Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ДИНИЙ КОНФЕССИЯЛАР “ЯШИЛ МАКОН” УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИҲАСИ БЎЙИЧА БАЁНОТ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ДИНИЙ КОНФЕССИЯЛАР “ЯШИЛ МАКОН” УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИҲАСИ БЎЙИЧА БАЁНОТ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Ўзбекистон қадимдан турли миллат ва эътиқодга мансуб инсонлар ўзаро тинч-тотув, аҳилликда яшаб, диний ибодат ва маросимларини эмин-эркин бажариб келган бағрикенг юрт сифатида ном қозонган. Ҳар бир ватандошимиз она заминимизнинг бетакрор табиати, ўсимлик дунёсини асраб-авайлашни ўзининг муқаддас бурчи, инсонийлик вазифаси деб билади.

Негаки, табиатни асраш, атроф-муҳитни покиза тутиш башарият учун ҳаёт-мамот масаласи, келажак авлод олдидаги долзарб мажбуриятдир. Юртимиз бўйлаб ташкил этилаётган яшил ҳудудлар, обод этилаётган манзиллар эса ана шу мақсад йўлидаги эзгу ташаббусларнинг амалий ифодасидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳар ва қишлоқларимизда жорий йил 1 мартдан эътиборан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири Ўзбекистонда яшаётган турли миллат ва диний конфессиялар вакилларини ягона мақсад атрофида бирлаштирди.

Эзгу мақсаднинг амалий қадамлари ўлароқ, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 16 конфессия вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ирқи, миллати, диний эътиқодга мансублигидан қатъи назар, барча юртдошларимизни “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирида фаол бўлишга ундовчи баёнот қабул қилинди.

Республика бўйлаб мазкур умуммиллий тадбир доирасида ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатлар танланиб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш ҳамда аҳолига камида 10 миллион дона мевали ва манзарали дарахт кўчатини бепул тарқатиш белгиланди. Хайрли ташаббусга халқимиз чин дилдан хайрихоҳлигини кўрсатмоқда. Ушбу ташаббуснинг амалга ошишида турли дин ва миллат вакиллари қўлни қўлга бериб, ягона ва аҳил оила аъзоларидек иштирок этиши албатта, муҳим.

Митрополит Викентий, Рус православ черковининг Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари:

“Бугун биз, турли диний конфес­сия вакиллари йиғилиб, Ўзбекистон Президенти илгари сурган “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирини қўллаб-қувватлаш, унда иштирок этиб, муносиб ҳисса қўшиш мақсадида баёнот қабул қилдик. Доимо ёдда сақлашимиз лозимки, шу юртни обод қилиш, унинг яшиллигига ҳисса қўшиш, табиатни соф ҳолда асраш диний эътиқодидан қатъи назар, ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Ушбу эзгу мақсад йўлида барчани ҳамжиҳат бўлишга ва ташаббускорликка чақирамиз.

Инсон бор экан, у яшаётган ҳудуд боғу бўстонга айланиши шарт. Бугун бу ишни амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудларида олиб борилаётган ишлар мазкур масалага эътиборнинг нақадар юксак эканини кўрсатиб турибди. Таъкидлаш лозимки, ҳар бир самовий динда табиатга оқилона муносабат, уни асраб-авайлашга чақириқ бот-бот такрорла­нади. Бу даъватга лаббай деб жавоб қилиш бизнинг вазифамиздир”.

Бу оламдаги барча омиллар бир-бири билан узвийликда яратилган. Ўсимликлар дунёсининг таназзули, ўз навбатида, барча тирик жоннинг инқирозини келтириб чиқариши аён ҳақиқат. Дарахтлар атмосферадаги карбонат ангидрид газини қайта ишлаб, кислород ишлаб чиқаради, иқлим кескин исиб кетишининг олдини олиб, мўътадил об-ҳавони таъминлайди. Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб ҳар дақиқада 27 та футбол майдонига тенг ҳажмда дарахтзорлар қисқариб бормоқда. Бунга лоқайд муносабатда бўлиш аянчли оқибатларни келтириб чиқаради.

Аркадий Исахаров, Тошкент шаҳри яҳудийлар диний жамоаси раиси:

“Бугун биз, Ўзбекистонда тинч-тотув яшаб келаётган турли эътиқод вакиллари Ўзбекистон халқаро ислом академиясида муҳим ҳужжатни имзоладик. Бу давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эълон қилинган “Яшил йиллик” тадбири ижросини 16 та диний конфес­сия вакиллари биргаликда таъминлаш учун қабул қилган баёнотимиздир.

Барчамиз жадал ривожланиб бораётган замонда атроф-муҳитнинг ўзгариб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Аслида ҳаммамиз она табиатни асраш, ушбу яшилликни сақлаб қолишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Бу ҳақиқат барча диний таълимотларда, жумладан, бизнинг динимиз манбаларида ҳам қайта-қайта такрорланади. Масалан, бизнинг таълимотда агар бир фарзандга ота-бобоси кўчат экиб, боғ қолдирадиган бўлса, ўша фарзанд ушбу боғни кўз қорачиғидек асраб-авайлаши, ундан унумли фойдаланиши керак бўлади. Демак, барчамиз атроф-муҳитга, бизга насиб этган неъматларни асраб-авайлашга масъулмиз. Ушбу лойиҳа нафақат Ўзбекистон, балки қўшни мамлакатлар учун ҳам экологик жиҳатдан ўта фойдалидир. Президентимиз илгари сурган бу эзгу ташаббус келгуси авлодларнинг миннатдорлигига сабаб бўлса, не тонг”.

Арамаис Григорян, Тошкент шаҳри арман апостоллик черкови руҳонийси:

“Ўзбекистонни барчамиз яхши кўрамиз. Ўзбеклар — бағрикенг халқ. Шу сабаб бу юртда барча миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек яшайди. Мен ҳар сафар бу бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаганини такрор-такрор айтаман. Албатта, бу Ўзбекистон раҳбариятининг оқилона сиёсати, заҳматли меҳнатнинг самараси.

“Яшил йиллик” умуммиллий тадбирини Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир миллат ва конфессия вакили фаол қўллаб-қувватлаши лозим, деб ҳисоблайман. Чунки бу бетакрор замин, она табиат бизга Яратган инъом этган улуғ неъмат ҳисобланади. Албатта, биз ҳам ушбу ташаббусга амалий ёндашиб, Ўзбекистоннинг янада чирой очишига, яшил макон ривожига муносиб ҳисса қўшамиз”.

Барча диний таълимотларда кўчат экиб, боғ яратиш рағбатлантирилади, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга ҳисса қўшиш олқишланади. Жумладан, “Қиёмат бўлиб қолсаю, бирортангизнинг қўлида хурмо кўчати бўлса, уни қўйсин”, дейилади муборак ҳадислардан бирида. Ўзбекистонда фаолият юритаётган диний конфессия вакиллари томонидан имзоланган баёнотда ҳам айни шу ҳақиқатлар ўз ифодасини топган.

Турли дин вакилларининг “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирини қўллаб-қувватлаб қабул қилган баёноти мамлакатимизда ҳукм сураётган бағрикенглик муҳитининг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 11 март, 51(573) сон

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …