Home / ЯНГИЛИКЛАР / ҚЎЛЁЗМА МАНБАЛАР ТАДҚИҚОТИДА ЯНГИ ДАВР БОШЛАНДИ ёхуд кўҳна маърифат ўчоғидаги ёруғ саҳифалар

ҚЎЛЁЗМА МАНБАЛАР ТАДҚИҚОТИДА ЯНГИ ДАВР БОШЛАНДИ ёхуд кўҳна маърифат ўчоғидаги ёруғ саҳифалар

Муқаддас заминимиз азалдан илм-маърифат ўчоғи бўлиб келган. Алломаларимиз қолдирган улкан илмий мероснинг маълум бир қисми, гарчи турли босқинлар даврида нобуд қилинган, олиб кетилган бўлса-да, ҳозирги кунгача етиб келганларининг саноғи ҳам кишини ҳайратга солади. Чорак асрки, мазкур ноёб хазинани асраш ва ўрганиш иштиёқида изланишлар олиб бораётган олим, филология фанлари доктори Афтондил ЭРКИНОВни суҳбатга чорлар эканмиз, тадқиқотчининг мана бу сўзларини муқаддима сифатида танладик:

“Ўзбек мумтоз адабиётига, Алишер Навоий асарларига бўлган меҳрим туфайли ўзимни қизиқтирган саволларга жавобларни юртимизда, Германия, Франция, Буюк Британия, Туркия, Россия каби давлатлар фондларидаги қўлёзмаларни ўргандим ва шундай хулосага келдимки, аждодларимиз бизга қолдирган илмий-маънавий мероснинг кичик бир қисми ўрганилган. Ҳатто Ўзбекистоннинг ўзида мавжуд бўлган қўлёзмалар ҳақидаги тасаввурларимиз ҳам етарли даражада эмас”.

—  Афтондил ака, яқинда Президентимизнинг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мазкур қарорда белгиланган вазифаларни ўқиб, сиз каби олимлар ва тадқиқотчилар ўзларини ўйлантириб юрган муаммолар ечимига ҳам навбат етиб келганлигидан хурсанд бўлдилар. Шундай эмасми?

— Чорак асрдан кўпроқ вақт давомида мумтоз адабиётимизни, Алишер Навоий асарларини тадқиқ этиш билан шуғулланиб келяпман. Афсуски, аждодларимизнинг бизга қолдирган илмий-маънавий меросига беписандлик билан муносабатда бўлган не-не мансабдор шахсларни, даврларни ҳам кўрдим. Бир неча йиллар аввал устозларимиздан бири масъул шахсларга мурожаат қилиб, юртимизда мавжуд бўлган барча қўлёзмалар миқдорини аниқлайлик, уларга доир маълумотларни бир марказга жамлайлик, деганида унинг фикрларига эътибор қаратилмаганди. Ҳозирги кунда нафақат юртимизда, балки бутун дунёда Ўзбекистон билан боғлиқ қандай қўлёзмалар борлигини ўрганишга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётгани кўнглимизда ўзгача хотиржамлик ва қувонч уйғотмоқда.

Мамлакатимизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятининг ташкил этилиши ўзбек заминида таваллуд топиб, илмий фаолият олиб борган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ноёб меросини илмий тадқиқ этиш ва унинг натижаларидан амалий фойдаланишда янги босқични бошлаб берди. Бундай халқаро маънавий-маърифий масканлар ва илмий-тадқиқот марказларининг очилиши чиндан ҳам тарихий воқеадир.

Мазкур марказлар Учинчи Ренессанс пойдевори вазифасини бажарувчи илм-маърифат масканлари бўлиши, шубҳасиз. Аввало, шуни айтиб ўтмоқчиманки, Президентимиз ташаббуси билан юртимизда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ғояси халқимизнинг узоқ йиллик орзуси, қолаверса, дунё мусулмонларига билдирилган юксак ҳурмат-эҳтиром рамзи бўлди. Аслини олганда юртимиздан чиққан олиму фузалолар нафақат Ислом цивилизациясига, балки жаҳон тамаддунига ҳам ўзларининг илм-маърифати билан жуда катта ҳисса қўшган. Мутафаккир аждодларимиз томонидан битиб кетилган кўплаб асарлар бугунги кунда жаҳоннинг турли нуқталарида жойлашган музейларда сақланмоқда. Бухорий ва Термизий туфайли бутун дунё, жумладан, ўзбек халқи ҳам ҳадислардан баҳраманд бўлиб келмоқда. Юртимизга ташриф буюраётган мусулмон давлатлари элчилари билан кўришганимизда, уларнинг биринчи тилаклари ҳам Имом Бухорий ҳақида тинглаш, билиш ва зиёратларини қилиш бўлади.

—  2020 йили Маданият вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази томонидан “Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри”нинг 1-жилди нашр этилгани келгусида ноёб меросимизни ўрганувчи ёш тадқиқотчиларга жуда катта имкониятлар эшигини очиб берди, десак адашмаган бўламиз, шундай эмасми?

— Ғоят ўринли гап бўлди. Сиз қайд этган Марказ ҳозирда Туризм ва маданий мерос вазирлиги таркибида фаолият юритяпти. Бу ерда 2019-2022 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистонга оид хорижда сақланаётган маданий бойликлар реестрини яратиш, нодир қўлёзма асарларнинг факсимилесини нашр этиш” мавзусида Инновация вазирлиги томонидан берилган лойиҳа мавжуд. 2020 йили лойиҳа доирасида “Ўзбекистонга оид хориждаги қўлёзма асарлар реестри”нинг 1-жилди нашр этилганди. Лойиҳа бўйича эндиликда ушбу реестрнинг 2- ва 3-жилдлари ҳам нашрга тайёрлаб қўйилган ва улар шу йили чоп этилади, деган умиддамиз. Айни реестр ўзбек, инглиз ва рус тилларида тузилган бўлиб, Ўзбекистон ва хориждаги олимлар, ёш мутахассисларга юртимиз тарихини ўрганишда катта ёрдам беради. Реестр устида ишлаш муносабати билан хориж фондларидаги ҳозиргача илмий жамоатчилигимизга маълум бўлмаган ўнлаб қўлёзма асарлар топилди ва янги хулосаларга келинди. Масалан, Ибн Сино асарлари қўлёзмалари Туркиядаги фондларда мингдан ортиқ нусхада мавжудлигини билиб олдик. Ёки бўлмаса, Имом Бухорийнинг юзлаб қўлёзмалари араб тилли мамлакатлар кутубхоналарида сақланиши аниқланди. Мазкур жараёнда алломаларимиз мероси дунё бўйлаб жуда кенг тарқалганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

— Яқинда Туркиянинг Анқара шаҳрида сизнинг Навоий ижодига оид ўзбек тилидаги мақолаларингиз тўплами чоп этилди. Ушбу тўпламни нашр этиш жараёнида туркиялик навоийшунослар ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг изланишларини қандай баҳолади?

— Хорижда олиб борган илмий изланишларим давомида шунга гувоҳ бўлдимки, XX асрда Навоий ижоди кўпроқ Россияда ўрганилган. Ўзбекистон мустақиллигидан кейин дунё қўлёзма фондлари ва кутубхоналари билан танишиш имконияти анча кенгайди. Чунончи, хорижий навоийшунослик билан боғлиқ тадқиқотлар ичида Туркия Навоий ижодига бағишланган тадқиқотлари билан етакчилик қилишига гувоҳ бўлдим. Шу боис, Навоий ижоди ва асарлари қўлёзмаларига оид ёзган мақолаларимни тўплаб, Туркияда нашр эттирдим. Уларнинг фикрлари умуман олганда ижобий. Аниқроғи, туркларнинг Алишер Навоий ижодига қизиқиши жуда катта. Улар Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб ўзбек тадқиқотчиларининг китобларини нашр этиш истагида эканини билдирганида қувондим. Анқарадаги “Акчағ яйинлари” нашриёти Навоий ижодига бағишланган “Навоийни англаш сари” номли китобимни 500 ададда ўз ҳисобидан нашр қилиб, дунё кутубхоналарига тарқатди. Туркияда илмий фаолият олиб бораётган ватандошимиз, навоийшунос олим, доктор Саидбек Болтабоев китобимни чоп этишда катта ёрдам берди.

—  2006 йилдан Англиянинг Кэмбриж шаҳрида жойлашган “Ислом даври қўлёзмалари” халқаро илмий ташкилоти (TIMA), 2015 йилдан АҚШнинг форсий тиллилар жамиятини ўрганиш илмий ассоциация (ASPS) ҳамда 2017 йилдан АҚШнинг Марказий Осиё тадқиқотлари илмий жамияти (CESS) аъзоси сифатида кўплаб халқаро илмий конференцияларда ўз маърузаларингиз билан иштирок этгансиз. Ўзбекистон ва унинг тарихи билан боғлиқ манбалар кўпроқ яна қайси давлатларда ўрганилмоқда?

—  Ўзбекистон ва унинг тарихи билан боғлиқ манбалар дунёнинг кўпгина мамлакатларида катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Германия, АҚШ, Франция, Япония бирламчи, яъни қўлёзма китоблар ва уларнинг нашрларини ўрганиш жиҳатидан етакчилик қилади. Ушбу давлатларда қўлёзма манбаларни ўрганишга эҳтиёж катта. Айниқса, Германия ва Япония тадқиқотчилари ЎзРФА Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институтида сақланувчи қўлёзмалар фиҳристини тузиш ишларида етакчилик қилмоқда.

Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаш керакки, Европа давлатларида бизнинг адабиётимиз, тарихимиз билан боғлиқ анчагина қўлёзмалар сақланмоқда. Масалан, мен Саъдий Шерозий қаламига мансуб “Гулистон” асарининг фанга номаълум бўлган янги нусхаси Берлин Давлат кутубхонасида сақланаётганини аниқладим. Ҳозирда унинг матни эски ўзбек ёзувидаги аслиятини кўрсатувчи факсимиле — фотонусхаси ва жорий ёзувимизга ўгирилган кўринишида нашр қилиниш арафасида. Демак, хорижда ҳали биз ўрганмаган кўплаб қўлёзмаларимиз мавжуд.

—  Манбашунос олимларнинг таъкидлашича, шу кунгача юртимизда қўлёзма асарларни реставрация қилиш билан шуғулланадиган махсус мутахассисларни тайёрлаш бўйича таълим тизими йўлга қўйилмаган экан…

—  Шу боис, биз сўз юритаётган қарорда айни муаммога ечим бўладиган вазифалар белгиланган. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Қадимий ёзма манбалар консервацияси ва реставрацияси” таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Мен чет давлатларга борганимда шу нарсага гувоҳ бўлдимки, қўлёзмаларни реставрация қилиш ишлари қўлёзма фондларининг алоҳида бир катта вазифаси ҳисобланар экан. Умуман олганда, қўлёзмаларни реставрация қилиш, уларни консервация қилиш, яъни бор ҳолича сақлаб қолиш масаласи ҳамиша долзарб ҳисобланган. Устозимиз, профессор Қосимжон Содиқов бир вақтлар “Агар биз қўлёзмаларни ўрганмаган тақдирда ҳам уларни борича сақлаб, кейинги авлодларга етказиб бера олсак, катта бир муҳим вазифани бажарган бўламиз”, деган эди. Бу жуда тўғри фикр. Чунки минг йиллар давомида асраб келинган ноёб меросимизни буёғига ҳам авайласак ва қадрига етсак, келажак авлод олдида юзимиз ёруғ бўлади.

Қўлёзма манбани сақлашнинг ўзига хос талаблари ва халқаро меъёрлари бор. Ушбу манбанинг барча қисмлари табиий ашёдан бўлгани боис, уни махсус ҳарорат, ёруғлик ва қуёш нуридан келадиган ультрабинафша нурларидан ҳимоялаш зарур. Бу манбаларнинг биздан кейин яна минг йиллар сақланиб туришини таъминлайди.

Юртимиздаги фондларнинг реставрацион лабораториясида асосан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти битирувчилари фаолият юритади. Лекин у ерда ҳам қўлёзма асарларни реставрация қилувчи махсус йўналиш йўқ. Шу маънода, бу йўналишда миллий кадрлар етиштириш муаммо бўлиб келаётган эди. Яқинда ЎзРФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондининг реставрация бўлими ходимлари билан суҳбатлашдим. Улар ҳозирча бу борада устоз-шогирд тизими асосида бакалавр ва магистрларни фондга жалб этиб, мутахассис тайёрлаб келаётган экан.

Тарихий ҳужжатларни реставрация қилишда, аввало, консервация амалиёти, яъни қоғозни мустаҳкамлаш амалиёти бажарилади. Кейин қисмларни бутлаш учун махсус япон қоғозидан фойдаланилади. Бу ходимдан катта масъулият талаб этади. Шунинг учун ҳам тажрибага эга, малакали, синовлардан ўтган ходимларга асл нусхадаги манбалар берилади.

Одатда сканер бўлимида 20 та мутахассис ишлаши керак. Мазкур фондда эса 3 киши ишлаяпти. Кўриниб турибдики, реставрация жараёнида кадрлар масаласи биринчи ўринда. Оддий мутахассис бу жараёнда ишлаб кета олмайди. Қайсидир даражада қўлёзма манбани билиши талаб қилинади.

— Қарорда икки ой муддатда жисмоний ва юридик шахслардан қадимий ёзма манбаларни харид қилиш, уларни давлат тасарруфига топшириш механизмини ишлаб чиқиш борасидаги муҳим вазифалар белгиланган. Негадир кейинги пайтларда ноёб қўлёзмаларни ўз юртимизда истиқомат қилаётган жисмоний шахслардан излаб топиш ва уларни ўрганиш борасида жон куйдираётган тадқиқотчилар ҳақида эшитмай қўйдик…

— Шундай даврлар бўлдики, қўлёзма манбаларни уйида сақлаган шахсларга нисбатан жуда ёмон муносабатда бўлинди. Қўлёзма ва ундаги ҳар бир асарда фақатгина диний асар тарғиботини кўргандек бўлишди ва шу муносабат билан уйида ноёб меросимизни кутубхона шаклида асраётган одамлар ёмонотлиққа чиқарилди. Ҳар қанча таъқибларга қарамай, тарихимиздан далолат бергувчи ёруғ саҳифалар фидойи юртдошларимиз томонидан асраб қолинди. Ҳалигача аҳоли ўртасида сақланаётган қўлёзма манбаларни йиғиб олиш, харид қилиш уларни давлат ҳисобига ўтказиш керакли жараён. Агар ушбу манба уй шароитида сақланса, вақт ўтгани сайин сифатини йўқотиб бораверади. Шу боис, аҳолидан қўлёзмаларни сотиб олиш ва уларни давлат тасарруфига ўтказиш билан боғлиқ ишларни кучайтириш ўринли.

Аслида юртдошларимиз қўлида муайян миқдорда ноёб қўлёзмалар, босма нашрлар сақланади. Ҳатто тарихий ҳужжатлар, хонларнинг ёрлиқларини ҳам топширишяпти. Агар айни мавзуда роликлар тайёрланиб, тез-тез телеканалларда ва ижтимоий тармоқларда тарқатилса, юртдошларимиз бу жараёнга эътиборсиз бўлмас эди. Айнан ЎзРФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди аҳолидан имкон қадар юқори қийматларда сотиб олишга ҳаракат қилади. Қўлёзма учун энг кам иш ҳақининг 15 баробари бошланғич нарх сифатида берилади. Қўлёзманинг кўчирилган даври, безаги, илмий аҳамиятига қараб унинг нархи ошиб бораверади.

— Қарорда Интернет жаҳон ахборот тармоғида юртимиз алломалари ва мутафаккирларининг ҳаёти ҳамда маънавий мероси ҳақидаги илмий-маърифий портал ва унинг мобиль иловаси ишга туширилиши борасида ҳам сўз юритилган. Мазкур портални ташкил этиш жараёнида қандай таклиф ва мулоҳазаларни ўртага ташлашингиз мумкин? Бу борада қайси хорижий давлат тажрибасидан фойдаланиш ўринли деб биласиз?

— Илмий-маърифий портал яратилишини биз, тадқиқотчилар орзу қилар эдик. Ахир интернет асрида яшаяпмиз. Менимча, бу портал ўзбек, инглиз ва рус тилларида яратилса керак. Хорижда илм-фан, адабиёт ва санъатни тарғиб қиладиган кўплаб илмий-маърифий порталлар, институтлар бор. Масалан, Тошкентдаги Гёте институтининг асосий мақсади немис тилини ўргатиш, халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Германшунослар, талабалар, умуман, барча қизиқувчилар институт ўқув залида немис тилидаги китобларни мутолаа қилиши, Германия даврий ва вақтли матбуот нашрлари билан танишиши мумкин. Кимда немис тилини ўрганишга иштиёқ пайдо бўлса, бу ердаги курсларда таҳсил олиш имконияти бор. Франциянинг Гюго номидаги маданият маркази эса француз тилини ва француз маданиятини тарғиб қилиш билан шуғулланади. Биз ҳам келгусида ана шундай вазифаларни бажарувчи марказларни, илмий-маърифий порталларни ишга туширишимиз зарур. Ахир ҳозирги кунда энг яхши тарғибот усули интернет тармоғи бўлиб қолмоқда. Илмий-маърифий порталга юртимиз тарихи, аждодларимиз илмий ва ижодий фаолияти билан боғлиқ расмлар, қўлёзмалар ҳақидаги видеолавҳалар, тарихий ҳужжатларни жойлаштириб борсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Мобиль илова яратилиши ҳам жуда ўринли. Масалан, уяли телефондан фойдаланаётган ёш болалар маданий-маънавий меросимиз ҳақидаги маълумотларни йўл-йўлакай кўриб ўтса ҳам, ҳеч бўлмаса, номини эслаб қолади. Агар у ерда расмлар ва миниатюралар бўлса, фарзандларимизнинг ушбу саҳифаларга бўлган қизиқиши янада ошиши мумкин.

“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.
Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 2022 йил 22 февраль, 38(560) сон

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …