Home / МАҚОЛАЛАР / СОҲИЛИ ЙЎҚ ДЕНГИЗ

СОҲИЛИ ЙЎҚ ДЕНГИЗ

Аллоҳ таоло Имом Бухорийга катта фазл ва шараф ато этди. Илм йўлида қилган хизматлари самараси ўлароқ, у кишининг шуҳратини бутун дунёга ёйди. Аллома шаънига устозлари, замондошлари ва кейин яшаб ўтган, тарихда ўчмас из қолдирган етук уламолар, буюк муҳаддислар ва дин пешволари томонидан айтилган васфлар зарҳал ҳарфлар билан тарих саҳифалари орқали бизгача етиб келган. Имом Бухорийнинг таҳсин ва ибратга лойиқ сифат ва фазилатлари жуда кўп бўлиб, уларни чегаралашнинг ҳеч имкони йўқ. Биз улардан баъзиларини тақдим этиш ила кифояланиб, қуйида айрим гўзал намуналарни келтирамиз:

Имом Муслим айтади: “Имом Бухорий – устозларнинг устози, муҳаддисларнинг пешвоси ва ҳадисдаги касалликларнинг табибидир”.

Имом Аҳмад дейди: “Хуросон Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш фарзанд чиқармади”.

Абу Исо Термизий ёзади: “Ироқ ва Хуросонда ҳадис иллатларини, тарихини, санадлар илмини Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра чуқурроқ биладиганини топмадим”.

Имом Доримий дейди: “Бизнинг ҳадисга қўядиган талабимиз Муҳаммадникидек эмас эди. У киши бирор ҳадисга назар солса, уни ипидан игнасигача ўрганар эди”.

Муҳаммад ибн Башшор айтади: “Биродаримиз Муҳаммад ибн Исмоилдек ҳадисни билувчироқ киши Басрага кирмади”.

Яҳё ибн Жаъфар ёзади: “Агар Муҳаммад ибн Исмоилнинг умрига ўзимнинг умримни қўшиб беришга қудратим етганда эди, шундай қилган бўлардим. Чунки менинг ўлимим – бир инсоннинг ўлиши, холос, у кишининг вафотлари эса илмнинг заволидир”.

Яъқуб ибн Иброҳим Давроқий айтади: “Муҳаммад ибн Исмоил бу умматнинг фақиҳидир”.

Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма дейди: “Мен бу мовий осмон остида Муҳаммад ибн Исмоилдек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини билувчироқ ва уни сақлагувчироқ кишини кўрмадим”.

Шу каби олқишларни кўплаб келтириш мумкин. Зеро, Ибн Ҳажар Асқалоний айтганидек, “Кейинги даврда яшаган уламоларнинг Бухорий ҳақидаги васфлари келтирилса, уларни ёзишга варақлар тугаб, инсоннинг бардоши қолмайди. У соҳили йўқ денгиздир”.

Ҳақиқатан ҳам, Имом Бухорий номи ва илмий мероси қанча қадрланса, шунча оз. Аслида юқорида келтирилган маълумотлар денгиздан бир томчидир. Алломанинг ҳаёти ва фаолиятида одоб‑ахлоқи ва гўзал фазилатлари алоҳида намоён бўлган. Биз учун муҳим томони шуки, илму маърифат йўлида қанчадан қанча мислсиз қийинчилик ва машаққатларни сабр ва тоқат билан енггани, илму ирфон жабҳасида том маънода ҳақиқий фидойилик ва жасорат фазилатларини намоён қилгани барча мусулмонлар учун, айниқса, толиби илмлар учун гўзал ибрат ва намунадир. Бу ҳозирги давр учун ҳам ўта долзарбдир.

Аллома билан ҳамкорлик қилган устоз ва шогирдлар орасида турли миллат ва элатлар вакиллари бўлган. Имом Бухорий илм талабида узоқ сафарларда бўлиб, бутун ислом оламининг назарига тушди, катта ҳурмат ва эътибор қозонди. Қаерга борса, амиру умаролар таъзим ила кутиб оларди. Бу муҳаддис дарсларини тўқсон минггача одам тинглаганининг ўзи ҳам кўп нарсадан дарак беради. Шу боис бўлса керак, у зотнинг шаънига олқиш‑мақтовлар, раҳматлар ва дуолар ҳозирги кунга қадар тўхтагани йўқ.

Отабек БАҲРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎСМИР ХУЛҚ-АТВОРИ ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ ҲАЁТ БИЛАН БОҒЛИҚ ДЕТЕРМИНАНТЛАРИНИ ЎРГАНИШ

Ўсмир хулқ атвори тушунчасини таҳлил этиш, унинг ижтимоий-фалсафий хусусиятларини  ўрганиш муҳим масала ҳисобланади. Хулқ-атвор, яъни …