Home / МАҚОЛАЛАР / ТАСАВВУФ ВА ЧИШТИЯ ТАРИҚАТИДА АХЛОҚИЙ-ТАРБИЯВИЙ МУНОСАБАТЛАР

ТАСАВВУФ ВА ЧИШТИЯ ТАРИҚАТИДА АХЛОҚИЙ-ТАРБИЯВИЙ МУНОСАБАТЛАР

Ўзбекистон туб ўзгариш ва ислоҳотлар даврини бошдан кечирмоқда. “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида Ўзбекистоннинг равнақи, гуллаб-яшнаши учун аввало фидойи, интеллектуал ривожланган, баркамол авлодни тарбиялаш долзарб масалалардан биридир. Ёшларнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида тасаввуф таълимоти ва унда акс этган ахлоқий-тарбиявий масалалар муҳим аҳамиятга эга.

Тасаввуф тадрижий тараққиётга эга бир таълимот ҳисобланиб, ислом оламида VIII аср ўрталарида пайдо бўлган. Дастлаб зоҳидлик ҳаракати кўринишида куртак ёйган. Тасаввуф турли халқларнинг ижтимоий, фалсафий, бадиий тафаккуридан кенг ўрин эгаллаган кўп тармоқли мураккаб таълимот ҳисобланади.

Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”ида ёзилишича, шайх Абусаид Абулхайрдан “Тасаввуф нима?” деб сўраганларида, “Бошингда не бўлса, чиқариб ташлаш, қўлингда неки бор – қўлдан чиқариш ва бошқалардан сенга нима озор етса, ранжимаслик”, деган экан. Ҳақиқий сўфийлар ўз фаолиятида бу шартларга қатъий риоя қилган. Демак, тасаввуф таълимоти тарбия ва ахлоқий муносабатларга катта эътибор бергани билан ҳам аҳамиятлидир.

Бундан ташқари, тасаввуф холислик таълими ҳисобланиб, софлик ва поклик туйғуларини ифода этади. Тасаввуф риёсизликдир. У “Қулликка белни маҳкам этиш”га чорласа-да, Ҳақ бандаларининг ақлий, маънавий, ахлоқий имтиёзларга эга эканини амалда исботлайди.

Айни пайтда тасаввуфни инсон камолоти, ахлоқий покланиш ҳақидаги илм, десак ҳам муболаға бўлмайди. Инсон, унинг маънавий камолоти учун қайғуриш тасаввуфнинг доимий эътиборида бўлган. Сўфийларни, айниқса, инсоннинг ботиний олами, ички зиддиятлари, руҳ билан жисм ўртасидаги кураш кўпроқ қизиқтирган. Улар инсонда азалий икки қарама-қарши куч – раҳмоний ва шайтоний қувватлар борлигини, инсон Аллоҳнинг бандаси сифатида шайтон қутқусини енгиб, раҳмоний фазилатларга эга бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Инсоннинг ҳаётдаги ўрни, жамиятга бирлашиб яшаш тартибларига ҳам шу нуқтаи назардан қаралган: Чунончи, тасаввуф ижтимоий низолар, уруш-жанжаллар, мулкий тенгсизликнинг туб моҳияти, бош сабабини ҳам инсон табиати ва сийратидан қидиради, инсоннинг ахлоқини тузатишни унинг табиатидаги салбий, ҳайвоний кучларни маҳв этишдан бошлаш керак, деб уқтиради.

Тасаввуфда муомала маданияти ҳам шаклланган. У тил ва дил юмшоқлигига, ўзгалардан келадиган ранжу озорларни ҳалимлик билан, ғазаб ва адоват пичоғига сира қўл чўзмасдан бартараф қилишга ўргатади.

Эрур маҳз тақвий ва лекин риёсиз,
Убудият сарфу айни талаттуф.

Тасаввуф аҳли нодир фазилатларга бой. Улар одамларнинг сўз ва фикрларига зуғум ўтказиш – уларнинг онги, маслаги ва кўнглига тажовуз қилиш, кишининг феълига озор бериш – бўрилик билан баробар деб, муомала-муносабатда “эл қавлу феълиға” зўру зулм етказишни Ҳақ томонидан ман этилган амрларга қарши бориш, деб ҳисоблайди [1:4].

Алишер Навоийнинг “Насойимул муҳаббат” асаридаги ҳикоятда ҳақиқий мутасаввифга хос саналган уч хусусият таъкидланган. Биринчиси, тор тушунчали ноҳақ зотлар ранжитганда, ранжимаслик; иккинчиси, бировни ранжитиш жоиз бўлганда ҳам унга озор етказмаслик; учинчи ва энг муҳими, бошқа дин ёки ўзга мазҳабдаги одамларни асоссиз камситмаслик.

Мухтасар айтганда, тасаввуф том маънода инсонпарвар, инсоннинг камолоти, одамларнинг бир-бирига муносабатида, руҳий-маънавий юксалишида муносиб йўл тутиши учун жон куйдириб, қайғуриб келган гуманистик таълимот ҳисобланади.

Е.Э.Бертельснинг фикрича, “Тасаввуф адабиётини ўрганмай туриб, Ўрта асрлар мусулмон Шарқининг маданий ҳаёти ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин эмас. Бу таълимотдан хабардор бўлмасдан Шарқни англаш ҳам қийин” [2:54].

Жумладан, чиштия тариқатининг кенг тарқалиши Ҳинд диёри билан боғлиқ. Унинг шайхлари шогирдларга ўрнак бўла олишини муносиб тарзда исботлаб берган. XIII-XIV асрлар – Ҳиндистонда чиштия гуллаб-яшнаган даври Фаридуддиннинг суюкли шогирдларидан бири – деҳлилик шайх Низомиддин Авлиё (1242-1325 йй) номи билан боғлиқ. У бутун Ҳинд диёрида тариқат мавқеини мустаҳкамлади, кейин унинг кўплаб шогирдлари қитъа бўйлаб чиштия марказларига асос солди.

Низомиддин мусулмон дунёсида катта билим ва тажрибага эга буюк олим ва арбоб эди. Шу сабабли уни нафақат сўфийлар, балки обрўли уламолар ҳам ҳурмат қиларди.

Олим сифатида Низомиддиннинг ижтимоий қарашларида унинг ўзига хослиги алоҳида кўриниб турарди. Масалан, у расмий ибодат йиғинларида қатнашиш ва диний амалларни бажаришдан кўра камбағал ва муҳтожларга ёрдам кўрсатишни афзал биларди. Йўқсилларга пул тарқатар ва шу тариқа ўзига моддий зарар етказарди. Бу хайрли ва савобли ишлар уни қўшни ўлкаларда ҳам машҳур қилди.

Низомиддиннинг шогирдлари унинг ғоя ва қарашларини Ҳиндистоннинг турли туманларида тарғиб қилди: шайх Чироғ – Деҳлида, шайх Мунаввар – Панжобда, Бурҳониддин Ғариб – Диканда, Мавлон Ҳусомиддин – Гужаратда, мавлоно Сирожиддин – Бенгалда. У суҳравардия тариқатини Ҳиндистонга олиб келган шайх Баҳоуддин Закариё, шайх Рукнуддин Абул Фатҳ ва Саййид Жалолиддин Маҳмуд Жаҳониён даврида машҳурликнинг энг юқори даражасига эришди.

Низомиддин Авлиёнинг камол топишига устози Бобо Фарид кўп ёрдам берди. Унга дўстона ўгитлар бериб, кибр қилмасликни, димоғдорликдан қутулишни маслаҳат берди, зоҳидлик билан таркидунёчилик қилиш, рўза тутиш ва доимо Аллоҳга илтижо ва муножот билан яшашни ўргатди. Низомиддиннинг “кундалик дунёвий ҳаётдан тўлиқ воз кечса?” деган саволига шайх нафақат зўр бериб илтижою ибодат қилиш, балки сўфийлик йўлида асқотадиган илмларни ўрганишни давом эттиришни маслаҳат берди. Шундан сўнг Низомиддин Деҳлига кетган ва ўша ерда қолиб, узоқ йиллар давомида чиштия тариқатини тарғиб қилган.

Шайх Муҳаммад Амин Курдийнинг фикрича, тасаввуф таълимотида солиҳлар машойих ёки авлиёнинг ўзи билан юзлашишдан кўра, маънавий, руҳий фойдани уларнинг ҳаёти, ахлоқий сифатлари ва амалларидан ўрганишни олишни афзал кўради. У тасаввуфга доир асарларни ўқиш инсонни ахлоқий ва маънавий жиҳатдан тарбиялайди, деб ҳисоблайди [3].

Тасаввуфда, жумладан, чиштия тариқатида ахлоқ ва тарбия масалалари, айниқса, тарбия ёшлар учун муҳим аҳамият касб этгани боис унинг қисқача таърифини келтирсак: Тарбия – авлодлараро ижтимоий-тарихий ва ҳаётий тажрибани узатишга хизмат қилувчи, оила, таълим муассасалари, ижтимоий, сиёсий ташкилотлар ва ОАВ таъсири остида жисмонан соғлом, маънан баркамол инсонни шакллантириш ва такомиллаштириш жараёнини англатувчи тушунча [4:526-527].

Демак, тасаввуфнинг туб моҳиятини, чиштия тариқати олим, авлиё ва шайхларининг фаолиятини бугунги кун ёшларига ҳам ахборот, ҳам маълумот сифатида тушунтириб, ўргатиб борсак, ёшларимиз дунёқарашида Ватанни ардоқлаш, шунингдек, бир-бири билан муносабатларида инсонийлик ва саховатпешалик туйғулари шаклланади.

Президент Ш.М.Мирзиёев ёшлар тарбияси ҳақида сўз юритиб, бу борада шошилмаслик, ёшлар ва ота-оналарнинг талаб-истакларидан келиб чиқиб, ҳар томонлама пухта ўйлаб иш тутиш керак, [5] бу эса мамлакатда ижтимоий ва иқтисодий барқарорлик, жамиятда тинчлик ва аҳиллик, миллатлараро тотувликни сақлаб қолиш, мустақилликнинг узоқ йилларга мўлжалланган ижтимоий-сиёсий тараққиёт йўлини белгилаб олиш, истиқлолимизни ички ва ташқи хуружлардан асраб-авайлаш, янги жамиятнинг янги, юксак маънавиятли, мустақил фикрлашга қодир, айни чоғда мамлакат, миллат тарихини яхши билувчи, улуғ аждодларимиз қолдирган илмий-маънавий меросдан баҳраманд ёшларни тарбиялаш вазифаси туради, деб таъкидлайди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги кунда ёшларни маънавиятни издан чиқаришга қаратилган турли таҳдидлар, бузғунчи ғоялар, диний экстремизм ва фундаментализм, терроризм, миссионерлик ҳаракати ва оммавий маданият каби мафкуравий хуружларга қарши кураша оладиган, ватанпарварлик ва инсонпарварлик, ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик туйғулари билан яшайдиган, мустақил фикрга эга инсонлар қилиб тарбиялаш долзарб аҳамиятга эга. Бу эса таълим-тарбия жараёнини янада самарали, сифатли, қатъийлик ва талабчанлик асосида ташкил этишнинг таъсирчан усул ва воситаларини жорий этишни тақозо этади.

“Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси чиштия тариқатининг асл гуманистик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимизнинг ифодаси эканини ёритишни назарда тутади.

Мухтасар айтганда, чиштия тариқатининг Ҳиндистон бўйлаб ёйилишида, одамларнинг ўзаро муносабатларида саховат, хушхулқликни тараннум этишда Низомиддин Авлиёнинг хизматлари беқиёсдир.

Чиштия вакиллари Аллоҳга таваккул қилиб, ҳалол меҳнат билан тирикчилик қилишни тарғиб этган. Сўфий оч кишининг қорнини тўйдириш, мазлумларнинг илтимосини бажариш, камбағал-қашшоқларга баҳоли қудрат кўмак бериш йўли билан Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлишга интилиш шарт, деб ҳисоблаган. Шунингдек, бу тариқат муридлар пулига муккасидан кетиш, гадойлик билан шуғулланиш, хамр ичиш, гиёҳвандлик қилиш, тамаки чекиш каби иллатларни таъқиқлагани билан ҳам аҳамиятлидир [6:355]. Чиштия шайхлари инсонга муҳаббат, бойлик ортидан қувламасликни тарғиб этган.

Тариқат вакиллари меросхўрликни тан олмаган, муршидга ворисни олдинги шайх белгилар ёки у сайланар эди. Бу тариқат хонақоҳи оддийлиги ва соддалиги билан ажралиб турарди. Унда йиғилиб, диний илмлар ўрганиладиган ва Аллоҳни зикр қиладиган жамоатхоналар ва устоз – шайх учун ҳужра бўларди. Чиштийлар таклиф этиладиган лавозим, мартаба, амалларни рад этар ва ҳукумат билан бирор алоқани ёқламас, дунёпарастликни инкор этар эди.

Улар инсон Худодан умид қилиб, ўз меҳнати билан кун кечириши зарур, фақат оддий инсонларнинг ихтиёрий қурбонлигини қабул қилиши мумкин, деб ҳисоблаган. Сўфийнинг Ҳақ таоло олдидаги хизмати оч кишини тўйдириш, қийналган, азоб чеккан кишининг илтимосини қондириш ва камбағалга ёрдам беришдан иборат бўлган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Иброҳим Ҳаққул “Тасаввуф ва шеърият” Ғафур Ғулом номидаги Нашриёт-матбаа бирлашмаси. –Т., 1991.
  2. Бертельс Е.Э.Суфизм и суфийская литература. –М.: Наука.1995.
  3. Kadirov, Davronbek (2020) “Al-mavahib us-sarmadia” and the sources given in it concerning the nakshbandi tarikah,» The Light of Islam: Vol. 2020 : Iss. 1 , Article.
  4. Маънавият: асосий тушунчалар изоҳли луғати. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2009.
  5. Ислом энциклопедияси, Зуҳриддин Ҳусниддинов таҳрири остида. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти, 2004.
Қосимбек РАЗЗОҚОВ,
Жиззах политехника институти
Ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …