Home / МАҚОЛАЛАР / САМАРҚАНДДАГИ МИРЗО УЛУҒБEК МАДРАСАСИ ТАЪМИРЛАНИШИГА ДОИР

САМАРҚАНДДАГИ МИРЗО УЛУҒБEК МАДРАСАСИ ТАЪМИРЛАНИШИГА ДОИР

Самарқанд шаҳри ўзининг қадимийлиги ва бетакрорлиги билан ажралиб туради. У ўзининг салкам уч минг йиллик тарихини ўзида мужассамлаштирган. Ўз тарихининг турли йилларида бунёд этилган муҳташам бинолар шаҳар кўринишига зеб бағишлайди. Ана шундай муҳташам иншоотлардан бири Улуғбек мадрасасидир. У ўзининг маҳобатлилиги, ноёб меъморий хусусияти, бой қурилиши ва таъмирлаш тарихи билан ажралиб туради. Президентимиз Ш.М. Мирзиёевнинг қадим ва навқирон Самарқанд шаҳрининг бой маданий меросини сақлаш бўйича: “Самарқанддаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжоларни таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари изчил давом эттирилади ”[1] – дея бежизга айтмаган эдилар.

XV аср ўрталарида шаклланган Регистон ансамблидан ҳозирги вақтгача сақланган мадрасалардан бири Улуғбек мадрасаси бўлиб, у ҳижрий 820-823 йилларда (1417-1420 милодий) бунёд этилган. Олий диний ўқув юрти сифатида бунёд этилган ушбу мадраса Улуғбек замонида дунёвий илм марказига айланиб, унинг дарсхоналарида диний илмлардан ташқари астрономия. фалсафа. математика каби фанлардан маърузалар ўқилган.

Самарқанддаги Регистон майдони ҳақида иккита монография, бир неча ўнлаб илмий мақолалар ва маърузалар тайёрланиб чоп этилган. Регистон майдони ҳақидаги нашр этилган монографиялардан бири «Мавзалей Регистан» деб юритилиб, олимлар ҳаммуалифлиги, М.Э.Массон таҳрири остида ёзилган илмий мақолалар тўпламидан иборат. У 1958 йилда рус тилида чоп этилган. Китобда ёдгорликка доир деярли барча масалалар: ёдгорликнинг меъморий режавий ечими, унинг нақши-нигорлари, ёдгорлик устида олиб борилган меъморий-археологик изланишлар натижалари, ёдгорликларнинг қурилиш тарихи каби масалалар ёритиб берилган. Муаллифларга Г.А.Пугаченкова[17], М.Э.Массон ва бошқалар киради[4]. М.Э.Массон раҳбарлиги остида 1929 йилда нашр қилинган “Регистан и его медресе” деб номланган китоб Самарқандда нашр этилган бўлиб, асосан Регистон ансамбли ва унинг мадрасалари ва уларнинг дастлаб, қурилишдан олдинги лойиҳаларидан тортиб, мадрасалардаги ҳар битта ҳужралар ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилган. Бундан ташқари, 100 йил олдинги эски шаҳарнинг бунёд этилиши билан боғлиқ бўлган маълумотлар келтириб ўтилган[5]. Мустақиллигимиз шарофати билан меъморчилик соҳасида жуда катта ютуқларга эришилди ва бу борада меъморчиликка оид бир нечта китоблар чоп этилган. Булардан бири «Самарқанд асрлар чорраҳасида» деб номланиб, 2001 йил нашрдан чиққан бу китоб Самарқанд шаҳрига «Амир Темур» ордери берилиши билан боғлиқ бўлиб, бу эрда мустақилликдан кейинги олиб борилган ишлар тўғрисида ва меъморчиликда бўлаётган ўзгартиришлар тўғрисида таъкидлаб ўтилган[6].

Ёдгорлик ҳақидаги иккинчи монография Р.Ш.Зоҳидовнинг «Регистон майдони тарихи» деб аталади. У 2007 йилда чоп этилган. Ушбу асарда муаллиф Регистон майдонинг яъни Тиллакори, Шердор ва Улуғбек мадрасаларининг таъмирлаш жараёни тўғрисида умумий маълумотлар келтириб ўтилган. Аммо тўлиқ ҳолда таъмирлашнинг йилма-йил олиб борилганлиги кўрсатиб ўтилмаган[7].

Мадраса лойиҳаси Шоҳруҳ Мирзонинг сарой меъмори Қавмиддин Шерозой ҳисобланади. Улуғбек мадрасаси биноси меъморчилик асари жиҳатидан ва сифат нуқтаи назардан ҳам мусулмон Шарқида ана шу типдаги биноларнинг классик намоёндасидир. Улуғбек мадрасасининг сақланиб қолган қиёфасининг ўзи, ўтмиш меъморчилик санъати нақадар юксак эканлигидан дарак беради. Мадраса тўғри тўртбурчак бўлиб, сатҳи 56 х 81 метр тўртбурчак (чорбурчак), ҳовлининг сатҳи 30 х 40 метр, унинг ўртасида саккиз қиррали ҳовуз бўлган. Регистонга қараган томони бош томон бўлиб, катта пештоғи чуқур токчадан иборат ва 15 метрли найзасимон арк билан ёпилган. Кейинчалик пештоқ ўқида жойлашган бош дарвозадан яна икки томонидаги ровоқ токчалари ўртасидан иккита эгри-бугри шаклдаги йўлаклардан эшик ҳам ўтказилган. Икки ёнбошдаги кўчалардан кириш учун ёрдамчи эшиклар қилинган. Бинонинг бурчакларида тўртта ўқув хоналари мавжуд. Бешинчиси чўзилган шаклда бўлиб асосий томоннинг рўпарасида жойлашган ва масжид вазифасини ўтаган. Дарсхоналарга кирадиган эшиклар, тепаси ёпилган йўлаклардан ўтади ва ҳовлининг тўрт томонида жойлашади, ўқув хоналарига ёруғлик кичкина ойначалардан киради. Ойналар бинонинг ташқи юзасида жойлашган. Кириш дарвозалари, айвон ва дарсхоналар баландлиги икки ошёнли ҳужралар баландлиги билан тенг. Икки ошёнли ҳужралар ички ҳовлини ўраб олиб, ҳар томондан олтитадан туташтирилган, фақат биринчи қаватдаги кириш йўлаклар тўртта қанос энлигини эгаллаб бу туташувга кирмаган. Режа тузилиши бинонинг ўқига нисбатан симметрик берилган. Яшаш ҳужраларига киришдаги йўлакларда токчалар ва пешайвонлар мавжуд, хоналарнинг сатҳи 3х3,7 ёки 3,2 х4,6 бўлиб, тўрида ёрдамчи хона ҳам бор. Улуғбек мадрасаси ёпиқ тўртбурчакли ҳовли бўлиб орқасида масжид ва хонақо бўлган. Ансамблнинг тўрт бурчагида тўртта минора бўлган. Ҳовлининг атрофида ҳужра бўлиб улардан юздан ортиқ мадраса талабалари яшаганлар. Бошланғич кўринишда Улуғбек мадрасаси хонақолар устига ўрнатилган. Тўртта гумбаздан ва икки қаватли бинодан иборат бўлган. Мадраса майдонга улкан арк кўринишида қаратилган. Уларнинг қолган учта томони хам ўқсимон арк билан безатилган. Орқа портал миноранинг кириш қисмидир. Порталлар ушбу иншоотларнинг энг ажойиб элементлари ҳисобланиб безак вазифасини бажарган, иншоотга улуғворлик бахшида этган. Бу улуғворлик жуда оддий усул билан эшик ўйиқларини катта қилиб кўрсатиш билан амалга оширилган. Иншоот одамда нафосат ва енгиллик ҳисларини уйғотади. Деворларда релееф безаклари ва унинг қалинлиги ишора қилади, баъзида бу нарса йўққа чиқади геометрик безак орнаментлари аркнинг безак панноси, деворнинг кўк, ҳаворанг безаклари инсонларнинг бинонинг оғир ғишт қатламларидан иборат эканлиги ҳақида ўйлантирмайди. В.Л.Вяткиннинг сўзларига қараганда у «Ўрта Осиёдаги сақланиб қолган қадимги мадрасалардан бири ҳисобланади»[2]. XV асрнинг 20-40 йилларида Регистон майдонида кўплаб монументал бинолар қад кўтариб, бу майдон Самарқанд шаҳрининг бош майдонига айланади. XVI асрларда Улуғбек мадрасасидан қолган бинолар вайронага айланганлиги туфайли улар йиғиштириб олинади. XVII асрда эса бу ерда Ялангтушбий Баҳодир томонидан иккита мадрасанинг бунёд этилиши натижасида Регистон майдони ҳозирги кўринишга келади.

Темурийлардан кейин Самарқанд тахтига ўтирган шайбонийлар бу шаҳарнинг ободончилиги борасида катта ишлар қилдилар. Тарихчи Хофиз Таниш Бухорийнинг ёзишича, Абдуллахон ИИ 1581 ва 1587 йилларда, икки марта, Самарқанддаги меъморчилик ёдгорликларини таъмирлашга фармон берган, шу мақсадда катта маблағлар сарфланган. Регистон майдони XVIII асрнинг бошларида яна улкан қурилиш майдонига айланди[3].

1868 йилда мадраса минорасининг бири қулаб тушади. Қолган учтаси ҳозиргача сақланган бўлсада уларнинг юқори қисми бузилган. 1932 йилда мадрасанинг қарийб 2 метрга оғган шимоли-ғарбий минораси тикланади.

Профессор А.С.Ўролов бу давр архитектурасини қуйидагича таърифлайди: “Мирзо Улуғбек ўзининг бунёдкорлик фаолиятини шаҳарсозлик, меъморчилик, боғ-ландшафти, қайта тиклаш ва таъмир ишлари, тасвирий санъат ва наққошлик каби соҳаларда кенг кўламда олиб борди. Муҳими шундаки, у бу ишларни нафақат пойтахт Самарқандда, балки Шаҳрисабз, Бухоро, Ғиждувон, Ясса, Марв, Занги ота каби шаҳарлар ва қасабаларда олиб борди. Самарқандда амалга оширилган бунёдкорлик ишларининг мавқеи ва унда қўлга киритилган ютуқлар бу ерда ўзига хос меъморий мактаб яратилганлигининг далилидир”[8]. 1420 йилда мадраса қурилиши ниҳоясига етганлиги ҳақида бинонинг бош арк пештоқидаги ёзув хабар беради. «Бу илм биносининг асосчиси улуғ султон, султоннинг ўғли, дунёнинг ва асрларнинг мутафаккири Улуғбек Кўрагоний, баландлиги осмонга қадар икки ўлчам, оғирлигидан ер юзининг чўққиси титрайди», деган сўзлар мадраса пештоғида ёзилган. Аммо бу сўзлар Улуғбек мадрасасининг ҳозирги ҳолатининг асл нисбатлари ва сифатлари ҳақида етарли даражада хабар бера олмайди. Ҳовли периметри бўйлаб бинонинг иккинчи қавати мавжуд эмаслиги, Шердорга ўхшаган баланд гумбазлари йўқлиги, тўртта миноралардан фақат иккитаси сақланиб қолганлиги, бош пештоқ ва минораларнинг тожлари бузилиб кетганлиги сабабли мадрасанинг олдинги ҳолатини тасаввур қилиш имкониятини бермайди. Юзлаб йиллар давомида ёнидан ўтган кўчаларга нисбатан бино анча чўккан. Ҳовлининг сатҳи майдондан 2,2 метрга пастдир. Лекин, ҳозирги кунгача сақланиб қолган бино шакллари Улуғбек мадрасасининг бунёдкорлари ва қурувчиларининг меъморчилик маҳорати юқори бўлганлигидан далолат беради. Мадрасанинг чап ва ўнг томонида қад кўтариб турган минораларига назар солсак, минорани қийшайиб турганлигининг гувоҳи бўламиз. Асосан буни қуёш ботаётганида мадрасани ёнида тик турмаганини яққол кузатиш мумкин. Улуғбек мадрасасини олти аср давомида 2 метрга чўккан деган тахминлар бор. Ҳар бир минораларнинг оғирлиги 400 тонна бўлиб, баландлиги 33 метрдан бўлса, уларнинг пойдевори 9 метрни ташкил этади. Ҳар бир минораларнинг ичида 56 тадан зиналари бор. Шунинг учун бу мадрасани баъзида «Миноралари чўкаётган мадраса» деб юритилади. Аслида, ушбу минораларни устида шарафалари бўлган яъни, икки поғонали бўлишган. Лекин афсуски, юқори поғоналари бизнинг давримизгача етиб келмаган. Демак, миноралар орқали яна ҳам баландга чиқишган деган маълумотлар ҳам бор[9].

