Home / МАҚОЛАЛАР / “СИЯР АЪЛАМУН НУБАЛО” АСАРИДА ИМОМ БУХОРИЙ СИЙРАТИ (4-ҚИСМ)

“СИЯР АЪЛАМУН НУБАЛО” АСАРИДА ИМОМ БУХОРИЙ СИЙРАТИ (4-ҚИСМ)

Олимларнинг Имом Бухорий шаънларига айтган сўзлари

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтганлар: «Дўстларимдан бири: “Муҳаммад ибн Саломнинг ҳузурларида эдим. Муҳаммад ибн Исмоил кириб келдилар. Чиқиб кетганларидан сўнг Муҳаммад ибн Салом: “Шу бола қачон ҳузуримга кирса саросимага тушаман. Ҳадис ва бошқа илмлар менда чалкашиб кетади. Чиқиб кетгунига қадар қўрқиб тураман”, дедилар”, деб айтдилар».

Абу Жаъфар айтганлар: «Менга ўртоқларимдан бири: “Абу Абдуллоҳ Бухорий Абу Исҳоқ Сурморийнинг зиёратларига бордилар. У кишининг ҳузурларидан чиққач, Абу Исҳоқ: “Кимки ҳақиқий ва ростгўй фақиҳни кўрмоқчи бўлса, мана шу одамга қарасин”, дедилар. Имом Бухорий кирганларида у кишини ёнларига ўтқаздилар”, деди».

Абдуллоҳ ибн Саъид ибн Жаъфар айтганлар: «Аҳмад ибн Ҳарб Найсобурий вафот қилганларида, Муҳаммад ибн Исмоил ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Найсобурда жаноза кетидан бораётган эдилар. Найсобурлик маърифат аҳлининг уларга қараб: “Муҳаммад Исҳоқдан кўра фақиҳроқ”, деб гапираётганларини эшитдим».

Умар ибн Ҳафс Ашқар айтганлар: «Абдоннинг Муҳаммад ибн Исмоилни қўллари билан кўрсатиб: “Кўзим билан мана шу йигитдан кўра донороқни кўрмадим”, деганларини эшитдим».

Солиҳ ибн Мисмор Марвазий айтганлар: «Нуъайм ибн Ҳаммоднинг: “Муҳаммад ибн Исмоил бу умматнинг фақиҳидирлар”, деганларини эшитдим».

Иброҳим ибн Холид Марвазий айтганлар: «Мусаддад: “Эй Хуросон аҳли, бошқа бировни Муҳаммад ибн Исмоилдан устун қўйманглар”, дер эдилар».

Мусо ибн Қурайшдан эшитдим: «Абдуллоҳ ибн Юсуф имом Бухорийга: “Эй Абу Абдуллоҳ, шу китобларимни кўриб, нуқсонлари тўғрисида менга хабар беринг”, деганларида, имом Бухорий: “Хўп”, дедилар». 

Менга Муҳаммад ибн Исмоил айтдилар: «Қачон мен Сулаймон ибн Ҳарбнинг ҳузурларига кирсам, у киши: “Шуъбанинг хатоларини бизга аниқлаб беринг”,  дердилар».

Имом Бухорий айтдилар: «Ҳадис соҳиблари тўпландилар. Мендан Исмоил ибн Абу Увайснинг ҳузурларига бориб ҳадис матнларидаги қўшимчаларни ўқиб беришимни сўрашди. Рози бўлдим. Исмоил хизматкор қизни чақириб, бир ҳамён динор олиб чиқишни буюрдилар. Уни менга бериб: “Эй Абу Абдуллоҳ, буни уларга бўлиб беринг”, дедилар. Шунда мен: “Бу қавм сиздан ҳадис эшитмоқчи эди-ку”, дедим. У киши: “Мен сенинг бу талабингни бажараман. Лекин динорларни қўшимча қилиб, улар олдида сенинг обрўйингни кўтармоқчиман”, дедилар».

Менга Ҳошид ибн Исмоил айтганлар: «Муҳаммад ибн Исмоил Сулаймон ибн Ҳарбнинг ҳузурларига келганларида, у киши Бухорийга қараб: “Вақти келиб, бунинг донғи чиқади”, дедилар».

Халаф Хайёмнинг айтишларича, у кишига Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Халаф, у кишига Аҳмад ибн Абдусалом айтганлар: «Али ибн Мадинийга Бухорийнинг: “Мен Али ибн Мадинийдан бошқа ҳеч кимнинг олдида ўзимни паст ҳис қилмаганман”, деган сўзларини айтганимизда, у киши: “Унинг гапини қўйинглар. Муҳаммад ибн Исмоил ҳали ўзидек олимни учратмаган”, –  дедилар».

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтганлар: «Имом Бухорийнинг: “Амр ибн Али Фаллоснинг шогирдлари мен билан бир ҳадис устида тортишдилар. Мен: “Унақа ҳадисни билмайман”, дедим. Улар: “Бухорийнинг ҳам билмайдиган ҳадислари бор экан-да”, деб хурсанд бўлиб, Амрнинг олдига бориб бу ҳақда хабар берганларида, у киши: “Муҳаммад ибн Исмоил билмайдиган ҳадис ҳадис эмас”, дебдилар”, деганларини эшитдим».

Аҳмад ибн Зав айтганлар: «Абу Бакр ибн Абу Шайба ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Нумайрнинг: “Муҳаммад ибн Исмоилдек кишини кўрмаганмиз”, деганларини эшитдим».

Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал оталаридан эшитганлар: “Хуросон Муҳаммад ибн Исмоилга ўхшаш (бошқа бир) улуғ олимни вояга етказмаган”.

Муҳаммад ибн Иброҳим Бушанжий айтганлар: «228 йилда Бундор Муҳаммад ибн Башшорнинг: “Юртимизга Муҳаммад ибн Исмоилдек киши келмади”, деганларини эшитдим».

 Ҳошид ибн Исмоил айтганлар: «Басрада эдим. Муҳаммад ибн Исмоилнинг келишларини эшитиб қолдим. У киши келганларида Бундор: “Бугун фақиҳлар саййиди келдилар”, дедилар».

Муҳаммаднинг айтишларича, Муҳаммад ибн Башшор имом Бухорийга: “Сиз ёнимга келмасангиз, ўзимни эркин ҳис қилолмайман. Ҳадисларимдан даражамни паст қиладиган бирор нуқсон топишингиздан ҳайиқаман. Агар ёнимга келиб, ҳадисларимни назардан ўтказсангиз, ҳадикдан қутулиб, кўнглим хотиржам бўлади”, деганлар.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтганлар: «Иброҳим ибн Холид Марвазийнинг: “Абу Аммор Ҳусайн ибн Ҳурайснинг имом Бухорийни мақтаб: “Мен унинг тенгини билмайман. Гўё у фақат ҳадис учунгина яралгандек”, деганларини эшитдим».

Ҳофиз Абу Қурайш Муҳаммад ибн Жумъа айтганлар: «Муҳаммад ибн Башшорнинг: “Дунёда мукаммал ҳадис билимдонлари тўртта: Райда Абу Зуръа, Самарқандда Доримий, Бухорода Муҳаммад ибн Исмоил, Найсобурда Муслим”, деганларини эшитдим».

Муҳаммад ибн Умар ибн Ашъас Пайкандий айтганлар: «Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбалдан эшитдим. У киши оталарининг: “Хуросон аҳлининг ҳадисда билимдонлиги тўрт киши билан мукаммал бўлди: Абу Зуръа Розий, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Самарқандий, Ҳасан ибн Шужоъ Балхий”, деганларини эшитган эканлар».

Ибн Ашъас айтганлар: «Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сўзларини Муҳаммад ибн Ақийл Балхийга айтиб бердим. Ибн Шужоъ Балхийни ҳаддан зиёд мақтадилар. “Ундай бўлса, нима учун машҳур бўлмаганлар?” деб сўрадим. “Умрлари қисқа бўлган”, деб жавоб бердилар».

Ҳасан ибн Шужоъ Балхий илм талабида юрт кезганлар. Маккий ибн Иброҳим, Убайдуллоҳ ибн Мусо ва Абу Мусҳирдан ҳадис эшитганлар. 244 йилда вафот этганлар.

Наср ибн Закариё Марвазий айтганлар: «Қутайба ибн Саъиднинг: “Хуросоннинг йигитлари тўртта: Муҳаммад ибн Исмоил, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий, Закариё ибн Яҳё Луълуъий, Ҳасан ибн Шужоъ”, деб айтганларини эшитдим».

Абу Жаъфар Муснидий айтганлар: “Замонамизнинг ҳадис билимдонлари учта: Муҳаммад ибн Исмоил, Ҳошид ибн Исмоил, Яҳё ибн Саҳл”.

Муҳаммад айтганлар: «Менга Жаъфар ибн Муҳаммад Фирабрий айтдилар: “Абдуллоҳ ибн Мунирнинг шогирдларидан бирлари Бухорога бир иш билан келдилар. Қайтиб Ибн Мунирнинг ёнларига борганларида, у киши: “Абу Абдуллоҳни бориб кўрдингми?” деб сўрадилар. У киши: “Йўқ”, дедилар. Ибн Мунир у кишини ҳалқаларидан қувдилар ва: “Бухорога бориб Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил билан учрашмаганинг яхши бўлмабди”,   –  дедилар».

Ҳошид ибн Исмоил айтганлар: «Қутайбанинг: “Муҳаммад ибн Исмоилнинг замондошлари олдидаги сидқ ва тақволари Умарнинг саҳобалар олдидаги сидқ ва тақволаридек эди”, деганларини эшитдим».

Ҳошид ибн Исмоил айтганлар: «Аҳмад ибн Ҳанбалнинг: “Хуросондан Муҳаммад ибн Исмоилдек (бошқа бир) киши бизга келмади”, деганларини эшитдим».

Абу Ҳотим Розий айтганлар: “Муҳаммад ибн Исмоил Ироққа келган олимларнинг энг билимдонидирлар”.

Ҳоким айтганлар: «Ҳасан ибн Аҳмад Шайбоний Муаддалдан эшитдим. У киши Аҳмад ибн Ҳамдуннинг: “Муҳаммад ибн Исмоилни Саъид ибн Марвоннинг жанозаларида кўрдим. Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий имом Бухорийдан ровийларнинг исмлари, кунялари ва ҳадис иллатлари тўғрисида сўрар эдилар. Бухорий унга ўша заҳоти, “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқигандек жавоб берардилар”, деганларини эшитганлар».

Бизга Бухорода Муҳаммад ибн Холид Муттоввиъий айтдилар. У кишига Мусаббиҳ ибн Саъид Бухорий айтганлар: «Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Самарқандийнинг: “Мен ҳижозлик ва ироқлик олимларни кўрдим. Лекин улар орасида Бухорий каби қомусий олимни кўрмадим”, деган сўзларини эшитдим».

Муҳаммад ибн Ҳамдун ибн Рустам айтганлар: «Мен Муслим ибн Ҳажжождан эшитдим. У киши Бухорийнинг ҳузурларига келиб: “Устозлар устози, муҳаддислар саййиди, ҳадис иллатларининг табиби, ижозат берсангиз, оёқларингиздан ўпсам”, деганлар».

Абу Исо Термизий айтганлар: “Ироқда ва Хуросонда Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра ҳадис иллатларини, тарихини, санадлар илмини чуқур  биладиганини топмадим”.

Абу Исо Термизий айтганлар: «Муҳаммад ибн Исмоил Абдуллоҳ ибн Мунирнинг ҳузурларида эдилар. Кетаётганларида Абдуллоҳ ибн Мунир у кишига: “Эй Абу Абдуллоҳ, Аллоҳ таоло сизни бу умматнинг кўрки қилсин”, дедилар. Устознинг шу дуолари қабул бўлди».

Ибн Мунир катта зоҳидлардан саналадилар. У киши айтдилар: «Бухорий Ироқдан охирги марта Бухорога келганларида, одамлар у кишига пешвоз чиқдилар, яхшилик этмоқ учун кўп ҳаракат қилдилар. Бу гап Бухорийга айтилганда: “Агар сизлар бизнинг Басрага кирганимиздаги эҳтиромни кўрганингизда қанчалар ҳайратланардингиз?!” дедилар».

Абу Али Солиҳ ибн Муҳаммад Жазара айтганлар: “Муҳаммад ибн Исмоил Бағдодда илм дарсида ўтирардилар. Мен у кишидан ҳадис ёзиб олардим. У кишининг мажлисларида йигирма мингдан ортиқ одам тўпланарди”.

Абдулмўмин ибн Халаф Насафий айтганлар: «Абу Али Солиҳ ибн Муҳаммаддан Доримий, Бухорий ва Абу Зуръа тўғриларида сўрадим. У киши: “Муҳаммад ибн Исмоил ҳадисда олимроқ, Абу Зуръа ҳифзда ўткирроқ”, дедилар».

Исҳоқ ибн Зубрак айтганлар: «Муҳаммад ибн Идрис Розийнинг 247 йилда: “Сизларга Хуросондан бир киши келади. У ердан ундан ҳофизроғи чиқмаган, Ироққа ундан олимроғи келмаган”, деганларини эшитдим. Дарҳақиқат, бир муддатдан кейин Бухорий келдилар».

Абу Саъид Ҳотим ибн Муҳаммад айтганлар: «Ҳофиз Мусо ибн Ҳорун: “Агар бутун ислом аҳли Бухорийдек бир кишини тайёрламоқ учун йиғилсалар ҳам бунга қодир бўлолмаслар”, деб айтганлар».

Фақиҳ Абул Аббос Муҳаммад ибн Абдураҳмон Дағулий айтганлар: “Бағдод аҳли имом Бухорийга бағишлаб қуйидаги мисраларни ёздилар:

Сиз бўлсангиз, бу уммат – яхшилик узра мудом,

Йўқотса сизни агар, уммат хайрсиз, беном”.

(Китобдаги шеърларнинг ўзбекчалаштирилган насрий матни мазмунининг назмий баёни муҳаррир Насруллоҳ Шукруллоҳ ўғли қаламига мансуб.)

Абу Бакр Хатиб айтганлар: «Абу Зуръадан Ибн Лаҳийъа тўғриларида сўралди. У киши айтдилар: “Имом Бухорий у кишининг ҳадисларини олмаганлар”. Яна Муҳаммад ибн Ҳумайд ҳақларида сўралди. “Абу Абдуллоҳ у кишининг ҳадисларини ҳам олмаганлар”, дедилар. Сўнгра Абу Абдуллоҳ Бухорийга бу гап айтилганида, у киши: “Абу Зуръа азалдан бизга яхшилик қилиб келган”, дедилар».

Аҳмад ибн Сайёр “Тарих” китобларида айтганлар: “Муҳаммад ибн Исмоил Жуъфий илм талаб этдилар, олимлар билан ўтирдилар, ҳадис илми учун сафар қилдилар, шу соҳада моҳир билимдон бўлдилар. Маърифат ва ҳифзда гўзал фақиҳ эдилар”.

Абдураҳмон ибн Абу Ҳотим айтганлар: “Аҳмад ибн Сайёрнинг олим ва фақиҳликларини эслаб, отам кўп мақтардилар”.

Умар ибн Ҳафс Ашқар зикр қилганлар: «Ражо ибн Муражжа Шошга ўтаётиб Бухорога келганларида бир работга тушдилар. Машойихларимиз у кишини кўришга бордилар. Мен ҳам улар билан бордим. Мендан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ҳақларида сўрадилар. У кишининг соғ-саломатликлари ҳақида хабар бериб: “Бугун ёнингизга келсалар керак”, дедим. Бизга бир неча ҳадис ёздирдилар. Илм мажлиси тугади. Лекин Бухорий келмадилар. Иккинчи куни ҳам Бухорий келмадилар. Учинчи куни Ражо айтдилар: “Абу Абдуллоҳ бизни зиёрат қилишни эп кўрмаган бўлсалар керак. Бизни у кишининг ҳузурларига олиб боринглар. Мен сафарга чиқиб кетмоқчиман”. Ражо истар-истамас йўлга тушдилар. Жамоамиз билан Бухорийнинг ҳузурларига келдик. Ражо: “Эй Абу Абдуллоҳ, сизни кўришга муштоқ эдим. Бирор ҳадис айтиб беришингизни истайман. Мен Шошга чиқиб кетяпман”, дедилар. Имом Бухорий: “Майли, сизнингча бўлсин”, дедилар. Ражо Аюбдан ривоят қилинган бир неча ҳадисни айтдилар. Ражо жим бўлган заҳоти Абу Абдуллоҳ ҳар бир ривоят қилинган ҳадисга жавоб берардилар. Ражо имом Бухорийга: “Биз айтмаган бирор ҳадис қолдими?” дедилар. Бухорий ҳадис ривоят қилишни бошладилар. Ражо ҳадиснинг кимдан ривоят қилинганини сўраганларида, санадларини келтирардилар. Ўндан зиёд ҳадис ривоят қилдилар. Бу ҳолни кўриб Ражо эсанкираб қолдилар. Имом Бухорийнинг кўзлари бирдан Ражонинг юзларига тушиб, у кишидаги ўзгаришни кўриб, ҳадис айтишни тўхтатдилар. Ражо чиқиб кетганларидан кейин Бухорий: “Мен у кишига яна шунча ҳадис айтмоқчи эдим. Лекин мен ҳақимда кўнгилларига бирор гап келмасин, деб қўрқиб тўхтадим”, дедилар».

Халаф ибн Муҳаммад айтганлар: «Абу Амр Аҳмад ибн Наср Хаффофнинг: “Муҳаммад ибн Исмоил ҳадис илмида Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Аҳмад ибн Ҳанбал ва булардан бошқалардан йигирма марта ортиқроқ билувчидир. Кимки у киши тўғрисида бирор ножўя гап айтса, мендан унга минг лаънат бўлсин. Бизга ҳадис айтган Муҳаммад ибн Исмоил тақводор, покиза, олим. Бунақасини мен кўрмаганман” деганларини эшитдим».

Муҳаммад ибн Яъқуб ибн Ахрам айтганлар: «Шерикларимнинг: “Бухорий Найсобурга келганларида, у кишини хачир ва эшак минган ҳамда пиёдалардан бошқа тўрт минг отлиқ кутиб олган”, деганларини эшитдим».        

Абдуллоҳ ибн Ҳаммод Омулий: “Кошки мен Бухорийнинг кўксиларидаги  бир тук бўлсам эди”, деб айтганлар.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтганлар: «Ҳошид ибн Исмоил ва яна бир кишининг: “Басралик маърифат аҳли ёшгина Бухорийнинг ортларидан ҳадис ёзиб олмоқлик учун чопишарди. Ҳатто илтимос қилиб ҳол-жонларига қўйишмасди. Минглаб одамлар у кишини йўлларда ўтирғизиб, у киши ривоят қилган ҳадисларни ёзиб олишарди. Ўшанда Муҳаммад юзларига ҳали тук чиқмаган ёш йигит эдилар”, деганларини эшитдим».

Менга Ҳасан ибн Али, у кишига Абдуллоҳ ибн Умар, у кишига Абдулаввал ибн Исо, у кишига Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ансорий, у кишига Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Исмоил Маҳдавий хабар берганлар. У киши Холид ибн Абдуллоҳ Марвазийдан, у киши Абу Саҳл Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазийдан, у киши фақиҳ Абу Зайд Марвазийдан эшитганлар: «Мен Каъба яқинида рукн ва мақом орасида ухлаб ётган эдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. Менга: “Эй Абу Зайд, қачонгача Шофеъийнинг китобларини ўқийсиз-у, менинг китобимни ўқимайсиз?” дедилар. Мен: “Эй расулуллоҳ, сизнинг китобингиз қайси?” деганимда, “Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китоби”, деб айтдилар».

давоми бор…

Азизхўжа ИНОЯТОВ
Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси
мустақил тадқиқотчиси

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …