Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурган ташаббуслари изчил амалга ошмоқда

Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурган ташаббуслари изчил амалга ошмоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида бир қанча долзарб ва глобал масалаларда муҳим ташаббусларни илгари суриб, уларни рўёбга чиқаришда ўзига хос модель яратди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессияларидаги иштироки ва уларда билдирилган таклиф ва ташаббусларнинг амалга ошаётгани кенг жамоатчилик, халқаро экспертлар ҳамда нуфузли “ақл марказлари” томонидан эътироф этилмоқда.

Дарҳақиқат, охирги йилларда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари фаолиятидаги ўрни изчиллик суръатини касб этди. Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72 ва 75-сессияларидаги иштироки ўзаро муносабатларни ривожлантиришда тарихий босқич бўлди.

Мамлакатимиз етакчиси халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш, эпидемия ва пандемияларга қарши биргаликда курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик офатларни юмшатиш ва бошқа соҳалар бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Мазкур таклиф ва ташаббусларнинг БМТга аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланишини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш борасида Ташқи ишлар вазирлиги, чет элдаги дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлардаги вакиллар фаол саъй-ҳаракатларни амалга оширяпти.

Кўпчилик диққат-эътиборини бир масалага қаратиш осон иш эмас. Ҳар бир йўналиш бўйича давлатларнинг ўз нуқтаи назари ва манфаати бўлади. Лекин ана шундай паллаларда ўзбекистонлик дипломатлар бошқа мамлакатлар вакиллари билан мулоқот қилиб, уларга давлатимиз таклиф этаётган ташаббусларнинг аҳамияти бўйича тушунтириш ишларини олиб боради. Шундай изчил саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда Президентимиз ташаббусларини рўёбга чиқариш бўйича кўплаб маслаҳатлашувлар, музокаралар олиб борилмоқда.

Бу каби учрашувлар нафақат БМТнинг Нью-Йоркдаги ёки Женевадаги ваколатхоналарида, балки дунёнинг ривожланган мамлакатлари пойтахтларида ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Натижада ўзаро ҳамкорлик кун тартиби сезиларли даражада кенгайтирилди, юқори да-ражадаги мунтазам мулоқот йўлга қўйилди, Ўзбекистоннинг глобал ташаббусларини рўёбга чиқариш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2016 йилдан буён Марказий Осиёда барқарор тараққиётни таъминлаш, минтақада туризмни ривожлантириш, маърифий ва диний бағрикенглик тўғрисида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган учта резолюциянинг қабул қилиниши мамлакатимиз саъй-ҳаракатларининг халқаро миқёсдаги эътирофи бўлди.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Марказий Осиёда асосий географик ўринни эгаллайди ва минтақадаги ҳар бир жараённинг муваффақиятли ривожида мамлакатимизнинг иштироки беқиёсдир. Шунга мос равишда БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси 2018 йил 22 июнь куни қабул қилинди.

Мазкур резолюция Президентимизнинг Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, дўстона қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган оқилона ва изчил ташқи сиёсатининг жаҳон ҳамжамияти тарафидан кенг қўллаб-қувватланишининг яққол ифодасидир.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган яна бир муҳим ташаббуси асосида “Маърифат ва диний бағрикенглик ҳақида”ги резолюцияни БМТ Бош Ассамблеяси 2018 йил 12 декабрь куни тасдиқлади. Ушбу резолюциянинг қабул қилиниши Президентимизнинг диний экстремизм ва радикализмга қарши кураш борасида илгари сурган “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойилининг амалий ифодаси ва бу борадаги Ўзбекистон саъй-ҳаракатларининг дунё миқёсида кенг қўллаб-қувватланиши демакдир.

Шунингдек, 2019 йилнинг 19 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида Ўзбекистон ташаббуси билан “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” махсус резолюцияси қабул қилинди. Эътиборлиси, мазкур ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Маълумки, мазкур резолюцияни қабул қилиш ташаббусини илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил апрель ойида Пекинда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан “Бир макон, бир йўл” халқаро форуми доирасидаги учрашувда илгари сурган эди.

Шуниси диққатга сазоворки, кўрсатиб ўтилган резолюциялар нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё мамлакатлари, балки кўп сонли БМТга аъзо ҳамкор давлатлар иштирокида ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Жумладан, уларнинг қабул қилинишида дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакати ҳаммуаллиф сифатида иштирок этди.

Шу кунларда БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича БМТга аъзо давлатлар билан фаол музокаралар олиб борилмоқда. Мазкур тадбирларда Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналаримиз томонидан 200 га яқин учрашув ҳамда мулоқот ўтказилгани алоҳида эътиборга молик. Мазкур жараён натижаси бўйича кенг жамоатчилик, албатта, хабардор қилинади.

Чиндан ҳам, мамлакатимиз саъй-ҳаракатларининг БМТ томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши Президентимиз илгари сураётган ташаббусларнинг дунё миқёсида ўз долзарблиги ва муҳимлиги жиҳатидан беқиёс аҳамиятга эгалигининг ёрқин далолатидир.

“Дунё” АА
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 18 май, № 99 (355)

Check Also

Семинар мунозаралар майдонига айланди

Бугун, 2 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат …