Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / “ЗАРАФШОН ВОҲАСИ ТАРИХИ ВА МАДАНИЯТИ” МАВЗУСИ ДОИРАСИДА ЯНА БИР СЕМИНАР

“ЗАРАФШОН ВОҲАСИ ТАРИХИ ВА МАДАНИЯТИ” МАВЗУСИ ДОИРАСИДА ЯНА БИР СЕМИНАР

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда ўтказилётган “Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасида қатор илмий маърузаларни ўзида мужассам этган навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди.

Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, юртимизда фаолият юритаётган илмий муассасалар вакиллари, соҳа мутахассислари ва хорижий давлатлар тадқиқотчи олимлари иштирок этди.

Бу галги семинарда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Миллий археология маркази Самарқанд филиали илмий ходими Др. Анвар Атаходжаевнинг “Марказий Осиёнинг нумизматик маълумотлар асосида шаклланган VIII-X асрлардаги сиёсий тарихи” мавзуидаги маърузаси тингланди.

Маърузачи Марказий Осиёнинг халифаликка қўшилиш давридан бошлаб Х асргача бўлган даврдаги сиёсий тарихини нумизматик маълумотлар асосида ёритиб, қўлёзма манбаларда нисбатан кам учрайдиган ва тарих учун муҳим ҳисобланган вақт оралиғидаги ихтилофлар ҳамда иқтисодий жараёнлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Нумизматика – тангалар хақидаги фан бўлиб, тангалардаги расмлар, ёзувлар, уларнинг оғирлиги, ўлчами, металл сифати, ким томонидан зарб этилгани, қачон ва қаерда муомалада бўлгани кабиларни ўрганади. Нумизматик маълумотлар ўзининг тарихийлиги, аниқлиги,  ашё сифатида яхши сақланганлиги билан инсоният тарихини ёритишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Маърузада шунингдек, Мовароуннаҳрда тоҳирийлар, сомонийлар ва қорахонийлар ҳукмронлиги даврида зарб этилган тангалар, уларнинг номинал қийматлари, эмитент сифатида юзага келган сиёсий кучлар, фаолият юритган зарбхоналар тўғрисидаги қимматли ва қизиқарли далиллар келтирилди.

Таъкидланишича, тахт алмашинувлари, манфаатлар тўқнашуви, хусусан қўзғолонлар ва феодалларнинг ўзаро адоватларида айирбошлаш воситаси – пулнинг характерли жиҳатлари, ҳукмдорлар қудратининг устувор хусусиятлари тарихий воқеликни ёритишда нумизматик маълумотлар асос сифатида намоён бўлади.

“Нумизматика тарихни ўрганишнинг муҳим таркибий йўналишларидан бири сифатида бошқа анъанавий услублардан ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради ва тарихнинг ҳар бир босқичини ўзгача нуқтаи-назар асосида баҳолаш имконини беради. Бу борада Мовароуннаҳрнинг бой тарихга эга экани  эътирофга лойиқ”, дея олим маърузасини якунлади.

Семинар сўнгида маърузачи иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб берди.

“Зарафшон воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуси доирасидаги туркум онлайн семинарлар давом этади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …