Home / ЯНГИЛИКЛАР / 14 ФЕВРАЛЬ – ШОҲ ВА ШОИР ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ТАВАЛЛУДИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

14 ФЕВРАЛЬ – ШОҲ ВА ШОИР ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ТАВАЛЛУДИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, қадрли ҳамкасблар! 

Илмга чанқоқ талаба-ёшлар!

Маълумки, ҳар йили февраль ойида юртимизда икки буюк сиймо – Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди кенг нишонланиши анъанага айланган. Шу маънода, куни кеча сўз мулкининг султони ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланди. Хусусан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам мазкур сана катта тантана, ўзгача шукуҳда кутиб олинди. 

Бугун эса яна бир улуғ бобокалонимиз, шоҳ ва шоир, давлат ва жамоат арбоби, дилбар шахс Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллигини нишонлаяпмиз.

Нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам буюк сиймо — Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, «Бобур Мирзо халқимизнинг буюк фарзанди. Адабиёт, илм, маърифат нуқтаи назаридан у ҳамон яшаяпти»!

Қадрли толиби илмлар, ҳурматли устоз-мураббийлар!

Улуғ аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур гарчи Ҳиндистонда салкам уч юз йил ҳукмронлик қилган Бобурийлар империясиган асос солган бўлсада, киндик қони тўкилган Ватани – Андижонни бир лаҳза ҳам унутгани йўқ. У она диёрини ҳаддан зиёд севиб, Ватанидан олисдалиги учун кўп ғам-алам чекарди. Бу унинг ижодида ўзига хос из қолдирди Хусусан, улуғ ватандошимиз бир рубойисида шундай ёзади: 

Толи йўқи жонимга балолиғ бўлди,   

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди. 

Аммо ўз навбатида ҳинд халқининг улуғ фарзанди, давлат арбоби Жавоҳарлаъл Неру Бобур Мирзо ва бобурийларнинг Ҳиндистондаги фаолияти ҳақида қуйидаги фикрларни айтиб ўтган:

«Бобур дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган. У санъатни, адабиётни севарди, ҳаётдан ҳузур қилишни яхши кўрарди».

Бобур Мирзонинг буюклиги шундаки, у қайси юртга ҳукумдор бўлмасин, энг аввало, жаҳолатга эмас, эзгуликка, адолатга хизмат қилди. Маҳаллий аҳолининг фаровонлиги, маънавий-маърифий юксалишига ҳисса қўшди. Юртни обод қилишга киришди, муҳташам обида ва боғлар бунёд этди. Унинг оқилона сиёсатини давом эттирган ворислари эса бугун ҳам дунёнинг етти мўъжизаси сифатида эътироф этиб келинаётган Тожмаҳал, Қизил қалъа каби ноёб, муҳташам архитектура ёдгорликлари, масжиду мадрасалар бунёд эттирди. 

Азизлар!

Бобур Мирзо беназир ижод соҳиби бўлганини яхши биласиз, албатта. ижодкорнинг мемуар асари – «Бобурнома», нафақат миллий адабиётимизнинг ноёб дурдонаси, шунингдек, жаҳон адабиётининг нодир намуналаридан бири саналади. Ушбу қомусий асар 30 дан ортиқ тилга таржима қилинган. Бобур ва бобурийлар сулоласига оид бебаҳо манбалар жаҳоннинг 70 дан ортиқ музейларида сақланяпти.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг илм-маърифат ҳақидаги ғоялари, одоб-ахлоқ, яхшилик, вафо, инсонпарварлик, адолат ҳақидаги қарашлари, ахлоқий-таълимий фикрлари ҳозирги даврда ҳам ёшлар тарбиясида ҳам ғоят аҳамиятлидир.

Шоир «Мубаййин», «Хатти Бобурий», «Ҳарб иши» каби асарлар ёзди. Биргина Париж кутубхонасидан ўрин олган «Рисолайи аруз»да арузнинг 537 та вазни ҳақида сўз боради ва ҳассос шоир ўз фикрларини исботлаш мақсадида 70 дан ортиқ ижодкорларнинг асарларидан мисоллар келтиради. «Рисолайи волидия» китоби эса адибнинг истеъдодли таржимонлигини кўрсатади. Умуман, ижодкорнинг бизгача сақланиб қолган лирикаси сони 400 дан ортиқни ташкил қилади. 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг ҳукмронлик даврида илм-маърифатни давлат сиёсати даражасига олиб чиққан. Бобур ва унинг авлодлари ҳамиша илғор фикрли илм-маърифат аҳли, ижодкорлар, косибу ҳунарманд, боғбону зироатчига катта ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келгани боис мамлакат тараққий этиб, эл фаровон яшашган. 

Қадрли талаба-ёшлар!

Бугун замонавий Ўзбекистон янги юксалиш босқичига қадам қўйган. Ушбу даврда халқимиз улуғ аждодлари бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, уни дунёга тараннум этиш асносида энг сўнгги илм-фан ҳамда касб-ҳунар сирларини ўрганишга катта эътибор қаратмоқда. Ишонамизки, ушбу йўналишдаги давлатимиз инвестицияси юртимизда Учинчи Ренессанс даврининг бўй кўрсатишига пойдевор бўлажак.

Шу маънода, даврнинг турли талотўплари, ихтилофларига дуч келсада, юксак инсоний туйғуларни сақлаб қола олган, дунё илм-фани, маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган шоҳ ва шоир – Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи умрбод унутилмайди! У қолдирган бой илмий-маънавий мерос, муҳташам меъморий обидалар асрлар оша ёш авлодларни улуғ мақсадларга даъват этиб, маънавий куч-қувват манбаи бўлади! 

Илм-фан, маданият чўққиларини забт этишда Сизга сиҳат-саломатлик ва улкан муваффақиятлар тилайман.

Музаффар КОМИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, 
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори
Манба:iiau.uz

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …