Home / АЛЛОМАЛАР / АБУ БАРАКОТ НАСАФИЙНИНГ ҲАНАФИЙ ФИҚҲИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

АБУ БАРАКОТ НАСАФИЙНИНГ ҲАНАФИЙ ФИҚҲИ РИВОЖИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Мустақилликка эришганимиздан кейин юртимизда кўплаб соҳаларда ислоҳотлар ўтказилди. Аждодларимиздан қолган буюк меросни ўқиб-ўрганиш, илмий таҳлил қилиш, муқаддас қадамжоларни қайта тиклаш каби эзгу мақсадлар ила қилинаётган ишларнинг саноғига етиш қийин. Ана шундай эзгу ва хайрли ишлардан бири Марказий Осиёнинг буюк алломаларидан бири ҳисобланган ватандошимиз Ҳофизиддин Абу Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий (629/1232-710/1310)нинг ҳаёти ва қолдирган меросини илмий таҳлил қилиш ва келажак авлодларга етказишдир. У ўз замонасининг машҳур имоми, фиқҳ илми билимдони, атоқли муҳаддиси ҳисобланган [5]. У Шамсул аимма (Имомлар қуёши) унвонига сазовор бўлган машҳур олим Муҳаммад ибн Абдуссаттор Кардарий (ваф.642/1244)нинг шогирдидир. Шунингдек, у фиқҳда Бадруддин Хоҳарзода (ваф.651/1253) ва Ҳамидуддин Зарир Али ибн Муҳаммад Бухорий (ваф.667/1268)дан ҳам сабоқ олишга муяссар бўлган.

Ҳанафий мазҳаби мужтаҳидларининг сўнгги вакили Имом Аллома Ҳофизиддин Абу Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад Насафий (в.710/1310 й.) Имом Абул Қосим Муҳаммад ибн Юсуф Ҳасаний Самарқандий (в.556/1161) қаламига мансуб «Фиқҳун нофеъ» асарига «Мустасфо» номли шарҳ битган. Ҳофизиддин Насафий ҳанафий мазҳабининг етук фақиҳларидан бўлиб, фиқҳ илми борасида зарбулмасалга айланган. Аллома илм таҳсили, асар таснифи, танқид ва таҳлил бўйича ўз йўналишига эга бўлган. Шу билан бирга, етук муфассир ва моҳир усулчи экани тарихий манбаларда ўз ифодасини топган [2].

Абдулҳай Лакнавий (ваф.1304/1886) ўзининг “Фавоиди баҳиййа” асарида Ҳофизиддин Насафий ҳақида ёзар экан, унинг Имом Ахсикатийнинг “Мунтаҳаб” ва ўзининг “Манор” асарига иккитадан шарҳ ёзганини қайд қилади. “Кашфуз зунун” асарида Абу Баракот Насафийнинг Бурҳониддин Марғилонийнинг машҳури жаҳон “Ҳидоя” асарига ҳам шарҳ ёзгани қайд этилган. Буни бошқа тазкиралар ҳам тасдиқлаган ва 700 ҳижрий (1300 милодий) йили Насафий Бағдодга борганида, “Ҳидоя”га шарҳ ёзган, деб зикр этилган. Бироқ ҳозиргача унинг бу асари топилган эмас [8].

Мовароуннаҳрдан етишиб чиқиб, ўзининг қимматли илмий асарлари билан нафақат ислом, балки бутун дунё маданиятида ўчмас из қолдирган Имом Бухорий (194/810-256/870), Имом Термизий (209/824-279/892), Абу Мансур Мотуридий (256/870-333/944), Абу Бакр Қаффол Шоший (291/904-365/976), Абу Лайс Самарқандий (298/911-375/985), Абу Муин Насафий (418/1027-508/1114), Абу Ҳафс Насафий (461/1069-536/1142), Маҳмуд Замахшарий (467/1075-538/1144), ‘Алоуддин Самарқандий (ваф. 539/1145 й.), Бурҳонуддин Марғиноний (511/1118-593/1197), Баҳоуддин Нақшбанд (718/1318-791/1389) сингари алломаларнинг ҳаёти ва фаолияти ёритилаётган кўплаб илмий тадқиқотлар яратилмоқда.

Самарқанд, Бухоро ва Тошкент каби Насаф ҳам юксак илм-маърифатнинг марказларидан бири бўлган. Насафлик олимлар бошқа илмий марказ олимлари каби Мовароуннаҳр ва умуман мусулмон оламининг ижтимоий ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиб, соғлом диний-маънавий муҳит, ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик таълимотини мустаҳкамлаш учун улкан замин яратган [1].

Насаф Бухорони Балхга боғлаб турган йўлда, Жайҳун (Аму) дарёси билан Самарқанд орасида бўлиб, аҳолиси кўп ва Мовароуннаҳрнинг катта шаҳарларидан бири бўлган. Бой маданиятга эга ривожланган жойлар оралиғида жойлашгани туфайли Насафда маданият ва илм-маърифат ривожланган. Бу ерда ҳанафий мазҳабининг йирик вакиллари етишиб чиққан. Улардан Абу Мутиъ Макҳул Насафий (ваф. 318/930), Нажмуддин Абу Ҳафс Умар Насафий (1070-1143), Абулфазл Муҳаммад Бурҳон Насафий (600-679/1201-1281), Абу Али Ҳусайн Насафий (ваф. 424/1034)ни зикр этиш мумкин.

Абу Баракот Насафийнинг умумий ҳисобда 13 та илмий асари мавжуд ва уларнинг барчаси бугунги кунгача етиб келган. Бу асарларнинг 5 таси фиқҳ (улардан 1 таси қиёсий ҳуқуқшунослик)га, 4 таси калом илми, 3 таси усулул фиқҳ ва 1 таси тафсирга оид бўлиб, 6 таси чоп этилган [7].

Тафсирга оид «Мадарикут танзил ва ҳақаиқит таъвил» («Қуръон моҳияти ва таъвил ҳақиқатлари») китоби Насафийнинг энг машҳур асари бўлиб, мўътабар тафсирлардан бири ҳисобланади. Мавзу, услуб ва илмларнинг кенг қамровлилиги жиҳатидан шоҳ асар саналади.

Калом илмига оид «Умдатул ақоид» («Ақидалар асоси») асари мухтасар ҳолда ёзилган бўлиб, калом илмига оид муҳим масалаларни қамраган. Муаллифнинг ўзи унга шарҳ ёзган ва уни «Иътимод» деб номлаган. Асарнинг Жамолиддин Маҳмуд ибн Аҳмад Қунавий (ваф. 770/1368-69 й.)га қарашли «Зубда» («Қаймоқ»), XIV асрда яшаган Аҳмад ибн Аваз Донишманд Ақшиҳарий Ҳанафийнинг «Инқод фи шарҳ умдатил иътиқод» («Умдатул иътиқоднинг Қутқариш номли шарҳи») номли ўнга яқин шарҳи мавжуд . Шамсиддин Муҳаммад ибн Юсуф Румий Қувнавий (788/1386 й.), Исмоил Абу Тоҳир Маккий (ваф. 846/12442-3 й.) ва Шамсиддин Муҳаммад ибн Иброҳим Никсарий (ваф. 901/1495-96 й.) сингари олимлар ҳам шарҳ ёзган. Бу асар чоп этилмаган.

Абу Баракот Насафий ислом илмларининг деярли барча соҳаларида сермаҳсул ва барча томонидан ижобий қабул этилган ижоди билан машҳур бўлган. Унинг тўлиқ исми Абу Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуддир. Туғилган йили тўғрисида манбаларда аниқ маълумот йўқ. Аммо 710/1310 йили вафот этган деб кўрсатилади.

Аллома мўғуллар Мовароуннаҳрни Чиғатой улуси таркибида тўла бошқарган даврда яшаган бўлиб, манбаларда ижтимоий-маданий ҳаёт ҳақидаги маълумотлар деярли учрамайди. У пайтда Шарқ таназзулга юз тутган, кўпгина кўзга кўринган зиёлилар ва илм пешволари ҳалок бўлган. Омон қолганлари бошқа юртларга кўчиб кетган [10].

Абу Баракот Насафий мўғуллар босқини даврида диний илмларни ривожлантиргани, турли соҳаларда ижод қилиб, илм-маърифат тарқатгани учун уламолар томонидан “Ҳофизуддин”, яъни “динни ҳимоя қилувчи” деган шарафли номга сазовор бўлган. Абдуҳай Лакнавийнинг гувоҳлик беришича, бундай номга фақат икки киши лойиқ кўрилган бўлиб, уларнинг иккиси ҳам Бухорода мўғуллар босқини даврида илм тарқатган Шамсул аимма Муҳаммад ибн Абдуссаттор Кардарий (ваф. 642/1244)нинг изидан борган шогирдлари – Абу Баракот Насафий ва Абул Фазл Муҳаммад Кабир Бухорийдир.

Аллома ҳақида кўплаб араб биографик манбаларида қисқа ва бир-бирини такрорлайдиган, компилятив маълумотлар берилган. У адабиётларда қуйидагича тавсифланган:

«Шайх, улуғ имом, пешқадам аллома, Ер аҳлининг устози, суннат ва фарзни жонлантирувчи, Қуръон маъноларини кашф қилувчи, таъвилнинг нозик жиҳатларини билувчи, илоҳий калом таржимони, маъоний ва баён илмлари соҳиби, фиқҳ ва усулул фиқҳнинг билимдони, ақлий ва нақлий масалаларнинг таянчи, дин ва миллат ҳимоячиси, ислом ва мусулмонлар етакчиси, пайғамбарлар илмларининг меросхўри, етук мужтаҳид, муҳаққиқ олимларнинг машҳури» [3].

У Насафда туғилган бўлса-да, Бухорода таълим олган, ёшлик даври диний-илмий муҳитда ўтган, илм талабида кўплаб мамлакатларга борган ва катта обрў-эътибор топган. Илмга берилиб, сиёсий жараёнлардан узоқда бўлган ва фақат илмий доираларда катта шуҳрат қозонган. Номи жуда кўп жойларга тарқалган. Тахминан 1280 йилларда Кирмон шаҳридаги «Қутбийас султония» мадрасасида мударрислик қилган. Сўнг Бағдодга келиб, Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний ва ўз асарларидан таълим берган. Бу даврда кўплаб машҳур олимларнинг асарларига шарҳлар ҳам ёзган.

Насафий жуда тақводор ва диёнатли инсон бўлган. Араб ва форс тилларини мукаммал билган. Абдулҳай Лакнавий уни «замонасида тенги йўқ комил имом, фиқҳ ва усулул фиқҳ олимларининг етакчиси, ҳадис ва унинг маъноларида ўткир олим бўлган», Ибн Ҳажар Асқалоний (773/1372-852/1449) эса «алломаи дунё», деб таърифлаган [6].

Маълумки, Абу Баракот Насафий Ҳофизуддин Кабир Бухорий билан бир даврда яшаган ва улар Шамсул аимма Кардарийдан дарс олган. Шу сабабли у ҳам ҳанафий мазҳаби уламоларининг “кейингилар” гуруҳига киради. Шу билан бирга, Абу Баракот Насафийнинг “Канзуд дақоиқ”и мўътабар матнлардан бўлиб, бу жиҳатдан у “акобирлар” гуруҳига киритилган.

Ҳанафий таълимоти бўйича, «ижтиҳод эшиклари» IX асрда батамом ёпилгани йўқ, аксинча, у узоқ вақт давом этган. Баъзи олимлар фикрича, ҳанафий мазҳаби доирасида сўнгги мужтаҳид Ҳофизуддин Абу Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад Насафийдир (ваф. 710/1310).

Абдулҳай Лакнавий Камол Бошонинг Насафий ҳақида «Кучли билан заифни ажрата оладиган, асарларида мардуд сўзлар ва кучсиз ривоятларни келтирмайдиган муқаллид, фақиҳ олимлар жамоасидандир. У билан ижтиҳод даври тугаган, ундан кейин мазҳабда ижтиҳод қиладиган мужтаҳид қолмаган», деб айтган гапини нақл қилади. [11]

Абу Баракот Насафий яшаган йилларда Мовароуннаҳр ижтимоий ва сиёсий мустақилликка эришмаган бўлса-да, ўша даврда ислом маърифатини ўрганувчи олимлар жуда кўп эди. У ҳам замонасининг етук олимлари бўлмиш Самарқанд, Бухоро ва ислом дини тарқалган бошқа юртлардаги уламолардан илм олган.

Манбаларда Абу Баракотнинг устозларидан фақатгина учтаси санаб ўтилган, холос. Улардан бири, ўз даврининг етук олими Шамсул аимма Абул Важд Муҳаммад ибн Абдуссаттор ибн Муҳаммад Имодий Кардарий бўлиб, 599/1202-3 йилда Хоразмда таваллуд топган. Кардарий ёшлик давридан илмга қизиқиб, дастлаб Хоразмнинг ўзида, кейинчалик Самарқанд ва Бухорода Фахриддин Қозихон (ваф. 592/1195 й.) ва Бурҳонуддин Марғиноний (512/1118-593/1197) каби буюк устозлардан таълим олган. Кардарий 642/1244 йилда вафот этган ва Бухорода, Субазмуний қабри олдида дафн қилинган [4].

Шамсул аимма Кардарий калом илмига бағишланган «Тасисул қавоид» («Қоидаларни жорий этиш») номли китоб ёзган . Маълумотларга қараганда, Кардарий илмда катта шуҳрат қозонган, кўп китоб ёзмаган бўлса-да, нодир китобларнинг бизгача етиб келиши ва ўнлаб шогирдлар тарбияланиши йўлида катта саъй-ҳаракат қилган. У Абу Зайд Дабусийдан кейин фиқҳ илмини қайта тирилтирган зот деб эътироф этилган ва беназир олим сифатида «Шамсул аимма» («Имомлар қуёши») номига сазовор бўлган. Тарихда бундай номга мушарраф бўлган олимлар жуда кам бўлиб, улар Шамсул аимма Ҳалвоний, Шамсул аимма Сарахсий ва Шамсул аимма Заранжарийдир. Уларнинг ҳаммаси ҳанафийлик мазҳаби бўйича мусулмон оламида мўътабар алломалар сифатида эътироф этилган.

Абу Ало Фардий: “У мутлақ имомлар устози бўлиб, Кардарийнинг бир неча таълиф қилган китоблари бор. Шогирдлари орасида Абу Баракот Насафий, Сайфуддин Бохарзий, аллома Ҳофизуддин Муҳаммад ибн Насрул Бухорий машҳурдир”, дейди.

Бадриддин Хоҳарзода Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Абдулкарим Шамсул аимма Кардарийнинг жияни бўлиб, тоғасидан яхши тарбия ва таълим олган. Кейинчалик уни олимлар “аллома” деган номга сазовор кўрган.

Ҳамидуддин Аш ибн Муҳаммад ибн Али Ҳамидуддин Зарир Ромуший фақиҳ, усул олими, муҳаддис, муфассир бўлган. Бу олим ҳам Шамсул аимма Кардарийдан таълим олган [8]. Олим бир неча шогирдлар етиштирган. Улар орасида Абу Баракот Насафий муҳим ўрин тутади. Айтишларича, имом Абу Баракот Насафий бу олимга жаноза намозини ўзи ўқиб, ўзи қабрга қўйганлар. Жаноза намозига тахминан 50 минг киши қатнашган.

Бу олимлар Абу Баракотнинг табақот китобларида зикр этилган устозлари бўлиб, Насафий улардан бошқа олимлардан ҳам илм олгани қайд этилади.

Абу Баракот Насафийнинг етук илми, мустаҳкам маърифати туфайли унинг атрофида Ислом шарқи-ю ғарбидан илми толиблар келиб, у кишидан дарс олган.

Хулоса ўрнида айтамизки, Абу Баракот Насафий ўзининг чуқур билими, тафсир, ақида ва фиқҳ соҳаларидаги етук илми билан машҳур бўлган. У туғилиб, яшаган давр илмий, маданий ва иқтисодий муҳити анчагина ачинарли аҳволда эди. Чунки ўша пайтларда мўғуллар Мовароуннаҳрни Чиғатой улуси таркибида тўла бошқараётган ва илм-фан, маданият ва иқтисод пароканда бўлган эди. Шу сабабли манбаларда Абу Баракот Насафий яшаган давр, ижтимоий-маданий ҳаёт ҳақидаги маълумотлар деярли учрамайди. У пайтда Шарқ таназзулга юз тутган, мўғуллар кўзга кўринган зиёлилар, илм пешволари ва дин аҳлларини ўлдирган, омон қолганлари бошқа юртларга кўчиб кетган.

Абу Баракот Насафий Кирмон шаҳри толибларига дарс бергани ва айни шу даврда ўзининг машҳур “Канзуд дақоиқ”, “Кофий фил Вофий” деган китобларини ёзгани манбаларда қайд этилган.

Шу ўринда унинг шогирдлари орасидан энг машҳурларини айтиб ўтиш жоиз:

1) Муҳаммад ибн Муҳаммад Аҳмад Санжарий. “Қивомуддин” номи билан танилган. Насафийнинг бу шогирди олимнинг машҳур “Манор” асарига шарҳ ёзган ва уни “Жомиъул асрор” деб номлаган. Қоҳирага бориб, “Моридин” жомесида умрининг охиригача дарс берган. 749/1348 йилда вафот этган.

2) Ҳасан ибн Али ибн Ҳажжож Сиғноқий. Нисбаси Туркистондаги Сиғноқ деган жойга берилган. Машҳур фақиҳ бўлиб, Ҳофизуддин Кабир Бухорий, Абу Баракот Насафий ва устозининг устози бўлмиш Шамсул аимма Кардарийдан илм олган. Ҳаёти ва илмий мероси ҳақида маълумот жуда кам бўлиб, вафот этган санасигина маълум. Бу 711/1311 йилга тўғри келади.

3) Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Жабалий. “Манор” ва “Жомиул асрор” китобларига шарҳ ёзган. Абдулазиз Бухорий ва Абу Баракот Насафийнинг шогирдларидан ҳисобланади.

Айтганимиздек, Абу Баракот Насафий тафсир, ақоид, фиқҳ ва усулул фиқҳ соҳаларида асарлар ёзган. Бунга асосий сабаб муғуллар даврида ушбу илмларни қайта жонлаштиришга эҳтиёж кучли бўлган [9].

Асрлар давомида Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди ҳанафийлик мазҳабининг тарқалиш ва ривожланиш минтақасига айланиб, Мовароуннаҳр фақиҳлари ушбу мазҳабнинг салоҳиятли вакиллари ва ҳомийлари сифатида ўз илмий ва амалий ижоди билан унинг равнақи йўлида буюк хизматлар қилган. Ана ўшалар қаторидан Абу Баракот Насафий ҳам муносиб ўрин эгаллаган. Бинобарин, унинг ҳаёти ва ижоди асрлар давомида тадқиқотчиларни қизиқтириб келган ва бу қизиқиш бундан буён ҳам сўнмайди.

 ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад Насафий. Табсиратул адилла. (Кейинги ўринларда – Насафий. Табсира) Ношир Claude Salame (Дамашқ, Institut Français de Damas, 1993), –Б. 356; W. Madelung, «The Spread of Maturidism and turks», Actas do IV Congresso de Estudos Arabes e Islamicas (Leiden: E. J. Brill, 1971).
  2. Маҳмуд ибн Сулаймон Ҳанафий. Китабул аъламул ахёр мин фуқаҳаи мазҳубин нўъманил мухтар. Ж.2.
  3. Асророва Л. Абу Ҳафс Кабир Бухорий ва ҳанафий фиқҳи. –Т.: Тошкент ислом университети, 2014.
  4. Аъзамхўжаев С. 100 Марказий Осиё мутафаккирлари. –Т.: YANGI NASHR, 2011.
  5. Қориев О.А. Фарғона фиқҳ мактаби ва Бурҳониддин Марғиноний. –Т.: Фан, 2009.
  6. Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Хомис. Усул ад-дийн инда Имом Абу Ҳанифа. –Ж.1. Саудия Арабистони. Дорус Сомиий.
  7. Шайх Абдулазиз Мансур. Ақоид матнлари. –Т.: Тошкент ислом университети, 2006.
  8. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. –Т.: SHARQ, 2011.
  9. Насафий, Абу Баракот. “Мадорику-т-танзил”, I.
  10. Насафий, Абу Баракот. “Канзу-д-дақоиқ”.
  11. Айдин Али-заде. Исламский энциклопедический словарь. –Ансор, 2007.

 

Сайқал АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
 “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш IСESCO” кафедраси тадқиқотчиси

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …