Home / МАҚОЛАЛАР / ТАСАВВУФДА БАҲОУДДИН НАҚШБАНДНИНГ ИСЛОҲОТЧИЛИК ФАОЛИЯТИ

ТАСАВВУФДА БАҲОУДДИН НАҚШБАНДНИНГ ИСЛОҲОТЧИЛИК ФАОЛИЯТИ

Ўн иккинчи ва ўн бешинчи асрларда Ўрта Осиё халқлари орасидан Шарқ ирфоний тафаккури тараққиётига улкан ҳисса қўшган бир тизим мутафаккир мутасаввифлар етишиб чиқди. Бу даврларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда тасаввуфнинг яссавия, кубравия, қодирия ва, айниқса нақшбандия тариқати маънавий ҳаётда муҳим роль ўйнаганлиги тарихдан маълум. Исломий аҳкомлар ўчоғи Бухородан етишиб чиққан Баҳоуддин Нақшбанд янги тариқатга асос солган ана шундай сиймолардандир.

  Маълумки, Аҳмад Яссавий Бухоро мадрасаларини хатм этгач, устози Юсуф Ҳамадоний ўрнида мударрислик қилган. Баҳоуддиннинг устоз-пирлари Саййид Кулол билан Абдулҳолиқ Ғиждувоний Аҳмад Яссавийдан таълим олишган. Демак, Баҳоуддин Нақшбанд бевосита Яссавий шогирдларидан ҳисобланади.

  Ўн бир яшар Баҳоуддинни Саййид Кулол ўзи билан Қаршига элтади. У бу ерда кўп китоб ўқийди, суфизм назариясини пухта эгаллайди; устозларидан “махфий зикр” қоидаларини ўзлаштиради; орифлик шартларини ўрганади[1: 178]. Баҳоуддин Нақшбанднинг деярли бутун умри Бухоро ва унинг атрофидаги қишлоқларда сўфийлик билан ўтган. У икки марта ҳаж қилган. Ғарибона ҳаёт кечирган, ўзининг қатъий ақидаси “даст ба кору дил ба ёр” дан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланган, отасининг ёнида туриб дастгоҳда гулли ҳарирлар тўқиган,  гул-нақш тушириш билан шуғулланган. Унинг лақаби – Нақшбанд ҳам шундан олинган. Хизматкор ёки қул сақлашни гуноҳ деб билган. Баҳоуддин Нақшбанд халқ орасида «Балогардон» (яъни, дуо орқали бало-қазони даф қилувчи) унвони билан ҳам машҳур бўлган.

  Ҳазрати Баҳоуддин 1389 йилнинг март ойида оламдан ўтган. У асосан турли касб эгалари давраларида, усталар расталари, гузарларда, карвонсаройларда фаолият кўрсатган. Бунда ўн бир шарт дастур сифатида қўлланилган.

Тариқатнинг ушбу 11 қоидасининг 4 таси Юсуф Ҳамадонийга, 4 таси Абдулхолиқ Ғиждувонийга 3 таси Баҳоуддин Нақшбандга мансубдир.

Баҳоуддин Нақшбанд 73 йиллик умри давомида кўплаб асарлар ёзган бўлса-да, унинг тўла илмий мероси бизга қадар сақланиб қолмаган. Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ,  Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва ижоди ҳақида гапирар экан, унинг “Ҳажнома” номли ваъз ва насиҳатлардан иборат манзумаси, “Далил ал-ошиқон” (Ошиқлар далили) ва “ал-Аврод Баҳоийя (Баҳоуддин вирдлари) номли тасаввуфга оид асарлари борлигини келтирган” [2: 86].

Нақшбандия Баҳоуддин Нақшбанд ҳаётлигидаёқ кенг шуҳрат қозонди. Уни назарий жиҳатдан ишлаб чиқишда Муҳаммад Порсо, Алоуддин Аттор хизматлари катта бўлди. Бу тариқатга фақатгина оддий халқ эмас, балки Бухоро ва Самарқанд уламолари, Амир Темур авлодидан бўлган шоҳ ва шаҳзодалар кира бошладилар.

ШАРИАТ ВА ТАРИҚАТДА ЮЗАГА КЕЛГАН ЗИДДИЯТЛАР

Баҳоуддин Нақшбанд ҳаётнинг мазмунини Ҳақиқат (Аллоҳ)га эришишга интилишда кўрган ва Ҳақиқат (Аллоҳ)га эришиш ташқи нарсалар ҳақидаги билим – шариатга асосланади ва ички нарсалар ҳақидаги билим – тариқат жараёнида юз беради, деб ҳисоблаган.  Баҳоуддин Нақшбанд тариқат эзотерик (яширин, мистик) фан, у ҳаммага очиқ эмас, уни фақат ўзини Ҳақиқатга бахшида этган одамлар англаб етиши мумкин, деб ҳисоблаган [3: 131]. 

IX аср бошларига келиб тасаввуфнинг назарий асослари ишлаб чиқилди, сўфийларнинг амалий руҳий-психологик машқлари, ўз-ўзини тарбиялаш ва чиниқтириш тадбир-усуллари шаклланди, тариқат, маърифат, ҳақиқат деган тушунчалар юзага келиб, тасаввуфнинг ушбу уч қисмига оид қарашлар мажмуи тузилди – тасаввуф алоҳида илм сифатида қарор топди.   Натижада тариқат ва шариат орасидаги муносабатларда, олам ва одам моҳияти, алоқа – муомаласи, яратувчи ва борлиқ масалаларида мунозаралар юзага келди. Дин арбоблари билан сўфий шайхлари, айниқса фалсафийлашган тасаввуф тарафдорлари жиддий мафкуравий тортишувларгача бордилар.

Тасаввуф тарихида ҳар хил силсила ва тоифалар алмашиб турган бўлса-да, инсон маънавияти  масаласи ҳеч қачон тариқат аҳли диққат эътиборидан четда қолган эмас. Айниқса, инсоннинг ботиний олами, ички зиддиятлари, руҳ ва жисм орасидаги кураш сўфийларни кўп қизиқтирган. Улар инсонда икки азалий қарама-қарши куч – раҳмоний ва шайтоний қувватлар борлигини, инсон Аллоҳнинг бандаси сифатида шайтон қутқусини енгиб, раҳмоний фазилатларга эга бўлиши лозимлигини таъкидлайдилар. Тасаввуфчилар инсон табиатидаги салбий кучларни умумий ном билан “нафс” ёки “нафси аммора” деб атадилар ва унга қарши уруш эълон қилдилар. Мол-дунё тўплаш, нафс эҳтиёжига қараб юриш; ҳирсу ҳавас қатъий қораланди, инсонни (демакки, инсониятни ҳам) ноқислик ва фалокатлардан қутқаришнинг бирдан-бир йўли – нафсни ўлдириб, қаноат билан ҳалол яшаш, руҳ – иродани чиниқтира бориб, инсонда инсонийликни, яъни илоҳийликни тантана эттириш зарур деб, тарғиб қилинди.

  Тасаввуф аҳли нафс деганда  фақат ейиш-ичишни назарда тутмаганлар (гарчи бу эътибордан соқит қилинмаса-да), бу тушунча кенгайиб, ҳам чуқурлашиб, бойлик, мулк, тож-тахт масалаларига боғланиб кетади.

   Натижада, тасаввуфда турли сулук ва йўллар шаклланиб, ислом шариатига унчалик мувофиқ келмайдиган жиҳатлар пайдо бўла бошлади. Ислом таркидунёчиликни рад этади, тасаввуфнинг асосий рукнларидан бири эса таркидунёчиликдир. Ислом ўз-ўзини қийнаш, ортиқча риёзатни маъқул ҳисобламайди, тасаввуф бўлса, риёзатни инсонни поклаш, камолга элтишнинг бош йўли, деб ҳисоблайди. Шунингдек, тасаввуф  аҳли орасида фалсафа ва ҳикмат таъсирида инсонни Илоҳ даражасида кўтариш, инсон билан Худони баробар қўйиш (Мансур Халложнинг “Анал Ҳақ” ғояси.  C.И.) ҳоллари бўлган. Яссавийнинг фикрича, нодон ва жоҳилларгина “Анал Ҳақ”нинг маъносини билмайдилар.

“Анал Ҳақ”ни маъносини билмас нодон,
Доно керак, бу йўлларда поки мардон…

Тавҳид ва ваҳдатни англашда айрим шайхлар ислом тушунчаларидан хийла узоқлашиб, фалсафий мушоҳадакорликни авж олдирган эдилар. Бундан ташқари, валийликни набийлик билан тенг деб билиш, пайғамбарликни даъво қилиш, ҳол беҳудлигида ғайришаърий сўзларни айтиш билан одамлар дилига шубҳа ва ғулғула солиш ҳоллари содир бўлди. Айниқса, само мажлислари, рақсу қўшиқ аралаш амалга ошириладиган жаҳрий зикр тушуришлар [4]  хонақоҳларни бошга кўтариш ғавғо қилишлар ислом аҳкомининг талабларидан ташқари эди. Буларнинг ҳаммаси маълум даражада  тасаввуфни шариат билан ихтилофга олиб келди. Иккинчи тарафдан, сўфийлар ўзларини Аллоҳнинг хос бандалари ҳисоблаб, халқдан ажратар ва ҳокимлар, шоҳу амирларга ҳам  қарши қўйиб келардилар. Яъни шоҳ ва дарвеш – икки қарама-қарши қутб, бир-бирига яқинлашмайдиган икки хил ахлоқий-ижтимоий моҳият,  деб қаралган.

Дарвешнинг нияти халқдан ажралиб, Ҳолиққа етиш, чунки халқ билан банд бўлган одам Ҳолиқни унутади, халқдан ажралмагунча Холиқ дийдорига етиш мумкин эмас. Шу боис тирик бўла туриб фоний дунёни тарк этмоқ (Аҳмад Яссавийнинг “Ошиқ бўлсанг ишқ йўлида фано бўлгил, Дийдор излаб, ҳасратида адо бўлгил” дея фоний дунёдан алоқасини узиб, ерости чиллахонасида яшагани. Таъкид C.И.), ҳилват ва гўшанишинликни ихтиёр этмоқ керак. Кўриниб турибдики, тасаввуфнинг моҳиятини ташкил этадиган бу талаб ҳам пайғамбар суннатига мувофиқ эмас.

Мусулмон кишиси Аллоҳ томонидан инъом этилган неъматлардан баҳраманд бўлмоғи керак. “Ораларингизда  афзалроғингиз менман, лекин мен масжидга ҳам бораман, тотли овқатларни ҳам ейман, хотинлар билан ҳам бирга бўламан”, – дея танбеҳ берган эканлар ҳазрати Пайғамбар зоҳид табиат саҳобаларига[5: 91]. Аммо тасаввуфда шариатнинг ушбу талабларидан чекиниш кўринади.

  “Исломда роҳиблик – таркидунё қилиш йўқ” ва “Фақирлик – менинг фахрим” ҳадислари мавжуд. Мутлақ таркидунё каби мутлақ дунёпарастлик инсон табиатига хуш келмайди. Мутлақ таркидунё ҳаётга зид – у инсонни амалдан, касбу кордан маҳрум этади. Шу каби дунёпарастлик ҳам кишини илоҳийликдан, маънавиятдан четлаштирилади, мол-дунё қулига айлантиради. Оралиқ йўл эса ҳар жиҳатдан мақбул ва тўғридир, зеро пок эътиқод ҳирс ва нафсни қаноат қамчиси билан савалаб, инсоннинг инсонлигини ҳимоя қилади ва ҳар қандай шароитда инсонни Тангри билан боғлаб туради. Ҳазрат Нақшбанд ана шу оралиқ йўлни танлайди – шариат ва тариқатдаги зиддиятни мувофиқлашга ҳаракат қилади. 

 БАҲОУДДИН НАҚШБАНДНИНГ СУФИЗМДАГИ ИСЛОҲОТЧИЛИК ФАОЛИЯТИ

  Аҳмад Яссавий ва Нажмиддин Кубро тариқатида таркидунёчилик, зоҳидлик, нафс устидан ҳукмронлик қилиш,  фано бўлиш ғоялари илгари сурилган. Баҳовуддин Нақшбанд тасаввуфдаги илгарилари амалда бўлган қаттиқ талабларни бир қадар юмшатди, мўътадиллаштирди, кундалик турмушга мослади. Унингча, Аллоҳга интилиш кўнгил билан амалга ошиши керак. Қўл эса иш – меҳнат билан банд бўлаверсин. Баҳоуддин Нақшбанднинг таркидунёчилик қилмай, демакки, бу дунё ишларидан очиқ-ошкор қўл силкимай туриб ҳам Аллоҳга етишиш мумкинлиги ҳақидаги ғояси мусулмон оламида тасаввуфнинг жуда кенг аҳоли қатламлари ичига кириб боришини таъминлади.
 Баҳоуддин Нақшбанднинг суфизмдаги ислоҳотчилиги шундаки, “Даст ба кору дил ба Ёр” (Қўл ишда, кўнгил ёрда бўлсин) шиорини бир таълимот даражасига, ғоя даражасига кўтаришга, суфизмни турмушга, инсон ҳаётига яқинлаштиришга муваффақ бўлади. Ҳазрат Баҳоуддиннинг ушбу таълимоти, айниқса шаҳар ҳунармандлари руҳига мос келди. Бу нотўғри фикр эмас – Туронзаминнинг қадимги маданий шаҳарлари аҳолиси сунний мазҳабининг мустаҳкам ва мустақил давомчилари бўлгани учун нақшбандия шу ерларда илдиз отиб, ривожланган.

Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳнинг фикрича, Нақшбандиянинг дунёқараши тасаввуфнинг Ўрта Осиёдаги иккита тариқати: Абдулҳолиқ Ғиждувоний таълимотида акс эттирилган шаҳарликларга хос “ўртача” йўл ва Аҳмад Яссавийнинг кўчманчи “туркий халқларга” хос йўлини бирлаштириш ва ҳаётга мослаштиришдан иборатдир [2: 170].        Нажмиддин Комилов эса бу ҳақда Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳар икки халқни мазҳаб – маънавият жиҳатидан бирлаштириш учун курашади. Натижада турку тожик шайхларининг ўзаро муносабатлари тобора кучайиб борган, деган фикрни илгари суради [5: 96].

Нақшбандия мана шундай улуғ бирлаштирувчилик, қавмлар, табақалар ва тоифаларни ягона сунний йўлидаги сўфиёна мафкура асосида жипслаштириш ишини амалга оширган. Айни вақтда бу ҳол тасаввуф таълимотини “демократлаштирилиб”, омма орасига чуқурроқ сингишига замин ҳозирлади. Маълум маънода шариат билан тариқатни муросага келтирди.

Хуллас калом, нақшбандия тариқати тасаввуфдаги ҳаддан ташқари ҳолатларни ислоҳга келтириб, риёзат ва покланиш камолотини жисмоний ва ижтимоий-ахлоқий эҳтиёжлар билан мувофиқлаштиришга интилиб келди, моддий дунёга кескин муқобил туриш ўрнига раҳнамолик ва тарбияни биринчи ўринга қўйди, шарр ва ёвузликни нафрат ва ўч ҳисси билан қарши олмай, шафқат ва меҳр орқали уни эзгуликка айлантириш пайида бўлди.

Баҳоуддин Нақшбанд таълимоти чуқур бунёдкорлик руҳи билан суғорилган. Ҳозирги вақтда жамиятимизда миллий ғоя ва мафкурани кишилар онгига ва турмуш тарзига сингдириш, уни шакллантириш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида кўп ишлар қилинмоқда. Маънавиятимизни юксалтиришда нақшбандийликда илгари сурилган ҳалоллик, меҳнатсеварлик, тўғрилик, софдиллик, ўзгаларга ёрдам бериш, саҳийлик, имонли ва эътиқодли бўлиш, меҳр-шафқат каби хулқ-одоб қоидалари, шубҳасиз, катта аҳамиятга эга. Бу қоидалар кишиларни мутаассиблик ва ақидапарастлик, таркидунёчиликка берилмасликдан бу дунё ишларида фаол қатнашишга, эзгулик ва хайрли ишлар қилишга даъват этади.

Хулоса қилиб айтганда, суфизм таълимотида ислоҳотчи, янгилик яратувчи унвонига  муяссар бўлган Нақшбанд ҳаёти ва ижодий мероси энди ҳар томонлама чуқур ўрганилмоқда, унинг асарларини топиш, тадқиқ этиш ва нашр қилиш шарқшунос ва файласуфларнинг галдаги вазифаларидан ҳисобланади. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ҳамиджон Ҳомидий. Кўҳна Шарқ дарғалари. Шарқ, 1999 йил.
  2. Ҳожи Исматуллоҳ Абдуллоҳ. “Марказий Осиёда Ислом маданияти”, Шарқ, –Т., –2005.
  3. Н.Шермухаммедова. Фалсафа ўқув-услубий мажмуа, NOSHIR, 2012.
  4. Радий Фиш. Жалолиддин Румий. –Т., Ғ.Ғулом нашриёти, 1986 йил.
  5. Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. “Мовороуннахр”, Т., 2009 йил.
  6. Аҳмад Яссавий. Ҳикматлар. Т., Ғ.Ғулом нашриёти, 1991 йил.
Солижон ИБРАГИМОВ,
ҚаршМИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси

Check Also

ШУКРОНАЛИК – ИНСОН КАМОЛОТИНИНГ АСОСИ

Инсоннинг камолга етишида барча ижобий фазилатларнинг ўзига хос ўрни бор. Аммо улар ичида шукроналикнинг ўрни …