг табиатида ижобий ва салбий хулқий сифатлар мавжуд бўлади. Одам доимо ўзидаги ижобий хулқий фазилатларни асраш, салбий хулқий одатларидан сақланишга интилади. Кишилардаги энг салбий хулқий одатлардан бири ёлғончилик ҳисобланади.

Инсон ҳар қандай фикрнинг нотўғрилигини билгани ҳолда тасвирлаши ёлғон ҳисобланади. Лекин ҳар қандай нотўғри даъвони ҳам ёлғон деб бўлмайди, чунки бундай ҳолат шошқалоқлик, эътиборсизлик ва бошқа оқибатлар натижасида ҳам вужудга келиши мумкин. Одатда жамиятда ҳеч қачон ёлғон гапирмайдиган ростгўй кишилар жуда озчиликни ташкил этади.

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “ёлғон” сўзига қуйидагича тавсиф берилган: 1. Ҳақиқатга зид, нотўғри, ҳақиқатда бўлмаган;

  1. Ҳақиқий эмас, сохта, ясама ёлғондакам;
  2. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган нотўғри гап, нарса, уйдирма [1].

Шунингдек, “Ёлғонни сув қилиб ичмоқ”, “ёлғонака(м)”, “ёлғондан”, “ёлғонламоқ”, “ёлғонлик”, “ёлғончи” (“алдоқчи”, “каззоб”, “қасамхўр”, “дуззи”), “ёлғон-яшиқ” (“уйдирма”) каби иборалар ҳам учрайди. Инсонлар орасида “Бу дунё ёлғончи дунё, охират эса чин дунё”, деган калимани қўлланилиши ҳам бежиз эмас.

Кишининг хоҳ қасддан, хоҳ одатий бўлсин бирор нарса ёки ҳодиса ҳақида нотўғри хабар бериши ёлғончилик ҳисобланади. Халқимизда “Одамнинг оласи ичида, нарсанинг оласи сиртида”, “Ширин ёлғондан аччиқ ҳақиқат яхши”, “Ёв макрини ёлғон яширар” каби нақллар ҳам мавжуд.

Динимизда ҳаром қилинган катта гуноҳлардан бири ёлғондир. Турли мақсадларда бошқаларни алдаш ва лақиллатиш учун тўғри бўлмаган сўзларни ишлатадиган, ёлғон гапирмай туролмайдиган одамни “ёлғончи”, “каззоб”, “бебурд”, “юзсиз” дейди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни ёлғончиликдан қайтариб “Ёлғон сўздан йироқ бўлинглар!” деб таъкидлаган.

Ҳар доим ёлғондан сақланиб, рост гапириш одобли, иймонли кишиларнинг сифатидир. Пайғамбаримиз (С.А.В.) уқтирганларидек, “Ёлғондан сақланинглар, чунки иймон бир томонда, ёлғон бир томондадир. Ёлғон билан иймон бир кишида жам бўлмайди”, “Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик бўлмайди”.

Ёлғончилик – мунофиқлик аломатидир. Ҳадисда ёзилганидек, “Мунофиқликнинг аломати учта: Агар гапирса ёлғон гапиради, омонатга хиёнат қилади, ваъдасига хилоф қилади”. Шу сабаб ёлғончилик яхшиларнинг иши эмас. Ёлғон сўзлар инсонларни беэътибор қилади. Ёлғончиликни гавҳарни худди оддий тошдек хор қилганга тенглаштириш мумкин.

Ҳадисда саккиз тоифа кишилар Тангри махлуқларининг орасида энг ёмони ҳисобланиб, биринчиси ёлғончилар экани уқтирилган [2].

Кимки, чин сўзни ёлғонга қотади, бебаҳо дурни нажосатга отади. Кундалик ҳаёт ва турмушда инсоннинг бошига тушадиган кўпгина нохушликлар ва кўргиликлар унинг ёлғон гапиришидан кейин ҳосил бўлади. Сотқинлик, макр-ҳийла, алдаш, инсофсизлик, ҳақсизлик, эътиқодсизлик, душманлик, хиёнаткорлик, лоқайдлик каби салбий одатларнинг ҳаммаси ёлғончиликдан пайдо бўлади.

Айрим кишилар бирор манфаат кўриш учун ёлғон гапиришади, лекин ёлғондан фойда кўришмайди. Пайғамбар (С.А.В.) марҳамат қиладиларки: “Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам рост сўзланглар, шунда нажот топасизлар. Чунки барибир ёлғоннинг охири вой”. Инсон ёлғон гапирса ундан файзу баракот кетади.

Пайғамбаримиз (С.А.В.) таъкидлаганларидек: “Агар киши ёлғон гапирса, фаришта у кишидан ёлғони етиб борадиган жойгача узоқлашади”. Фойда кўраман, деб айрим кишилар савдо-сотиқда ҳам ёлғон ишлатади, тарозидан уради, сутга сув қўшади ва ҳ.к. Савдодаги ёлғончилик қут-омадни кетказади. Пайғамбаримиз (С.А.В.) дедиларки, “Мабодо ёлғон гапириб сотиладиган нарсанинг айбини яширсалар, савдоларининг баракаси кетказилади. Бир инсонга зарар етказган ва уни алдаган киши биздан эмас”.

Баъзи кишилар ўзаро мулоқотда суҳбатдошини ёлғон гаплар билан ишонтиришга ҳаракат қилиб, ёлғондака қасам ичадики, бу ҳолат инсонни жаннатдан маҳрум қилиб, унинг дўзахга киришига сабаб бўлади. Бунга Пайғамбаримиз (С.А.В.) жавоб берганлар: “Кимки ёлғон қасам ичиб, бировнинг ҳаққини ўзлаштирса, Аллоҳ таоло унга жаннатни ҳаром этиб, дўзахга киришни вожиб қилади”. Шунда бир киши: “Агарда озгина нарсасини олса ҳамми?” деб сўради. Пайғамбаримиз (С.А.В.): “Агарда дарахтнинг шохидек нарсасини олса ҳам” деб жавоб қайтарганлар.

Ёлғон гувоҳлик беришлик ҳам энг ёмон иллатлардан биридир. Ёлғон гувоҳлик бериш нотўғри ҳукм чиқаришга, жиноятчи айбсиз, беайб киши эса жиноятчи бўлиб қолишига сабаб бўлади. Шарқда ёлғон гувоҳлик бериш катта гуноҳлардан бири саналади. Пайғамбаримиз (С.А.В.): Сизларни учта катта гуноҳлардан огоҳ қилайми, дедилар: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, ёлғон гувоҳлик бериш.

Ёлғончиликни азим гуноҳлардан экани Пайғамбар (С.А.В.)нинг қуйидаги ҳадисларида ҳам айтиб ўтилган. Абдураҳмон ибн Абу Бакр ривоят қилади. Расулуллоҳ (С.А.В.) уч бор: “Энг катта гуноҳи азимлар хусусида сизларга хабар қилайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа ё Расуллуллоҳ: “Аллоҳга ширк келтирмоқлик, ота-онага итоатсизлик ….” дедилар, ёнбошлаб ётган эдилар, ўлтуриб олдилар. Сўнгра “Ёлғон гап ҳам энг катта гуноҳи азимлардан эмасми?” деб такрор ва такрор айтавердилар. Биз ҳатто ичимизда “Қанийди, энди бас қилсалар!”, деб турардик [3].

Ёлғон гапиришдан қутулган ёки сўзламаган киши хушхулқ эгасига айланади, иззат-ҳурматга эга бўлади. Пайғамбаримиз (С.А.В.)  дейдиларки: “…гарчи, мазахга қолса ҳам, ёлғонни тарк қилган киши учун жаннат равзасидан бир уйга кафилман. Хулқини чиройли қилган кишига энг олий жаннатдан бир уйга кафилман”.

Айрим кишилар ўз хатоларини яшириш учун ёлғон сўзлайди. Баъзи кишилар бошқа одамларни ўз истак-хоҳишига бўйсундириш учун ёлғон ишлатади. Ёлғончи гапи нотўғри эканини билиб турса-да, бу одатга ўрганиб қолгани учун ундан асло қайтмайди. Ҳадисда ёлғончиликдан сақланинг, акс ҳолда у ёмонлик билан дўзахда бўлинади, “Ривоятнинг ёмони ёлғончиликдир”, “Ёлғончиликдан ҳазар қилинглар, чунки ёлғончилик ёмон ишга бошлайди, ёмон иш дўзахга бошлайди”, деб таъкидланган. Бир киши ёлғон гапираверса, шу ишда бардавом бўлса, Аллоҳнинг ҳузурида “Ёлғончи каззоб”, деб ёзилади.

Баъзи инсонлар эшитган нарсаларини ёлғонми ёки ростми уни суриштирмай гапириб юришади. Ҳадисда “Эшитган нарсанинг барчасини гапириб юришлик шу кишининг ёлғончилигига етарли далилдир”, дейилган. Ёлғон туфайли инсонга қуйидаги азоб-уқубат келади: Инсон халқ назаридан қолади; мартабаси тушади; ҳар хил ташвишларга қолади; инсоннинг калтабин эканидан далолат беради; инсон турли хил нодонликларга ва бало-офатларга яқинлашади; доимо инсоннинг дунё ва охирига зарар беради; инсон кўзга ёмон кўриниб, меҳр-оқибатдан узоқлашади ва ҳоказо.

Ёлғоннинг катта гуноҳ эканини Пайғамбаримиз (С.А.В.) ўз ҳадисларида таъкидлайдики: “Ёлғончи Аллоҳнинг душманидир”. Пайғамбар (С.А.В.) уч хил ҳолатда эзгу мақсадлар йўлида ноилож ишлатиладиган ёлғон учун гуноҳ ёзилмайди деганлар: Эрнинг хотинига муроса учун айтган ёлғон гаплари, эр-хотинни яраштириш учун ишлатилган ёлғон гап; Икки аразлашган инсонни яраштириб қўйиш мақсадида гапирилган ёлғон гап.

Пайғамбаримиз ёлғон ҳақида яна:

– ақллиликнинг аломати ёлғон гапирмасликдир;

– қўлингдан келмаган нарсани тилингга келтирма;

– ёлғон ваъда бериш бекорга душман орттиришдир, деганлар.

Муборак ҳадисларда таъкидланганидек: “Ёлғон гапирган ҳар бир ёлғон гапи унга гуноҳ бўлиб ёзилади. Уч ҳолат эса бундан мустасно!

  1. Урушда, чунки уруш ҳийла ва макрсиз бўлмайди;
  2. Эрнинг хотинига муроса учун гапирган ёлғон гапи;
  3. Аразлашган икки кишини муроса ёки сулҳга келтириш ниятида гапирилган ёлғонлар.

Жамиятда ёлғончилик нуқсони ҳар бир мўминда бўлиши мумкин. “Одамларни муросага келтириш учун уларга яхши гапларни ташиган киши ёлғончи ҳисобланмайди [2:116-124]. Бу “ҳийлаи шаръий” деб аталади.

“Қани бир одам менинг устимдан ёлғон ҳадис сўзласа, у киши жаҳаннамдан ўзига ўрин ҳозирласин” [4]. Шу ҳадисда таъкидланганидек: “Кимки, Аллоҳ номидан қасамёд қилса, Аллоҳ уни ёлғончи қилади!”

Ёлғон билан инсоннинг ҳамма муаммолари ҳал бўлмайди, балки муаммо устига янги чигалликлар пайдо бўлади. Ёлғончилик инсонга кулфат, ғам-ташвиш келтиради. Ёлғон туфайли инсон бетайин ва бебурд бўлиб, жамоатчилик ўртасида уятга қолади ва шарманда бўлади.

Имом Термизий таъкидлаган эдики, “Кимки ёлғон сўзлашни, бошқа бировга бўҳтон қилишни қўймаса, унинг тутган рўзасига Аллоҳ таоло муҳтож эмас”.

Кайковуснинг (1021-1099) “Қобуснома” (1068) асарида ёзилишича: “Агар бирор киши кажлик (ёлғончилик)ка одат қилмоқчи бўлса, унинг ёнига бормангки, у ҳаргиз рост сўзламас [5].

Аллома асарида яна ёзадики, “…ёлғон ва беҳуда сўз айтмак девоналикнинг бир кўринишидир” [5:52], “Агар шармисор бўлмайин десанг, қилмоғон ишни қилдим дема” [5:55], “Ҳаргиз ёлғон демагинки, ножувонмардлар ёлғон сўз айтмоқдадурлар” [5:211].

“Фисқ-фасод қилувчилар ва фоҳишалар кўпайса, Аллоҳ таоло вабони юборади”. Буюк аллома Маҳмуд Замахшарий таъкидлаганки, “Ёлғончининг қасами бор (ҳақиқий) илмининг сохталигини оширади. Эй бўтам, тилингни ёмон сўзлардан сақла! Баъзи баъни одамлар алдамчилик ва ҳийлакорлик билан машғул бўлган бурсоқ деган йиртқич ҳайвондан ҳам кўпроқ алдоқчироқдир”; “Агар бўҳтон (ёлғон)чи дурлаганда сен ҳаммадан кўра ҳам кўп эшитувчисан (Эй, ғофил инсон, ҳақ гап сўйланса сен гўё эшитмагандай бўласан)”.

Ёлғон ҳақида шеърият мулкининг султони Алишер Навоий ҳам алоҳида тўхталиб ўтган: “Ҳар кимнингки сўзи ёлғонлиги билингач, уятга қолган, ёлғонни чиндек гапирувчи сўз устомони – кумушга олтин қоплаб сотувчи заргар. Ёлғон афсоналар билан уйқу келтирувчи ёлғончи – уйқуда алаҳловчи ёлғон гапирувчи ғафлатдадир; сўзнинг бир-биридан фарқи кўпдир, аммо ёлғондан ёмонроқ тури йўқдир. Ёлғон гапириш билан ўз вақтини ўтказувчи одам бу қилиғи ёмон туюлиши ўрнига кишиларни алдагани билан фахрланади ҳам. Ёлғончи ўз гапига гўллик билан қулоқ солувчи топса, унга ёлғонни чинга ўтказса, муродига етган бўлади. Ёлғончи – халқ олдида гуноҳкор. Бундай шахснинг беор юзи ёмонликка ўгирилган бўлади, бундай наҳсга ботган одам қутлуғ уйдан нари бўлгай”.

Бефойда сўзни кўп айтма,

Чин айта олур тилни ёлғонга булғама

Кимки айлади ёлғон сўзин,

Кизбдек эл чин деса, қолғон сўзин.

Ҳар кимки сўзи ёлғон, ёлғони зоҳир бўлғоч уёлғон (А.Навоий).

Феъли хулқу-сўзларида ростлик, эрмас аён,

Ман мунча ҳайрон, бу не атво экандур, билмадим.

Қилсалар ҳар ваъда шак йўқ мунда ёлғондир бори,

Мунча ёлғон сўз не даркор экандур, билмадим (Баёний)

Ақл аҳли макрингга қачон ўлғай,

Ёлғон кароматингни баён қилма (Мунис).

Ёлғондан ичилган қасаминг охири хорликдир. Ўлим хавфи бўлса ҳам ҳамиша рост сўзламоқ керак.

Байт:

Эгри юрмоқ бўлса одатинг,

Дилингдан ҳеч ғусса кетмайди.

Тўғри бўлгил, эгри ўқ ҳеч вақт,

Нишонга бориб етмайди (Муиниддин Жувайний).

Ҳазрат Алишер Навоий сохталикни шундай таърифлаган: “Меванинг мағзи бўлгандан кейин унинг пўсти ҳам бўлади: одамнинг душмани ҳам бўлади, дўсти ҳам. Ёмон юзада бўлади, яхши яширин. Кимки тўғрилик йўлини билмоқчи бўлса, билсинки, бу икки хил бўлади. Бири шуки, кишининг сўзи тўғри бўлса, унинг сўзи билан бирга ўзи ҳам тўғри бўлиши керак. Яна бири шуки, ёлғон гапни баъзилар уялганидан тасаввуф билан “Тўғри!” дейди. Олдингиси ҳеч шубҳасиз яхши, лекин иккинчиси ҳам ёмон эмас. Киши ёлғонни гапирса ҳам кам гапирса! Ёлғон эгриликдан, тўғрилик ҳақиқатдан иборатдир. Шам ўз тўғрилиги билан хурсанд, бошдан-оёқ куйса ҳам у нурга айланади. Яшин эгриликни одат қилган бўлиб, ҳаммаёқни ёритсада, ернинг остига киради” [6].

Заҳириддин Муҳаммад Бобур мадҳ этганидек:

Ёлғон сўз ила итоб этарсен,

Юз қаҳр бирла хитоб этарсен.

Гар ёлғони бўлса зоҳир, эй дўст,

Шарманда бўлурсен охир, эй дўст.

Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд “Дилинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин” деб даъват қилган эди. Инсоннинг суврати ва сийрати муштарак бўлса сохтакорлик, юзакичилик, ёлғон разил иллатлардан йироқ бўлади. Бинобарин, ёлғончилик жамоа томонидан қаттиқ қораланади.

Лофу ёлғон сўзлардан қочмоқ ва бемаъни одатдан бутунлай кечмоқ лозимлиги ҳақида донишмандлар асарларида кўплаб пурҳикмат сўзлар битилган. Чунончи “Ғанимнинг ёлғонига, лаганбардорнинг ширин суҳбатига учма, биринчиси айёрлик турини танлаган, иккинчиси эса ёвуз жиғилдонини очиб турибди” (Саъдий).

Ёлғон сўздан сўзнинг қадри кам бўлади.

Кимки ростгўй бўлса, муҳташам бўлади (Муҳаммад Жарроҳ Заминий).

Ёлғончиликдан сақланинг, чунки ёлғончилик фитна-фасодга олиб боради. Ростлик бўлишини ихтиёр қилинг, барча эзгуликка етасиз! (Ибн Ҳатаб).

Ёлғончилик барча гуноҳларнинг бошидир. Ёлғончи ўз орзусига етишиш учун ёлғондан иборат сўзларни тўқийди, уни рост деб исботлаш учун қасамлар ичади. Қасам билан ёлғонни ораси бир қадам бўлади. Бирор киши унинг ёлғончилигини ошкор қилса, буни ўзига душман ҳисоблайди. Натижада, иккисининг орасида адоват содир бўлади. Бу жанг эса кўп кишиларга зарар келтиради. Фисқ-фасод қилувчилар ва фожирлар кўпайса Аллоҳ таоло вабо юборади.

Бир ҳаким айтади:

– Кимки ёлғончиликка ўрганган бўлса, бу бошқаларни ҳам ёлғончи деб гумон қилади.

Тўғри сўз ҳар нарсадан яхши. Бирон ёлғончи ва чақимчидан эшитилган тўғри сўз ҳам, ёқимсиздир. (Фавоқиҳ ал-жуласо).

Ёлғон ва бўҳтон ахлоқ бузилганидан дарак берувчи энг қабиҳ феъллардандир. Бу феъл соҳиблари одамлар ҳақида турли-туман бемаъни сўзларни тарқатади.

Ёлғон билан бўҳтоннинг фарқи шундаки, ёлғончи ўз иши ҳақида ёлғон гапирса, бўҳтончи бошқалар ҳақида ёлғон гапларни тарқатиб юради. Бу хилдаги одамлар халқнинг обрўсига, касб-корига дахлдор бўлмаган сўзларни тарқатиши билан оқибат натижада кўпчиликнинг нафратига учрайди (Хаёлиддин Ҳасаний).

Ёлғончининг дўсти бўлмайди (“Оталар сўзи”).

Агар сен ёлғончилик балосига дучор бўлмайин десанг, ўзингга ростгўйлик хислатини ихтиёр қил (Барзу ал-Ҳаким).

Ёлғончи кишининг ўликдан фарқи йўқ, чунки тирик кишининг фазилати унинг тўғригўйлигидадур. Тирик киши ёлғон сўзлайвергани учун, унинг сўзларига ҳеч ким қулоқ солмай қўйгач, энди унинг чиндан ўликдан фарқи йўқ.

Ёлғончининг дўсти ҳам ёлғончи,

Ёлғон ваъда бериш бекорга душман орттиришдир (“Оталар сўзи”).

Хуллас юқоридаги фикр-мулоҳазалардан кўриниб турибдики, тарихий-этнографик манбаларда ва улуғ аждодларимизнинг бой меросида ёлғон, ёлғончилик иллат сифатида кескин қораланган. Шу боисдан жамоатчилик, айниқса ёшлар орасида бу салбий хислатнинг ёмон оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб бориш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

 ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 2-ж. –Т.: ЎзМЭ ДИН, 2006.
  2. Ахлоқ-одобга оид ҳадислар. –Т.: Фан, 1990.
  3. Ҳадис. 2-ж. –Т., 1997.
  4. Юз бир ҳадис. –Т.: Меҳнат 1990.
  5. Кайковус. Қобуснома. –Т., 2016.
  6. Қ.Назаров. Жаҳон фалсафаси қомуси. 2-ж. –Т.: Маънавият, 2019.  
О.Бўриев,
профессор
А.Муҳаммадиева,
ҚарДУ

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …