Home / МАҚОЛАЛАР / МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ИМОМ ТЕРМИЗИЙ ВА ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИНИ ЎРГАНИЛИШИ

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ИМОМ ТЕРМИЗИЙ ВА ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИНИ ЎРГАНИЛИШИ

Маълумки, мустақиллик даврида бутун ислом оламида юксак эътироф ва эътиборга сазовор бўлган буюк юртдошларимиз Имом Бухорий ва Имом Термизий каби алломаларимиз шахсияти, илмий мероси ёшларимизга ибрат намунаси сифатида кенг талқин этила бошлади. Ушбу алломалардан бири Абу Исо Муҳаммад Исо Термизий (824-892) бўлиб, унинг илмий ва диний меросини ўрганиш олимларимизнинг катта саъй-ҳаракатлари билан давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 14 февраль куни “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади[1]. Айни ҳақиқатким, мазкур қарор мамлакатимиз маънавий ҳаётидаги улкан тарихий воқеалардан бири бўлди. Қарорда қайд этилганидек, ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома, ватандошимиз Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, муқаддас заминимиз азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар ватани бўлиб келганини халқимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёшларимизни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш мақсадида мазкур марказни ташкил этиш кўзда тутилди. Қарорда марказнинг асосий мақсад ва вазифалари, устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан Имом Термизий асарлари нашр этила бошлади[2]. Давлатимиз раҳбари бошчилигида Имом Термизий мақбараси замонавий талаблар асосида обод қилиш ва катта зиёратгоҳга айлантириш ишлари юртдошларимизнинг мислсиз эътирофларига сабаб бўлди. Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида “Термизлик алломалар асарларининг қўлёзмалари каталоги” лойиҳаси доирасида католог-китоб нашр қилинди[3]. “Абу Исо Термизий илмий меросини тадқиқ қилиш, асарларини таржима ва нашр қилиш” номли лойиҳа доирасида “ал-Жомеъ ас-Сунан” (Суннатлар тўплами)[4], “Абу Исо Муҳаммад Термизий асарлари илмий-изоҳли таржималарини тайёрлаш ва нашр қилиш” лойиҳаси доирасида алломанинг “Тасмияту асҳоби Расулуллоҳ” (Расулуллоҳ сафдошлари)[5] номли китоблари нашр қилинди.

Ҳадисларни танқидий ўрганиш бўйича қисқа вақт оралиғида олти тўпламда учраган бир қатор махсус терминлар гуруҳи вужудга келди. Имом Термизий бу соҳада салмоқли ишни амалга оширгани, у фақатгина ҳадисларни тўплаш билангина чекланиб қолмасдан, ҳадисларнинг таҳлилига ҳам алоҳида бўлим ажратгани ҳам бу соҳада катта воқелик ҳисобланади. Имом Термизий биринчилардан бўлиб ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан ва заиф гуруҳларга ажратган олимдир. Вақт ўтиши билан ҳадис илмидаги терминлар тараққий этиб борди ва бу соҳада умумий қабул қилинган шаклга келди.

Имом Термизийнинг ёзган асарлари орасида бизгача етиб келган ва нашр қилинган тўртта китоблари борлиги бизга маълум. Булар:

“Ал-Жомеъ ас-Сунан (Суннатлар тўплами)”. Бу тўплам Имом Термизийнинг шоҳ асари ҳисобланади. Унинг мазкур асаридан танланган ҳадисларнинг икки жилди ўзбек тилида ҳам нашр қилинган.

“Аш-Шамойил ан-Набавийя” “Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг гўзал суратлари ва сийратлари”. Бу китоб Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.)нинг ташқи кўринишлари, кундалик одатларига бағишланган бўлиб, “Шамоили Муҳаммадия” номи берилган Саййид Маҳмуд Тарозийнинг таржима-шарҳидан фойдаланилган ҳолда ўзбек тилида ҳам нашр этилган.

“Китаб ал-илал” (Иллат-сабаблар китоби). Ҳадис илми ва ровийлар тўғрисидаги мазкур асарнинг иккита – катта ва кичик таҳрири мавжуд. Улар “Китаб ал-Илал ал-Кабир”,  “Китоб ал-Илал ас-Сағир” деб аталади. Айрим тадқиқотчилар “Китаб ал-Илал ал-Кабир”ни мустақил асар десалар, “Китоб ал-Илал ас-Сағир”ни муаллифнинг “ал-Жомеъ” асарига илова – хотима қисми дейдилар. “Китоб ал-Илал ал-Кабир”га Ибн Ражаб ал-Ҳанбалий шарҳ битган. Тадқиқотчилар “Китоб ал-Илал ал-Кабир” асарининг иккинчи номи “ал-Муфрад” бўлганини алоҳида қайд қиладилар. Яна илмий адабиётларда алломанинг “Ал Илал фил-ҳадис” номли асари борлиги зикр қилинади. Бизнингча, у мазкур “Китоб ал-Илал ал-Кабир” асарининг бошқа бир номи бўлса керак.

“Асмо ас-Саҳоба” (“Саҳобаларнинг исмлари”). Мазкур асар ихчамгина рисола кўринишида бўлиб, унда Имом Термизийга нисбат берилади. Бу ҳақда Ибн Ҳажар Асқалоний “Таҳзиб ат-Тазхиб” асарида эслатиб ўтган. Асарнинг бир қўлёзма нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасида сақланади ва унинг асосида асар матни нашр қилинган.

Ибн ан-Надим “Феҳрист” асарида Имом Термизийнинг “Тарих” номли асари ҳам бўлганлигини ҳам зикр қилган.

Она Шарқ ҳикмат иморатларига пойдевор қўйган, илм-фан тамаддунига тамал тоши қўйган муқаддас замин. Ўзбекистонимизда ана шу мўътабар зотларнинг илму ижодларини ўрганиш  маънавий-маърифий тарбиянинг биринчи ва кечиктириб бўлмас вазифаси ҳисобланади.

Буюк термизийларга алла айтган муқаддас макон – энг қадимий шаҳарлардан бири бўлган Термизда камол топган буюк аждодларимизнинг инсоният тараққиётига қўшган хизматлари умумэътироф этилган тарихий ҳақиқатдир. Зеро, бу заминнинг дунё таниган алломалари қолдирган оламшумул илмий, маънавий ва маданий мероси нафақат Марказий Осиё минтақасида ўрта асрларда кечган илмий-маданий жараёнларга, балки жаҳоннинг бошқа минтақаларидаги Ренессансга жиддий ижобий таъсир кўрсатгани исбот талаб этилмайдиган улуғ ҳақиқатдир.

Таъкидлаш ўринлики, ўрта асрларда фаолият юритган юртимиз алломаларининг кўпчилиги ҳақида биз ҳанузгача етарли маълумотга эга эмасмиз. Жумладан, термизлик алломалардан Исо Муҳаммад Термизий (824-893), Ҳаким Термизий (820-932), Абу Бакр Варроқ Термизий, Хожа Самандар Термизий (1638-1740), Адиб Собир Термизий каби қатор алломаларнинг илмий мероси ҳали-ҳануз тўлалигича ўрганилиб, халқимизга тақдим этилмаган.

Ҳаким Термизий қаламига мансуб бўлган яна бир асар “Валийлар ҳаёт йўли” деб аталади. Муаллифнинг аксарият асарлари қатори бу ҳам араб тилидан ўзбек тилига биринчи марта таржима қилинди. Асарнинг илмий-изоҳли таржимаси кўрсаткичлар билан нашр қилинган бўлиб, асар валийларнинг даражалари, сифатлари ва бошқа тегишли масалаларини ёритишга бағишланган. Унда инсон ўзини такомиллаштириши, тубан ҳирс-туйғуларини жиловлаб, ўз-ўзини поклаши зарурлиги ҳақидаги фикрлар баён этилган. Шунингдек, ўз фикрларини ҳаётий мисоллар келтириб қувватлаган. Асар ғояси тасаввуф фалсафасининг асосий тушунчаси бўлган комил инсонни вояга етказиш вазифаларини ташкил қилишдан иборат.

Замондошлари томонидан ахлоқ, тасаввуф, фиқҳий масалаларда юборилган саволларга жавоб шаклида асар ёзиш Ҳаким Термизийнинг ўзига хос услуби ҳисобланади. Шу боисдан лойиҳа доирасида режа бўйича араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинган навбатдаги асар “Раййдан юборилган мактубга жавоб” деб аталган. Бу асарнинг илмий-изоҳли таржимаси ҳам зарур кўрсаткичлар билан таъминланган ҳолда илк бор ўзбек тилида нашр қилинди. Бу асар ахлоқий жиҳатдан олий покликка эришиш ва натижада Ҳақни англашда тўлиқ билимга эга бўлиб, туб моҳиятини тушунадиган инсон ҳақида сўз юритади. Олим шахс маънавий ҳаётида муҳим бўлган одобни қанчалик зарур эканлигини ҳаётий мисоллар билан қиёслаб, тушунтириб берган.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда улуғ мутафаккирлар Имом Термизий ва Ҳаким Термизийнинг меросини тадқиқ қилишдек файзиёб тадориклар бошлангани кўзимизга қувонч, қалбимизга ифтихор бағишлайди. Алломаларнинг диний-фалсафий асарлари араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинаётгани келажак авлод учун муносиб туҳфа саналади.

Ушбу тадқиқот ишлари давлатимиз раҳбарининг тарихий фармонлари билан очилган Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси, Ислом цивилизация маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази каби муассасалар олимларининг навбатдаги тадқиқотларида ўз аксини топади.

Зеро, “Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир” дейилган пурҳикмат нақлнинг амалдаги исботи илмсевар, китобсевар элнинг жаҳон аро нуфузини оширишга хизмат қилаётганида кўринаётгани айни ҳақиқатдир.

[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Қарори // “Халқ сўзи” газетаси 15 февраль 2017 йил.
[2] Ат-Термизий. Шамоили Муҳаммадия / Саййид Махмуд Тарозий Алихонтўра таржимаси. – Т.: “Меҳнат” нашриёти, 1991; Абу Исо Муҳаммад Термизий. Аш-Шамойил ан-Набавийя / Арабчадан У.Уватов таржимаси. ­– Тошкент: Чўлпон, 1993. -112б.; Абу Исо ат-Термизий. Саҳиҳи Термизий. Танланган ҳадислар / Араб тилидан Абдуғани Абдуллоҳ таржимаси. – Т.: Ғ. Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриёти, 1993. – 208 б.: Абу Исо Муҳаммад Термизий. Сунани Термизий. Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ. I жилд / Таржимон, шарҳ ва изоҳлар муаллифи: Мирзо Кенжабек. ­– Т.: Шарқ, 2010. – 463б.; Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий. Сунани Термизий. Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ. Тўлдирилган қайта нашри. I жилд / Таржимон, шарҳ ва изоҳлар муаллифи: Мирзо Кенжабек. ­– Т.: Шарқ, 2012. – 528б. Абу Исо Муҳаммад Термизий. “Сунани Термизий”. II жилд / Таржимон, шарҳ ва изоҳлар: Мирзо Кенжабек, Рахшона Мирзо қизи. ­ Тошкент: “Мовароуннаҳр” нашриёти, 2017.
[3] Термизлик алломалар асарлари қўлёзмалари каталоги. – Т.:, 2015.
[4] Абу Исо Муҳаммад Термизий. «ал-Жомеъ ас-Сунан» (сайланма). Таржима ва изоҳлар муаллифлари Ҳ.Аминов, М.Исмоилов, Б. Абдуллаев. Масъул муҳаррир О.Қориев. – Т.: “Наврўз”нашриёти, 2017.
[5] Абу Исо Муҳаммад Термизий. Расулуллоҳ сафдошлари. Таржимонлар ва нашрга тайёрловчилар Ҳ.Аминов, М.Исмоилов, Б.Абдуллаев. Масъул муҳаррир О.Қориев. ­­– Т.: “Наврўз”нашриёти, 2017.
Сайёра ТЎЙЧИЕВА
ЎзДСМИ профессори, фалсафа фанлари доктори

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …