Home / МАҚОЛАЛАР / ДИН НАСИҲАТДИР

ДИН НАСИҲАТДИР

قَال رسول الله ( صلى الله عليه وسلم ) : الدِّينُ النَّصِيحَةُ لِلَّهِ وَلِرَسُولِهِ وَلأئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Дин Аллоҳ ва унинг Расули учун ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва барча мусулмонлар учун  қилинадиган насиҳатдир!”.[1]

Уламолар Ислом динининг моҳияти шу ҳадисда жамланган, деб айтган. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа иборалар билан маъноларни ифодалаб,  ислом динининг асоси насиҳат узра қурилганлигини таъкидладилар. Дарҳақиқат, ислом динининг асосий манбаси ҳисобланган Қуръони каримда ҳам “… Аллоҳга ва Расулига содиқ бўлсалар, насиҳат қилсалар, гуноҳ йўқ… ”[2] деб таъкидланади. «Биз ушбу китобда бирон нарсани баёнсиз қолдирмадик»[3] оятида таъкидланганидек, Аллоҳ таолонинг Китоби диннинг барча масалаларини ўзида мужассам этган. Инсон ўзига берилган ҳаёт давомида қандай умргузаронлик қилиши, нималардан сақланиши ва барча-барчаси Китобда ўз ифодасини топган. Шунинг учун ким унга имон келтириб амал қилса, шариатнинг ҳаммасини ижро этган бўлади. Аллоҳ таолодан савоб умидида диний ва дунёвий насиҳатларни сўзлайдиган ҳар бир насиҳатгўй мусулмон ҳидоятга чақирувчидир. 

Ҳадис матнида келган “дин” сўзи арабча сўз бўлиб, мулк, ҳукм, ҳисоб, жазо, тадбир, бўйсуниш, итоат қилиш, ибодат, парҳез, йўл тутиш, одат қилиш, эътиқод қилиш каби маъноларни англатади.

 Шунингдек, “дин” сўзи араб тилида турли маъноларда ҳам қўлланилади, Масалан, Қуръони каримда “дин” сўзи турли маъноларда100дан ортиқ маротаба келтирилган бўлиб, бу маъноларнинг ҳаммаси айни вақтдаги дин атамасида ҳам ўз аксини топган.

“Дин”да Аллоҳнинг мулки, ҳукми, қиёматдаги ҳисоб-китоби, осийларни жазолаши, тадбир қилиш каби маънолари мавжуд. Шунингдек, банданинг бўйсуниши, итоат қилиши, ибодати, парҳезкорлиги, Аллоҳ кўрсатган  йўлни  тутиши,  маълум  ишларни одат ва эътиқод қилиши каби маъноларни ҳам ўзида  ифодалайди. Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда “дин” Аллоҳ билан банда орасида бўлиши керак бўлган алоқалар йиғиндиси эканлигини англаш мумкин. Мусулмон  уламолар  мазкур  маъноларни эътиборга олган ҳолда “дин”ни “Соғлом ақл эгаларини уларнинг ўз ихтиёрларига биноан бу дунёда салоҳиятга, у дунёда нажотга элтувчи илоҳий кўрсатмалар” деб таърифлаган.[4]

Демак, дин – инсонларни эзгу ва хайрли амалларга чорлаб, ёмон ва қабиҳ ишлардан қайтариб турувчи, эътиқод ва амал борасида инсоннинг бутун бир ҳаёт йўлини белгилаб берувчи илоҳий дастурдир. Имом Бухорий ҳам бу ҳадисни муҳим аҳамиятга эга эканлиги учун “Имон китоби”да алоҳида боб очиб, ушбу ҳадис билан бошлади.

 “Насиҳат” сўзи ҳам хулус (холис) – покиза, тоза” деган маъноларни англатиб, бирор кишига насиҳат қилмоқчи бўлган инсон ўз қалбидаги покиза нарсаларини унга беришидир. Насиҳат қилаётган одам ўзи покиза бўлмоғи ва қалбидаги покиза нарсаларни бировга улашмоғи даркор.

Жамиятимиздаги зиёли олимлар улғайиб келаётган ёш авлодни насиҳат билан зийнатламоғи, ўзларининг хайрли ишлари билан ўрнак бўлмоғи лозим.  Чунки, насиҳат билмаган кишига билмаганини ўргатади, билганга билганини ёдига солади. Дин насиҳат билан қоим туради. Насиҳат тинглаганлар икки дунёда саодатли бўлади. Доно халқимизда айтилганидек:

Насиҳат тинглаганлар, билингким аҳли давлатдур.

Ислом дини инсонларни, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга, бир-бирларига самимий муносабатда бўлиб, яхши ишларга буюришга ва ёмон ишлардан қайтаришга тарғиб этади. Зеро, муқаддас динимизнинг бош ғояси насиҳат, яъни самимийликдан иборат бўлиб, барча пайғамбарлар мана шу бурч билан юборилган.

Шариати исломда ҳар бир амалнинг шартлари ва тартиби бўлганидек, насиҳатнинг ҳам ўз шартлари ва одоблари бор;

  • Мусулмон киши биродарига панду насиҳат қилмоқчи бўлса, буни бошқалардан пинҳон равишда бажариши шарт. Зеро, биродарининг айбини беркитган кишининг гуноҳини Аллоҳ таоло дунё ва охиратда ўзгалардан беркитади.

Фозиллар дейдиларки: «Бошқаларга эшиттирмасдан биродарининг ёлғиз ўзига мавъиза қилмоқ насиҳатдир. Аммо халойиқ ўртасида бировга ваъз ўқимоқ насиҳат эмас, ҳақоратдир»;

Фузайл ибн Иёз айтади: «Мўмин киши биродарининг айбини одамлар кўзидан беркитиб, унга насиҳат қилади. Фожир кимса бировнинг айбини овоза қилиб, унга лой чаплайди».

  • Насиҳат қилишнинг энг муҳим шартларидан бири, бирон масалада маслаҳат сўраган кишига холис маслаҳат беришдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳада: «Бир мусулмон ўзининг биродаридан маслаҳат сўраса, биродари албатта унга холис маслаҳат берсин » дедилар;
  • Мусулмон биродарингизга қилишингиз мумкин бўлган насиҳатдан яна бири – ўзи йўқ бўлган ўринда унинг ёнини олиш, обрўсини ҳимоя қилишдир. Чунки бундай насиҳат мусулмоннинг ўз биродарига содиқлигини кўрсатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир мусулмоннинг бошқа мусулмон устидаги ҳақларидан бири ўзи йўқлигида унга холислик қилишидир,» дедилар;
  • Насиҳат фақат тил учида бўлмаслиги лозим. Яқин дўст-ёр, қўни-қўшниларимизнинг айбини беркитиб, хатоларини тузатишимиз, уларга зарар келтирадиган ишлардан тийилишлик ва манфаат келтирадиган ишларни амалга ошириш, катталарни ҳурмат қилиб, кичикларга шафқат кўрсатиш, хиёнат ва ҳасад қилишдан йироқ бўлиш каби ёмон иллатлардан сақланишликларини тушунтиришимиз керак. Насиҳат орқали бир инсонга жамиятга тўғри яшашлиги учун йўл кўрсатган бўламиз. Зеро, Фузайл ибн Иёз айтганидек: «Бизнинг назаримизда юксак мақомли кишиларни кўп намоз ўқиш ёхуд доим рўза тутиш орқали бу даражага етишмаган, аксинча улар қалб саховати, кўнгил мусаффолиги ва умматга яхшиликни соғиниш билан шу даражага эришганлар».

Ҳадиснинг умумий маъноси:

“Дин Аллоҳ учун насиҳат”

Ҳадис матнидаги “Аллоҳ учун насиҳат” иборасини уламоларимиз, қалбимиздаги энг покиза нарсаларни Аллоҳ таолога йўлламоғимиз, Аллоҳ таолони бору бирлигини эътироф этиб имон келтирмоғимиз, унга амалларимиз, ибодатларимиз, фарзларимизни муҳаббат ила мукаммал Аллоҳ учун холис қилмоғимиз ва ҳаром қилган нарсалардан сақланиб,  ҳалолга рағбат қилиш, дея таъриф берган.

Зеро, Аллоҳ таоло насиҳат қилувчиларнинг насиҳатидан ҳамиша азалий ва абадий беҳожатдир. Тангри таолога насиҳат қуйидаги ишлар билан амалга оширилади:

  • илоҳликда Унга бирор нарсани шерик қилмасдан холис қалб билан имон келтириш;
  • зоҳирда ҳам ботинда ҳам У учун тавозеъли бўлиш;
  • Уни барча баркамол ва улуғ сифатлари билан сифатлаш;
  • Уни ҳар қандай нуқсондан поклаш;
  • Аллоҳ таолонинг Китобига, шариатига амал қилиш. Қуръони каримда айтилганидек[5] ислом дини – Аллоҳ таоло томонидан рози бўлинган, ва энг сўнгги самовий, тўғри диндир;
  • ибодатни Унга холис қилиш;
  • Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Китоб – Қуръони каримни ўқиб ўрганмоқ, агар бу ишга қодир бўлмаса шариат илми пешволарини ўзига дўст тутмоқ;
  • Роббисига итоатгўй бандаларни дўст тутиш;
  • ўзини ва оиласини ҳамда атрофидаги инсонларни, шунингдек, Аллоҳ таолодан мукаммал ҳолда нозил бўлган бу динни турли бузғунчи ва адашган кимсаларнинг ғояларидан ҳимоя қилиш.

Имом Ҳасан Басрий айтади: “Одамлар холис Аллоҳ учун бир-бирларига насиҳат қилишда бардавом бўлиб келган. Уламолар инсонларнинг зиммасидаги ҳаққи ҳақида насиҳат қилишиб, Аллоҳ учун йўлдан адашиб кетаётган кишиларни адашиб кетмасликлари учун хайрли ишларни бажаришга доим насиҳат қилишликка чақирадилар.” Инсон қалбини соф, амалини холис қилиб, бошқаларни тўғри йўлга чақириб ёмон йўллардан қайтариши билан буюк ажру савобларга эришади.

“Унинг Расули учун насиҳат”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатларини тасдиқлаган, у зот олиб келган Қуръони карим ва саҳиҳ Суннатдаги барча хабарларга иймон келтирган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга насиҳат қилган бўлади. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ва буйруқларига итоат этиш ҳам, у зотга қилинган насиҳатдир. Аслида Расулуллоҳни яхши кўриш Аллоҳни яхши кўриш демакдир: «Айтинг: «Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни яхши кўради…»(Оли-Имрон сураси, 31-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот топганларидан сўнг у кишига насиҳат қилиш учун мусулмонлар қуйидагиларни қилиши лозим:

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари ва турмуш тарзи ҳақида маълумот берувчи тарих ва сийрат китобларни ўқиб-ўрганмоқ;
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ ва одоблари билан ўзини зийнатламоқ, зеро, Аллоҳ таоло Расулуллоҳни “хулқлари буюк инсон” эканлигини Қуръони каримнинг “Қалам” сурасини 4-оятида алоҳида таъкидлаб келтирган;
  • Сўз ва амалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига риоя қилмоқ;
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини одамлар орасида тарғиб қилмоқ;
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини нодонлар ва душманлар иғво-туҳматидан, адашган тоифаларнинг даъволаридан ҳамда динда ғулув кетувчилар унга олиб кирган бидъат-хурофотлардан ҳимоя қилмоқ. Ҳозирги вақтда дин ва шариат номидан ўз шахсий манфаатлари ва ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланувчи турли оқимлардан Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг покиза суннатларини ҳимоя қилиш бурчи уламоларимизнинг зиммасига улкан масъулиятларни юклайди.

Имом Ожуррий айтади: “Расулуллоҳга насиҳат қилиш икки йўл билан бўлади: у зотни кўриб, у зотни ўзига дўст тутганларга (саҳобаларга) насиҳат ва у зотни кўрмаганларга насиҳат. Саҳобаларга насиҳат қилиш уларни улуғлаш ва ҳурмат қилиш ҳамда сўзларини беэътибор қолдирмаслик орқали ҳосил бўлади. Аммо Расулуллоҳни кўрмаганларга насиҳат қилиш у зотнинг суннати санияларини муҳофаза қилиш ва уни умматга етказиш, Аллоҳ таолонинг шариатини одамларга ўргатиш, уларни яхши ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтариш орқали ҳосил бўлади. Агар шундай қилинса, бу ишни қилувчиси “пайғамбарларнинг меросхўри” бўлади”.

 “Ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари учун насиҳат”

Мусулмонларнинг раҳбарлари ҳамда оқил кишилари ўз қўл остидаги кишиларга дин ва диёнатдан насиҳат қилмоғи, бу насиҳатларида уларга жамиятда фуқароларнинг ва раҳбарнинг ҳаққи ҳамда бурчларини англатмоғи, жамиятда жаҳолатни тарқалиб кетмаслиги учун ҳаракат қилмоғи даркор. Шунингдек, Пайғамбаримиз (с.а.в) бошқа ҳадисларда “Ҳар бирингиз қўл остингиздагилардан масъулсиз” дея доимий огоҳликка чорлайди.

Фуқароларга Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига насиҳат қилиш борасида айниқса имом-хатиблар зиммасидаги масъулиятлари ниҳоятда улкандир. Зеро, мусулмонларнинг раҳбари деганда мусулмонларнинг ҳам дунёвий, ҳам диний ишларида раҳбар бўлганлар ҳам тушунилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу кўрсатмаларига амал қилган ҳолда муҳтарам президентимиз бошчилигида миллий ва диний қадриятларимизни, маънавий меросимизни тиклаш ва уларга оид манбаларни кенг жамоатчиликка етказиш борасида (жаҳолатга қарши маърифат билан) жуда катта ишлар амалга оширилди.

 “Ва барча мусулмонлар учун  насиҳатдир!”.

Мусулмонлар оммасига насиҳат уларга ухровий ҳамда дунёвий ишларда фойдали маслаҳат бериш билан бўлади. Омманинг бир-бирларига насиҳат қилмоғи ҳам вожиб ҳам одатий амаллардан бири ҳисобланади. Масалан, сотувчи харидорга молини сотаётганда унинг бор сифатларини ҳамда айбини айтиб “хоҳласанг ол” демоқлиги ҳам, шу жумладан, отанинг ўғлига, онанинг қизига берадиган тарбияси ҳам бир насиҳатдир. Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда: “Мусулмонларга насиҳат қилиб уларни яхшиликка чорламайдиган одам мўминлардан эмас,” дейилади. Жамиятни яхшиликка чорлаш, ёмон ишлардан қайтариш, яъни амру маъруф наҳий мункар ҳар бир оқил мусулмон кишининг зиммасидаги бурчидир.

Аммо, мусулмонлар жамиятига дин-диёнатдан, хоссатан Ислом динидан насиҳат қиладиган кишилар аввало бу насиҳатнинг ҳосиласини ўзида намоён этмоғи, шариат илмини мукаммал билган, дин арконларини бажаришда, одоб-ахлоқда бошқаларга намуна бўлмоғи керак. Аввало, тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши, насиҳат қилувчи инсоннинг ўзи насиҳат қилишга етарли билим ва ахлоққа эга бўлиши, комил инсон бўлиши керак. Комил инсоннинг аҳлоқий фазилатлари: инсонпарварлик, дўстлик, ғамхўрлик, жонкуярлик, самимийлик, одамийлик, болажонлик, имонлилик, фидокорлик, хушмуомалалик, боадаблик, илтифотлилик, кечиримлилик, меҳмондўстлик, ҳалоллик, тўғрилик, диёнатлилик, ҳаромдан ҳазар этиш, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик ва ҳоказолардан иборат. Афсуски, мусулмонлар бугунги кунда бир-бирларига насиҳат қилмоқ каби маънавий бурчларига бепарво бўлиб қолди, айниқса, ухровий ишларда лоқайдлик қилиб, барча эътиборни фақат дунё ишлари ва унинг зийнатига қаратмоқда.

Ибн Баттол айтганидек: “Дин – насиҳатдир. Ислом дини сўзларда воқеъ бўлгани каби амалларда ҳам акс этади. Насиҳат имконият даражасида амалга оширилади. Сўзи қабул бўлишига кўзи етган ва бирор зарар таҳдид солмаган киши насиҳат ҳаққини адо этишга киришади. Аммо насиҳат ортидан ўзига зиён-заҳмат етадиган бўлса, насиҳат қилувчи ушбу амални тўхтатишга ҳаққи бор”. Аммо, дин-диёнат ривожи, юртнинг келажаги ва жамият равнақи насиҳат билан эканини жамиятнинг оқил кишилари ҳеч қачон унутмаслиги лозим.

Ҳар қандай жамият ичра насиҳат бардавом бўлса, ўша миллатнинг келажаги албатта буюк, халқи фаровон, фуқаролари оқибатли, мамлакати қудратли бўлиб бораверади, инша Аллоҳ таоло. 

[1] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008. 1-жуз, Имон китоби, 37-боб. –Б. 48.
[2]Тавба, 91.
[3] Анъом, 38.
[4]Ислом энциклопедияси. – Б 135-136. Яна қаранг; Шамсиддин  Кўҳистоний,  Жомеъ ар-румуз, Қозон, 1902; Ал-Мунжид, Байрут, 1986.
[5]Моида сурасининг 3-оятида бу ҳақда баён қилинган.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …