Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони каримда шукроналик васфи

Қуръони каримда шукроналик васфи

Қуръони каримда Аллоҳ таоло бизга набий ва расулларнинг ибратли ҳаётлари ва ўрнакли қиссаларини ўргатган.

Пaйғaмбapлар (алайҳимуссалом) Аллоҳнинг бандалар орасидан танлаб олган ва ваҳий орқали уларга Ўз таълимотини юбориб, умматларга етказишни топширган инсонлар эканлигини яхши биламиз. Шу билан бирга, ҳар бир набий ва расулнинг ҳаёти, босиб ўтган йўли, қилган ишлари ҳамма учун ибрат ва ўрнак эканини ҳам теран идрок этамиз.

Шунинг учун барча халқлар қадимдан пайғамбарлар ҳаётини ўрганишга алоҳида эътибор бериб келган.

Шукр инсоннинг Роббидан розилиги бўлиб, ибодат саналади. Шукр билан банда Аллоҳ неъматлари қадрига етишини намоён этади.

Аллоҳ таоло шукр келтириш одобини ўргатишда бизга намуна қилиб набий ва расуллар қиссаларини баён қилган. У зотларнинг шукрлари энг мукаммал эканига шубҳа йўқ. Зеро, улар Аллоҳ таолонинг танланган бандаларидир. Дунё яралганидан буён шукр айтувчиларнинг энг афзаллари деган мақомга Аллоҳнинг бошқа бандалари набийлар каби муяссар бўлмаган. Шу маънода, Ҳақ таоло элчиларининг, хусусан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога шукронаси энг катта мерос ва бу борадаги одоблар хазинасидир.

Барча пайғамбарлар ҳам Аллоҳнинг энг кўп шукр қилувчи бандалари бўлган. Бунга шукр ҳақидаги оятларни ичига олган қуръоний далиллардан кўплаб келтириш мумкин.

Хусусан, Қуръони каримда Нуҳ, Иброҳим, Лут, Мусо, Довуд, Сулаймон пайғамбарларнинг шукри ҳақида алоҳида оятлар келган. Шу билан бирга, шукроналик хулқи бир-биридан гўзал илоҳий услублар билан зикр қилиб ўтилган. Гоҳида шукрга буюрилган бўлса, баъзида шукр қилганга мақтов айтилган, бошқа ўринларда шукр Аллоҳ таолога илтижо қилиб, Ундан мадад сўраш йўсинида ифода этилган. Булар шукрнинг ва шокирнинг мақоми буюк эканига далолат беради.

Қуръони карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам Роббига шукрини ҳикоя қилади. Бу ҳақдаги оятлар Мусҳафи шарифнинг бир неча ўрнида келган.

Балки фақат Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилувчилардан бўлинг!(Зумар сураси, 66-оят). Бу Аллоҳ таолодан шукр қилувчиларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитобдир. Яратган у зотга Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилишни буюрмоқда. Шунингдек, бандалик вазифасини Роббига шукр қилган тарзда адо этмоқни амр қилмоқда.

Кейингиси Аллоҳ таолонинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга амр этган ушбу сўзида келган: “Роббингизнинг (Сизга ато этган) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!(Зуҳо сураси, 11-оят).

Ушбу ояти каримада бандаликни қалбан ҳис қилиш ва шукрнинг лозимлигига аниқ ишора келмоқда. Демак, Аллоҳга шукр қилган киши У зотга ибодат қилган бўлади. Шукр қилмаган эса ибодат аҳлидан бўлмайди. Бунинг тасдиғи Худои таолонинг: “Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” деган сўзидир.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг Бадр жангидан кейин мўмин бандаларидан мамнун бўлиб “Бадр (жанги)да (ҳарбий) кучингиз оз бўлса-да, Аллоҳ сизларни ғолиб қилди-ку! Бас, Аллоҳдан қўрқиб, зора шукр қилсангиз”, деб айтган сўзидир.

Бу оятнинг ўхшаши Ҳақ таолонинг “Яна, сизлар ерда (Маккада) озчилик ва заифлашган ҳолингизда, одамлар (мушриклар) сизларни талон-тарож қилиб кетишларидан қўрқиб турганингизда, (Аллоҳ) сизларга (Мадинадан) жой бериб, ёрдами билан сизларни қувватлагани ва шукр қиларсиз, деб пок нарса (ўлжа)лар билан ризқлантирганини эслангиз!(Анфол сураси, 26-оят) деган сўзидир.

Дарҳақиқат, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шукр қилувчиларнинг имоми эдилар. Чунки, у зот одамларнинг ўта тақволиси ва Холиқ Аллоҳнинг ҳаққини билувчироқ бўлганлар. Пок амаллари билан Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога шукрини ифодалаган бўлсалар, феъллари билан шукрнинг зийнатини кийганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси қоим бўлиб, кўп намоз ўқиганларидан оёқлари шишиб кетар эди. Шунда мен у зотга: “Эй Аллоҳнинг Расули, нега бундай қилиб ўзингизни қийнайсиз. Ахир Аллоҳ сизни аввалги-ю охирги гуноҳларингизни кечирган-ку?” деб айтдим. У зот: “Аллоҳга шукр қилгувчи бўлмайинми?” дедилар” (Бухорий ва Муслим ривояти). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга шукрни комил суратда адо қилишларига қарамасдан, доимо неъматига шукр қилувчи бўлишни Аллоҳдан сўрар эдилар.

Шукр қилувчи ҳеч қачон кам бўлмайди. Шукр билан инсон дунё ва охиратдаги мевалардан баҳраманд бўлади. Неъматларни заволдан сақлайди. Шокирлар учун Ҳақ таоло ҳам неъматларини зиёда қилади. Шукроналик ҳаёти одамни дунёда бахтли қилади.

Шукр маданиятининг асосий тарбиявий воситаларидан бири оиладир. Фарзандларга инсоф, раҳмдиллик, камтарлик, шукр, сабр каби инсоний фазилатлардан таълим берилса, бу уларга энг катта ва энг фойдали ёрдам бўлади.

Инсон бу дунёда Аллоҳ таоло томонидан турли хил сурур ва кенглик, шунингдек, дард ва ғам-ташвишлар билан синалади. Шунинг учун ҳам ғам ва шодлик инсон билан доимо бирга, вақт ўтиб, бир-бири билан жой алмашади. Шокирлик эса шундан иборатки, инсон шодлигига шукр, дардига эса сабр қилиши лозим.

Бизни шундай Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдек Расулига пайғамбарга уммат қилгани учун парвардигоримизга шукроналар айтиб, барча пайғамбарларнинг шукр одоби ва бошқа хулқ-атворига эргаштиришини сўраб қоламиз.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …