Home / МАҚОЛАЛАР / “ҲАЙРАТУЛ АБРОР” ИНСОННИ КОМИЛЛИК ЧЎҚҚИСИГА ЭЛТАДИ

“ҲАЙРАТУЛ АБРОР” ИНСОННИ КОМИЛЛИК ЧЎҚҚИСИГА ЭЛТАДИ

Мамлакатимизда аждодлар ижодини ўрганиш, маданий мерос, миллий қадриятларни тиклашга катта эътибор берилиб, улуғ алломаларимиз ҳаёти ва фаолиятини ижтимоий-иқтисодий, тарихий, маданий ва илмий жиҳатдан чуқур тадқиқ этиш ва кенг халқ оммасига тарғиб қилиш учун қулай имкониятлар яратилди.

Шарқ халқлари адабиётида достоннавислик шаклларидан бири – “Хамса” ёзиш билан боғлиқ адабий анъанага Низомий Ганжавий асос солган. Кейинги ижодкорлар унинг “Панж ганж”, “Маҳзанул асрор”, “Хусрав ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Ҳафт пайкар”, “Искандарнома” достонларидаги мавзу ва композиция, қаҳрамонлар, вазн, жойлашиш тартибини сақлаган ҳолда мустақил равишда “Хамса” таълиф этган. Бу анъана бадиий ижодда катта маҳорат мактаби саналган. Алишер Навоий хамсачилик тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган ва бу жанрни туркий халқлар адабиётида Низомий Ганжавий даражасига кўтарган[1].

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фонди йилдан йилга турли ноёб асарлар билан бойиб бормоқда. Ундан нафақат диний балки, бадиий адабиётга оид асарлар ҳам ўрин олган. Жумладан, Саъдий Шерозийнинг “Гулистон”, “Бўстон”, Ҳофиз Шерозийнинг “Девони Ҳофиз”, Фузулийнинг “Куллиёти Фузулий”, Мирзо Бедилнинг “Девони Бедил” ва шулар орасида ғазал мулкининг султони – Алишер Навоийнинг “Хамса” достони қўлёзмаси ва “Девони Навоий” тошбосма асари сақланмоқда.

Алишер Навоийнинг “Хамса” сини ҳикмат маржонлари тўла денгизга менгзаш мумкин. Мустақиллик бизга кўплаб имкониятлар қатори Навоийни англаш, у яратган асарларни ўрганиш, тадқиқ этиш бахтига муяссар қилди. “Хамса” достони Навоийнинг шоҳ асарларидан бўлиб, Ҳазрат уни ёзишда юксак маҳоратини намоён қилган. Ушбу асарнинг туркий тилда 1881 йилда кўчирилган бир нусхаси ҳақида батафсилроқ тўхталамиз.

  1. Муаллиф: Низомиддин Мир Алишер.
  2. Кўчирилган санаси: 1298/1881 йил.
  3. Тили: туркий.
  4. Қоғози: шарқ.
  5. Варағи: 30х15 mm.
  6. Хат тури: настаълиқ.
  7. Сиёҳ тури: асарнинг боб ва фасллари, исмлар қизил сиёҳда, матн қора сиёҳда ёзилган.
  8. Матн ўлчами: 21х9 mm
  9. Асарнинг бошланиши:

… اى سنگا مبدا ابد ديك ازل      ذات قديمنگ ابد لم يزل

بولوب اول بدايت سنگا         نى كيليب آخر نهايت سنگ

 

  1. Асарнинг охири:

… هست ليغيم نا بود اولى       بود اولوب و حدت ارا مشهور اولاى

غرق و حدت بيرله آلمدين كتاى   مقصد اصلى مقاميغه يتاى

 

  1. Колофон:

تمت دفتر اول از خمسة امير نوائى رحمه الله عليه مسمى به حيرت الابرار سنة

١٢٩٨

  1. Ҳошия: 5а ва 10а варақларида қизил рангли сиёҳда келтирилган.
  2. Пойгир: мавжуд

Асар тавсифи: Марказнинг қўлёзмалар фондида №230 рақам билан сақланмоқда. “Ҳайратул аброр” достони 3988 байт, 63 боб, 20 мақолат ва 20 ҳикоятдан ташкил топган. Нусха тўлиқ бўлмагани учун муқаддимадан эмас, биринчи муножоти

Эй санга мабдаъда абаддек азал,
Зоти қадиминг абадий ламъязал.
Не бўлиб аввалда бидоят санга,
Не келиб охирда ниҳоят санга[2].

 байти билан бошланган. “Хамса”нинг ҳар бир мақолат ва ҳикоятида ўша даврнинг ижтимоий-сиёсий масалалари, Амир Темур ва унинг авлодлари тарихи ва тасаввуф шайхларига оид маълумотлар келтирилган. Қўлёзманинг биринчи асари “Ҳайратул аброр” (“Яхши кишиларнинг ҳайратланиши”)да панд-насиҳат руҳидаги фалсафий-ахлоқий, диний-тасаввуфий, ижтимоий-сиёсий, тарихий масалалар муҳокама қилинган.

Алишер Навоий достоннинг муқаддимасида Аллоҳнинг гўзал исмларига назмий таъриф бериб, ҳамду санолар келтирган. Шундан сўнг, инсоннинг яратилиши илм хазинасини ошкор қилиш учун сабаб бўлганини тасаввуфий қарашлар билан ёритиб берган. Шунингдек, тўртинчи муножот[3]дан кейин наът[4]лар ва Низомийнинг хамсачилик бобидаги маҳорати, туркий-форсий адабиётда тутган ўрнига таъриф берган[5]. Навоий достоннинг “Учинчи ҳайрати” деб номланган 21-бобини Баҳоуддин Нақшбанд таълимоти ва тариқати Марказий Осиёдан Чин диёригача ёйилгани ва унинг халифаси Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор мадҳига бағишлаган[6].

Достоннинг 22-бобидан асосий қисм бошланади. У мақолат ва ҳикоятлардан ташкил топган 40 бобни ўз ичига олади. Мақолатлар муайян бир ахлоқий-фалсафий мавзуга бағишланган бўлиб, шоир дастлаб ушбу мавзуга муносабат билдиради, унинг юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилади, сўнгра шунга мос ибратли ҳикоя келтиради. Асарнинг 25-бобидан имом, ориф, зоҳидлар саййиди Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Адҳам қиссаси[7], бешинчи мақолатнинг 31-бобидан Шарқ адабиётида Ҳотамтой деб танилган, сахийликнинг энг олий тимсоли саналган Абу Сафона (Адий) Ҳотам ибн Абдуллоҳ ибн Саъд тўғрисидаги афсоналар ўрин олган. Бу шахс арабларнинг Той қабиласи бошлиғи бўлган. Ўта саховатли бўлгани учун кўплаб мутафаккирлар Ҳотам номини ҳурмат билан ёдга олган[8].

Ҳотами Тойига бир озодаваш
Дедики: “Эй ҳимматинг озодакаш,
Токи сахо бўлди кафинг варзиши,
Кўрдинг экинму бир ўзингдек киши[9]?”

Ҳотамдан “Ўзингиздан кўра ҳиммати баланд одамни кўрганмисиз?” деб сўрашганида, у оддий бир ўтинчи чолни айтади. “Бир пайтлар бутун саҳро аҳлини чақириб, катта зиёфат бергандим. Юзта туя, минглаб қўй-қўзиларни сўйиб, қозонлар осилди. Авжи зиёфат пайти кўнглим танҳоликни тусаб, саҳрога чиқдим. Қарасам, бир чол бели букилиб, ўтин орқалаб кетяпти. “Эй бенаво, Ҳотам бутун саҳро аҳлини чорлаб, катта базм бераётир, сен ҳам елкангдаги тиканни ташла, бориб, кайф-сафо қилсанг-чи?” дедим. Шунда чол менга қараб, “Эй тамагир инсон, сен меҳнат билан топилган нон лаззатини билмайсан. Машаққат чекиб топилган бир-икки дирҳам пул Ҳотам берган хазинадан аълороқдир”, деганди. Дарҳақиқат, унинг ҳиммати меникидан кўра баланд эди”.

Ривоятларга кўра, Ҳотамтой бутун умрини одамларга яхшилик қилишга бағишлаган. Ҳамма бойлигини хайр-эҳсон йўлида харжласа-да, давлати борган сари ортиб бораверган. Айтишларича, унинг қасрида етмиш икки дарвоза бўлиб, ҳожатталаб киши уларнинг барчасига бирма-бир кириб ўтса ҳам ҳеч биридан қуруқ чиқмас экан.

Асардаги олтинчи мақолатнинг 33-бобида тилларда достон бўлган одил шоҳ Анушервон[10], саккизинчи мақолатнинг 37-бобида Амир Темурнинг Ҳиндистонга юриши ва эришган ғалабаси, темурий шаҳзодалар ўртасидаги зиддиятли курашлар баён этилган[11].

Қўлёзманинг охирги қисми йигирманчи мақолатнинг 51-бобида Марказий Осиёда Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирди шайх Хожа Муҳаммад Порсонинг илму ирфони, кароматлари[12] ва ўғли Абу Наср Порсо (ваф.865й) донишманд ва ўта қобилиятли фарзанди бўлгани ҳикоя қилинади. Уни халифа сифатида Балхга жўнатиб, нақшбандийлик Мовароуннаҳрнинг жанубий мулкларидан то Хуросоннинг шимолий ҳудудларигача кенг қанот ёзишига йўл очиб бергани[13] ҳақидаги маълумотлар баён этилади.

“Ҳайратул аброр” достонидаги ҳикоятлар фалсафий-ахлоқий қарашларни ифода этса-да, моҳиятан инсонни комиллик, илм-маърифат, иймон, қаноат, адолат каби фазилатлар билан камолотга эришишга қайта-қайта даъват қилади. Асарнинг бош ғояси комил инсон васфига бағишлангани боис, Алишер Навоий Аллоҳнинг инсонни яратишдан мақсади ҳақида фикр юритар экан, ҳар бир даврнинг ўз баҳори ва кузи бўлишини айтиб, уларни ҳикоятлар, тарихий шахслар воситаси орқали ёритиб беради. Ҳазрат сермаҳсул ижодкор бўлиб, яратган асарлари неча асрлар ўтса ҳам ўз қиймати ва ўқувчиларини йўқотмагани ҳам покиза инсоний қадриятларнинг гўзал назмий усулда, чуқур фалсафий мушоҳадалар билан ифода этилганидандир.

Хуллас, алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганишдек хайрли иш ёш авлодни етук, баркамол инсон қилиб вояга етказишда улкан тарбиявий аҳамиятга эга. Уларнинг ибратли ҳаёт йўли, қолдирган беназир асарлари инсон руҳиятига ҳалоллик, адолат, диёнат, поклик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, мурувват, ота-онага ҳурмат каби юксак фазилатларни сингдиришга хизмат қилади.

 

[1]https://qomus.info/encyclopedia/cat-x/xamsachilik-uz/
[2]ИБХИТМ Қўлёзмалар фонди №230 “Хамса” достони 1а -2а -варақ.
[3]Шу жойда: 4а  -5а -варақ.
[4]5а  – 9б -варақ.
[5]9б -12а -варақ.
[6]ИБХИТМ Қўлёзмалар фонди №230 “Хамса” достони 23б  – 24б -варақ.
[7]Шу жойда: 30а  — 33а -варақ.
[8]Манба: “Oila va jamiyat” газетаси, 3-сон.
[9] ИБХИТМ Қўлёзмалар фонди №230 “Хамса” достони 39б  – 43а -варақ.
[10]ИБХИТМ Қўлёзмалар фонди №230 “Хамса” достони 43а -46а -варақ.
[11]Шу жойда: 49б -50а -варақ.
[12]91б -92б -варақ.
[13] Ж.Холмўминов. “Хожа Муҳаммад Порсо ва унинг “Фаслул хитоб” асари” монографияси.
 
Ирода ДАУРБЕКОВА,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎСМИР ХУЛҚ-АТВОРИ ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ ҲАЁТ БИЛАН БОҒЛИҚ ДЕТЕРМИНАНТЛАРИНИ ЎРГАНИШ

Ўсмир хулқ атвори тушунчасини таҳлил этиш, унинг ижтимоий-фалсафий хусусиятларини  ўрганиш муҳим масала ҳисобланади. Хулқ-атвор, яъни …