Регистонда қурилган Улуғбек мадрасасидан 1752 йилда Амир Муҳаммад Раҳим даврига келиб нон омбори сифатида фойдаланишган. Кейинчалик ХИХ асрга келибгина Улуғбек мадрасаси яна талабалар билим олиши масканида айлантирилган. Айнан мана шу даврда ҳовлидаги ташқи айвончаларни таъмирлаш ишлари олиб борилган. Улуғбек мадрасаси йиллар тўфони, зилзила ва айниқса XVIII асрдаги жангу-жадаллар таъсиридан анча талафот кўради. Ташқи минора, гумбаз, иккита минора ва бир неча турар жойлари вайрон бўлган. 1907 йилда зилзила оқибатида ҳовлидаги айвонларнинг деярли ҳаммаси шикастланган. Шу йилда зарарланган жойларни таъмирлаш учун махсус комиссия тузилган. Унга раҳбар қилиб В.Л.Вяткин тайинланган эди, аммо унинг раҳбарлиги остидаги гуруҳнинг фаолияти самарасиз бўлган. 1918 йил биринчи бўлиб шимолий шарқий миноранинг оғаётганини, ҳар куни бу минора асосий бинодан ажралиб қийшаяётганини сезишади. Аниқ эдики агар чора кўрилмаса минора вайрона бўлар эди. Минорани ўзларининг дўконлари устига қулашидан қўрқиб бу маълумотни Самарқанднинг музейларини ва қадимий ёдгорликларини ҳимоя қилиш бўйича қўмитаси ходими В.Л.Вяткинни хабардор қилишга қарор қилади. В.Л.Вяткин Самарқанддаги ёдгорликларни қўриқлаш бўйича мутахассис эди. Бу қўмита томонидан 1920 йил май ойида Самарқанддаги қадимий ёдгорликларни қутқариш ва реставрация қилиш бўйича махсус комиссия «СамКомистарис» иш бошлади. Комиссия таркиби учта бўлимдан иборат бўлиб, қурилиш, бадиий ва археологик йўналишларда бўлган[10]. Вақтинчалик минорани қутқариш учун уни ёғоч карсет билан ўраб қўяди. 36 тоннали 24 та пўлат арқон билан минорани шимоли-шарқий подиум томонга ёғоч лангарларга маҳкамлаб қўйилади. Бунинг натижасида минора оғишдан тўхтаб нормал ҳолатидаги 108 белгида тўхтайди.

Ёдгорликни сақлаб қолишнинг муҳимлиги ҳақида М.Э.Массон шундай дейди: «Комиссия аъзолари машҳур Улуғбек мадрасасининг катта илмий ва бадиий мазмунга эга эканлигини ва унинг фасади битта минорасиз ёмон кўринишга эга бўлишини тушунишади. Шусиз ҳам 1870 йилда 4та минорадан 2 таси бирин-кетин қулаб тушади». Минорани тиклашнинг иккита йўли кўриб чиқилади. Муҳандис Б.Н.Касталский минорани ғиштларини йиғиб қайта тиклашни айтади. Вилоят архитектори М.Ф.Мауэр бундай реставрация қадимий ёдгорликни вайрон қилади деган фикрни илгари суради. Унинг ўрнига ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган иншоот вужудга келади. Иккинчи усул эса М.Ф.Мауэр томонидан илгари сурилади бу усул минорани асосий бинодан ажратиб оғдириб яна жойига қўйишдан иборат эди. Бу икки муҳандис ўртасидаги баҳс узоқ давом этади. 1920 йил 5 июнда М.Ф.Мауэр томонидан тезлик билан ишга киришиши талаб қилинди. Комиссия техник қурилиш бўлимига минорани тиклаш ва уни ҳеч бир навбатсиз амалга оширишни юклади. Б.Н.Касталский ва М.Ф.Мауэр ўртасида баҳслар комиссиянинг ҳар бир йиғилишида давом этганидан марказдан, Тошкентдан техник консультантлар таклиф этилди. Уларни кўпроқ Мауэрнинг фикрлари қониқтиради. Мауэр катта тадқиқот ишларини олиб бориш учун мадраса ҳақидаги қўшимча маълумотлар тўплайди ва форс тилини ўргана бошлади. У Регистонда шахсан мадрасанинг архитектура ўлчамларини текширади ва пўлат трос арқонлар билан боғланган миноранинг ҳолатини кўзган кечиради” деб ёзади М.Э.Массон ўша йиллар ҳақида. М.Ф.Мауэрнинг таклифига мувофиқ Москвада ёдгорликни қайта тиклаш бўйича икки марта лойиҳа кўриб чиқилади. Биринчи лойиҳа маълумотлар тўлиқ бўлмагани учун қолдирилади. Иккинчи марта эса лойиҳа илғор рус муҳандиси Владимр Грекоривич Шуков томонидан тузилади, Мауэр бу лойиҳани Шуков билан келишган ҳолда тақдим этади[13,14,15,16]. Бу ғоя жуда содда эди. Умумий кўринишда бу шундай эди: 37 метрлик баландликка ва 2,5 тонна оғирликка эга бўлган минора негизига ходалар киритиб оғаётган томонини ричаклар ёрдамида кўтариш. Минорани тикланганда ҳосил бўлган бўшлиқни бетон билан тўлдириш таклифи киритилди. А.В.Кузнетсовнинг кўрсатма беришича бу фикр кутилмаган ва бажариб бўлмайдиган эди. Лекин Шуков минорани кўтаришдан кўра тушириш осонроқ эканлигини исботлаб берди, чунки тушириш иншоотнинг ўз оғирлиги эвазига бажарилиши ташқи ёрдам ишлатилмаслиги айтиб ўтилади. Иккинчи усул минорани ҳар қандай атроф таъсиридан қўриқлаш кўрсатилди. Ғоя амалга оширишга киритилди.

1927 йилда М.Ф.Мауэр лойиҳаси бўйича В.Г.Шуков бошчилигида Москванинг “Мостет” заводидан металл конструкциялари ясалди ва Самарқандга юборилди. Бу конструкциялар миноранинг асосига маҳкамланиши зарур эди. Конструкцияларни кўздан кечирган Мауэр улардаги хатоларни белгилаб, «бу хатоликлар вазифани бажариш ҳалокатга олиб келишини» айтди. Бунинг натижасида у Москвага қайтиб бориб, қўйилган хатоликларни бартараф этишга эришди. 1931 йилга келиб миноранинг оғиши 5,1 га кўпайди, у уни вайрон бўлиши хавфини кўрсатар эди. Миноранинг оғирлик маркази горизонталь текислик юзасидан фундамент ўқига нисбатан 1055 мм силжиган. Зудлик билан ишни бошлаш лозим эди. Шухов лойиҳаси бўйича ишлар бошланиб кетди. Миноранинг асосидаги ўн бешта хода устунларни олиб ташлашдан олдин белгиланган маррадан юқорироқда темир албастор қуйиб маҳкамлаш зарур эди. Ходалар квадрат қути кўринишидаги конструкцияга маҳкамланган эди. Конструкция миноранинг корпусини ўраб олган ҳар бир олиб ташланган ходалар темир албастор қоришма ораси 2-4 см. Бу оралиқ сув билан аралаштирилган ва клей билан тўлдириб борилади. Кейин ходаларни оғиб кетишдан сақлаш учун уларни маҳкамлаш лозим эди. Ҳар бир посонги узунлиги 1275 мм, қалинлиги бир тарафи 89,2 мм, иккинчи томонида 147 мм оғир маҳкамланган ходалар прогонларга бориб тақалади. Босимнинг бир текисда тақсимланиши учун фасонли остига қалин свинетс йўл ўтган[11]. Минорани оғиб кетишини олдини олиш ва хавфсизликни таъминлаш учун посонгилар томонларига (слиндр юзага) поналар қоқилди. Бу поналар слиндр юзага эга пўлат ёстиқчалардан иборат эди. Бу ёстиқчалар янги жойларга ўтказиб турилади. Четки ёстиқчалар қайрағочдан ясалган, чунки қайрағоч эмандек мустаҳкам ҳисобланади. Констукцияларнинг барча элементлари аниқ ҳисоб-китоб билан йиғилган. Миноранинг айланиши трос-арқонлар тизими ёрдамида амалга оширилади. Миноранинг безаклари бузилмаслиги учун улар остига юмшоқ дарахт ётқизилди. 1932 йил 11 мартда В.Г.Шухов Самарқанддан Мауэрдан хат олади унда айтилишича миноранинг тикланиши тугалланди ва у сиз лойиҳалаштирган ходалар тизими конструкцияси ёрдамида устунларга мустаҳкамланган деб фотосуратларни илова тарзида киритиб ўтилган эди. Шу тарзда мадрасанинг минораси яна аввалги ҳолатига келтирилган эди[12].

Мадрасадаги энг катта таʼмирлаш ишлари 1952 йилда олиб борилган, бунга кўра бинонинг қайта таъмирланиши, ҳовлидаги аркаларнинг кўчиб тушган жойларини тўғрилаш ва бинодаги кичик таъмирлаш ишлари ҳам тўлақонли равишда олиб борилган. 1967 йилга келиб эса Гендел лойиҳаси асосида мадрасанинг шарқий-жанубий минораси қайта таъмирланган. Бунга кўра миноранинг асосини мустаҳкамлаб, унинг шикастланган қисмларида конструктив ишлар амалга оширилган. Улуғбек мадрасасининг катта пештоқининг ичида белбоғлар мавжуд, бунинг қўйилишининг сабаби бинонинг иккинчи этажи қулаб кетади ва унинг икки томонидаги қовирғали гумбазлари умуман йўқ бўлиб кетади ва шундан сўнг катта равоқли пештоқ ўзини ушлолмай ағдарилиб кетади. Пештоқнинг қулаб кетишини олдини олиш учун ўртасидан трослар билан тортиб қўйилган. 1977 йил октябр ойига келиб, Улуғбек мадрасаси биносининг асосига сув сизиб ўтиши сабабли уни таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бунга кўра муҳандисларга бинонинг ғарбий девор қисмининг асосини таъмирлашни вазифа қилиб берилган эди. Айниқса ғарбий қисмнинг шимолий-жанубий қисми ҳаддан зиёд яроқсиз ҳолатга тушиб қолган эди. Асоснинг зарарлангани сабабли шимолий-шарқий ҳамда жанубий-шарқий минораларни тўғрилаш ҳам зарур бўлган.

Таъкидлаш лозимки, мустақиллик йилларида Самарқанд юртимизнинг нафақат маданий, балки кўплаб ҳалқаро анжуманлар, учрашув ва мулоқотлар ўтказиладиган йирик ижтимоий-сиёсий марказларидан бирига ҳам айланди. Истиқлол йилларида Самарқандни дунёнинг энг гўзал сайёҳлик масканларидан бирига айлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда.

Шундай қилиб, Улуғбек мадрасасида йиллар давомида тури зилзила ва сув тошқинлари ва намгарчилик сабаб кичик кичик конструксив ишлар амалга оширилган. Мустақиллик йилларига келиб мадрасанинг деярли барча жойлари қайта таъмирланади. 2011-2012 йилларга келиб мадрасанинг ғарбий-шимолий томон гумбазлари тикланган. Мустақиллигимиз шарофати билан маданий ёдгорликларни сақлаш ва таъмирлаш жараёнини узликсиз равишда олиб борилишида сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2014 йилда Улуғбек мадрасасида олиб борилган сўнгги таъмирлаш ишлари ва Шердор мадрасасининг ҳовлисидаги қарама қарши пештоқнинг таъмирланаётганлиги бунга яққол мисол бўла олади.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
  1. Мирзиёев Ш.М. Буюк келажагимизни мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз// -Т.:Ўзбекистон, 2017. 187-бет.
  2. В.Л.Вяткин. Памятники древностей Самарканда. Т., 1929. стр 27.
  3. Қ. Мамараҳимов. А.Бердимуродов. Самарқанд тарихий малумотнома. Тошкент. 2000. 109-112 бет.
  4. Алескеров Ю.Ж. Самарканд. Страницы истории. Ташкент. 1967 г
  5. Массон.М.Е. Регистон и его медресе. Самарканд. 1929 г.
  6. Рўзиев. Э.М. Самарқанд асрлар чоррахасида. А.Қодирий. -Тошкент.2001. – Б. 19-35.
  7. Зоҳидов.Р.Ш. Регистон майдони тарихи. А.Қодирий. -Тошкент.2007 й. Б. 47-69
  8. Ўролов А., Хожихонов М. Улуғбек яратган маънавият -Т.: 1994, 82-бет
  9. Ремпел Л.И. Архикетурный орнамент Узбекистана. Ташкент, 1961
  10. Плетнев. И.Е. Обаснавание к проекту реставрации соффитов главного портала Улуғбека. Ташкент. 1920 г
  11. Бартолд.В.В. Улуғбек и его время. Ташкент. 1915 г.
  12. ЎзРМДА, С–68-65/А-90-фонд, Албом Фотоиллиустратции. Медресе Улугбека в.г. Самарканде. 1994 й.
  13. Бартольд В.В. История культурной жизни Туркестана. Сочинение, Т.ИИ. ч. 1. 1963. – С. 167-433.
  14. Семѐнов А.А. Некоторые особенности материальной культуры прошлых эпох Средней Азии // Известия Средазкомстарис. 1928. Вып. 1. – С. 11-13.
  15. Лунин Б.В. Из истории русского востоковедения и археологии в Туркестане. – Ташкент: Фан, 1958.
  16. Его же. Научные общества Туркестана и их прогрессивная деятельность. – Ташкент: Фан, 1962. – 112 с.
  17. Пугаченкова Г.А.Самарканд. Бухара. (По древним памятникам). (Серия «Архитектурно-художественные памятники городов СССР»). М., Искусство. 1961. 213 с.
Дилмурод Мамарасулов,
Самарқанд давлат университети
Ўзбекистон тарихи кафедраси ўқитувчиси

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …