Home / МАҚОЛАЛАР / МУҲАММАД ҒАЗЗОЛИЙ ВА УНИНГ “НАСИҲАТУЛ  МУЛК” АСАРИ ҲАҚИДА

МУҲАММАД ҒАЗЗОЛИЙ ВА УНИНГ “НАСИҲАТУЛ  МУЛК” АСАРИ ҲАҚИДА

Шарқ Ренессансининг машҳур файласуфи ва Ислом тамаддуни устуни ва пойдеворларидан бири мутафаккир, аллома Муҳаммад Ғаззолий ҳисобланади. Имом Ғаззолий фиқҳ, ақида, калом ва тасаввуф илмида етук бўлиб, унинг заковати бутун Шарқ ва Ғарб файласуфлари томонидан тан олинади. Ғаззолийнинг ижтимоий-сиёсий қарашлари асосан унинг форс тилида ёзилган “Насиҳатул мулк” асарида ўз аксини топган. Бу асарда идеал бир бошқариш (идора) оятлар, ҳадислар, ҳикматли сўзлар, машҳур фалсафа ва дин вакилларининг, одил ҳукмдорларнинг сўз ва хатти-ҳаракатидан намуналар берилган ҳолда ёритилган.

Асар муқаддима, кириш ва етти бўлимдан иборат. Биринчи бўлим – адолат ва сиёсат; иккинчи бўлим – вазирларда бўлиши керак бўлган хусусиятлар; учинчи бўлим – ёзувчилар (котиблар)нинг вазифа ва одоблари; тўртинчи бўлим – давлат одамларининг ва бошқарувчиларнинг юксак азми; бешинчи бўлим – аҳли донишнинг ҳикматли сўзлари; олтинчи бўлим – ақлнинг шарафи ва фазилати; еттинчи бўлим – хотинлар (аёллар)нинг сифат ва ҳоллари.

Асарнинг кириш қисми 4 та катта мавзуни ўз ичига қамраб олган. Булар: эътиқод асослари, имон дарахтининг шохлари, адолатнинг асослари, имон дарахтининг суғориладиган икки манбаси.

Ғаззолий асарнинг биринчи бўлимини: “Шуни қатъий ҳолда билки, Аллоҳ инсонлар орасидан икки гуруҳни етук ҳолда яратган. Булар – пайғамбарлар ва давлат одамларидир. Аллоҳ пайғамбарларни, инсонларни Аллоҳга қандай қуллик қилишни ўргатмоқ ва Уни танимоқ йўлини тушунтириш учун юборган. Давлат бошлиқларини эса инсонларни бир-бирига қарши жўшқинлик ва душманлик қилишдан сақламоқ учун танлаган. Тузум (тартиб) ва бузилишнинг ипини уларнинг қўлларига берган, ҳикмати билан халқнинг манфаат ва фойдасини уларга боғлаган, қудрати билан уларни энг шарафли мақомга кўтарган”, — деб бошлайди[2: 54].

Аллома бу билан ўзига дин ва имон насиб этган ҳар кимнинг султонларни ва давлат бошлиқларини севиши, амр этганига итоат этиши кераклигини уқтиради. Ҳукмдорларни ўз ўрнида адолатли ва золим бошқарувчиларга бўлади. Унингча, адолатли давлат одамлари одил, халқпарвар бўлиб, зулм ва фасоддан тинч. Золим бошқарувчилар эса хосиятсиздир. Шу ўринда аллома олдинги форс подшоҳларидан мисоллар келтиради ва ўз фикрини инсон яхшилик ва гўзал ахлоқ уруғини экиб, нафсини чиркин айблардан поклаб, ҳалок этувчи хатолардан узоқ туриши кераклигини айтиб хулосалайди.

Аллома эътирофича, давлат одамлари ва йўлбошчилари бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишлари шарт. Чунки ҳар бир инсон қилган ишларига кўра тилга олинади ва зикр этилади. Агарда қилган ишлари яхши бўлса, хайрлидир. Агарда, ёмон бўлса, у ёвуз инсондир.

Аллома мулоҳазасига кўра, дин ва султон эгиз қардош каби бир-биридан айрилмайдиган икки нарсадир. Шу асосга кўра, давлат бошлиқлари динга аҳамият беришлари, уни ёмон тушунчалар, шубҳали ишлар, шунингдек, динга зарар етказадиган  ҳолат ва ҳаракатлардан сақламоғи керак. Шу сабабли Ғаззолий “халқнинг ахлоқи –  етакчи ахлоқининг натижасидир”, деб кўрсатади[2: 126]. Ўз фикрини давом эттириб, ер юзининг хароб бўлиши икки нарсага боғлиқ: бири – бошқарувчининг ожизлиги, иккинчиси – бошқарувчининг зулми, деб уқтиради.

Ғаззолий наздида султон ўзидан аввалги одил инсонларнинг йўлидан бориши ва уларнинг гўзал сийратларига амал қилиши лозим. Уларнинг бошидан кечган воқеаларни ҳикоя қиладиган китобларни ўқиши шарт. Чунки улар ибрат бўла оладиган тажрибаларни бошидан ўтказган. Улар яхшиликни ёмонликдан, гўзаллик ички ва ташқи гўзалликдан иборат эканини, унинг очиқ ва яширин бўлишини яхши билишган.

Аллома мулоҳазаларига кўра, кимда илм, адолат, жўмардлик ва ҳилм бўлса, у султонликка лойиқдир. Ҳақиқий султонлар Аллоҳнинг соясида бўлади. Улар қуйидаги сифатларда ўзини кўрсатади: ақл, илм, ўткир зако, соғлом вужуд, йигитлик, жасорат, гўзал ахлоқ, заифларга нисбатан инсоф, ўз халқига муҳаббат, йўлбошчилик қобилияти ва бошқалар.

Шунингдек, султон халқни адолат билан гўзал бошқара олиши шарт. Чунки халқни оёқда тутиб турадиган султондир, у Аллоҳнинг халифасидир. Ғаззолий ана шундагина султоннинг сиёсати янада гўзал, ҳайбати эса янада мукаммал бўлади, дейди.

Инсонлар ичида давлатни бошқаришга энг лойиғи – қалбидан адолат туйғуси ўрин олган, уйида дин ва фазилат устун бўлган кишидир, деб кўрсатади аллома. Шундай сифатларга эга бўлган бошқарувчи дин ва ақл соҳибларининг қарашига таянади. Уларнинг суҳбати ақлли кишилар суҳбатига ўхшаш, машваратларни гўзал қарашларга эга  султондек ўтказади [2: 174].

Бошқарувчи, деб кўрсатади Ғаззолий, ўзида бўлган қувватнинг, қудратнинг ва иқтидорнинг Аллоҳдан келганини билса, у ўзидан кўра қувватлироқ бўлган қўшинни мағлуб эта олади. Ўз қарашларини давом эттириб, бутун олам инсон билан, инсон эса илм билан гўзал эканини таъкидлайди. Унингча, инсоннинг қадру қиймати ақлига кўра ортади. Ақл ва илмдан хайрли бирор нарса йўқ. Илм иззат ва шарафнинг давомидир. Ақл эса бахтлиликнинг давоми ва низомидир[2:189].

Ғаззолий салтанатнинг асосини султоннинг гўзал нияти ва соғлом феъл-атворига боғлиқ, деб кўрсатади. Султоннинг соғлом ҳукм юритиши эса элчиларнинг ишончлилиги ва садоқатига таянади.

Асарнинг иккинчи бўлимида вазирларда бўлиши керак бўлган хусусиятлар батафсил таҳлил этилади. Султоннинг вазири солиҳ ва одил бўлса, унинг қиймати юксалади. Аллома наздида ҳеч бир давлат бошлиғи ёрдамчисиз давлатни идора этиши мумкин эмас. Шу ўринда аллома султоннинг ёрдамчиси уч нарсага эътибор бериши  зарурлигини  уқтиради. Булар:

  1. Ўзи билан кўришиш истагида бўлган кишиларга кўришиш учун изн бермоқлиги.
  2. Фасодчи кишиларнинг ўзи ҳақидаги сўзларига қулоқ бермаслиги.
  3. Султондан сирларни асло яширмаслиги[2: 199].

Хайрли вазир – султон сирларининг қўрувчиси, мамлакат ишларининг таъқибчиси, хазина ва вилоятларнинг меъморидир. Вазирнинг сифатлари ҳақида фикр юритар экан, Ғаззолий вазир давлат ишларини хайрли томонга йўналтириши ва ёмон ишлардан сақланиши зарурлигига алоҳида аҳамият қаратади. Вазирнинг ишончли бўлиши султон иқтидорининг давомийлиги ва саломатлиги демакдир. Котибнинг билимли бўлиши султоннинг оқилона иш юритиши ва дўстона муносабатда бўлишини кўрсатади. Ҳимоячининг марҳаматли бўлиши ҳукмдорнинг халқидан мамнунлиги ва раият ҳаётига қизиқишини кўрсатади. Дўстининг солиҳ бўлиши барча ишларнинг ўз йўлида кетаётганини кўрсатади, дея қайд этади[2: 202].

Вазирда беш нарсага эҳтиёж бор, деб ёзади Ғаззолий. Булар: зийраклик, илм, жасорат, тўғрилик, сир сақлаш. Вазир, шунингдек, ўзини айб саналган одатлардан сақламоғи лозим. Вазир ҳатто султонда мумкин бўлмаган ёқимсиз нарсаларни кўрганда уни гўзал ҳолга келтирмоғи лозим. Ғаззолий давлатнинг барбод бўлишини икки сабаб билан боғлайди. Биринчиси, вазирнинг хоинликка қўл уриши, иккинчиси, давлат бошлиғи ниятининг ёмон ва бузуқ бўлиши[2: 205].                      Давоми бор…

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. İmam Gazalî. Nasîhatüʼl-mülûk (Devlet Başkanlarına Nasîhatlar): Trc. Osman Şekerci. –İstanbul: Sinan Yayınları, 1969.
  2. İmam Gazalî. Nasîhatüʼl-mülûk. YÖNETİCİLERE ALTIN ÖĞÜTLER. Mütercim: Hüseyin Okur, –Semerkand Yayıncılık, 2008.
  3. Имом Муҳаммад Ғаззолий. Насиҳатул мулук. Жалолиддин Ҳумоий таҳрири остида. Ҳумо нашриёти, 4-нашр. 1367.
  4. Саййид Муҳаммад Ҳотамий. Ислом тафаккури тарихидан. –Т.: Минҳож, 2003.
  5.  Sadık Yazar. “Gazzâlîʼnin 13-19 Yüzyıllar Arasında Batı Türkçesinde Tercüme Edilen Eserleri”, Divan Disiplinlerarası Çalışmalar Dergisi, c.16, s.31, (2011/2).
Фируз МУЗАФФАРОВ,
Бухоро давлат университети кафедра мудири, фалсафа доктори (PhD)
Бахши РУСТАМОВ,
Бухоро давлат университети ўқитувчиси

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …