Home / МАҚОЛАЛАР / ҚАЕРДА ХАТОГА ЙЎЛ ҚЎЙМОҚДАМИЗ?

ҚАЕРДА ХАТОГА ЙЎЛ ҚЎЙМОҚДАМИЗ?

Инсон юксакликка кўтарилиши қанчалар машаққатли бўлса, тубанлашиши шу қадар осон экан. Дейлик, тақводор одам биттагина ибодат вақтини ўтказиб юборса, ўй-фикри фақат ўша билан андармон бўлиб қолади – Тангри таолонинг олдида ўзини гуноҳкор ҳис қилади. Художўйлик кўчасига кирмаганлар эса қанчадан-қанча намознинг вақтини ўтказиб юбораётганини ўйлаб ҳам ўтирмайди.

Бу эътиқод масаласи, дерсиз. Яхши. Бошқа ҳолатни кўриб чиқайлик. Жиноятга қўл урмаган одам тасодифан қонунга хилоф нимадир содир этиб қўйса, бошида жуда қаттиқ куюнади. Виждони қийналади. Ўз теварагидаги муҳит туфайли яна жиноятга қўл урса, бу сафар камроқ азият чекади. Жиноятлар такрорланаверса, бора-бора кўникиб ҳам кетади. Энди ундай шахсга жиноят одатий ҳол бўлиб қолади.

Ота-она, боғча-мактаб, кейинги босқичдаги таълим муассасалари, ишлайдиган идораси, қўйингки, жамият шахсни ана шу биринчи тойишдан сақлаб қолмаса, кейингисига йўл қўйиб берган бўлади. Пировардида бепарволик муҳити жамиятга жиноятчини тайёрлаб беради.

Ёшлар ҳамма ўлкаларда бир хил қолипда бузиляпти. Турли ижтимоий тармоқлар ўспиринлар орасида терроризм, экстремизм каби иллатлар қаторида ўз жонига қасд қилиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга беписанд қараш, ота-она ҳурматини поймол қилиш, илм-маърифатни менсимаслик каби жаҳолат одатларини пайдо қилмоқда. Ижтимоий тармоқларда аллақандай “лайк” учун манфур ишларга қўл ураётганлар, эҳтимол, бемаъни шўхликларнинг кичкинагина дўнглиги ортида тубанликнинг тубсиз жарлиги борлигини, ундан қайтиб чиқишнинг иложи йўқлигини билмас. Буни ота-она, боғча тарбиячиси, мактаб ўқитувчиси, ҳамкасб устозлар, қўни-қўшни, қўйингки, бутун жамият билдириши керак.

Ўзимиз далага халқ орасида “саломалайкум” деб аталадиган, бугун юлиб ташласа, эртасига яна бўй чўзиб турадиган ўтни экиб, кейин ундан буғдой униб чиқмаганидан хафа бўлишимиз ярамайди. Аввало, буғдойдан хирмон яратиш учун буғдой экиш керак. Бу – бошланиши. Эккандан сўнг уни меҳр билан парваришлаш, вақтида ўғитини бериш, суғориш, бегона ўтлардан тозалаш талаб қилинади.

Қаерда хатога йўл қўймоқдамиз? Дастлабки босқичнинг ўзида, яъни парваришнинг бошидаёқ янглиш йўл тутяпмиз. Ҳали ҳеч нарсани билмайдиган чақалоқни туғруқхонадан лимузинда олиб келамиз. Боғчага борадиган ёшидаёқ бошқа болаларнинг олдида ўксиб қолмасин деб, амиркону фаранг кийим, ҳуда-беҳуда ноз-неъмат олиб берамиз. Мактабида ўқитувчиси паст баҳо қўйса ё дакки берса, боланинг кўнглини чўктирманг, ҳозирдан уни руҳий мажруҳга айлантирманг, деб мураббий-устоз билан ади-бадига борамиз. Зўрроқларимиз ўқитувчини дўппослашдан ҳам тоймаймиз (оммавий ахборот воситаларида шундай хабарлар, афсуски, учраб турибди). Улғайганидан кейин молу жонимизни сотиб бўлса ҳам институтга жойлаймиз, домласиникидан ҳам қимматроқ машина олиб берамиз. “Тагли-тугли” жойдан одам топиб, бошини иккита қилиб қўямиз, “ёғли” ишга жойлаштирамиз. Данғиллама қаср қуриб берамиз…

Мақсадларимиз шу билан тугайди. Мақсад белгилашда жуда паст кетганимизни сезмаймиз ҳам. Фарзандимни одам қила олдимми, деган савол энди бизни қийнамайди. “Одам қилиш”нинг мезонлари яхшироқ тош босмагани учун кўпчилигимиз унга осон эришяпмиз. Ўзини комил санаган одам эса олға силжишдан тўхтайди. Биз комилликни жуда майда, паст нарсалар билан белгилаб қўймоқдамиз. Навоийни ҳам, Форобийни ҳам, Амир Темурни ҳам, Бухорий, Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Фарғоний, Улуғбекни ҳам ота-она дунёга келтириб, парвариш қилгани хаёлимизнинг бир четидан ўтмайди. Қодирий ва Чўлпонни ҳам. Ньютон ва Эйнштейнни ҳам. Пушкин, Шекспир, Гюгони ҳам.

Эскиларнинг “мақсадсиз қолган одам ўлик одамдир”, деган нақлини ё унутганмиз, ё ундан бехабармиз. Яна “фарзандларинг сендан молу давлат эмас, маслаҳат сўрайдиган бўлгандагина орзу-умидларинг рўёбга чиқади”, “боқимандага мадад бериш орқали унинг бўйнингга чиқиб, яхшилаб жойлашиб олишига ёрдам кўрсатган бўласан”, деган ўгитлар ҳам борлигини фаромуш қилганмиз.

Тарихнинг “қора рўйхати”да ном қолдирган шахслар кўп. Масалан, қадим Юнонистондаги Эфес шаҳридан чиққан Герострат эрамиздан аввалги 356 йилда Артемида ибодатхонасига ўт қўйгани билан шуҳрат қозонган ва шу тариқа номини тарихга муҳрлаган. Александр Сергеевичнинг умрига нуқта қўйилишига сабабчи бўлган Дантес ёки Моцартнинг бошига етган Сальери тарихда қолишни ўйламаган бўлса-да, ҳар бири биттадан истеъдод соҳибининг ҳалокати туфайли “қора рўйхат”га кирган.

Ҳозир шундай мураккаб замонда яшаяпмизки, ҳаётнинг ўзи турли фожеалар воситаси билан жамият бепарво ва лоқайд бўлмаслиги кераклигини кўрсатиб турибди. Киши ўз номини тарихда қолдириш учун албатта Герострат, Дантес ё Сальери бўлиши шарт эмас. Муаззам Тарих “қора рўйхат”дан ташқари зарҳал сиёҳли ёрқин рўйхатга ҳам эгалигидан келиб чиқиб ҳаёт кечириш керак.

 Мадина МАШРАБХОН

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …