Home / МАҚОЛАЛАР / ЁШЛАР КАМОЛОТИДА МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИНГ ЎРНИ

ЁШЛАР КАМОЛОТИДА МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИНГ ЎРНИ

Юртимизда ёшлар тарбияси давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири саналади. Йигит-қизларимиз баркамол инсон бўлиб улғайиши учун маънавий тарбияга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинаётган турли қарор ва фармонлар, амалга оширилаётган тадбирлар, амалий ишлар натижасида фарзандларимиз барча соҳаларда муваффақиятга эришишмоқда.

Фарзанд тарбиясида асосий бўғин бу албатта ота-она ҳисобланади. Фарзанд инсонга Ҳақ таоло томонидан берилган энг буюк неъматдир. Демак, бу саодатга эришган ҳар бир ота-она неъматни қадрламоғи лозим. Ўғил-қиз олдидаги ота-оналик бурчини мукаммал адо этиб, уларга чиройли таълим-тарбия бериш, Ҳақ таолонинг розилигини топадиган, миллати, Ватанига муносиб фарзанд бўладиган, тенгдошлари муҳаббатини қозонадиган баркамол инсон бўлиб етишиши учун жон куйдириш зарур. Фарзанднинг тарбияли бўлиши эса унинг одоб-ахлоқли бўлиши билан амалга ошади. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди” (Термизий ривояти).

Илк тарбия, самимий муносабат, гўзал муомала оилада ота-она намунаси орқали шаклланади. Қуш уясида кўрганини қилади. Ота-она фарзандга қандай ибрат кўрсатса, фарзанд айни шу йўлдан кетади. Абу Наср Форобийнинг: “Инсон ўз бахтига эришишда гўзалликни кўриши ва ҳис қилишининг ўзи етарли эмас, бунинг учун гўзалликни ярата олиши муҳимдир”, деган фикрларида чуқур рамзий  маъно бор. Мутафаккирнинг бу сўзларида ота-оналар ўзлари намуна бўлгани ҳолда оилада, ўзгалар билан ўзаро муносабатларда, юриш-туришда, кийинишда, фарзанд тарбиясида, улар билан бўладиган муомалада гўзал намуна ярата олиши зарур, деган ғоя ўз аксини топган.

Инсон ҳаётининг ҳар бир босқичи муҳим ҳисобланади. Ёшлик даври энг нозик, ҳаёт йўлларининг чорраҳасидир. Бу чорраҳада турган ёшлар илмга йўналтирилса ёки бирон-бир касбни бошини тутиши учун ота-она жамият, маҳалла фаоллари томонидан йўлга солиб юборилса, ундай ёшлар секин-асталик билан ҳаётда ўз ўрнини топиб кетади.

Ёш авлод тарбиясида аввало нималарга эътибор қаратиш лозим? Мутахассислар тавсиясига кўра, бола мактаб ёшига етгунича илтимослари бажарилиб, эркаликлардан қайтарилмайди. Шундан сўнг унга аста-секин тушунтириш, катталарнинг ўзи ибрат бўлиши орқали тарбия берилади. Бола ақлан ривожланиши учун унинг ёшига мос турли китоблар ўқиб берилади, ривоят ва ибратли ҳикоятлар, ақлини чархлайдиган ўйинлар, машғулотларга жалб қилинади. Руҳий тарбиясини яхшилаш учун яхшилик ва ёмонлик, ахлоқ ва одоб каби боқий мавзуларда содда, бола руҳиятига мос суҳбат ва тушунтириш ишлари олиб борилади.

 Болага гўдаклигидан халқ эртаклари ва достонларидан, топишмоқлар, мақол ва маталлардан ўқиб бериш, сўзлаш ёки унинг ўзига ўқитиш ҳам керак. Бу билан боланинг зеҳни ўсади, фикр доираси кенгаяди, дунёқараши бойийди. Энг асосийси, бола эшитганларини ўзига сингдириб, яхши одамларга эргашишга интилади, уларнинг хулқу одобидан намуна олади.

 Жисмоний тарбия бериш учун эса бирор фойдали меҳнатга жалб қилиш, миллий ўйинларимиздан кураш, сузиш, мерганлик каби машғулотларни ўргатиш лозим[1]. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга сузиш ва камон отишни, қизларга ип йигиришни ўргатинг”, деганлар (Байҳақий ривояти). Сўнг қайси касб-ҳунарга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаш лозим.

Албатта, ёш авлод тарбиясининг муаммоли жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Таассуфки, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги лоқайдлиги туфайли оилаларда турли муаммолар, зиддиятлар юзага келиши, уларнинг билиб- билмасдан турли номақбул йўлларга кириб қолиш ҳолатлари учраб турибди. Натижада улар қилган хато туфайли ота-она, маҳалла-кўй, қавму қариндошларнинг боши эгилиб қолмоқда.

Фарзанд камолотида қандай шахслар қуршовида бўлиши ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Агар атрофидаги  дўстлари одобли бўлса, у ҳам албатта, одобли бўлишга ҳаракат қилади. Лекин атрофидагилар тарбиясиз бўлса, бу фарзанд тарбиясига ҳам салбий таъсир ўтказмасдан қолмайди.

Афсус билан айтиш керакки, баъзи бир оилаларда фарзанд тарбиясига эътибор анчайин сусайган. Ота-она доимо боланинг кўнглига қарайди, хархашасини кўтаради, аммо мактабда юриш-туришидан, ўртоқлари ким эканидан бехабар бўлади. Ҳатто интернет сайтларига кириб, нималарни кўраётганларини ҳам билмайди. Бундай бола китоб ўқимайди, секин-аста кўрган нарсалари  таъсирида, миллийликни йўқотиб, “оммавий маданият” унсурларини ўзлаштира бошлайди. Шу боис ота-она жилла қурса нонушта пайти дастурхон атрофида фарзандга озгина ўгит бериб туриши, миллий қадриятлар, одоб-ахлоққа доир ҳадиси шарифлар, турли ҳикоя, ҳаётий воқеаларни айтиб бериши, келажакдаги мақсадлари билан қизиқиши, лозим. Ота-оналик бурчи ва масъулияти мана шундай пайтларда яққол намоён бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фарзанд ота-онанинг бахти бўлса, тарбияси унинг улкан вазифасидир. Зеро фарзанднинг бугуни, эртаси ва умуман келажаги шунга бевосита боғлиқ. Ёшларимизнинг комил инсон, гўзал хулқли, дунёқараши соғлом бўлиб вояга етишида ота-она, маҳалла фаоллари ва ҳадиси шарифларнинг ўрни беқиёсдир.

[1] Усмонхон Алимов. “Оилада фарзанд тарбияси”. “Movarounnahr  nashriyoti” Т:. 2019 й. Б-54.
Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АБУ ҲУРАЙРА РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУГА ҚИЛИНГАН ТУҲМАТЛАРНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШДА ТАРИХИЙ МАНБАЛАР АСОСИДА ЗАМОНАВИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ

Маҳмуд Абу Раййа (1889-1970) “Маҳмуд Абу Раййа 1889 йили 15 декабрда Мисрнинг Дақҳалия муҳофазасида туғилган. …