Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ПАН ГИ МУН ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИ ЮКСАК БАҲОЛАДИ

ПАН ГИ МУН ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИ ЮКСАК БАҲОЛАДИ

Оксфорд ислом тадқиқотлари марказида академик доиралар вакиллари ва илмий тадқиқотчиларнинг БМТ собиқ Бош котиби Пан Ги Мун билан учрашуви бўлиб ўтди.

Юқори мартабали меҳмон “Глобал муаммолар ва уларни бартараф этиш” масалаларига бағишлаб, “Иқлим ўзгаришлари ва пандемия” мавзуида маъруза қилди.

Дарҳақиқат, иқлим ўзгаришлари бир неча ўн йиллардан буён бутун башариятни ташвишга солиб келади. Бугун дунёнинг ҳар бир минтақасида, ҳаётнинг ҳар жабҳасида иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини кузатиш мумкин. Қаердадир қурғоқчилик авж олиб, озиқ-овқат хавфсизлигига рахна солаётган бўлса, бошқа жойларда тўфон, ўрмон ёнғини, кучли ёғингарчилик каби табиий офатлар кўп кулфатлар келтирмоқда. Бу муаммони бартараф этиш, оқибатларини енгиллатиш бутун инсониятнинг бир ёқадан бош чиқариб иш юритишини, халқаро миқёсда қалин ҳамкорлик ва изчил саъй-ҳаракатларни тақозо этмоқда.

2019 йил охирида бошланган COVID эпидемияси ҳам саломатлик муҳофазаси борасида кейинги ўн йилликларда мисли кўрилмаган умумбашарий муаммога айланди. Барча жамиятлар узоқ вақт давомида ўз-ўзини изоляция қилишига тўғри келди. Бу оддий одамларнинг кундалик ҳаётига, мамлакатларнинг иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатди, халқаро миқёсдаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, молиявий алоқаларни сусайтирди.

Пан Ги Мун мазкур муаммолар ҳақида сўзлаб, уларнинг сабаб ва оқибатларини бартараф этиш бутун дунёда барқарорликни сақлаш, тараққиёт ва фаровонликни таъминлашнинг ҳал қилувчи омилларидан эканини таъкидлади. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарар экан, бугун барча мамлакатлар ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарблигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турганини яна бир бор қайд этди.

Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази меҳмони ўзбекистонлик тадқиқотчилар билан мулоқотда юртимиз ҳақидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.

– Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак баҳога лойиқ. Бу заминдан дунё илм-фани равнақига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар етишиб чиққани тарихингиз, аждодларингиз мероси нақадар бой эканини кўрсатади. Бугун уларга муносиб авлод камолга етаётгани эса ёрқин истиқболингиз нишонасидир, – деди Пан Ги Мун.

Бароат ОМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,
Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази тадқиқотчиси.

Оксфорд.

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …