Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / “МАРКАЗИЙ ОСИЁ КЎЧМАНЧИЛАРИНИНГ ИЛК ИСЛОМЛАШУВИ”

“МАРКАЗИЙ ОСИЁ КЎЧМАНЧИЛАРИНИНГ ИЛК ИСЛОМЛАШУВИ”

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти ҳамкорлигида “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасида қатор илмий маърузаларни ўзида мужассам этган туркум онлайн семинарларнинг навбатдагиси бўлиб ўтди.

Унда Марказ илмий ходимлари, юртимизда фаолият юритаётган илмий муассасалар – Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқанд археология институти олимлари, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси вакиллари, хорижий давлатлар, жумладан, Германиянинг Гамбург, Япониянинг Чубу университетлари тадқиқотчилари қатнашди.

Бу галги семинарда Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Археологик тадқиқотлар институти катта тадқиқотчиси Фарҳод Мақсудовнинг “Марказий Осиё кўчманчиларининг илк исломлашуви” деб номланган маърузаси тингланди.

Маърузачи Мовароуннаҳр ҳудудида араблар истилосидан кейинги даврда давлатчилик тарихи хронологияси, шаҳарсозлик маданияти, ҳукмдор синфларнинг таъсир кучи ва халқлар этнологияси фонида ислом дини ёйилишининг характерли жиҳатларини ёритиб берди. Таъкидланганидек, юқоридаги омиллардан ташқари, тарихнинг тегишли даврларидаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётга, маиший турмуш шароитларига, ҳунармандлик тараққиёти ва нумизматикага оид маълумотлар ҳамда археологик топилмалар халқларнинг исломлашуви жараёнлари ҳақида етарли даражада тасаввур ҳосил қилиш учун зарур манба бўлиб хизмат қилади. Айниқса, қабристонлар шаклланиши, қабр ва қабр тошларининг тузилиши, дафн маросимларининг хусусиятлари кундалик ҳаётда исломий анъаналар қандай ривожланиб борганини кўрсатади. Замонамиз олимлари турли даврларга оид қирққа яқин қабр устида олиб борган биоанатомик тадқиқотлар натижасида ана шундай хулосага келган.

– Ислом дини Ўрта Осиёда қадам-бақадам, изчил ёйилмаган. Буни ўрганиш жуда мураккаб масала. Чунки, кўчманчи халқларнинг исломлашуви хилма-хил бўлган. Йирик шаҳарларда дин давлат томонидан тарғиб қилинишидан тахминан бир аср аввал эътиқодимиз овулларга исломий гуруҳлар томонидан олиб кирилган. Аксинча ҳам бўлган – “оқ кийимлилар”нинг исломга қарши исёни каби қўзғолонлар бу дин тарафдорларини чекинишга мажбур қилган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам минтақага исломнинг кириб келиши ва муайян вақт орасида ҳукмрон динга айланиши тарихий зарурат натижаси сифатида қабул қилинади, — деди олим.

Семинар сўнггида Ф.Мақсудов иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЎРТА ОСИЁ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ КОДИКОЛОГИЯСИ ЭЛEМEНТЛАРИ»

1-2 май, 2024 йил соат 10:00 да Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро …