Home / ЯНГИЛИКЛАР / АНЪАНАГА АЙЛАНАЁТГАН ЭЗГУ АМАЛЛАР

АНЪАНАГА АЙЛАНАЁТГАН ЭЗГУ АМАЛЛАР

Жонажон юртимизда жорий йилги Рамазон ойи катта шукуҳ билан ўтди. “Ҳазрати Имом” мажмуаси ёнида қад ростлаб, ҳудуд кўркига кўрк қўшган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган давлатимиз раҳбари пардозлаш ишларини кўздан кечираётиб, шундай деди: “Бугун, муборак Рамазон ойида, жума кунида бу ерга келишимиз бежиз эмас. Бундай улуғ айём кунларида қилинган ниятлар амалга ошади. Охирги йилларда оғир-оғир синовлардан ўтдик. Лекин бу ерда иш тўхтагани йўқ. Нима учун буни қуряпмиз? Халқимизнинг дунёқарашини, ғурурини кўтариш, қандай буюк эл эканимизни ашёвий далиллар билан намоён этиш учун”.

Диний соҳа вакиллари учун ҳам маърифат маскани бўлиб қоладиган мазкур марказда Ўзбекистан мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистан халқаро ислом академияси ходимлари барча имом-хатиблар, ноибларнинг тизимли тарзда малака оширишларини таъминлаб боришади.

Қадр кечаси — умрлар, ажаллар, ризқлар ёзиладиган кундир. Ҳар йили ушбу кечада тақдирлар белгиланади. Қадр ке­часи юртимиздаги 350 та жоме масжидда Қуръони карим хатмлари ниҳоясига етди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги барча мас­жидда Каломуллоҳнинг хатм дуолари қилинди. Рамазоннинг охирги ўн кунлигида — “Итқум минан нийрон” даҳасида бир гуруҳ уламоларимиз Америка Қўшма Штатларига жўнаб кетишлари ўзига хос воқелик бўлди. Улар Огайо штатидаги Цинциннати шаҳрида қурилаётган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжидига тамал тошини қўйиб берди. Мазкур масжид миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилмоқда. Шунингдек, ўзбекистонлик меҳмонлар Филадельфия шаҳрида қурилаётган янги “Масжид ал-Бухорий” ислом маркази ва масжидини бориб кўришди.

Бундай мисоллар асрлар оша меҳр-оқибат, хайру саховат, маънавият-маърифат дини бўлиб келган муқаддас ислом динимизга сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида эътибор кучайганини дунё ҳамжамияти эътироф этаётганидан далолат беради.

Давлатимиз раҳбари 26 апрель куни ўтказилган туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видео­селектор йиғилишида Рамазон ойи муносабати билан юртдошларимизга беш кун дам берилишини маълум қилди. Ҳақиқатан ҳам, Рамазон ҳайити кунлари хурсандчилик қилиш, бу айёмни байрам кайфиятида ўтказишнинг савоби улуғ экани муқаддас динимиз таълимоти билан ҳамоҳангдир.

Ривоят қилишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида маҳаллий аҳоли икки кун ўйин-кулги қилишар эди.

Бу икки кун қандоқ кун? — деб сўрадилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Биз жоҳилият даврида шу кунлари ўйин-кулги қилар эдик, — дейишди улар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

—    Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ — Азҳо (Қурбон) ва Фитр (Рамазон ҳайити) кунларини берди, — дедилар.

Виждон эркинлиги тўлиқ таъминлангани Рамазон ойи давомида мамлакатимиздаги 2085 та масжидда, жумладан, Тош­кент шаҳридаги 224 та масжидда таровеҳ намозлари эмин-эркин ўқилганида яна бир бор намоён бўлди. Бундай ибодатларда юртимиз тинч-осойишталиги, халқимиз турмуши фаровонлиги ва маъмур бўлишини тилаб хайрли дуолар қилинди.

Қувонарлиси, барча масжидда мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида таҳсил олган талабалар Қуръони каримни хатм қилиб беришди. Ёши улуғ кишилар яхши эслашади: истиқлолнинг дастлабки йилларида юртимиздаги масжидларда Рамазон ойида қорилар етишмас, Миср, Саудия Арабистони ва Туркиядан ҳофизи Қуръонлар таклиф этилар эди. Бугун қориларимиз нафақат юртимизда, айни пайтда тушаётган таклифларга биноан чет давлатларда ўтаётган таровеҳ намозларида мусулмонларни Каломуллоҳдан баҳраманд этишмоқда.

Рамазон ойи ва Ҳайит кунларида кўплаб кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, етим-есирлар, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий жиҳатдан кўмаклашилгани ҳам муқаддас динимиз таълимотининг инсонпарварлиги намунасидир. Хонадонларда ташкил этилган ифторлик тадбирларида аҳоли, хусусан, ёшларга қўлга киритилаётган ютуқларимизнинг асоси бўлган осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, тинчликни асраб-авайлаш, мустақиллиги­мизни янада мустаҳкамлаш, турли ёт ғоялар таъсиридан эҳтиёт бўлиш шарт экани борасидаги ўгитлар муборак ой фазилатини янаям кўркамлаштирди.

Рамазон ойи давомида маҳаллаларда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли тадбирлар юртимиздаги турли миллат ва элатлар вакиллари, ҳар хил диний конфессиялар аъзоларининг янада иноқлашувига, ҳамжиҳатлигига хизмат қилди.

Эзгулик ва хайру саховат ойида баъзи сабаблар билан юз кўришмас бўлиб кетган оилаларни муросага келтириш савоби улуғ амаллардан. Шу боис имом-хатибларимиз, отинойиларимиз ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида нотинч, ноқобил оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, низолашганларни яраштиришга алоҳида эътибор қаратди. Бунинг натижасида кўплаб оилалар яна ўз бахтини топиб кетди.

Муборак Рамазон ойи давомида қилган хайрли амалларимизни анъанага айлантириб, йил бўйи давом эттиришимиз юртимиз тинч-осойишта, осмонимиз мусаффо, халқимиз турмуши фаровон бўлишини таъминлашга самарали таъсир қилади.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022 йил 6 май, №93(8155)

Check Also

Марказ илмий ходимлари – “Россия мусулмонларининг VI халқаро форуми”да

Шу кунларда Россия Федерацияси Татаристон Республикасининг Қозон шаҳрида жойлашган Булғор ислом академиясида “Россия мусулмонларининг VI …