Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ФАҚАТ ЯХШИЛИКДИР

ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ФАҚАТ ЯХШИЛИКДИР

Президентимиз томонидан инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ишлар бугун ҳаётимизнинг барча жабҳасига кириб борди. Хоҳ сиёсат, хоҳ иқтисодиёт бўлсин, хоҳ маданият, маърифат ва маънавият соҳаси бўлсин, уларнинг барчасида янгиланиш юз бермоқда.

Мамлакатимизда кейинги йилларда диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар, эътиқод эркинлигининг мустаҳкамлангани, буюк боболаримиз меросини ўрганиш ва асраб-авайлаш, тарғиб қилиш борасидаги чора-тадбирлар нафақат халқимизни ғоят мамнун этаётир, балки дунё жамоатчилиги эътирофига ҳам сазовор бўляпти.

Бу борадаги ислоҳотлар орасида марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасининг абадийлаштирилгани, ҳаёти ва фаолияти, бебаҳо меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга юксак эътибор қаратилганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги муҳташам мажмуанинг бунёд этилишига жиддий аҳамият бериб, бу ерга бир неча бор ташриф буюргани, қурилиш жараёнларини қатьий назоратга олгани маънавий-маърифий ҳаётимиздаги унутилмас воқелик бўлди. Зеро, илм аҳлига, уламоларга, дин пешволарига бундай ғамхўрлик динимизнинг тамал тоши бўлмиш Қуръондаги “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир” деган ояти кариманинг ҳаётий ифодаси, дейиш мумкин. Шу билан бирга бу Ўзбекистонда диний, маърифий соҳада олиб борилаётган ишларнинг янгича мазмун касб этаётгани, янги босқичда юксалаётганини ҳам кўрсатади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, шайх Муҳаммад Содиқ, Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади.

Бу инсоннинг ёзган асарлари, ҳаёт йўли биз ва келажак авлод учун нурли бир чироқдир.

Ўтган асрнинг 80-йиллари юртимиз мустабид шўро тузуми исканжасида эди. 1989 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг 4-қурултойи чақирилиб, Тошкент ислом олий маҳадида ректорлик вазифасида ишлаётган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мазкур диний идорага раҳбарлик лавозимига сайланди. У киши муфтийлик вазифасини бажаришга киришаркан, аввало, халқ ҳаётидаги маънавий бўшлиқни тўлдиришга эътибор қаратди. Чунки одамлардаги диний илмсизлик туфайли жамиятда бидъат ва хурофотлар кўпайган, қайси тарафга юз бурманг худосизлик тарғиботига дуч келардингиз. Шу боис, биринчи галда одамларга ўзлари эътиқод қўйган муқаддас ислом дини ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот етказиш зарур эди. Фақат шу йўл билангина диний саводсизликка барҳам бериш, кишилар қалбида иймон нурини жонлантириш мумкин эди.

Собиқ иттифоқ ҳудуди ва яқин хориждаги мусулмонлар учун ягона диний билим юрти саналган Бухородаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкент олий ислом маҳади тайёрлаётган диний ходимлар билан бу шарафли вазифани уддалаш қийин эди. Чунки улар ишга юборилаётган масжидлар сони бешала республикада ҳам бармоқ билан санарли бўлиб, имомларнинг дин, иймон-эътиқод ҳақидаги ваз-насиҳатларини бу ерга келувчи 50 — 60 чоғли кексалардан бошқа ҳеч ким эшитмасди. Бу собиқ шўро тузуми томонидан буюк бир миллатни маънавий қашшоқлик исканжасида ушлаб туриш услубларидан бири эди. Шунчаки томошабин бўлиш билан халқнинг диний саводхонлигини йўлга қўйиб бўлмаслигини теран англаган муфтий ҳазрат мавжуд диний ўқув муассасаларидаги таълим бериш жараёнларини тубдан ислоҳ қилиш билан бир вақтда мамлакатдаги барча оммавий ахборот воситалари, босма нашрлар имкониятидан фойдаланишни лозим топди.

Жамиятда Қуръони карим оятлари мазмун-моҳиятини оддий халқ тезда англайдиган, содда тилда мукаммал тушунтирадиган тафсирга зарурат сезиларди. Буни англаган муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Тафсири ҳилол”ни ёзишга киришди. Бу китоб нашр этиларкан, ойнинг ҳилоли каби маънавий ҳаётимизга нур соча бошлади. Ўрта Осиё ва Қозоғистон давлатлари аҳолисида бу каби мукаммал асарни ўқишга эҳтиёж катталигидан китоблар тезда оммалашарди. Қисқа муддатда республикамиз ва қўшни давлатларда, жумладан, Россиядаги қатор босма нашрлар, оммавий-ахборот воситаларида чоп этилиб, эфирга узатилган диний-маърифий мақола ҳамда суҳбатлари яхлит тўплам сифатида нашрга тайёрланди. “Поклик иймондандир”, “Иймон”, “Шоядки тақводор бўлсак” номли китоблар чоп этилиши билан қўлма-қўл бўлиб кетди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1989 йилги сайловда СССР Олий Кенгаши халқ депутатлигига сайланди. Диний масалалар инон-ихтиёри ҳали Москванинг қўлида бўлгани боис, унинг ҳаракати билан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари вакилларини муборак ҳаж сафарига юбориш учун квота олишга эришилди.

1990 йили Марказий Осиё давлатлари тарихида илк бор 500 нафардан ошиқ ҳожилар Тошкент шаҳридан Маккаи мукаррамага жўнаб кетишди. Кейинги йили уларнинг сони 2 минг нафардан ошди ва кетма-кет уч йилги сафар давомида муттасил кўпайиб борди.

У киши илм-фан аҳлини ниҳоятда эъзозларди. Шу боис мамлакат зиёлилари билан яқин муносабатда эди. Шайх ҳазрат Тошкент ислом олий маҳадига ректорлик қилган йилларида Қуръон илмлари, ҳадис илмлари, фирқалар ва йўналишлар ҳақидаги, нотиқлик ҳақидаги фанларни ўқув дастурига киритишга эришди. Муфтийлик лавозимига сайлангач, диний таълим даргоҳлари ва масжидларнинг моддий-техника таъминотини яхшилашга бел боғлади. Шу мақсадда ҳудудларда вақф ерлари олиб, қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштириш орқали диний идоранинг моддий эҳтиёжини қоплаш лойиҳасини илгари сурди.

Бу инсон 1989 — 1993 йилларда диний идорага раҳбарлик қилиш билан бирга эндигина мустақилликка эришган мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшди. Бир қатор хорижий давлатлар раҳбарларининг ўз шахсига бўлган эҳтиромидан Ватан манфаати йўлида унумли фойдаланди. 1992 йил бошларида Ливия Жамоҳириясидаги Бутун олам Ислом даъвати жамияти бош котиби доктор Муҳаммад Аҳмад Шариф бошчилигидаги делегация ташрифи асносида Ливия давлати билан Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Корақалпоғистон автоном Республикасида фан-таълим, маданиятни юксалтириш, Оролбўйидаги экологик вазиятни изга солиш ва бошқа ҳудудларда чўлларни ўзлаштириш, сув чиқариш, ер ости табиий бойликларини қидириб топиш ҳамда бу ҳудудларда саноатни ривожлантириш соҳасида унумли лойиҳаларни ишлаб чиқишда иштирок этди. Мамлакатимиз ва яқин қўшни давлатлар аҳолиси турмуш маданиятини юксалтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексаларни моддий қўллаб-қувватлаш борасида жуда кенг миқёсдаги лойиҳалар амалга оширилди.

Шайх ҳазрат тақдир тақозоси билан 1993 — 2001 йиллари дастлаб Саудия Арабистонида, кейинчалик Ливия давлатида истиқомат қилди. Муҳожирликда яшаган йилларда “Тафсири ҳилол”нинг қолган 27 жузъини ва “Ҳадис ва ҳаёт” тўпламини ёзди. Устоз 2001 йилда Ватанга қайтгач, илмий фаолияти янада серунум бўлди. “Ислом тарихи”, «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам», «Одоблар хазинаси», «Усулул фиқҳ», «Кифоя», «Бахтиёр оила», «Соғлом бола», «Ижтимоий одоблар», «Олтин силсила» туркумидаги китоблар, «Зуҳд ва ҳаё» сингари 100 дан ошиқ мукаммал асарлар битди. Улар бугунги кунда қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, рус, уйғур тилларига таржима қилинган.

Муқаддас динимиз буюрган амаллар — Ватанга муҳаббатли бўлиш, ота-онага иззат-ҳурмат, қўшниларга мурувват кўрсатиш, Баҳоуддин Нақшбанд тариқатида кўрсатилганидек қалбни доим зикр билан озиқлантириш шайх ҳазрат ёзган асарларда ёрқин ифода этилади. Биргина Имом ал-Бухорийнинг «Ал-адаб ал-муфрад» асари шарҳига бағишланган «Одоблар хазинаси»да кишилик жамияти ривожида зарур бўладиган амаллар, одамларнинг муқаддас суннатга таяниб бахтли яшаш йўл-йўриқлари кўрсатиб берилган. Китобда Абдуллоҳ ибн Амрдан келтирилган ҳадисда бундай дейилади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ҳузурингизга ҳижрат учун байъат қилгани ота-онамни йиғлатган ҳолда ташлаб келдим», деди. Расулуллоҳ

соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Олдиларига қайтиб борда, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдир», дедилар».

Шайх ҳазрат бу ҳадисни шарҳларкан, фарзанд учун ота-она ризолигиданда муҳимроқ нарса йўқлигига қатъий ишора қилади. Ҳатто Аллоҳ учун ҳижрат қилиш лозим бўлганда ҳам ота-она розилигидан устун бўлолмаслигини уқтиради. Бу бугун ҳижратни маҳкам тутиб, муқаддас Ватанини ташлаб, ота-онасини норози қилиб, хорижга чиқиб, турли ақидапараст гуруҳларга қўшилиб, умрини, иззат-ҳурматини, олтинга ҳам топилмас қимматли вақтини зое кетказаётганлар учун тўғри йўл кўрсатувчи юлдуздир. Ана шундай адашишларнинг олдини олиш, соф исломий таълим-тарбияни тарғиб қилиш мақсадида устознинг кўрсатмаси билан иш бошлаган «Islom.uz» портали таркибидаги турли йўналишларда илм-маърифат тарқатаётган йигирмадан ортиқ мустақил саҳифалардан бугун нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёдаги мўмин-мусулмонлар унумли фойдаланмоқда.

Шайх ҳазрат ўз илмий фаолиятини аҳли сунна ва жамоа асосида олиб борди. Қуръон ҳукмлари, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини қунт билан ўрганиш, унга амал қилиш бугунги таҳликали замонда мусулмон уммати учун ҳаётий зарурат эканлигини илгари сурди. У кишининг бош мақсади одамлар орасида исломий маърифатни ёйиш эди. Бу илм-маърифат миллат ва элат танламагани учун бутун дунёда катта қизиқиш, қувонч билан кутиб олинди. Айнан шу боис шайх ҳазрат миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, ўзаро биродарликка даъват этувчи асарлари билан исломга хайрихоҳ барча давлатда катта шуҳрат қозонди.

Дунё олимлари томонидан «Фазилатли шайх» деган эъзозга сазовор бўлган Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ислом дини таълимоти йўлидаги шарафли меҳнати туфайли Россия Федерацияси, Ливия давлати, Миср Араб Республикаси каби хорижий мамлакатларнинг орден ва медаллари билан тақдирланди. Маккаи мукаррамадаги Ислом олами робитаси таъсис мажлиси, Бутунжаҳон тасаввуф уюшмаси, Бутунжаҳон мусулмон уламолар халқаро уюшмаси, Бутун дунё ислом уюшмаси, Бутун дунё мутафаккир уламолари йиғинининг ижроий қўмитаси, Иорданиядаги Олий Байт «Исломий тафаккур» қироллик академияси каби ўнлаб нуфузли халқаро ташкилотлар аъзолигига қабул қилинганди.

У кишининг бебаҳо илмий фаолияти туфайли мамлакатимиз аҳолиси орасида диний саводсизликни босқичма-босқич бартараф этишга киришилди ва бу жараён ҳазрат қолдирган маънавий мерос асосида давом этмоқда. Шайх ҳазрат ҳар йили муборак Рамазон ойи кириши билан «Руҳий тарбия» борасидаги туркум суҳбатларини бошларди. Устоз таклиф қилинган масжидларда шунчалик кўп одам йиғилардики, улар ададини билиш қийин эди. Ҳатто суҳбат бошлангандан кейин ҳам ярим тунгача одамлар оқими тўхтамасди. Чунки ёшлар ва барча тоифадаги кишилар бу суҳбатдан юксак маънавий озуқа оларди. Йиллар давомида қидирган саволларига жавоб, турмушдаги ижтимоий муаммоларига ечим топарди.

Имом ал-Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бир ҳадисда бундай дейилади: «Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Агар Аллоҳ бир бандани яхши кўриб қолса, Жаброилга: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўр», дейди. Жаброил ҳам уни яхши кўради. Жаброил осмон аҳли орасида: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар» деб, нидо щилади. Шунда осмон аҳли ҳам у бандани яхши кўриб қолишади. Кейин ер юзидаги ҳамма одамлар у банданинг сўзини қабул щиладиган бўлиб қолади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишоралари шайх ҳазратнинг ҳаёти мазмунига айланиб бўлганди. Бу инсон жамиятга фақат эзгулик уруғини сочиш билан машғул бўлди. Юртимизга хорижий давлатлардан суқилиб кирган, динимизга ёт турли ғоялар, ақидалар, оқимлар, фирқаларни соф исломий таълимот асосида бартараф этиш-да беқиёс хизмат қилди.

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, ҳар бир оилада, миллионлаб кишилар қўлида шайх ҳазрат бугунги ва келажак авлод учун тасниф этган бебаҳо хазина — китоблар бор. Улар бутун мусулмон умматини тўғри йўлга солиб турган Имом ал-Бухорий ва у кишининг сафдошлари қолдирган маънавий хазиналар қаторидан муносиб ўрин олиб, асрлар оша келажак авлодларга илм-маърифат нурини сочиб туради.

Шодиёр МУТАҲАРОВ.
Манба: “Халқ сўзи” газетаси 2022 йил 28 апрель, № 88(8150)

Check Also

“Маърифат карвони” йўлга чиқди

Хабар берилганидек, жорий йилнинг 2-15 декабрь кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат …