Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЭНГ СОФ ВА ТИНИҚ ҲАҚИҚАТЛАРНИ ТИЛГА КИРИТГАН БЕНАЗИР ОЛИМ

ЭНГ СОФ ВА ТИНИҚ ҲАҚИҚАТЛАРНИ ТИЛГА КИРИТГАН БЕНАЗИР ОЛИМ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида халқаро онлайн илмий-амалий симпозиум ўтказилди.

Анжуман Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ҳамда мотуридийлик таълимотини халқаро жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди.

Симпозиумда мамлакатимиз вакилларидан ташқари Миср, Иордания, Туркия, Германия, Швеция, Франция, Босния ва Герцеговина, Россия, Малайзия, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон каби давлатлардан мотуридийшунос ва исломшунос олимлар қатнашди.

— Ислом ақидаси ривожига катта ҳисса қўшган, ваҳийни соғлом ақл сузгичидан ўтказиб, энг соф ва энг тиниқ ҳақиқатларни тилга киритган Имом Мотуридий ҳазратлари порлаган қуёш мисоли асрлар оша нур сочиб турибди, — деди анжуман иштирокчиси, Туркиянинг Салжуқ университети ректори Метин Аксай. — Мотуридий ҳазратлари тизимлаштирган жузъий ирода назарияси ҳамда ваҳийни ақл билан асослаш ҳаракати хоҳ ўз даврида, хоҳ бугунги кунда бўлсин, ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Симпозиум давомида Имом Мотуридий ва издошларининг илмий меросини ўрганиш, мотуридийлик таълимоти моҳияти, унда ақидавий масалаларнинг ёритилиши юзасидан амалга оширилган илмий тадқиқотларга оид мавзулар муҳокама қилинди.

— Ислом дини ақидавий меросининг асосий устунларидан бири бўлган мотуридия таълимотининг аҳамиятини сўз билан таърифлаб бўлмайди, — деди Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази — IRCICA бош директори Маҳмуд Эрол Қилич. — Ушбу муҳим симпозиум боис, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорлик қилишни бахт деб биламиз. Мазкур марказнинг ташкил этилиши ва унинг фаолияти дунё илмий доираларида юқори баҳоланмоқда.

Тадбир доирасида Имом Мотуридийнинг марказ томонидан нашрга тайёрланган “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг 29-жузи, Мулла Али Қорийнинг “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя”, “Юртимиз алломалари рукни остида 10 та рисола”, “Халқаро ислом ташкилотлари”, “Мутаассибликка қарши мўътадиллик: метод ва таҳлиллар” “Долзарб раддиялар”, “Ислом ниқобидаги мутаассиб гуруҳлар” каби бир қатор китоблар, шунингдек, “Мотуридийлик” илмий-маърифий журналининг нишона сони тақдимоти ўтказилди.

Анжуманда халқаро экспертлар, мутахассис ва олимлар томонидан ўқилган илмий маърузалар ҳамда кузатув натижалари алоҳида тўплам шаклида нашр этилиши маъқулланди.

Шу билан бирга, талабалар ўртасида ташкил этилган “Имом Мотуридий издошлари” танловининг энг яхши мақола, энг яхши видеоролик, энг яхши инфографика номинациялари бўйича ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Ёш тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида симпозиум доирасида докторантлар, тадқиқотчилар ҳамда талабалар учун “Имом Мотуридий ёш тадқиқотчилар нигоҳида”, “Замонавий исломшунослик муаммолари” номли алоҳида шўъбалар ҳам иш олиб борди.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,
 “Янги Ўзбекистон” мухбири
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 17 июнь, № 122 (378)

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …