Home / МАҚОЛАЛАР / МУСУЛМОННИНГ ҲАЁТИДА ШАРМУ ҲАЁНИНГ ЎРНИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

МУСУЛМОННИНГ ҲАЁТИДА ШАРМУ ҲАЁНИНГ ЎРНИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Ислом дини тарғиб қилмаган бирон бир яхшилик ва у тақиқламаган бирон бир ёмонлик йўқ. У инсонларни тарғиб қилган ва зиддидан қайтарган буюк хулқлардан бири – бу, шарму ҳаёдир. У имон дарахтининг шохларидан бири ҳамдир. Зотан, Пайғамбар алайҳиссалом: “Имон етмиш нечтадир шохдан иборат. Ҳаё имон шохларидан биридир”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бинобарин, мўмин киши ҳаё ва Аллоҳдан қўрқиш билан сифатланмоғи, ҳаё унинг ахлоқи бўлмоғи лозим.

 Шарму ҳаё инсон ички оламининг гўзаллиги ва маънавий баркамоллиги аломатидир. Ҳаёли инсон одамлар назарида ҳурматли ва қадрли шахс ҳисобланади. Зеро, ёмон нарсаларни кўрганда, кўзини юмади, яхши нарсаларни кўрганда эса, қабул қилишга шошилади. Бировларга ёмонлиги етишидан, зулм ва душманлик қилишдан, фисқ-фужур ва маъсият ишларга қўл уришдан йироқ бўлади. Одамлар билан муомала қилаётиб ҳам ҳаёси билиниб туради. Ҳаё либосини кийган киши одамларнинг олқишига сазовор бўлади, уларнинг қалби унга мойил бўлиб қолади, ҳар бир истагига эришади. Ҳаёсиз кимсанинг чин дўсти ҳам бўлмайди.

Пайғамбар алайҳиссалом дўстини уятчанлиги учун “Сен жуда уятчан ва тортинчоқ одамсан-да!” дея койиб турган бир кишининг ёнидан ўтиб қолдилар. У бу гапи билан уятчанлигинг сенга зарар беради, демоқчи бўлган эди. Шунда Пайғамбар алайиссалом унга: “Уни ўз ҳолига қўй, чунки ҳаё имондандир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

У зот алайҳиссаломнинг: “Ҳаё фақат яхшилик олиб келади” (Муттафақун алайҳ), “Ҳаёнинг турган турмуши яхшилик” (Имом Муслим ривояти), “Ҳаё қайси нарсада бўлса, уни зийнатлайди. Ҳаёсизлик қайси нарсада бўлса, уни булғайди” (Имом Бухорий ривояти), “Ҳаё ва имон иккаласи бирга яратилган. Шундай экан, иккисидан бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади” (Ҳоким ривояти), деган ҳадислари ҳам нақл қилинган.

Бир куни Пайғамбар алайиссалом: “Аллоҳдан ҳаққоний ҳаё қилинглар!” дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Пайғамбари! Шубҳасиз, биз Ундан ҳаё қиламиз”, деди. “Ундай эмас, Аллоҳдан ҳаққоний ҳаё қилиш, бошни ва у ўз ичига олган нарсаларни (ёмонликдан), қоринни ва у ўз ичига олган нарсаларни (ҳаромдан) сақламоғингиздир. Ўлим ва (қабрда) чиришни ёдда тутмоғингиздир. Ким охират диёрини истаса, дунё зийнатини тарк қилади. Ким ана шундай йўл тутса, батаҳқиқ, Аллоҳдан ҳаққоний ҳаё қилибди”, дедилар (Ҳоким ривояти).

Шарму ҳаё борасида айтилган энг мукаммал насиҳат Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Одамлар пайғамбарлик каломидан биринчи идрок қилган нарсаси – агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қил”дир” (Имом Бухорий ривояти), деган ҳадислари бўлса ажаб, эмас. Мазкур ҳадис икки хил маънони ифодалайди, ҳар иккиси ҳам гўзал ва ҳақиқатдир.

Биринчиси, қилмоқчи бўлиб турган ишингда ҳаё қилиш лозим ва шарт бўлмаса, унга ҳеч қандай монелик йўқ. Қилайвер!

Иккинчиси, Пайғамбар алайҳиссалом бу гапни таҳдид маъносида айтганлар. Яъни, агар кимдир нимадир дейишига эътиборсиз бўлсанг, ҳеч кимдан, ҳатто Аллоҳдан қўрқмасанг, билганингни қил. Чунки бу ишинг учун албатта жавоб берасан! Эҳтимол, бу ҳадис хабар маъносида келган буйруқдир. У зот алайҳиссалом гўё: “Шарму ҳаёси йўқ киши истаганини қилади ва Аллоҳ уни албатта жазолайди”, демоқчилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Шубҳасиз, ҳар бир диннинг ўзига хос хулқи бор. Исломнинг хулқи ҳаёдир”, деган сўзларида ҳам ҳаёга қаттиқ урғу берилган.

Ҳаё Аллоҳ таолонинг ҳам сифатларидан биридир. Чин мўмин банда эса ҳамиша Парвардигорнинг сифатларини ўзида жо қилишга интилади. Шунинг ўзи ҳам ҳаёнинг қанчалар аҳамиятли эканини кўрсатади. Бу хусусда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Раббингиз таборака ва таоло ўта ҳаёли, карамли зотдир. Қўлларини Унга кўтариб дуо қилган банданинг қўлларини қуруқ қайтаришга ҳаё қилади”, деганлар (Абу Довуд ривояти).

Шарму ҳаёли бандани Аллоҳ таоло яхши кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бандасига бирор неъмат берса, уни бандасида кўришни хуш кўради. У Зот камбағалликни ва ўзини камбағал қилиб кўрсатганни ёмон кўради. Қатъият билан туриб олувчи тиланчидан ғазаб қилади. У ҳаёли, иффатли ва (одамлардан нарса сўрашдан) ўзини тиювчи кишини яхши кўради”, деганлар (Байҳақий ривояти).

Аллоҳ таоло: “Албатта, Сиз (Эй Муҳаммад!) буюк хулқ узрадирсиз” (“Қалам” сураси, 4-оят), деб мақтаган Пайғамбар алайҳиссалом барча ахлоқ-одоб масалаларида биз, мўминлар учун ҳақиқий ўрнак ва намуна бўлганлар.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари ўз чодири ичидаги бокира қизникидан кўра кучлироқ эди. У зот ўзлари ёқтирмаган бирор нарсани кўриб қолсалар, биз буни юзларидан дарҳол фаҳмлаб олар эдик”, деган (Муттафақун алайҳ).

Одамлар ўзлари яшаб турган жамият орасида ҳам ҳаёга жуда муҳтождир. Чунки у уларни барча гўзал ва хайрли ишларга ундайди, ҳар қандай ёмонликдан қайтаради. Орасидан шарму ҳаё кўтарилган жамоат соф инсоний табиатдан чиқиб, ҳайвонтабиат кимсалар гуруҳига айланиб қолади: аврати очиқ-ёпиқлигига эътибор қилмайди, эркак эркаклигига, аёл аёллигига зид бўлган ишларни қилишдан тап тортмайди, маданиятсизликни оммавий маданият, инсон эркинлиги шиори остида ҳимоя ва тарғиб қилишга ўтади.

Ҳаёнинг энг улуғи, шарафлиси ва юксаги Аллоҳ таолодан ҳаё қилишдир. Чунки мўмин банда Аллоҳ уни кўриб турганини ҳис қилиб, Ундан ҳаё қилади. “Аллоҳ уни кўриб туришини билмасми?” (“Алақ” сураси, 14-оят), “Ва билингки, Аллоҳ ичингиздагини албатта билади. Бас, Ундан огоҳ бўлинг” (“Бақара” сураси, 235-оят) ва “Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз” (“Қоф” сураси, 16-оят) каби оятларни хотирига келтирган киши ўй-хаёлларини, тасарруфи ва тасаввурини назорат қилишга ўтади. Сон-саноқсиз неъматлар билан сийлаб қўйган Парвардигорининг улуғлигини, фазлу марҳаматини кўз олдига келтиради. Ўзига яхшилик қилган инсонга у ёмон кўрадиган иш ёки хулқ билан рўбарў бўлишни истамайдиган инсон қандай қилиб Аллоҳ таолодан ҳаё қилмаслиги мумкин, ахир?!

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу одамларга хутба қилаётиб: “Эй мусулмонлар! Аллоҳдан ҳаё қилинглар. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳожатга бораётган вақтим Раббим азза ва жалладан ҳаё қилиб, кийимларимга ўраниб оламан”, деган (Ибн Абу Дунё ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо: “Гўзал ахлоқларнинг тожи ҳаёдир”, деб айтади (Ибн Абу Дунё ривояти).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Ҳаёси комил бўлмаган киши тақвода ҳам комил бўлмайди. Тақвода комил бўлмаган кишининг қалби ўлади”, деган (Ибн абу Дунё ривояти).

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу: “Одамлардан ҳаё қилмаган киши Аллоҳдан ҳам ҳаё қилмайди”, деб айтади (Муҳаммад ибн Ҳиббон ривояти).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Ҳаёли ва саховатли бўлмоқ яхши хислатлардан иккитасидир. Улар қайси бир бандада топилса, Аллоҳ азза ва жалла унинг даражасини кўтаради”, деган (Ибн Абу Дунё ривояти).

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ: “Ҳаё диннинг ҳаммасидир”, деб айтади (Ибн Абу Дунё ривояти).

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳаё азал-азалдан халқимиз маънавиятининг ўзига хос кўзгуси бўлиб келган. Шарқ аёли ўзининг иффати, шарму ҳаёси билан дунё аёлларига ўрнак бўлган. Эрлар эса ор-номуси, мардлиги ва кучли ҳамияти билан ажралиб турган. Шунинг учун ҳам Ғарб ёзувчилари ўз асарларида Шарқ маданиятини доим ҳавас билан тилга олган. “Оммавий маданият” номи остида кенг тарғиб қилинаётган маданиятсизлик авж олиб турган ҳозирги кунда ҳаё аталмиш гўзал бир хулқни ёшларимиз онгига чуқур сингдириш бизнинг масъулиятли ва доимий вазифамиз бўлмоғи керак.

Алоуддин НЕМАТОВ,
Имом Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …