Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” АСАРИГА ҲАНАФИЙ УЛАМОЛАР ЁЗГАН ШАРҲЛАР

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” АСАРИГА ҲАНАФИЙ УЛАМОЛАР ЁЗГАН ШАРҲЛАР

Маълумки, Мовароуннаҳр диёридан соҳаларда жаҳон цивилизацияси ва ислом тамаддуни равнақига ҳисса қўшган кўплаб уламолар етишиб чиққан. Улар асарлари ва хизматлари учун ислом оламида таниқли унвонлар билан машҳур бўлган. Истиқлол йилларида юртимиз заминида яшаб ижод этган олим ва мутафаккирларнинг маънавий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Сир эмас, Мовароуннаҳрдан кўплаб аллома ва мутафаккирлар қаторида буюк муҳаддислар ҳам етишиб чиққани боис “Ўзбекистон буюк муҳаддислар юрти” дея эътироф этилади. Ана шу уламолар орасида Имом Бухорий шахсияти ва асарлари билан бошқалардан алоҳида ажралиб туради.

Хорижий ва маҳаллий тадқиқотчилар ислом оламида “Амирул мўминин фил ҳадис” (“Ҳадис илмининг султони”) ва “Имамуд дуня” (“Дунё имоми”) каби юксак унвонлар билан шуҳрат қозонган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси бўйича турли йўналишларда илмий изланишлар олиб бормоқда.

Ислом пайдо бўлган илк даврдан бугунга қадар ҳадис жамлашда уламоларнинг саъй-ҳаракатлар натижасида юзлаб, минглаб нодир асарлар дунёга келган. Имом Бухорий ҳаёти ва фаолиятини суннатга бағишлаган буюк олимлардан бўлиб, ҳадис илми борасида кўплаб асарлар ёзган. Манбаларда унинг қаламига мансуб асарларнинг сони 24 тага етиши зикр қилинган. Улардан энг машҳури “Жомеъ ас-Саҳиҳ” бўлиб, ислом динининг таълимотига кўра Қуръони каримдан кейинги асосий манба ҳисобланади.

Зеро, Шамсиддин Заҳабий “Тарихул ислом” китобида айтиб ўтганидек, “Бухорийнинг “Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари Аллоҳ таолонинг Каломи шарифидан кейинги энг улуғ ва афзал китоб бўлиб, ҳозирги кунда одамлар учун энг олий санаддир”.

Бу асарнинг кўплаб қўлёзма нусхалари турли шаҳарларда тарқалган бўлиб, дунё мусулмонлари якдиллик билан уни энг мўътабар ҳадис тўплами сифатида эътироф этган. Бундай баҳога сазовор бўлган жамламалар уламолар орасида “Кутуб тисъа” (“Тўққиз тўплам”) деб юритилади ва “Саҳиҳул Бухорий” уларнинг энг мўътабари, энг машҳуридир.

“Саҳиҳул Бухорий” ва унинг шарҳлари борасида юртимизда У.Уватов, Б.Эшонжонов каби олимлар, хорижда эса Муҳаммад Аввома, Муҳйиддин Аввома, Явуз Кўкташ, Ҳусайн Акюз каби тадқиқотчи олимлар илмий изланишлар олиб борган.

Бошқа асарлар каби “ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”га ҳам кўпдан-кўп шарҳлар битилган бўлиб, муҳим манба сифатида у қайта-қайта нашр ҳам қилинган. Араб тилидаги шарҳ ва ҳошиялар жуда кўп бўлиб, ҳажм ва аҳамияти жиҳатидан хилма-хилдир. Қатор манбаларда[1] уларнинг сони юзга яқин экани айтиб ўтилган. Хусусан, Муҳаммад Исом Ҳусанийнинг “Итҳафул қорий би маърифати жуҳуд ва аъмалил улама ала “Саҳиҳил Бухорий” асарида “Саҳиҳул Бухорий”га бағишлаб 370 га яқин мухтасар ва тўлиқ китоб ёзилгани таъкидланган. Ҳадисшунос олим У.Уватовнинг тадқиқотларида 80 дан зиёд шарҳ ва уларнинг муаллифлари ҳақида маълумотлар келтирилган. “Кашфуз зунун” асари муаллифи Ҳожи Халифа 50 га яқин шарҳ ёзилганини айтади. Шунингдек, Фуад Сезгин 56 та шарҳни санаб ўтган.

Имом Саховий “Умдатус самеъ вал қорий” номли китобида “Саҳиҳул Бухорий” китобига 40 дан зиёд, жумладан, Муҳаммад ибн Муҳаммад Хатобий “Аъломус сунан”, Абул Ҳасан Али ибн Халаф “Шарҳ “Саҳиҳил Бухорий”, Муҳаммад ибн Саид Воситий “Шарҳ мушкул Бухорий”, Имом Нававий “Шарҳул Бухорий”, Муҳаммад ибн Баҳодир Заркаший “Танқиҳ фи шарҳ ал‑Жомеъ ас‑Саҳиҳ”, Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул борий”, Маҳмуд Айний “Умдатул қорий” ва Нажмиддин Абу Ҳафс Умар Насафий “Нажаҳ фи шарҳ китаб ахбарис сиҳаҳ”[2] номли шарҳ ва ҳошиялар ёзганини таъкидлаган.

“Саҳиҳул Бухорий”га ёзилган илк шарҳ “Иъломус сунан фи шарҳи Саҳиҳил Бухорий” бўлиб, Имом Абу Сулаймон Ҳамд (Аҳмад) ибн Муҳаммад Хитобий (319/931-388/998) қаламига мансубдир[3]. Қисқартма номи “Иъломус Сунан” бўлиб, муаллиф йирик муҳаддис Абу Довуд Сижистонийнинг «Сунан»ига бағишланган «Маъолимус Сунан» номли шарҳини тугатгач, Балх аҳлининг илтимосига кўра, Бухорийнинг шоҳ асари учун бир жилддан иборат бўлган шарҳни тасниф этган[4].

Ибн Халдун “Имом Бухорий асарининг шарҳи ислом умматига қарздур”, деган. “Фатҳул борий” номли шарҳ ёзилганидан кейин аллома Имом Саховий “Умдатус самеъ вал қорий” асарида “Эҳтимол, ўша қарздан бутун ислом уммати энди қутулди”, деб таъкидлаган.

“Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”га ёзилган шарҳлар орасида энг кўп мутолаа қилинадиганлари Ибн Ҳажар Асқалоний (773/1372-852/1449) қаламига мансуб “Фатҳул борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий” ва Бадриддин Айнийнинг (762/1361-855/1451) “Умдатул қорий фи шарҳ Саҳиҳил Бухорий” асарларидир. Улар шу даражада кўп эдики, ўз даврига ҳеч ким китоб ёзишда бу икки алломага тенглаша олмаган.

“Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”га ҳанафий йўналишида ёзилган шарҳлар орасида энг машҳури 21 жилдли “Умдатул қорий фи шарҳ Саҳиҳул Бухорий” бўлиб, мухтасар ҳолатда “Умдатул қорий” номи билан танилган. Энг мукаммал шарҳлардан бири ҳисобланади. Унда Айний “ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”да ҳанафий мазҳабига мос келмаган ҳадислар муқобилига мосларини келтириб шарҳлаган ва афзал жиҳатларини ёритиб берган. Ўқувчи тез ва осон фаҳмлаши, риёзати енгил бўлиши учун қийин тушуниладиган оят ва ҳадисларга изоҳлар ёзган. Жумладан, ўқувчи керакли манбани тез топиши учун ҳар бир жуз аввалида мундарижа келтирган.

Бадриддин Айний бу шарҳни ҳижрий 821 йили бошлаб, 847 йилда, яъни 26 йил деганда, Ибн Ҳажар “Саҳиҳул Бухорий”га “Фатҳул Борий” номли шарҳни ёзиб тугатганига 5 йил бўлганда тамомлаган[5]. Кўплаб уламоларнинг нуқтаи назарини, билдирган фикрларини инобатга олсак, “Умдатул қорий” афзалроқ экани равшан бўлади.

“Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари ва тўплами ҳар жиҳатдан мақбул ва минг йилдан буён матлуб бўлганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Зеро, бу асар ҳадис илмида тасниф этилган китоблар орасида энг буюги, мақомда энг аълоси ва энг машҳури ҳисобланади. Кўплаб уламолар уни Аллоҳнинг Китобидан кейинги мўътабар китоб дея эътироф этиб, унга турли даврда шарҳлар, ҳошиялар, мустахраж, мустадрак асарлар, танқидий ва ҳимоявий мазмунидаги китоблар тасниф этган.

Ҳадис ва ҳадис илмини Расулуллоҳ (С.А.В.) бирор бир қавмга ёки бир тоифа кишиларга хослаб қўймаганлар, балки у бутун ислом умматининг муштарак маънавий бойлиги ҳисобланади. Ҳадис ва суннат Аллоҳнинг Каломидан кейинги ўринда турувчи шаръий манбадир. Ҳадис илми барча уламолар учун умумий манба бўлгани учун уларнинг айримлари ҳанафий ё моликий, қолганлари шофеий ё ҳанбалий мазҳаблар учун китоблар тасниф этган. Ислом уммати ўз фиқҳий ва ақидавий мазҳабларидан келиб чиқиб, улардан фойдаланади.

Мотуридийлик ва ашъарийлик ўртасида ақидавий ихтилофлар бўлмагани каби аҳли сунна вал жамоадаги тўрт фиқҳий мазҳаб ўртасида ҳам хилофликлар мавжуд эмас. Мусулмонлар бошқа мазҳабдаги китоб ва манбаларга қизиқиши, улардан фойдаланишига ҳеч қандай монелик йўқ. Масалан, ҳанафий мазҳаби уламолари ҳадис илмига қизиққани ва суннатни улуғлагани учун “ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” борасида кўп ижод қилган. Умуман олганда, бу тўплам бирор мазҳабга хос эмас, балки бутун мусулмон умматининг китоби бўлгани боис ундан ҳамма мазҳабдаги мусулмонлар фойдаланади.

Ҳадис илми борасида олиб борилган тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, моликий, шофеий ва ҳанбалий уламолар “ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”га бағишлаб кўплаб асарлар тасниф этган. Ҳанафий уламолари ҳам кўплаб шарҳ, ҳошия, таълиқот, тахриж, мустадрак каби асарлар ёзган бўлиб, улар бошқа мазҳаб уламолариникидан кам эмас. Қуйида ҳанафий уламоларнинг “ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”га бағишланган шарҳлари тўғрисида маълумот келтирамиз:

  1. “Иршодул-Қори шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Рашид Аҳмад Деҳянавий[6] (ваф.1420/1999). 1399/1979 йили Покистоннинг Карачи шаҳридаги “Эж-эм” нашриётида нашр қилинган.
  2. “Ал-Абваб ват тарожум лил Бухорий”. Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий (ваф.1402/1982). 1391/1971 йилда Ҳиндистоннинг Саҳаранпурhttps://en.wikipedia.org/wiki/Saharanpur шаҳридаги “Яҳявийя” матбаасида нашр қилинган.
  3. “Изоатуд дирорий фи шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Шиҳоб Аҳмад ибн Али (ваф.1172/1759).
  4. “Иъанатул Қори фи суласийятил Бухорий”. Яҳё ибн Амин Аббос Ободий (ваф.1044/1634)[7].
  5. “Имдадул борий фи шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Абудалжаббор Аъзамий. Покистонда нашр қилинган.
  6. “Инъомул борий шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Шайхулислом Муҳаммад Тақий Усмоний. Покисдондаги “Мактаба ал-ҳаром” ва “Дарул улум Карачи”да нашр қилинган.
  7. “Инъамул борий фи шарҳ ашъарил Бухорий”. Ошиқ Илоҳий Баландшаҳрий.
  8. “Анворул борий фи шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Аҳмад Бажаннурий. “Мактаба қадимий Карачи”да етти жилдда нашр этилган.
  9. “Изоҳул борий амалий ала Саҳиҳил Бухорий”. Шайх Фахриддин Мурод Ободий[8]. “Мактаба қадимий Карачи”да уч жилдда нашр этилган.
  10. “Башируд дирорий лиман ютолиъу ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ лил Имом Бухорий”. Башируллоҳ Ранғуний Бирмавий.
  11. “Баширул қорий шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Ғулом Жийлоний Миртаҳий[9].
  12. “Туҳфатул қорий би ҳалли мушкилатил Бухорий”. Шайх Муҳаммад Идрис ибн Муҳаммад Исмоил Кандеҳлавий(ваф.1394/1974).
  13. “Тасҳилул Борий фи ҳалл шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Шайх Сиддиқ Аҳмад Бандавий[10].
  14. “Таълиқ ала мин Саҳиҳил Бухорий”. Шайх Аҳмад[11] ибн Маҳмуд ибн Абдулкарим Абулаббос Ҳанафий (ваф.1315/1897).
  15. “Таълиқ ала аваил Саҳиҳул Бухорий”. Абдулқодир ибн Салоҳ ибн Абдурраҳмон Ҳалабий.
  16. “Таълиқ ала Саҳиҳил Бухорий”. Шайх Аҳмад ибн Сулаймон ибн Камол Пошо Шамсиддин (ваф.940/1533)[12].
  17. “Таълиқа ала ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ лил Бухорий”. Ҳусайн ибн Рустам Кафавий Румий Ҳанафий (ваф.1012/1603)[13].
  18. “Таълиқа ала Саҳиҳил Бухорий”. Фузайл ибн Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Жумалий Ҳанафий[14].
  19. “Таълиқа ала Саҳиҳил Бухорий”. Шайх Лутфуллоҳ ибн Ҳасан Тавқоний Румий Ҳанафий (ваф.904/1498)[15].
  20. “Таълиқа ала Саҳиҳил Бухорий”. Муҳаммад Юсуф ибн муфти Муҳаммад Асғар Саҳалавий (ваф.1286/1869).
  21. “Таълиқ ала Саҳиҳил Бухорий”. Мусо ибн Муҳаммад Табризий Абулфатҳ (ваф. 733/1333).
  22. “Таълиқа ала Саҳиҳил Бухорий”. Алоуддин Муҳаммад ибн Али (ваф.1088/1677)[16].
  23. “Таълиқот ала Саҳиҳил Бухорий”. Қутубул ҳуда ибн МуҳаммадВозиъ ал-Ҳусайний Нақшбандий Бурайлавий (ваф.1226/1811)[17].
  24. “Таълиқотул Қорий ала суласиётил Бухорий”. Шайх Али ибн Султон Муҳаммад Нуриддин Мулло Ҳаравий Қорий Ҳанафий (ваф.1014/1605)[18].
  25. “Тафҳимул Бухорий шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Зуҳурулборий Аъзамий.
  26. “Тафҳимул Бухорий шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Шайх Ғуломрасул ибн Набий Бахш Ризо Бурайлавий[19].
  27. “Тақрир Саҳиҳил Бухорий”. Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий Ҳиндий (ваф.1402/1982). Покистонда “Халил Баҳодир обод Карачи” босмахонасида нашр қилинган.
  28. “Талхис шарҳ асма рижалил Бухорий лил Кирманий”. Тоҳир ибн Юсуф Бурҳанбурий Синдий (ваф.1004/1596)[20].
  29. “Талвиҳ фи шарҳ ал-жомеъ ас-саҳиҳ”. Алоуддин Абу Абдуллоҳ Муғултой ибн Қилич ибн Абудуллоҳ Мисрий (ваф.762/1361)[21].
  30. “Тайсирул Қорий фи шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Нурилҳақ ибн Абдулҳақ ибн Сайфуддин Бухорий Деҳлавий (ваф.1073/1662). 1305/1888 йилда Ҳиндистоннинг Лакнао шаҳрида беш жилдда тошбосма ҳолда нашр этилган[22].
  31. “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ фи шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Абдулжаббор Аъзамий.
  32. “Ҳошият ала ал-Жомеъ ас-саҳиҳ Бухорий”. Аҳмад Али ибн Лутфуллоҳ Ҳанафий Мотуридий (ваф.1297/1880)[23].
  33. “Ҳошият ала ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ ал-Бухорий”. Шайх Абул Ҳасан Нуриддин Муҳаммад ибн Абдулҳодий Ҳанафий Ҳиндий (ваф.1138/1726).
  34. “Ҳошият ала ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ лил-Бухорий”. Шайх Муҳаммад ибн Мустафо ибн Ҳумайд Кафавий Ҳанафий (ваф.1174/1760)[24].
  35. “Ҳошият ала ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”. Муҳаммад Акрам ибн Қози Абдурраҳмон Ҳанафий Насрбурий Синдий.
  36. “Ҳошият ала ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”. Бакр ибн Фардий Қайсарий Румий Ҳанафий (ваф.1145/1732)[25].
  37. “Ҳошият ала ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”. Шайх Абдуссалом ибн Муҳаммад Амин ибн Шамсиддин Доғистоний Ҳанафий (ваф.1202/1788)[26].
  38. “Ҳошият ала ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”. Шайх Муҳаммад Қосим ибн Асад Али ибн Ғуломшоҳ ибн Муҳаммад Бахш Сидиқий (ваф.1297/1880)[27].
  39. “Ҳошият ала ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”. Имом Муҳаммад ибн Юсуф ибн Умар ибн Шуъайб Ҳасаний Ҳанафий (ваф.895/1490)[28].
  40. “Хойрул Борий фи шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Шайх Муҳаммад ибн Илоҳибахш Жоландаҳрий (ваф.1390/1970).
  41. “Ал-хойр ал-жарий шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Муҳаммад Сурур.
  42. “Ал-хойр ал-жорий фи шарҳ Саҳиҳил Бухорий”. Шайх Абу Юсуф Яъқуб Албаний Лоҳурий (ваф.1098/1687). Ҳиндистондаги “Риёсат рамфур атробардиш” кутубхонасида сақланмоқда[29].
  43. “Далилул Қорий ила Саҳиҳил Бухорий”. Шайх Абдулмажид Деҳянавий.
  44. “Шарҳ аваил Саҳиҳил Бухорий”. Мустафо ибн Муҳаммад Қастамуний Румий Ҳанафий Қозий (ваф.1097/1686)[30].
  45. “Шарҳ тарожум абвобил Бухорий”. Қутбиддин Аҳмад Валиюллоҳ ибн Абдурраҳим ибн Важиҳиддин Умарий Деҳлавий (ваф.1176/1762)[31].
  46. “Шарҳул абвоб ват тарожум лил Бухорий”. Маҳмуд Ҳасан Девбандий (ваф.1329/1911).
  47. “Шарҳ сулосиётил Бухорий”. Муҳаммадшоҳ ибн Муҳаммад Ҳасан Румий Ҳанафий (ваф.939/1532)[32][33].

Бу асарлар “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”га ҳанафий уламолар томонидан тасниф этилган шарҳлар бўлиб, улар турли даврларда ва турли услубларда ёзилгани билан фарқланади. Улар орасида Бадриддин Айнийнинг “Умдатул Қорий” шарҳи ҳанафий мазҳабида ёзилган илк ва мукаммал шарҳлардандир. Бу асарни ўрганиб, ўзбек тилига таржима қилиб, кенг жамоатчиликка етказиш тадқиқотчилар олдида турган муҳим вазифалардан саналади. Шунингдек, илму маърифат, маънавий қадриятларимиз, тарихий, маданий меросимиз, ўтмишда яшаб ўтган буюк алломаларимиз ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси ҳақида батафсил маълумот тўплаш ва халқимизга тақдим этиш муҳим аҳамият касб этади.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Абдулайй Каттоний. Таҳқиқ: Эҳсон Аббос.Феҳрисул фаҳарис. Дарул-ғарб исламий. Байрут. 1982/2.
  2. Абдулҳай ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Акарий. Таҳқиқ: Абдулқодир Арнаут, Маҳмуд Арнаут. Шазирот аз-заҳаб. – Дамашқ: Дар Ибн Касир, 1986. Ж.6.
  3. Абдулҳай Лакнавий. Ал-Фавоиду-л-баҳия фи тарожими-л-ҳанафия // Аҳмад Заҳабий таҳрири остида. Байрут: Дору-л-арқам ибн ал-арқам, 1998.
  4. Абдулҳай Ҳасаний. “Нузҳатул-хаватир”. Дар ибн ҳазм. Байрут. 1999.Ж.6.
  5. Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний. Умдатул-қорий. Байрут. Дар ал-кутуб ал-илмийя 1-жуз.
  6. Имом Саховий. Умдату‑с‑самеъ вал‑қорий фи фаваид саҳиҳ ал‑бухарий. Саудия. Авлад шайх. 2003.
  7. Исмоил Пошшо Бағдодий. Изоҳу-л-макнун фи-з-зайл ала кашфи-з-зунун. 2 жилдли – Байрут: Дору иҳёи-т-туроси-л-арабий, 1951. –Ж.1.
  8. Карл Броккелман. Тарих ал-адаб ал-арабий. Абдулҳалим Нажжор, Саййид Яъқуб Бакр ва Рамазон Абдутаввоблар Араб тилига таржима қилган. – Қоҳира: Дор ал-маъориф. –Ж.3.
  9. Карл Броккелман. Тарих ал-адаб ал-арабий. Абдулҳалим Нажжор, Саййид Яъқуб Бакр ва Рамазон
  10. Муҳаммад Амин Муҳиббий. Хулосат ал-асар фи Аъян ал-қорн ал-ҳади ашар. Байрут: Мактабат хайёт. –Ж.2.
  11. Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий. Ламеъ ад-дирорий ала ал-жамеъ ас-Саҳиҳ. Ҳиндистон. Ал-жамъия. 1971. –Ж.1.
  12. Муҳаммад Халил ибн Али Муродий. Силк ад-дирор фи аъян ал-қорн сани ашар. Дурул ктубул силамий. Ж.3.
  13. Сиддиқ Ҳасанхон ал-қанужий, ал-Ҳитта фи зикри сиҳоҳ ситта, -Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия. 1985. –
  14. Тақийюддин Абдулқодир Тамимий Ҳанафий. Таҳқиқ: Абдулфаттоҳ Муҳаммад Ҳулв. “Табақот ас-сания фи тарожум ал-ҳанафийя”. Лажнат эҳя ат-турос ал-исламий. Қоҳира. 1970. –Ж.1.
  15. Умар Ризо Каҳҳола. Муъжам ал-муаллифин – Тарожим мусаннифи ал-кутуб ал-арабия. Байрут: Муассаса ар-рисала, 1957. Ж.2. –Б.73.
  16. Фуад Сезгин. Тариху-т-туросил-арабий // Маҳмуд Фаҳмий Ҳижозий арабтилига таржимаси. 20 жилдли. – Ар-Риёд: Жомиату-л-имам Муҳаммад ибн Сауд ал-исламия, 1991. –Ж.1. –Б.242.
  17. Хайриддин ибн Маҳмуд Зирклий Димашқий. Ал-аълом. Дарул илм лил малайин. 2002. Ж.1.
  18. “Мажалла фикр ва назар” журнали. Таҳқиқоту ал-исламий. Исломобод ислом университети. 1995. Апрель. –
  19. Channar Mahmoodul Hasan, Azuz-ur-Rehman Saifee, Barhtiyoar Bano. “Academic contributions of Ahnaf on Saheeh of Imam Bukhari”- جهود الحنفية حول الجامع الصحيح للإمام البخاري تصنيفا وتأليفا
  20. “Habiba Islamicus” The international Journal of arabic and islamic research. Publisher: Habibia Research Academy, Habibia Islamic Institute, Karachi (Pakistan). 2018. Volume 2, Issue 1.
Барот АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий‑тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ХIХ АСР ОХИРИ ВА ХХ АСР БОШЛАРИДАГИ САМАРҚАНД МАЪРИФАТПАРВАРЛИК АДАБИЁТИ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИ САБРИЙ МУФТАҚИРИЙ МЕРОСИ

Сабрий нақшбандия тариқати вориси, ХХ аср бошлари адабий жараёнига ўзига хос ҳисса қўшган, шоир, шайх …