Home / МАҚОЛАЛАР / Тинчликка раҳна солмоқ-ҳаловатини йўқотмоқ

Тинчликка раҳна солмоқ-ҳаловатини йўқотмоқ

Маълумки, тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган улуғ неъматдир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта.

Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Чунки, дунёнинг турли бурчакларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкилишлар содир этилмоқда. Бундай мудҳиш воқеалар қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши биз – мўмин-мусулмонларнинг ҳам қалбларини қаттиқ ларзага солади.

Шунинг учун ҳам биз доимо тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, миллий ва диний маданиятимизнинг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида биламиз ҳамда ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган фирқа ва оқимларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини таъкидлаймиз.

Биз мавжуд тинчликнинг қадрига етиш билан бирга, ношукрчилик қилишдан сақланишимиз керак. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинган ҳадисда Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Эй Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин, деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир» (Имом Байҳақий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Эй Анас! Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинчлик ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан». Ҳа, албатта, тинч юртда хотиржамлик қарор топади, фарзандлар эмин-эркин камолга етади, жамият ҳар томонлама юксалади.

Бугун ёшларга барча имкониятлар эшиги кенг очилди. Замонавий ўқув муассасалари, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун барпо этилган мусиқа мактабларию спорт мажмуалари, турли тўгараклар, буларга боқиб кўзларимиз қувонади. Шаҳарларимизни айтмайсизми? Замон талабларига тўла жавоб бера оладиган муҳташам иморатлар, истироҳат боғлари, спорт майдонлари, маданий ҳордиқ чиқариш учун санъат саройлари барпо этилган. Ҳар куни соғ-саломат туриб, шу манзараларни кўрганга нима етсин?!

Неъматнинг қадри йўқотилганда билинади, дейдилар. Ҳозирги кунда дунёга боқсак, у ерда уруш, бу ерда тўполон, зилзила, тошқин оқибатида қанча-қанча шаҳарлар харобага айланаётганининг гувоҳи бўламиз. Айрим шаҳарларда кунига бўлмаса, ҳафтасига қўпорувчилик ҳаракатлари содир бўлиб турибди. Одамлар бозорда юргандами, автобусда кетаётгандами, ҳеч кутилмаганда ваҳшиёна амалга оширилган террористик амалиётлар қурбонига айланмоқдалар. Бундай нотинч ўлкаларда тараққиёт ҳам, иқтисодий ўсиш ҳам бўлмайди. Аксига, ҳамма нарса орқага кетади. Юртдан файзу барака кўтарилади.

Мавжуд тинчлик қадрланмаса, муҳофаза қилинмаса ва фитнаю фасодга эшик очиб берилса, бу нарса ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилмасдан, вайрон қилмасдан чиқиб кетмайди. Фитна содир бўлса, унинг барҳам топиши қийин бўлади.

Фитна эшиги очилгандан кейин уни то қиёмат ёпиб бўлмаслиги, уруш-тўполон содир бўлса, дарров тинчлик келиб қолмаслиги, балки, бу бало узоқ йиллар давом этиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатга айланиб қолди. Ахир, соғлом ақл соҳиби бўлган ҳар қандай инсон ҳам омонликнинг хавф-хатардан, тинчликнинг урушдан яхши эканлигини идрок қилади.

Юрт тинчлиги – Ватан озодлиги ва истиқлоли билан чамбарчас боғлиқ. Президентимиз таъкидлаганларидек, «Агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди». Демак, ҳар бир инсоннинг ўз ишини сидқидилдан амалга ошириши, лоқайдлик, бепарволикнинг олдини олиши, ўз атрофида бўлаётган воқеаларга теран нигоҳ билан қараб, Ватан тинчлиги йўлида ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаши, аждодларимизга армон бўлиб қолган, биз эришган мустақиллик ва тинчлик-осойишталикни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Шундай экан, Аллоҳ устимизга ёғдириб қўйган тинчлик-эминлик неъматининг қадрига етайлик. Ғаразли кимсаларнинг алдовига учиб, ташвиқотларига илиниб қолмайлик. Ана шунда, Яратган ваъда қилганидек, неъматларини зиёда қилаверади.

Хазорасп тумани «Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин» масжиди имоми хатиби
Мадиримов Мақсудбек

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …