Home / ЯНГИЛИКЛАР / БУЮК БРИТАНИЯДА ИСЛОМ САНЪАТИ ДУРДОНАЛАРИ НАМОЙИШ ЭТИЛМОҚДА

БУЮК БРИТАНИЯДА ИСЛОМ САНЪАТИ ДУРДОНАЛАРИ НАМОЙИШ ЭТИЛМОҚДА

Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросини тарғиб қилиш, ислом динининг ҳақиқий қадриятларини очиб бериш мақсадида Буюк Британияда бўлиб ўтаётган Ижтимоий фанлар халқаро фестивали доирасида буюк олим Имом Бухорий ҳадисларидан илҳомланган ижод аҳлининг ислом санъати кўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазма Буюк Британиянинг “Dacore IT” компанияси, Лестер университети, Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида уюштирилди. Унда таниқли миниатюрачилар, китобат санъати усталари, график рассомлар, истеъдодли хаттот ва фотосуратчилар ўз асарлари билан қатнашмоқда. Халқаро миқёсда тан олинган “Сўғдиёна” миллий чолғу-асбоблари камер оркестри тадбир учун махсус янги “Зикр” номли композицияни тайёрлаган.

Тадбирда онлайн форматда қатнашган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ислом санъати бутун мусулмон дунёсида катта тарих ва бой тажрибага эгалигини, табиийки, бунда кўҳна Мовароуннаҳр ҳамда бугунги Марказий Осиёнинг ҳиссаси беқиёслигини таъкидлади. Бу бебаҳо маънавий хазинани асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказишда мазкур кўргазма беқиёс аҳамият касб этади.

— Ислом санъати кўргазмасига таклиф қилинганимдан беҳад миннатдорман, — дейди машҳур кинорежиссёр Овидио Салазар. — Рассомлар ижодининг ниҳоятда ранг-баранглиги мени ҳайратга солди. Улар Имом Бухорий тўпламидан ҳадисларни бадиий ифода этиб бергани таҳсинга сазовор. Бу ҳақиқатан ҳам илҳомбахш ишдир. У нафосат ва тинчликпарварлик дини сифатида ислом анъаналарига таянишимиз мумкинлигини ҳамда зарурлигини намойиш қилди. Ислом санъати энг бой ва кенг тарқалган Шарқ санъатларидан биридирки, ҳали-ҳануз унинг янги-янги қирралари кашф этилмоқда.

Кўргазма орқали ижод аҳли тинчлик, донолик ва бағрикенгликни ўзида мужассам қилган эзгу дин — ислом ғояларини халқаро даражада санъат мухлисларига тақдим этишдек хайрли мақсадни кўзлаган.

Намойишга қўйилган санъат асарлари “Саҳиҳул Бухорий” ҳадисларидан илҳомланиб яратилган ижод маҳсулларидир. Бу эса кўргазмага ташриф буюрувчилар учун исломнинг асосий манбалари билан яқиндан танишишга ёрдам беради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Манба: “Халқ сўзи” газетаси
2021 йил 2 июнь, № 115 (7895)

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …