Home / АЛЛОМАЛАР / АБДУЛЛОҲ ИБН МУБОРАК (118/736 — 181/797) 5-қисм

АБДУЛЛОҲ ИБН МУБОРАК (118/736 — 181/797) 5-қисм

Ўша даврдаги илм-фан ва маданиятнинг йирик марказларига қилинган кенг кўламдаги сафарлар Ибн Муборакнинг илмий тафаккурига катта таъсир кўрсатди. Чунки у қайси шаҳарга кирган бўлса, ўша шаҳар олиму уламоларини суриштириб топиб ва улар билан илмий мулоқотлар қилиб, ўз илмини янада оширар эди. Энг муҳими у илмни нафақат ўзидан кўра кучли билимлилар ёки ўзи билан тенглашадиган олимлардангина эмас, балки билимда ўзидан қуйи даражада бўлганлардан ҳам ўрганган.

Илму ирфон йўлида ҳеч қандай машаққат унга тўсиқ бўла олмаган. Бу хусусда манбаларда ажойиб ривоятлар келтирилган. Бир марта йирик илоҳиётчи олим ал-Ҳасан ал-Басрийга (642-728) мансуб этилган бир ҳадисни аниқ эшитиш учун ўз шаҳри Марвдан Рай вилоятига сафар қилгани ҳақида тарихчи ал-Хатиб ал-Бағдодий аниқ маълумотлар келтирган. У Ҳорун ибн ал-Муғийрадан, у эса Исмоил ибн Муслимдан ривоят қилган. Ҳорун ибн ал-Муғийра шундай деган: «Райга келгач, Ибн Муборак менинг ҳузуримга келиб, уловининг устида турганча мендан ўша ҳадис ҳақида сўради, мен унга ушбу ҳадисни айтиб бердим. Шунда у: «Фақат шу ҳадисни эшитиш учунгина Марвдан уловда (отда) келган эдим»,-деди. Бу икки шаҳар ўртасидаги масофа эса минглаб километрдан ҳам ортиқ бўлиб, туну кун тўхтамасдан йўл юриш, қанчадан-қанча чўлу биёбонларни босиб ўтиш лозим эди, бу сафар машаққатлари атиги бир ҳадисни эшитиш учун бўлганлигини тасаввур қилсак, Ибн Муборакнинг илм йўлида, ислом йўлида нечоғлик фидойилик кўрсатиб, заҳмат чеккани яққол намоён бўлади.

Унинг айни шу тарзда саъйи ҳаракатлар қилиб, илм ўрганган устозларининг сони тўрт мингтага етган. Бу ҳақда ал-Аббос ибн Масъаб деган олим ўзи битган тарих китобида Иброҳим ибн Исҳоқдан ривоят келтиради, у эса бевосита Ибн Муборакдан ҳикоя қиладики, у: «Тўрт мингта шайх (устоз)дан илм ўргандим ва улардан мингтасидан ҳадис ривоят қилганман»,-деган.

Юқорида зикр этилган ал-Аббос ибн Масъаб: «Ибн Муборакнинг устоз (шайх)ларидан саккиз юзтасини шахсан учратганман», деб ёзган. Мана шундан ҳам аён бўлаётирки, Ибн Муборак устозларининг сони (тўрт минг) ҳақиқий бўлиб, ўйлаб чиқарилган рақам эмас. Ибн Муборакдан келтирилган яна бир ривоятда у шундай деган: «Олиму уламоларнинг ҳаётини обдон ўрганиб, шомликлар, ироқликлар ва ҳижозликлар билан шахсан мулоқотда бўлиб, фақат улардан учтасида одоб-ахлоқ (адаб)нинг гувоҳи бўлдим. Ибн Аъвнда табиий (туғма) одобни, Абдулазиз ибн Абийда такаллуф (кейинчалик таълим йўли билан олинган нарса) билан аралаш одобни, Ваҳб ал-Маккийда эса бамисоли у одоб-ахлоқ билан бирга туғилгандек ҳолатни кўрдим».

Ибн Муборак илмни учратган- кўрган жойида олар, бу борада бирор нарса унга тўсиқ бўла олмасди. Айниқса, ҳадис ўрганиш бобида Ибн Муборак чексиз-чегарасиз қизиқиш ва иштиёқ кўргизар эди. Шу боис ҳам баъзилар: «Қачонгача ҳадис эшитиб, уни ўрганасан?», деб сўрашганда, у: «То ўлгунимча ҳадис ўрганаман»,-деб жавоб берарди. Бир марта Муҳаммад ибн ан-Назр ибн Мусовир ундан: «Э, Абу Абдураҳмон, ҳадисни ёд оласанми?»-деб сўраганда, унинг ранги ўзгариб: «Мен ҳеч қачон бир ҳадиснинг ўзини ёд олмайман, балки ҳадисни китоби билан тўлиқ олиб, унга диққат билан қараб, улардан ўзимга маъқулини (яъни ишончлисини) қалбимга муҳрлайман», деб жавоб берган. Мана шу зайлда Ибн Муборакнинг қувваи хофизаси, яъни ёдлаш қобилияти шундай юксак даражага етдики, у ҳадисларни бир ўқишдаёқ, ҳатто гоҳида бир назар ташлашдаёқ ёдида мустаҳкам сақлаб қоладиган бўлди.

У ўша пайтда ўзидан ҳам кучлироқ, ғайри табиий ёдлаш қобилиятига эга бўлган буюк муҳаддис Вакиъ ибн ал-Жарроҳ (вафоти ҳижрий 197, милодий 813)га зўр ҳавас билан қарарди.

Йирик муҳаддис Исҳоқ ибн Роҳвайҳ (166-238 ҳижрий саналар) бу ҳақда шундай деган: «Мен ва Ибн Муборакнинг ҳадис ёдлашимиз бир оз қийинчилик билан бўлар эди, аммо Вакиъ ибн ал-Жарроҳнинг ёд олиши эса том маънода табиий (аслий) бўлар эди. Шу боис биз унга ҳавас билан қарар эдик».

Ибн Муборак ҳар доим: «Кийимларга теккан сиёҳ олиму уламолар учун бир хушбўй рийҳадир (атирдир)», – деб такрорлашни хуш кўрарди. Илм олиш, айниқса, ҳадис ёзиб олишга унинг ижтиҳоди чексиз, иштиёқи ғоятда баланд эди. У бу йўлда, айниқса ҳадис китобатида ўта ҳиррис (тиришқоқ) бўлиб, ҳатто ўз устозу шайхларини лол қолдириб, таажжубга солганди. У тиним билмай устозларининг хизматини сидқидилдан адо этар, уларга чексиз иззат-икром кўрсатарди, натижада уларнинг (устозларининг) меҳрини қозониб, улар тўплаган ва ёд олган ҳадислардан хоҳлаганича баҳраманд бўлар эди. Доимо илмга чанқоқлиги боис пухта ва кенг кўламли илм олиш учун ҳамма билан ғоят самимий муносабатда бўлар, гўзал муомаласи билан ҳам ҳурмат-эътибор қозонган эди. Мана шундай завқли воқеалардан бири ҳақида унинг (Ибн Муборакнинг) устозларидан бири Исо ибн Юнус шундай ҳикоя қилади: «Бундан бир муддат бурун биз Ибн Муборак билан бирга Рум ерларида бўлган эдик. Ана шу сафаримиз чоғида унинг қилган ҳаракатларию юмушларидан ҳижолат чекардим. Чунки бир қарасангиз отимни етаклаб, унга, емиш бериш билан овора, бир қарасангиз, қаердандир шамр (хурмо ва ёғ (мой) топиб келиб хабийс (деган таом) тайёрлаб, ҳоли жонимга қўярда-қўймай овқатлантирарди. Шу ҳолда яна вақт топиб ёнимга ўтириб, мендан янги ҳадислар айтишимни сўраб, уларни ёзиб ҳам оларди. Шундай пайтларда баъзан мен ундан: «Бу тарздаги ишлардан сира тўймайсанми?»- деб сўрасам:»Бундай улуғ ишлардан ким ҳам тўярди»,- деб жавоб берар эди.

У олимлар билан суҳбат қуриб ўтиришни, уларнинг ҳар бирини ғанимат билиб, қандай йўл билан бўлмасин, бу мулоқотлардан бирор фойда олишни кўзларди ва шунга эришарди ҳам, кўпинча илгари эшитмаган ҳадисларни эшитиб, ҳеч канда қилмасдан ёзиб оларди. Боз устига илмини ошириш йўлида, ҳеч қачон хасислик қилмасди, бор мол-дунёсини сарфлаб бўлса-да, илм олиш пайида бўларди. Тарих китобларида бу ҳақда кўплаб мисоллар келтирилган.

(давоми бор)

Ҳадис илми мактаби раҳбари
 Олимхон Юсупов

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …