Home / ЯНГИЛИКЛАР / “Умра қўлланмаси” иловаси iOS дастурида ҳам ишлаб чиқилди

“Умра қўлланмаси” иловаси iOS дастурида ҳам ишлаб чиқилди

Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Android мобиль телефонлари учун “Умра қўлланмаси” иловаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилган эди.

Албатта, бундай қулайликдан iOS тизимидан фойдалана ётган ақлли гаджет соҳиблари бебаҳра қолаётган эди. Эндиликда мазкур илова iOS дастурида ҳам ишлаб чиқилди. Бу эса барча смартфон, планшет эгаларига иловадан фойдаланиш имкониятини яратади.

Қайд этиш жоизки, “Умра қўлланмаси” иловасида Умра сафари давомида лозим бўладиган зарур барча маълумотлар тафсилотларигача қисқа, содда ва лўнда баён этилган. Унда “Умра қўлланмаси”, “Умра дуолари”, “Сафарга тайёргарлик” ва “Ислом тарихига оид жойлар” номли бўлимлари мавжуд.

“Умра қўлланмаси” бўлимида Умра ибодатига оид барча масалалар келтирилган. Хусусан, “умра” сўзининг маъносидан то унинг амаллари-ю суннатларигача тушунтириб берилган. Шу билан бирга, зиёрат қилиш одоблари, муборак шаҳар ва масжидларнинг фазилатлари, сафар тартиб-қоидалари каби бир қатор рукнларда зарур маълумотлар тақдим этилган.

Бундан ташқари, “Умра дуолари” бобида муборак сафарда муҳим бўлган дуолар батафсил баён этилган. Сафарга тайёргарлик кўришда, сафар давомида, муборак шаҳарга киришдаги дуолар, тавоф асносида, зам-зам суви ичганда, табаррук жойларда, Ватанга қайтишда ўқиладиган дуолар каби элликдан ошиқ дуолар берилган. Яна бир муҳим жиҳат, бу бўлимда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир қаторда Абу Бакр ва Ҳазрати Умар розиоллоҳу анҳумога салом бериш одоб ва тартиблари баён этилган. Бу дуоларни мукаммал билиш зиёрату ибодатларни тўла-тўкис бўлиши замин яратади.

Мазкур боблардан яна бири Ислом тарихига оид. Бунда сафар давомида бориладиган муқаддас жойлар ҳақида қизиқ ва тарихий манбалар берилган. Уларни ўқиган киши муқаддас қадамжоларга оид кенг тушунчага эга бўлади.

Яна бир муҳим бўлим – сафарга тайёргарлик бўлимидир. Унда муборак сафарга чиқмоқчи бўлган ҳар бир кишига муҳим тавсиялар, ман этилган тартиб-қоидалар, зиёратчилар эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар баён этилган.

Шунингдек, иловада бир қатор эслатма ва хизматлар бор. Жумладан, пандемия шароитида Саудия Арабистонидаги тартиблар, қайси вакциналар олиш зарурлиги ҳамда об-ҳаво маълумотлари бериб борилмоқда. Қолаверса, муқаддас сафарга энг сўнгги рейслар қачон учиши ва қайтиши ҳақида ҳам аниқ хабарлар жойланган. Бундай замонавий хизматлар муборак сафарга отланганлар учун қулайдир.

Қисқаси, илова билан танишган киши Умра зиёрати хусусида тўлиқ маълумотга эга бўлади.

Манба: ЎзА

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …